Миастеник криз


Миастения 15% ҳолатларда миастеник кризлар билан кечади. Миастеник криз қуйидагича бошланади: беморнинг аҳволи тўсатдан оғирлашади, булбар симптомлар кучаяди, нафас олиш бузила бошлайди, мускуллар фалажлиги ва умумий ҳолсизлик кучайиб кетади. Миастеник кризда ҳаёт учун энг хавфли ҳолат – бу нафас олишнинг кескин бузилиши. Дастлаб беморнинг нафас олиши тезлашади ва у юзаки нафас ола бошлайди, юз-кўзларида кучли қўрқув аломатлари пайдо бўлади. Унинг зўрға нафас олишида ёрдамчи мускуллар иштироки шундоқ кўриниб туради. Умумий гипоксия натижасида цианоз ривожланади, беморнинг юзи аввал оловранг, кейин кулранг тусга киради, уни совуқ тер босади, гиперсаливация кучаяди. АҚБ дастлаб 200/100 мм сим. уст.гача кўтарилади ва кучли тахикардия пайдо бўлади. Кейинчалик АҚБ туша бошлайди ва томир уриши секинлаша бориб, аритмияга ўтади. Нафас олиш секинлашиб бутунлай тўхтайди ва бемор ҳушдан кетади. 
        Миастеник криз – бир неча соат ичида тез ривожланадиган патологик ҳолат. Бемор қанча вақт ҳушсиз ҳолатда ётса, гипоксик энцефалопатия ривожланиш хавфи шунча юқори. Бундай пайтларда икки томонлама пирамидал симптомлар пайдо бўлади, яъни пай рефлекслари ошади, патологик пирамидал симптомлар (Бабинский, Оппенгейм симптомлари) юзага келади. Аксарият ҳолларда миастеник криздан чиққан беморда пирамидал симптомлар узоқ вақт сақланиб қолади.
       Тез ёрдам кўрсатиш. Зудлик билан нафас олишни тиклаш зарур. Бунинг учун нафас йўллари дарҳол сўлакдан тозаланади ва беморга махсус ниқоб ёки назал катетер орқали кислород берилади. Кейин бемор тез ёрдам машинасида зудлик билан реанимация бўлимига олиб келинади. Нафас олиш бузилиши кучаяверса, тез ёрдам машинасининг ўзидаёқ трахея интубация қилинади ва сунъий нафас олдириш таъминланади. Баъзида трахея интубацияси орқали берилган сунъий нафас етарли бўлиб, трахеостома қўйиш шарт бўлмай қолади. Агар нафас олиш тикланавермаса, реанимация бўлимида трахеостома орқали ўпканинг сунъий вентиляциясини таъминлаш зарур. Параллел равишда криз сабаби ва тури ҳам аниқланади.
       Криз туридан қатъи назар беморга сунъий нафас олдириш муолажасини ўтказаётганда АХЭД қилинмаслиги керак! Бемор сунъий нафас олдириш системасига улангандан сўнг 16-24 соат ўтгач, прозерин синамаси ўтказиб кўрилади. Бунинг учун 0,05% ли 2 мл прозерин т/о қилинади. Брадикардия бўлмаса, прозерин ушбу дозада в/и га юборилиши мумкин. Агар ушбу синама ижобий натижа бермаса, бемор сунъий нафас олдириш системасидан чиқарилади ва прозерин қилиш давом эттирилади. Мабодо мустақил нафас олиш тикланмаса, бемор яна сунъий нафас олдириш системасига ўтказилади ва прозерин қилиш яна тўхтатилади. Шу йўл билан бемор аста-секин сунъий нафасдан мустақил нафас олишга ўтказилади. Нафас олиш тўла тиклангандан кейингина прозерин режали тарзда бериб борилади.
        Агар криз ҳолатида ётган беморга прозерин қилинса ва бунинг натижасида ижобий ўзгаришлар пайдо бўлса, демак, унда миастеник криз ривожланган. Миастеник кризнинг дастлабки куни ҳар соатда 1 мл прозерин т/о қилинади ёки в/и томчилатиб юборилади. Шу тарзда прозериннинг кундалик дозасини 12-16 мл гача етказиш мумкин. Беморнинг аҳволи енгиллашган сайин ёки холинергик белгилар пайдо бўла бошласа, прозерин дозаси камайтириб борилади. Агар дастлабки қилинган дозада ижобий натижа кузатилмаса, демак, беморда холинергик криз ривожланган. Прозерин дозаси ошиб кетса, брадикардия ривожланиши ва ҳатто юрак уришдан тўхтаб қолиши мумкин.
       Прозериннинг ножўя таъсирларини бартараф этиш учун 0,1% ли 1 мл атропин т/о ёки в/и қилинади. Заруратга қараб дори ушбу дозада кунига 4-5 марта қилиниши мумкин. Атропин антихолинэстераз дориларнинг антидоди ҳисобланади. У бронхлар ва сўлак безлари секрециясини пасайтиради, прозерин эса аксинча кучайтиради. Шунинг учун ҳам бемор сунъий нафас олдириш системасига уланганда прозерин тўхтатилиб, атропин қилинади.
       Қонда электролитлар таркибини текшириш ва уларни ўз вақтида коррекция қилиб туриш ўта муҳим. Айниқса, гипокалиемия ўта хавфлидир. Уни коррекция қилиш учун 4% ли 70 мл калий хлорид эритмаси 5% ли 400 мл глюкоза ёки 0,9% натрий хлориднинг эритмасига қўшиб, венадан томчилатиб юборилади (1 дақиқага 30 томчи).
       Миастеник кризни бартараф этишда плазмаферез усулини қўллаш ҳам юқори натижа беради. Бу муолажа 1 ҳафтада 2-3 марта ўтказилади. Вазиятга қараб плазмаферез яна давом эттирилиши мумкин. Плазмаферез ўтказгандан кейин темир танқислиги анемияси ривожланиши хавфи бор. Уни коррекция қилиш учун таркибида темир моддасини сақловчи дори воситалари берилади. Таркибида магний сақловчи дориларни бериш асло мумкин эмас!
        Параллел равишда симптоматик даволаш муолажалари (антибиотиклар, кардио- ва гепатопротекторлар) ҳам ўтказилади. Психомотор қўзғалишларда седатив дориларни қилишдан эҳтиёт бўлиш керак. Беморни сўз билан тинчлантиришнинг ўзи кифоя. Чунки миастенияда психомотор қўзғалишлар, асосан, беморнинг бўғилиб қолишдан қўрқиши сабабли рўй беради.
       Эслатма. Баъзида бемор миастеник криздан чиққанидан сўнг, организмнинг АХЭД га нисбатан сезгирлиги ошади ва уларни кам дозада тавсия этишга тўгри келади.


Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Nevrologiya. Qo`llanma. Toshkent, 2017., 404 b. 
           © www.asab.uz



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича