ПСИХОГЕН АРТРАЛГИЯЛАР


Оёқ-қўлларнинг турли бўғимларида ҳар хил оғриқлардан шикоят қилувчи беморлар сон-саноқсиз. Бўғимлар соҳасидаги оғриқларга шикоят қилиб артрит ёки ревматизм ташхиси қўйилган беморлар кейинчалик чуқур клиник ва лаборатор текширувлардан ўтказилганда, уларнинг деярли ярмидан кўпида оғриқлар психоген хусусиятга эга бўлиб чиққан. Ҳозирги гиподинамия ва стресс асрида артралгиялар долзарб муаммо бўлиб, ниқобланган депрессиянинг суяк-бўғим системасида намоён бўладиган яққол белгисидир. 
Психоген артралгиялар, одатда, бошқа психосоматик бузилишлар билан кечади. Булар фобия, хавотир, апатия, дисфория ва шу кабилар. Психоген оғриқлар фақат бўғимларда кузатилмасдан, суяк ва мушакларга тарқаб, беморнинг ҳаракат қилишини чеклаб қўйиши мумкин. Бир хил ҳолатда кўпроқ туриб қолиш ёки чўккалаб ўтириш ҳам оғриқларни кучайтиради. Баъзи беморлар бўғимлар ҳаракатланса, ундаги “тузлар” тарқайди деб, уларни ҳаракатлантириб уқалайверса, бошқа бир беморлар “оғриқлар”дан қўрқиб иложи борича ўша бўғимларни қимирлатмасликка ҳаракат қилади. Бунинг натижасида бўғимларда шиш ҳам пайдо бўлиши мумкин.
«Иккала оёғимга худди тош осиб қўйгандек, юраётганда оёқларимни қимирлата олмайман, қадам ташлаган сайин юришим қийинлашиб бораверади», деб шикоят қилади беморлар. Бундай беморлар, кўпинча, «оёқда веноз қон айланишининг бузилиши» хулосаси билан ангиожарроҳларга юборилади. Уларда ташхис тасдиқланмай бемор тиббий психологга бориши кераклиги уқтирилади. Психоген артралгиялар ва миалгиялар учун оғриқларнинг кўчиб юриши жуда хос. Бу кўчиб юриш аниқ бир йўналишда эмас, балки бетартиб йўналишда намоён бўлади: оғриқ бўғимдан тепага ёки пастга қараб, баъзан бошқа соҳалардан бўғим томонга қараб йўналади. Бемор ўз оғриқларига таъриф бераётганда ҳеч жойи оғримай туради ёки оғриқларни сезмайди, шикоятларини айтиб бўлгандан сўнг доктор текширишга киришса, оғриқ яна пайдо бўлади. Бунга психоген оғриқлар билан органик хусусиятга эга бўлган оғриқларни қиёслаш пайтида, албатта, эътибор бериш керак.
Психоген артралгияларда бўғимларда шиш пайдо бўлиб, ҳаттоки бўғим атрофига суюқлик тўпланиши мумкин. Бу манзара оғриқ кучли бўлган пайтларда юз беради. Шуниси эътиборлики, бу «ўткир бўғим синдроми» аффектив бузилишларда аниқ бир вақтда рўй беради, яъни бемор навбатдаги хуруж вақтини аниқ айтиб бера олади (масалан, ҳар уч кунда, ҳар ҳафтада). Яллиғланишга қарши даво чоралари ўтказилмаса-да, бу синдром ўтиб кетади. Баъзан ташхис тасдиқланмасдан, фақат оғриқнинг кучини асос қилиб олиб, бўғим бўшлиғидан суюқлик олинади ва унинг ичига гормон юборилади. Бу муолажа икки-уч марта такрорлангандан сўнг ўта тоза бўлган бўғим ёриғига инфекция тушиб, ҳақиқий яллиғланиш жараёни бошланиб кетиши мумкин.
Баъзи ҳолларда артралгиянинг сабаби аффектив бузилишлар эканлиги аниқланмасдан, консерватив усул ёрдам бермагандан сўнг беморга жарроҳлик усули тавсия этилади. ХИХ асрнинг машҳур невролог олимларидан бири Оппенгейм (1894) шундай бир воқеани мисол келтиради. «Менга тизза бўғимини резекция қилиш тавсия қилинган беморни кўрсатишади. Жарроҳлардан бирининг тавсияси бўйича уни операциядан олдин менга маслаҳатга юборишади. Иккита қўлтиқ ҳассада кириб келган бемор бироз вақтдан сўнг бу ҳассаларни қўлида ушлаб, менинг хонамдан ўзи юриб чиқиб кетади. Чунки унда бор-йўғи «бўғим неврози» эди, холос».
Худди шунга ўхшаш 2 хил воқеани келтириб ўтамиз.
1-воқеа. Вилоятдан А. исмли 15 яшар қизни травматология-ортопедия бўлимига даволанишга юборишади. Бу ерда манзара бошқачароқ эди. Беморнинг ҳеч жойи оғримасди, у фақат оёқларини тизза бўғимида бука олмас эди, холос. Касалликнинг бошланганига 3 ой бўлиб, қилинган барча чоралар ёрдам бермаганлиги сабабли, беморни Тошкентга даволанишга юборишади. Унга турли ташхислар қўйилган: «ревматоид артрит», «ревматизм», «бўғимлар орасига суяк ўсиб чиққан» ва ҳоказо. Бироқ рентгенограммада тизза бўғимларида ҳеч қандай патологик ўзгариш аниқланмади. Бунга вилоятдаги докторлар ҳам эътибор қилишган, албатта. Лекин даволаш муолажалари ёрдам бермаётгани боис беморни марказга маслаҳатга юборишган. Бемор ташқи кўринишидан жуда тинч, ўзига бино қўйган, ёшига қараганда гавдали эди. Унинг отасидан (бемор отаси билан келганди) қизнинг хулқ-атвори ҳақида сўраганимизда, қизига ижобий таъриф беради: «Уйдаги ҳамма ишларни қилади, онасига қарашади, лекин сал эркароқ, айтганини қилдиради». «Қизда касаллик бошланишидан олдин руҳий сиқилишлар бўлганми?» деб сўраганимизда, отаси «Йўқ», деб жавоб берди. Биз беморни хонада юргизиб, курсида ўтқазиб ва каравотда ётқизиб текшириб кўрдик. Бу ҳаракатларни у иккала оёғини тиззасини букмасдан бажарди. Беморнинг отасидан қизнинг кечқурун ухлаганда оёқлари қай аҳволда бўлишини билиб беришини сўрадик. Вилоятга, қизнинг онасига телефон қилиб, бу саволни берганимизда, ҳақиқатан ҳам бемор кечаси ухлаб ётганда, у ёқ-бу ёққа қайрилиб ётаркан, баъзан эса ғужанак бўлиб оларкан. Ушбу маълумотлардан сўнг бизда касаллик психоген хусусиятга эга эканлигига ҳеч қандай шубҳа қолмади. Шу заҳотиёқ даволаш муолажасини бошладик. Бу ерда ҳам платсеботерапия усулини қўлладик, яъни беморга «Германияда ишлаб чиқарилган, тиззани дарров букиб-очиб юборадиган дорини шприцга тортиб, тизза қопқоғининг атрофларига юборишимизни» ва беморнинг тиззаси 10 дақиқадан сўнг қизиб кетишини, ана шунда унинг ўзи аста-секин тиззасини букиб-очиши кераклигини уқтирдик. Худди кутганимиздек, 10 дақиқадан сўнг бемор иккала тиззасининг қизиб бораётганини айтди. Биз унга тиззасини энди букиб-очиши зарурлигини қаттиқ тайинладик. Бемор бизнинг талабимизни бажариб,  бемалол хонада юра бошлади.
Икки кундан сўнг бизга қизнинг онаси қўнғироқ қилиб, муҳим бир маълумотни берди. Маълум бўлишича, қиз отасидан дугонасиникига ўхшаш қимматбаҳо палто олиб беришини сўраган. Отаси рад жавобини берган ва қизини қаттиқ койиган. Онаси ҳам отасининг тарафини олган. Қиз йиғлаб-йиғлаб ухлаб қолади ва эрталаб турса, иккала оёғи ҳам қотиб қолган бўлади. Табиийки, ота-она қизидаги бу ҳолатни кечаги жанжал билан боғламаган ва «Қизимизнинг оёқлари шамоллаб қолибди», деб шифохонага югуришган. Бу воқеа отасининг эсидан чиқиб кетган, онаси эса фақат биз «Руҳий сиқилишлар бўлмаганми?» деб сўраганимиздан сўнггина шу воқеани эслади.
Бундай психоген бузилишлар ёш болаларда ҳам бўлади. 
2-воқеа. Уч ёшдан сал ошган бола югуриб ўйнаб юрган пайтида қаттиқроқ йиқилиб тушади ва чап оёғининг сонидан лат ейди. Оғриқдан оёғини қимирлата олмай чинқираб йиғлайди. Ота-онаси қўрқиб кетиб, болани ўша заҳоти травматолог кўригига олиб боришади. Оёғи рентген қилинганда, болада суяк синиш белгилари топилмайди. Лекин боланинг оёғи озгина лат еган эди, шунинг учун болага оғриқсизлантирувчи уколлар қилиб, лат еган жойни боғлаб уйига жўнатилади. Уни бир ҳафта мобайнида эҳтиёт қилиш, иложи борича оёқни авайлаш онасига тайинланади. Бир ҳафта докторнинг тавсиялари бажарилади ва онаси болани иложи борича қўлида кўтариб юради. Лат еган жой бутунлай битиб кетади. Доктор боғламларни олиб ташлайди ва болани ерга қўйиб, «Энди ўзинг юр!» дейди. Бола бу илтимосни рад этиб, чинқириб йиғлаб онасига ёпишади. Онаси болани кўтариб олгандан сўнг бола йиғлашдан тўхтайди. Бола йиқилганда нерв толалари эзилган бўлиши мумкин, оғриқ ўшандан бўлса керак, деб невропатологга маслаҳатга бориш тавсия қилинади. Болани бизга олиб келишади. Боланинг инжиқлиги ва бунинг устига қаттиқ қўрққанлиги билиниб турарди. Уни курсига ўтқазиб текшираётганда йиғлаб юбориши, онасининг олдига ўтқазиб текширганда эса жим ўтириши эътиборимизни тортди. Чалғитиш услубига ўтдик. Болага: «Мен текшираётганимда сен курсида индамай ўтирсанг, мана шу конфетни оласан», деб уқтирилди (бола уйда текширилаётган эди). Бола айтганимизни қилди. Топшириқ янада мураккаблаштирилди: «Энди курсидан ўзинг тушсанг, мана бу ўйинчоқни бераман». Ўйинчоқ (танк) жуда чиройли бўлганидан бола «оғриқни» ҳам эсидан чиқариб, курсидан сакраб тушди. «Энди сен мана шу ўйинчоқни ўйнаб тур, биз онанг билан маслаҳатлашиб оламиз», деб боланинг ҳаракатларини чеккадан кузатиб турдик. Бола гилам устига чўккалаб олиб, хонанинг у ёғидан бу ёғига ғилдиракли танкни ҳайдаб роса ўйнади. Онаси боланинг бу ҳаракатларига ҳайрон бўлиб қараб турди. Она-бола кетишга шайланишганда, бола яна кўтаринг, деб онасига ёпишиб олди. Болага «Агар сен зинапоядан пастга ўзинг юриб тушсанг, мен сенга балкондан мана шу коптокни ташлайман», деб ваъда бердик. Бола беш қаватли уйнинг бешинчи қаватидан онаси билан ўзи юриб пастга тушди. Копток балкондан пастга ташланганда, думалаб анча жойга кетиб қолди. Бола хурсанд бўлганидан копток кетидан югуриб кетди. 
Бўғим соҳасидаги оғриқлардан шикоят қиладиган беморларнинг психоемоционал статусини яхшилаб текширмасдан, уларни кучли антибиотиклар, гормонлар, салитсилатлар, физиотерапевтик муолажалар билан узоқ вақт муваффақиятсиз даволашлар поликлиника ва стационарларда учраб туради. Бундай услубда ишлайдиган врачларни мих кириб ёрилган баллоннинг тешигини, михни олиб ташламасдан туриб ҳар хил замонавий бўёқлар ва елимлар билан ёпишга уринган усталарга ўхшатишган. Хўш, унда қандай қилиб беморда психоген артралгия борлигини аниқлаш мумкин? Гап шундаки, ҳозирги даврда психоген артралгия кўпинча тасодифан ёки «бодга» қарши дорилар фойда беравермаганидан сўнггина аниқланади. Бу даврда бемор деярли барча мутахассисларда бўлиб чиқади ва ниҳоят, унга психоген артралгия ташхиси қўйилади. Шунинг учун ҳам турли хил артралгия аниқланган беморни албатта тиббий психологга кўрсатиш зарур.


Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
           ©www.asab.uz




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича