Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси ПОРАХЎРЛАР ПСИХОЛОГИЯСИ

ПОРАХЎРЛАР ПСИХОЛОГИЯСИ


Савол: Зарифбой Ражабович! Шу йили барчамизни ларзага солган воқеалар – бу катта амалдорларнинг порахўрлик билан қўлга тушгани бўлди. Нейропсихолог сифатида порахўрлар психологияси ёки порахўрлик психологияси ҳақида нималар дея оласиз? Инсон нега пора олади?
Жавоб: Мен бу саволингизга нейропсихолог сифатида эмас, психоаналитик нуқтаи назардан жавоб бера қолай? Нейропсихология – олий руҳий функцияларни ўрганувчи фан бўлса, психоанализ – инсоннинг ботиний онгига нималар яширинганини ўрганувчи фан. Кўриб турганингиздек, олий руҳий функсияси даражасига қараб раҳбарият бундай шахсларни лавозимларга тайинлаяпти. Бироқ ушбу кадрларнинг онг остига нималар яширинганини афсуски раҳбарият билмайди. Буни фақат психоаналитик билади, холос. Бизда эса психоанализ мактаби ҳали шаклланмаган.
Савол: Одамнинг онг остига нималар яширинганини билиб бўлмаса нима қилиш керак? 
Жавоб: Миллионлаб инсонлар тақдири билан боғлиқ юксак лавозимларга тайинланаётганларни “Ёлғон детектори”дан ўтказиш керак. Ушбу детектор яратилганига мана 100 йил бўлди. Бу услуб асосан криминалистик психологияда кўп қўлланилади. Бу методни кадрлар сиёсатида ҳам қўллаш вақти келганга ўхшайди...
Савол: Ўта олмаса-чи? Яхши кадр топишнинг ўзи бўлмайди-ку?
Жавоб: Ўта олмаса бундай кадрни мутлақ давлат ишларига яқинлаштирмаслик керак. Ҳали бузилиб улгурмаган ёшларни излаб топиш лозим. Афсуски, бу иш барибир суст кетаяпти. Тепадан таклиф қилинаётган ислоҳотларга пастда камида беш ҳалқали тўсиқ бор. 
Савол: Порахўрликнинг ижтимоий сабабларини ҳамма гапиради? Сиз мана шу иллатнинг психологик негизи ҳақида нималар дея оласиз? Инсон нега пора олади?
Жавоб: Психологик бўшлиқни тўлдириш учун пора олади? Психологик бўшлиқ эса сира тўлмайди. Психологик бўшлиқ галактикадаги қора туйнукка ўхшайди. Бундай бўшлиқ қачон пайдо бўлади? Ушбу бўшлиқ болалик ва ўсмирлик даврида шакллана бошлайди ва инсон улғайган сайин бу бўшлиқ ҳам катталашиб боради. Психологик бўшлиқ – бу ёмон нарса эмас. Бундай бўшлиқ ҳар биримизда бор. Уни тўлдириб борсак, бизда қониқиш ҳисси пайдо бўлади. Ушбу бўшлиқни ҳар ким ҳар хил йўллар билан тўлдиришга ҳаракат қилади: олим кашфиёт қилиб ёки ихтиро яратиб, ёзувчи чиройли асар ёзиб, деҳқон ҳосил етиштириб, футболчи гол уриб, рассом чиройли санъат асарини яратиб, ҳунарманд кўзни қувонтирадиган нақшиндор кўза яратиб ва ниҳоят порахўр эса пора олиб...
З. Фрейд тили билан айтганда ҳаёт қониқишдан иборат. Масалан, машҳур футболчининг банкда миллион-миллион доллари бўлса-да, стадионда ҳаллослаб югуриб тўп тепишдан тоймайди ва бундан мазза қилади. Нега?! Чунки мия ҳужайралари шунга ўрганган ва унга “Бор тўп теп, гол ур” деб туради. Унинг мияси ана шундагина қониқади, роҳатланади. Порахўрлик ҳам худди шундай. Унинг олган пуллари миллиард сўмдан ошиши мумкин, бироқ тўхтай олмайди. Чунки унинг мияси ҳам шунга ўрганган ва унга “Пора ол! Пора ол!” деб буйруқ бериб туради. Унинг мияси ана шундагина қониқади. Демак, порахўр пул етишмаганидан пора олмайди, роҳатланиш учун пора олади, қониқиш учун пора олади.  
 Савол. Демак, пора олиш – бу етишмовчиликдан эмас, мия ёки руҳиятдаги нуқсондан экан-да?
Жавоб: Фрейднинг Алфред Адлер деган шогирди бўлган. Адлер “Етишмовчилик ҳисси” деган таълимот яратди. Ушбу таълимотга кўра инсон дунёга келганидан бошлаб, яъни ҳали онги ривожланмасдан туриб ўзидаги етишмовчилик ҳиссини тўлдиришга интилади. Бу интилиш баъзиларда шу қадар кучли бўладики, ҳатто ота-онага бўлган ҳурмат-эҳтиромдан ҳам ошиб тушади. “Пул деса отасини ҳам танимайди” деган нақл ана шундан келиб чиққан. Демак, психоаналитик нуқтаи назардан олганда, чақалоқ ҳам, боғча ва мактаб ёшидаги бола ҳам ўзидаги етишмовчилик ҳиссини қондиришга интилиб яшайди. Бола улғайгач қайсидир касбни эгалласа, касб билан боғлиқ етишмовчиликларни қондиришга интилиб яшайди. Ўша иш фаолияти жараёнида у порага аралашиб қолса, ўзидаги етишмовчилик ҳиссини пора билан тўлдиришга берилиб кетади.
Алфред Адлернинг “Етишмовчилик ҳисси” ҳақидаги психологик таълимоти бироз ғалати туюлса-да, унинг турган битгани ҳақиқат. Бу таълимотни бир ўқиб чиқсангиз, порахўр нега тинмай пора олиши, машҳур футболчи катта бойликка эга бўлса-да, стадионда тинмай югуриши, илмга муккасидан кетган олим Нобел мукофоти олган бўлса-да, лабораториядан чиқмай тунаб қолиши сирларини билиб оласиз. Бир эътибор қилинг-а, ўша қўлга тушаётган порахўр ўз касби бўйича юқори даражада профессионал, бироқ ўша етишмовчилик ҳисси уни тинмай пора олишга ундайди. Қиссадан ҳисса шуки, ҳар кимда чақалоқлик давридан бошлаб мавжуд бўлган “етишмовчилик ҳисси” қайсидир касбга қизиқиб тўғри йўлдан кетса, ушбу соҳанинг моҳир устаси бўлади, қинғир йўлга кириб психологик бўшлиқни пора билан тўлдиришга берилиб кетса, ўша биз кўриб-билиб турган хунук воқеалар рўй бераверади.  
Савол: Катта мансабдорларнинг пора олиши жамият психологиясига қандай таъсир кўрсатади? 
Жавоб: Жуда ёмон ва фалокатли таъсир кўрсатади. Чунки давлат ва жамият ишонган ва аслида коррупсияга қарши курашадиган катта амалдорнинг ўзи пора олиши диёнатли одамларнинг нафсониятига тегади ва ғазабини қўзғайди. Бу ҳолат жамият учун, айниқса, умидли ёшлар учун катта психологик зарба ҳамдир! Бундай ёшлар давлат ва жамият қонунларига ишонмай қўяди, ишга қўли бормайди. Қонун ҳимоячиларининг ўзлари ёшларга тўғри йўлдан юринглар дейишади-ю, кетма-кет пора билан қўлга тушишади. Ана энди ўзингиз тасаввур қилиб кўринг: бу иллат ёшлар психологиясига қандай таъсир кўрсатади? 
Порахўрлик билан боғлиқ яна бир энг ёмон вазият – бу жамиятнинг шу ҳолатга кўникиб қолиши. Масалан, таълим соҳасидаги амалдорлар пора олишига талаба ва ўқитувчилар кўникиб қолган, ҳокимлар пора олишига фермерлар кўникиб қолган, прокурорлар пора олишига орган ходимлари кўникиб қолган ва ҳ.к. Натижада глобал иқтисодий бўҳрондан ташқари, аҳолининг барча қатламида апатия (ишга мотивация сўниши) ва депрессия (тушкун кайфият) ривожланади ва ҳеч ким ҳеч нарсага ишонмай қўяди. Карл Густав Юнг таъбири билан айтганда, жамиятда “Буюк депрессия” шаклланади ва бундай жамият ҳеч қачон ривожланмайди. Инвестициялар талон-тарож қилиниши етмагандай, ислоҳотлар ҳам натижа бермай қўяди. Бу даҳшатли ҳолат бутун организмга метастаз бериб тарқалиб кетган рак касалига ўхшай­ди. 
Савол: Хўш, унда нима қилиш керак? Наҳотки бу балонинг давоси йўқ?! 
Жавоб: Қандли диабетда гангрена сабабли чирий бошлаган бош бармоқни кесиб ташламаса, бу чириш секин-аста бутун бошли оёққа ўтиб, организмни ҳалок қилади. Шу боис ҳанузгача ривожланган давлатларда ҳам гангренанинг давоси уни кесиб ташлашдан иборат. Унга бошқа ҳеч қандай даво йўқ. Яна бир ҳолатни мисол келтираман. Тиббиётда “Апаллик синдром” деган тушунча бор. Унга ҳозирча даво йўқ. Бу синдромда бемор на тузалади, на ўлади. Тиббиёт бу ерда ожиз. Ривожланган давлатлар бундай беморларга раҳми келиб “эвтаназия” усулини қўллашади. Мен “Порахўрлик синдроми”ни “Апаллик синдром”га ўхшатаман. Демак, бундай кишиларга эвтаназия усулини қўллаш лозим деб ўйлайман. Ахир ўз халқи олдида виждони қийналиб қамоқхонада ётишибди. Шунинг учун уларни бу азобдан халос этиш керак. Японияда енгилган генерал ўзини нима қилишини ҳаммамиз биламиз. Бироқ бизнинг порахўрлар бу ишни қила олмайди. Шу боис уларга ёрдам беришимиз ва бу азобдан эвтаназия йўли орқали қутқаришимиз керак. Табиийки, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ва адолатли жамият тарафдорларига нима деймиз, деган савол туғилади. Уларга жавоб шундай бўлади: “Биз адолатли жамиятда яшашни ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга интилаётган халқни деб, йилига 10 та катта порахўрга эвтаназия усулини қўллашни жоиз топдик. Бу борада Хитойдан ўрнак олдик” деймиз.





Manba: © Z. Ibodullayev. Asab va ruhiyat., 4-nashr. Ilmiy-ommabop risola. T, 311 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
                 © www.asab.uz



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича