Янгиликлар » Энциклопедия » ЭЛЕКТРОЭНЦЕФАЛОГРАФИЯ

ЭЛЕКТРОЭНЦЕФАЛОГРАФИЯ


Электроэнцефалография (ЭЭГ) – бош мия нейронлари электрик потенциалларини ёзиб олиш орқали марказий нерв системасининг функционал фаоллигини ўрганиш усули. Бош миянинг функционал фаоллиги турли ёшда ва касалликларда турлича намоён бўлади. Бу ҳолатларни ўрганиш учун эса ЭЭГ жуда мақбулдир.

ЭЭГ ўтказишга оид асосий кўрсатмалар

  • Эпилепсия ва бошқа пароксизмал ҳолатлар.
  • Невроз ва психастениялар.
  • Ҳулқ-атвор бузилишлари.
  • Когнитив бузилишлар (олигофрения, деменция).
  • Краниоцеребрал жароҳатлар ва уларнинг асоратлари.
  • Бош миянинг қон томир касалликлари.
  • Бош миянинг яллиғланиш касалликлари.
  • Кома.

Эслатма. ЭЭГ ўтказишга монелик қилувчи ҳолатлар йўқ. Врач кўрсатмасига биноан бу текширувни чақалоқлик даврида ҳам, кексалик даврида ҳам, ўлим тўшагида ётган беморга ҳам ўтказилади. ЭЭГ текшируви инсон учун мутлоқо безарар. 

ЭЭГ олиш ва ёзиш техникаси

ЭЭГ ўтказиш учун махсус электродлардан фойдаланилади. Бошда электродлар ҳалқаро «10–20» системасига биноан жойлаштирилади (расмга қаранг). ЭЭГ 8, 16, 19, 24 ва 32 каналли электроэнцефалографларда ёзилади. Бироқ, тиббий амалиётда 16 каналли электроэнцефалографлардан кенг фойдаланилади. ЭЭГ текшируви ўтказилаётган хона тинч ва ташқи шовқинлардан изоляция қилинган бўлиши керак. ЭЭГ синалувчини горизонтал ҳолатда ётқизиб ёки курсида ўтқазиб олинади. ЭЭГ олаётганда қуйидаги функционал синамалардан фойдаланилади: кўзларни юмиш ва очиш, гипервентиляция (ГПВ), фотостимуляция (ФТС), фоностимуляция (ФНС).

 

  

67 б-расм. Бошда электродларни жойлаштириш тартиби

67 а-расм. Электроэнцефалография текшируви ўтказилаётган пайт

 

 

Бошга электродлар қўйиб бўлингач, синалувчидан кўзларини юмиш сўралади ва тинч ҳолатдаги ЭЭГ ёзуви олинади. Бу пайтда алфа-фаоллик доминантлигини кўриш мумкин. Кейин синалувчидан кўзларини очиш сўралади. Кўзлар очиқ ҳолатда олинган ЭЭГ да алфа-фаоллик кескин сустлашади ёки йўқолади. Кейин яна синалувчидан кўзларни юмиш сўралади. Бу пайтда алфа-фаоллик яна пайдо бўлади. Кўзларни очиб-юмганда пайдо бўладиган окулограммалар артефакт ҳисобланади ва уларни патологик тўлқинлар деб қабул қилмаслик керак.  

68-расм. Эпилепсияда пароксизмларнинг намоён бўлиши.

 

Сўнгра ГПВ, ФТС ва ФНС синамалари кетма-кет амалга оширилади. ГПВ синамасини ўтказиш учун 2-3 дақиқа мобайнида чуқур-чуқур нафас олиб чиқариш сўралади. ЭЭГ ни ёзиб бориш ГПВ вақтида ҳам, ундан кейин ҳам 3 дақиқа мобайнида давом эттирилади. ГПВ пайтида мия қон томирларида СО2 миқдори кўпайиб нейронлар қўзғалиши кучаяди. Бунинг натижасида алфа-тўлқинлар деформацияси ва экзалтацияси рўй бериб, патологик тўлқинлар вужудга келиши мумкин. ГПВ пайтида эпилепсия билан касалланганларда спайк ва ўткир тўлқинлар ҳам пайдо бўлади.   

ГПВ синамасидан сўнг ФТС синамаси ўтказилади.  Махсус мосламалар орқали иккала кўз олдида юқори частотали қисқа муддатли ёруғлик чақнашлари ҳосил қилинади. Бу пайтда кўзлар юмуқ ҳолатда бўлиши керак. ФТС пайтида ёруғлиқ чақнашларига жавобан биопотенциаллар ҳам ўзгаради. Ушбу тўлқинларнинг ФТС га мос равишда ритмик тарзда иккала ярим шарда ҳам вужудга келиши ритмни ўзлаштириш реакцияси (РЎР) деб айтилади. РЎР нормада кузатиладиган ҳолат бўлиб, унинг амплитудаси энса соҳасида каттароқ бўлади, марказий ва пешона соҳаларига келиб эса пасая бошлайди. ФТС пайтида деярли ҳар доим алфа-ритм сўнади. Бу ҳолат алфа-ритм десинхронизацияси деб аталади. ФТС яширин эпилептик тўлқинларни қўзғаш мақсадида қўлланилади.

ФНС амалий тиббиётда кам қўлланилади. Чунки бу синама ГПВ ва ФТС каби эпилептик тўлқинларни қўзғай олмайди. Турли фармакологик дорилар билан ҳам синамалар ўтказилади. Масалан, вегетатив пароксизмларни эпилептик пароксизмлардан (масалан, мезотемпорал эпилепсияда) фарқлаш мақсадида 2 мл кофеин тери остига қилиб, сўнгра ЭЭГ қилинади. Эпилепсия билан касалланганларда кофеин синамасидан сўнг спайк ва ўткир тўлқинлар пайдо бўлади. 

Артефактлар. Мия потенциали билан боғлиқ бўлмаган тўлқинларга артефакт деб айтилади. Артефактлар келиб чиқиши бўйича 2 турга ажратилади: 1) Физик (электромагнит); 2) Физиологик.

Физик (электромагнит) артефактлар атрофдаги электр ёки магнит кучланишлари таъсири, ЭЭГ симларининг издан чиқиши, электродларнинг танага жипс жойлаштирилмаганлиги сабабли юзага келади. Шунинг учун ЭЭГ олинадиган хонада турли электр кучланишларига эга приборлар бўлмаслиги керак.

Физиологик артефактлар – инсон танаси ҳаракатлари сабабли юзага келадиган артефактлар. Кўзларни юмиб-очиш (окулограмма), ютиниш, чайнов ҳаракатлари ёки оёқ-қўлларни ҳаракатлантириш, калла юзасида жойлашган қон томирлар пулсацияси физиологик артефактлар сабабчисидир.

Артефактлар юзага келмаслиги учун синалувчининг боши ёғли бўлмаслиги, электродлар соч устига қўйилмаслиги, ҳар бир ЭЭГ олингандан сўнг электродлар физиологик эритмада ювилиши керак. Шу ҳолатлар кузатилса, электрод қўйиладиган соҳалар спирт билан тозаланиши керак.

Электроэнцефалографик тўлқинлар

А. Нормал тўлқинлар

Алфа (α)-ритм. Частотаси 8-13 Гц, амплитудаси 40-100 мкВ бўлган синусоидал шаклга эга тўлқинлар. Катта ёшдагиларда α-ритм, асосан, энса соҳасида ёзилади. Алфа-ритм деярли 80 % соғлом одамда аниқланади. Кўзларни юмганда бу тўлқинлар пайдо бўлади, очганда эса йўқолади. Шунинг учун ҳам α-фаолликнинг вужудга келишини кўрув анализатори билан боғлашади. Алфа-ритм амплитудаси ақлий ва руҳий зўриқишлар (фикран математик мисоллар ечиш, қўрқув, хавотир ва ҳ.к) пайтида ҳам пасаяди ёки йўқолади. Демак, аксарият соғлом одамларда α-ритм доминант ритм ҳисобланади.

  • Бета (β)-ритм. Частотаси 14-40 Гц, амплитудаси 15 мкВ гача бўлган арра тишига ўхшаш тўлқинлар. β-ритм, асосан, бошнинг марказий ва пешона соҳаларида аниқланади. Аксарият ҳолларда, бета-ритм амплитудаси 5 мкВ дан ошмайди. Юқори частотали (40-70 Гц) ва паст амплитудали (5-7 мкВ) аррасимон бета тўлқинлар γ-ритм деб ҳам аталади. Соғлом одамларда бета-ритм суст ифодаланган бўлади. Неврозларда бета-ритм аксарият ҳолларда доминант ритм сифатида намоён бўлади. 

      Б. Патологик тўлқинлар

Тета-ритм. Частотаси 4-6 Гц, амплитудаси 40 мкВ дан катта бўлган (баъзида 300 мкВ ва ундан юқори) патологик тўлқинлар. Болалик даврида ёзилган ЭЭГ да тета-фаоллик кўп аниқланади. Боланинг мияси ривожланган сайин тета-фаоллик камая боради ва унинг ўрнини алфа-фаоллик эгаллайди. Тета-фаоллик олигофрения ва бош миянинг турли органик касалликларида кўп бўлади. Соғлом одамларда тета-фаоллик жуда кам аниқланади. Уйқу пайтида тета-фаоллик кучаяди.

  • Делта-ритм. Частотаси 0,5-3 Гц бўлган юқори амплитудали патологик тўлқинлар. Соғлом одамларда делта тўлқинлар пайдо бўлиши бош миянинг функционал фаоллиги пасайганидан далолат беради. Бироқ, делта тўлқинлар каттароқ соҳани эгалласа ёки фокус типида пайдо бўлса, бу ҳолат бош миянинг оғир органик касаллиги сабабли юзага келаётган бўлишини эсда тутиш лозим. ЭЭГ нинг 15 % дан ошиқ қисмини тета ва делта тўлқинлар эгалласа, бу ҳолат патологик ЭЭГ ҳисобланади. Бош миянинг оғир органик касалликларида патологик тўлқинлар кўп аниқланади.

Патологик тўлқинлар ичида эпилептиформ тўлқинлар алоҳида ўрин касб этади. ЭЭГ – эпилепсияни аниқлашда ўта муҳим текширув усулидир. ЭЭГ текширувисиз “эпилепсия” ташхисини тасаввур қилиш қийин.

Эпилептиформ фаоллик.  Эпилептиформ фаоллик атамаси эпилепсия ва эпилептик синдромлар учун хос бўлган ўткир типдаги тўлқинларга нисбатан ишлатилади. Эпилептиформ тўлқинларга қуйидагилар киради:

  1. Спайк (ингл. spike – ўткир тиғдек) – давомийлиги 10-70 мс, амплитудаси 50 мкВ дан юқори бўлган тиғ шаклига эга ўткир тўлқин.  Қисқа муддат давом этувчи спайкларнинг амплитудаси асосий биоэлектрик фаоллик амплитудасидан катта бўлади ва 100-500 мкВ дан ошиб кетади. Бир неча спайклар бир-бирига ёпишиб кетма-кет намоён бўлиши ҳам мумкин.
  2. Ўткир тўлқин – давомийлиги 70-200 мс бўлган ўткир учли тўлқин. Спайк ва ўткир тўлқинлар – амплитудаси бўйича асосий биоэлектрик фаолликдан фарқ қилувчи тўсатдан пайдо бўлиб тез ўтиб кетувчи тўлқинлардир. Ўткир тўлқинлар ташқи кўринишдан спайкларга ўхшаб кетади, бироқ улардан давомийлиги билан фарқ қилади. Ўткир тўлқинлар амплитудаси ҳам 50-500 мкВ (баъзан 1000 мкВ) атрофида бўлади. Эпилепсияда спайклар ва ўткир тўлқинларнинг секин тўлқинлар билан биргаликда намоён бўлиши кўп учрайди.
  3. «Спайк-секин тўлқин» комплекси – спайкларнинг секин тўлқинлар билан биргаликда намоён бўлиши. Бу комплексларнинг частотаси 2,5-6 Гц, давомийлиги 200-400 мс.
  4. «Ўткир тўлқин-секин тўлқин» – ўткир тўлқинларнинг секин тўлқинлар билан биргаликда намоён бўлиши. Бу комплексларнинг частотаси 0,7-2 Гц, давомийлиги 500-1200 мс.
  5. «Полиспайк-секин тўлқин» – полиспайкларнинг секин тўлқинлар билан биргаликда намоён бўлиши.

Текширилаётган одамда спайклар, ўткир тўлқинлар ва улар билан боғлиқ секин тўлқинлар аниқланса, эпилепсия ёки эпилептик синдромларни инкор қилиш керак. Бундай пайтда ЭЭГ видеомониторинг текширувидан фойдаланилади.

Нормал электроэнцефалограмма

Нормал ЭЭГ деганда, алфа ва бета ритмлардан иборат ЭЭГ тушунилади. Бунда патологик тўлқинлар (тета ва делта) жуда кам бўлади. ЭЭГ ни ҳосил қилувчи асосий тўлқинлар, яъни алфа ва бета-ритм частотаси, амплитудаси, локализацияси нормал ЭЭГ учун белгиланган нормативларга мос келиши керак. Нормал ЭЭГ учун алфа-ритм амплитудаси 40-100 мкВ, бета-ритм амплитудаси 15 мкВ атрофида бўлиши, яримшарлараро асимметрия бўлмаслиги ёки суст ифодаланган бўлиши лозим. Нормал ЭЭГ да ҳам тета ва делта тўлқинлар учраши мумкин, бироқ улар жуда кам жойни (15 %) эгаллаши ва амплитудаси 50 мкВ дан ошмаслиги лозим. Билатерал-синхрон тебранишлар, спайк ва ўткир тўлқинлар ҳам бўлмаслиги керак. Нормал ЭЭГ хулосасини чиқаришда синалувчи ёши ва функционал ҳолати эътиборга олинади. Чунки, болалик даврида тета ва делта тўлқинлар кўпроқ аниқланади. Аксарият соғлом одамларда алфа-фаоллик доминантлик қилади.

69-расм. ЭЭГ тўлқинлари: а – бета ритм; б – алфа ритм; в – тета ритм; г – дельта ритм.

 

 

Нормал ЭЭГ алфа-ритм ёки бета-ритм доминантлиги билан намоён бўлади. Алфа-фаоллик доминантлиги билан намоён бўлувчи нормал ЭЭГ учун частотаси 8-13 Гц, амплитудаси 40-100 мкВ бўлган синусоидал шаклга эга алфа-ритмнинг симметрик тарзда намоён бўлиши жуда хос. Алфа-ритм энса соҳасида максимал амплитудага эга бўлиб, марказий ва пешона соҳаларига келиб унинг амплитудаси пасаяди ва бета-фаоллик билан қўшилиб кетади. Кўзларни юмганда алфа-ритм пайдо бўлади, очганда десинхронизацияга учрайди. Бета-фаоллик доминантлиги билан намоён бўлган нормал ЭЭГ да частотаси 14-40 Гц ва амплитудаси 15 мкВ гача бўлган арра тишига ўхшаш тўлқинлар барча соҳаларда аниқланади.

Патологик электроэнцефалограмма

Патологик ЭЭГ деганда, нормал ЭЭГ талабларига мос келмайдиган, яъни алфа ва бета фаоллик жуда кам бўлган, тета ва делта фаоллик ёки эпилептиформ тўлқинлар кўп учрайдиган ЭЭГ тушунилади.

Патологик ЭЭГ учун қуйидагилар хос:

  • Нормал фаоллик, яъни алфа ва бета-ритм частотаси, амплитудаси ва топографиясининг ўзгариши ёки бу ритмларнинг аниқланмаслиги;
  • Патологик фаолликнинг (тета ва делта тўлқинлар) кучайиб кетиши;
  • Эпилептиформ фаоллик (спайк ва ўткир тўлқинлар) аниқланиши;
  • Билатерал-синхрон тебранишлар вужудга келиши;
  • Патологик фаоллик фокуси аниқланиши;
  • Яққол ифодаланган яримшарлараро асимметрия;
  • Функционал синамаларга патологик жавоб реакциялари.

Ушбу патологик ўзгаришлар одатда енгил, ўртача ва кучли тарзда намоён бўлади. Патологик ЭЭГ бош миянинг турли хил патологиялари, яъни эпилепсия, ўсма, инсулт, яллиғланиш касалликлари, метаболик бузилишлар, интоксикацияларда аниқланади. Албатта, ушбу патологик жараёнлар миянинг функционал системасини турли даражада издан чиқаради ва бу ҳолатлар ЭЭГ да акс этади. Бироқ миядаги кичик патологик ўчоқлар биоэлектрик фаолликни кескин издан чиқариши ёки аксинча, катта патологик ўчоқлар енгил функционал  ўзгаришлар билан намоён бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам ЭЭГ миядаги патологик жараённинг ўзини эмас, балки миянинг унга бўлган реакциясини кўрсатади, деб айтилади.

Патологик ўчоқ бош миянинг медиал тузилмаларида жойлашса, миянинг функционал фаоллиги кескин ўзгаради ва ЭЭГ да турли хил биоэлектрик тўлқинлардан иборат билатерал-синхрон тебранишлар юзага келади. Демак, медиал тузилмаларда жойлашган патологик ўчоқлар иккала ярим шарда ҳам кучли функционал ўзгаришлар манбаидир. Агарда патологик ўчоқ пўстлоққа яқин жойлашса, ўша соҳада “патологик фаоллик фокуси” аниқланади. Бу фокус, асосан, тета ва делта тўлқинлардан иборат бўлади. Бундай беморларга МРТ қилинса, ўша соҳада ўсма, жароҳат ёки яллиғланиш реакцияси излари аниқланиши мумкин.

Баъзида патологик ЭЭГ нормал тўлқинлар ҳисобланмиш, алфа ва бета тўлқинларнинг патологик ўзгариши билан намоён бўлади. Масалан, алфа-фаоллик ЭЭГ нинг 70 % дан ортиқ қисмини эгалласа, амплитудаси 100 мкВ дан ошиб кетса, синусоидал шакли ўзгарса ва тўлқинлар учи ўткирлашса, бу ҳолат алфа-ритм гиперсинхронизацияси дейилади ва патологик ЭЭГ ҳисобланади.

Баъзан патологик ЭЭГ юқори частотали, юқори амплитудали бета-фаолликдан иборат бўлади. Бу ҳолатга бета-ритм гиперсинхронизацияси деб айтилади. Бунда бета-ритм амплитудаси 20-30 мкВ дан ошиб кетади, шакли ҳам деформацияга учрайди ва ЭЭГ нинг барча соҳаларига тарқалади. Қолган тўлқинлар учрамайди ёки жуда кам аниқланади. Агар амплитудаси 3-5 мкВ бўлган бета-ритм ЭЭГ нинг барча соҳаларида аниқланса, бу ҳолат силлиқ  типдаги ЭЭГ деб айтилади. Силлиқ типдаги ЭЭГ атамаси ўта паст амплитудали бошқа биопотенциалларга нисбатан ҳам қўлланилади.

Патологик типдаги ЭЭГ хулосасини чиқаришда яримшарлараро асимметрияга ҳам эътибор қаратилади. Яримшарлараро асимметрия нормада бўлмайди ёки жуда суст ифодаланган бўлади. Масалан, алфа-фаоллик чап ярим шарда яхши (частотаси 13 Гц, амплитудаси 100 мкВ), ўнг ярим шарда эса суст ифодаланган (частотаси 7 Гц, амплитудаси 50 мкВ) бўлса, алфа-фаолликнинг яримшарлараро асимметрияси аниқланган бўлади. Яримшарлараро асимметрия бета, тета ва делта фаолликлар диапозонида ҳам кузатилади. Биоэлектрик фаолликнинг яққол ифодаланган асимметрияси бош мия ярим шарларида жойлашган патологик жараёнларда (инсулт, ўсма, жароҳатлар) кўп юзага келади.

Эпилептиформ фаоллик (спайклар, ўткир тўлқинлар, патологик комплекслар) патологик ЭЭГ нинг асосий компонентлари бўлиб, эпилепсия ва эпилептик  синдромларда пайдо бўлади. Эпилепсия ва унинг турларини тўғри аниқлаш учун ЭЭГ видеомониторинг текшируви ўтказилади. Акс ҳолда маълумот тўла бўлмаслиги мумкин. Бунда ЭЭГ 12 ёки 24 соат мобайнида ёзилади. Айниқса, бир неча сониялар давом этадиган эпилептик хуружларда (абсансларда) ЭЭГ видеомониторинг текшируви ўтказилиши ўта муҳимдир.

ЭЭГ хулосаларини тайёрлаш

ЭЭГ маълумотлари компьютер дастурларда автоматик тарзда таҳлил қилинади. ЭЭГ ўтказаётган мутахассис хоҳишига қараб, маълумотларни жадвал, диаграмма, гистограмма, топографик харита ва турли ўлчамли голограммалар шаклида олиши мумкин. Артефактлар махсус дастурлар ёрдамида сўндирилади. Шунингдек, компьютер дастурлар орқали ҳар бир тўлқиннинг амплитудаси ва частотасини алоҳида ўрганиш мумкин.

Автоматик тарзда таҳлил қилинган ЭЭГ маълумотларини ўрганиб чиқиб, ЭЭГ текширувини ўтказаётган мутахассис хулоса чиқаришда қуйидаги ҳолатларни кўрсатиб ўтади: нормал тип, гиперсинхрон ёки десинхрон тип, енгил, ўрта ёки кучли даражадаги биоэлектрик ўзгаришлар, эпилептиформ фаоллик қайд қилинган жойлар, патологик фаоллик фокуси, функционал синамаларга бўлган реакциялар ва ҳ.к. Чунки, ЭЭГ жавобларини олган невропатолог ёки УАШ дастлаб сўнгги хулосага эътибор қаратади.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив