Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси ТИЛОСТИ НЕРВИ НЕВРОПАТИЯСИ

ТИЛОСТИ НЕРВИ НЕВРОПАТИЯСИ


Тилости нерви (n. hypoglossus) фақат ҳаракат толаларидан иборат бўлиб, тил мускулларини иннервация қилади. Тилости нерви ядроси қарама-қарши томондан бир томонлама кортикал иннервацияга эга. Унинг аксонлари калла бўшлиғидан тилости канали (canalis hypoglossi) орқали ташқарига чиқади ва тил мускулларига боради. Тилости нерви ва унинг ядроси узунчоқ миянинг пастки қисмида жойлашган барча патологик жараёнларда зарарланади. Булар – мия устуни инсулти, менингиома, шваннома, нейрофиброма, ён амиотрофик склероз, сирингобулбия ва энцефалитлар. Шунингдек, дифтерия, ботулизм ва бошқа патологияларда ҳам тилости нерви зарарланади. Унинг алоҳида невропатияси кам учрайди. Кўп ҳолларда ХII нерв IХ, Х ва ХI нервлар билан биргаликда зарарланади. Бундай пайтларда булбар синдром ривожланади.
   Нервнинг бир томонлама зарарланиши тилнинг ўша томонга оғиши, фибрилляр ва фассикуляр тебранишлар ва тил ярмининг атрофияси билан намоён бўлади.   Артикуляция бузилади, яъни дизартрия ривожланади. Бемор артикуляцияси қийин бўлган, дейлик, “орқаваротига қарамай кела қолдими?” каби жумлаларни айта олмайди. Шу каби артикулясияси қийин бўлган сўзларни беморга гапиртириб, дизартрияни афазиядан фарқлаб олиш мумкин. Дизартрияда бемор худди оғзига ёнғоқ солган одамдек гапиради.
     Тилости нерви ёнидан ўтувчи пирамидал йўллар ҳам зарарланса, алтернирлашган Жексон синдроми ривожланади. Бунда ўчоқ томонда тилости нервининг периферик фалажлиги, қарама-қарши томонда эса марказий гемипарез ривожланади. Бу нерв икки томонлама зарарланса, тил тўла фалажланиб қолади ((glossoplegia) ва анатрия ривожланади. Бемор чайналган овқатни ҳам тили билан ҳаракатлантира олмайди.
    Тилости нервининг периферик фалажлигини унинг марказий фалажлигидан фарқлаш лозим. Уни иннервасия қилувчи кортиконуклеар йўллар зарарланса, тил қарама-қарши томонга оғади, атрофия кузатилмайди, фибрилляр тебранишлар бўлмайди.



Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Z. Ibodullayev. Umumiy nevrologiya. Darslik. Toshkent, 2021., 312 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © www.asab.uz




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича