Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси Тарқалган хавотирли бузилишлар

Тарқалган хавотирли бузилишлар


Тарқалган хавотирли бузилишлар (F41.1) – бирор бир вазиятга боғлиқ бўлмаган ўта турғун ва тарқалган хавотирли бузилишлар (ТХБ). Демак, ушбу бузилишлар на социумга, на баландлик ёки қоронғиликка, на ҳашаротлар, на самолётда учишга боғлиқ. Бир сўз билан айтганда, бу типдаги хавотирлар юзага келиши учун қандайдир бир муҳит ёки объект бўлиши шарт эмас. 
    ТХБ доимий стресс муҳитида яшайдиган ва ишлайдиган инсонларда ривожланади. Бундай одамлар доимо асаби таранг ҳолатда бўлади. Шу вазият билан курашишга ҳаракат қилади, бироқ бунинг уддасидан чиқа олмай, асаби янада таранглашади ва хулқ-атвори ҳам ўзгариб боради, ҳатто улар “менинг характерим жиннисифат бўлиб боряпти”, деб нола қилади. Улар врач хонасида ҳам тинч ўтира олмайди, туриб хонада юраверади, келиб яна ўрнига ўтиради, юрагим уриб кетяпти, ҳаво етишмаяпти, деб кўкрагини силайверади. 
       Агар диққат билан разм солса, қўрқув ва хавотир нафақат беморнинг юз-кўзларида, балки бутун танасига тарқалганини кўрасиз. Беморнинг оғримаган ёки безовта қилмаган жойи йўқ, боши, бўйни, кўкрак қафаси, эпигастрал соҳа, барча мускулларда оғриқ ёки ёқимсиз сезгилар (дизестезия, парестезия, гиперестезия, гиперпатия) кўрасиз. Шу боис ҳам бу касаллик номи – тарқалган хавотирли бузилишлар. Гоҳ кучайиб, гоҳ сусайиб турувчи  титроқ, бош айланишлари, умумий ҳолсизлик ва терлаш, дисфория ҳам доимий симптомлардан ҳисобланади. Улар доимо паришонхотир бўлиб юради, хотираси фақат ўзи ва яқинлари билан боғлиқ хавотирли воқеаларга кучли бўлади. 
         ТХБ да бемор яқинлари учун кўп безовта бўлаверади, уларнинг ҳаётидан асоссиз хавотирга тушаверади. Агар боласи ёки турмуш ўртоғи касал бўлиб қолса, “ўлиб қолса, нима қиламан” қабилидаги фикр ва хаёллар миясига ўрнашиб қолади. Агар ўша яқини тузалиб кетса ҳам, унинг яна касал бўлиб қолишидан хавотирда яшайди. Уларга телефон қилиб ёки смс ёзиб “яхши юрибсанми” деб сўрайверади. Демак, баъзи хавотирли-фобик синдромлардан фарқли ўлароқ, ТХБ да бемор ўзи эмас, балки яқинлари ўлиб қолишидан қўрқади. Бироқ у мен ўлиб қолсам, оиламга нима бўлади, деб ҳам доимий хавотирда яшайди. Улар олдинда кутилаётган тадбирларни ҳам ҳадик билан кутишади. Масалан, бир неча йиллардан кейин бўладиган фарзандларининг тўйини ҳам ўйлаб, ҳадиксирашади. Натижада уларда иккиламчи апатия ва депрессия ҳолатлари шаклланади. Аёлларда кўп учрайдиган бу касаллик, одатда, сурункали тус олади ва тўлқинсимон кечади. 


Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
             ©www.asab.uz



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича