Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси Туғруқдан сўнг кузатиладиган руҳий ўзгаришлар

Туғруқдан сўнг кузатиладиган руҳий ўзгаришлар


Баъзи аёлларда туққанидан сўнг турли хил руҳий-ҳиссий бузилишлар кузатилади. Атрофдагиларнинг яхши муносабатидан қатъи назар, туққан аёлнинг кайфияти кескин ўзгариши мумкин. Айниқса, сабабсиз жиззакилик, тез хафа бўлиш, йиғлоқилик, ваҳима, хавотир, уйқу бузилиши каби белгилар кўп кузатилади ва улар ҳеч қандай тиббий-психологик ёрдамсиз ўтиб кетиши мумкин. Бу ҳолатлар, айниқса, биринчи бор туққан аёлларда кўп кузатилади ва чарчоқ билан намоён бўлади. Бундай вазиятларда умр йўлдоши, ота-онаси ва бошқа яқинларининг катта эътибори, меҳр-оқибати ушбу руҳий ўзгаришларни тезроқ бартараф этишга ёрдам беради. 
   Мутахассислар фикрича, туғруқдан кейинги бундай психоэмоционал бузилишлар деярли 20 % ни ташкил қилади ва бир ойгача чўзилиши мумкин. Айниқса, бола чала туғилса, унда нуқсонлар аниқланса, руҳий бузилишлар кучаяди. Аксарият аёлларда туғруқдан олдинги хавотир туғруқдан кейин ҳам сақланиб қолади. Шу боис ҳам ривожланган хориж давлатларида туғруқдан олдин аёлларни клиник психолог кўригидан ўтказиш диагностика стандартига киритилган.  Туққан аёлнинг атрофида салбий муҳит яратилса, руҳий-ҳиссий бузилишлар зўрайиб, оғир депрессияга ўтиш ҳавфи бор. Туғруқдан кейин ўз фарзандидан воз кечиш ёки ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари шу сабабли рўй бериши мумкин.
   Руҳий-ҳиссий бузилишлар ичида туғриқдан сўнг кузатиладиган депрессиялар алоҳида ўрин тутади ва бунда албатта, психолог ёрдами керак бўлади. Аёлнинг ўзи бу ҳолатдан чиқиб кета олмаслиги мумкин. Туғруқ билан боғлиқ бўлган депрессиялар, айниқса, бола ўлик ёки бирор бир камчилик билан туғилган вазиятларда кўп кузатилади. Бола тирик туғилган ҳолатларда кузатиладиган депрессиянинг асосий белгиларидан бири – бу ўз боласи ва эрига қизиқишнинг йўқолиши. Бундай ҳолатларда болани эмизиш зарурлигини яқинлари аёлдан ёлвориб сўрашади. Она эса йиғлаётган болага эътиборсиз бўлади, чақалоқни унинг кўксига олиб боришса, уни қўлига олмайди, қўлига беришса ҳам қайтариб беради, ўзи ҳам йиғлайверади. Баъзан эса кўзига йиғи келмайди, боласига ёки атрофдагиларга тескари ўгирилиб ётиб олади. 
     Кўп ҳолатларда депрессия қўрқув, хавотир ва турли даражада ифодаланган вегетатив ва соматик бузилишлар билан намоён бўлади. Айниқса, ниқобланган депрессиянинг туғруқдан сўнг юзага келиши врач учун ҳам катта диагностик қийинчилик туғдиради. Аввалги бобларда айтиб ўтилганидек, ниқобланган депрессия турли соматик касалликлар ёки синдромлар кўринишида намоён бўлади.    Шунинг учун ниқобланган депрессияни тўғри аниқлаш ҳам тиббий, психологик текширувлар ўтказишни талаб қилади. Одатда, ниқобланган депрессияда соматик бузилишлар субЪектив бўлиб, обьектив текширувларда тасдиқланмайди.
     Туғруқдан сўнг кузатиладиган хавотирли-депрессив бузилишларни даволашда замонавий антидепрессантлардан кенг фойдаланилади. Бироқ руҳий бузилишларни ушбу дорилар билан даволашда уларни эмизувчи аёлга монелик қилувчи томонлари, гўдакка ножўя таъсирлари ва руҳий бузилишнинг оғирлик даражасини эътиборга олиш лозим. 
   Туғруқдан сўнг ривожланиши мумкин бўлган хавотирли-депрессив бузилишларнинг олдини олиш ўта муҳим. Бунинг учун ҳар бир ҳомиладор аёлга “Тиббий-психологик анкета” тўлдирилиши ва тиббий психолог уларни назоратга олиши зарур. Чунки энди ривожланиб келаётган депрессиянинг яширин белгиларини фақат тиббий психолог аниқлай олади ва уларни ўз вақтида психотерапевтик йўллар билан бартараф этади, заруратга қараб антидепрессантларни тавсия этади.
   


Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b. 
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©www.asab.uz




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича