Янгиликлар Ибодуллаев энциклопедияси ТИББИЁТ ПСИХОЛОГИЯСИ ФАНИ ҲАҚИДА ТУШУНЧА

ТИББИЁТ ПСИХОЛОГИЯСИ ФАНИ ҲАҚИДА ТУШУНЧА


Тиббиёт психологияси, том маънода, бемор психологиясини ўрганувчи фандир. Лекин бу таъриф унинг барча имкониятларини қамраб бера олмайди, албатта. Чунки у соғлом кишиларда касалликни келтириб чиқарувчи барча ташқи ва ички омилларни ўрганади ҳамда уларнинг сабабларини излайди. Тиббиёт психологияси чегара билмас, кенг қамровли фандир. У узоқ тарихга эга бўлиб, ўзининг ривожланиш босқичида бир нечта даврларни босиб ўтди. Тиббиёт психологияси қуйидаги асосий масалаларни ўрганади: 1) бемор ва тиббиёт ходими шахси, улар орасидаги ўзаро муносабатлар; 2) психопрофилактика, психогигиена ва деонтология муаммолари; 3) шифокор сири ва этикаси; 4)  ёш билан боғлиқ тиббийпсихологик муаммолар; 5) сезги, идрок, диққат, хотира, шахс, хулқатвор, темперамент, стресс, ҳиссиёт, тафаккур, онг; 6) психодиагностика; 7) психосоматик синдромлар; 8) турли касалликларда беморлар психологияси; 9) психофармакотерапия; 10) психореабилитация тамойиллари. Тиббиёт психологиясини бошқа тиббиёт фанларидан ажратиб ўрганиш хато бўлур эди. Ҳар қандай касаллик асосий даволаш чораларидан ташқари, беморга руҳий таъсир қилишни ҳам тақозо этади. Масалан, операцияга тайёрланаётган беморни жарроҳ яхши сўзлар билан тинчлантириб, операциянинг муваффақиятли ўтиши ва ундан сўнг соғайиб, оёққа туриб кетишига ишонтиради. 
     Операциядан сўнг ҳам бемор билан суҳбатлашиш, асосан, унинг руҳини кўтариш ва асабини тинчлаштиришга йўналтирилади. Бу иш билан албатта, жарроҳнинг ўзи ва бошқа тиббиёт ходимлари шуғулланади. Ҳомиладор аёлнинг туғиш пайтидаги руҳий ҳолати, айниқса, алоҳида психологик ёндашувни талаб этади. Қўрқувдан тўлғоқнинг қайтиб кетиш ҳоллари ҳам кўп учрайди. Туғаётган аёлдаги қўрқувни психологик суҳбатлар билан тинчлантириб йўқотиш мумкин. Шу боис ҳам хориж давлатларида туғишдан олдин аёлнинг тиббий психолог кўригидан ўтиши стандартга киритилган. Ёки тери-таносил касалликларини олайлик. Кучли психоэмоционал стрессдан сўнг терида пайдо бўладиган қичималарни кучли гормонал суртмаларни ишлатиб ҳам йўқотиб бўлмайди. Лекин плацеботерапия ва психотерапия усулларини қўллаб, беморни ойлаб, баъзан йиллаб қийнаб келаётган қичима дардидан халос этиш мумкин. 
     Маълумки, қаттиқ руҳийҳиссий зўриқишдан сўнг қандли диабет, гипертония, миокард инфаркти, инсульт каби оғир касалликлар ривожланади. Ҳатто ошқозон ичак яраси, қон касалликлари баъзан руҳий зўриқишлардан сўнг пайдо бўлади. Ҳар қандай касалликда стресс омили албатта бор. Демак, ҳар бир врач тиббий психология илмини яхши эгаллаган бўлиши керак. Беморнинг руҳияти соғлом одамникидан фарқ қилади. Ҳар ким бетобликка турлича муносабатда бўлади. Кимдир қаттиқ сиқилади ва ўз аҳволини ўзи оғирлаштиради, бошқа биров тузалишдан умидини узиб, тақдирга тан беради, учинчиси эса соғайиб кетишига ишонади. Бу, албатта, бемор шахсияти ва темпераментига кўп жиҳатдан боғлиқ. Демак, беморни даволашга киришаётган ҳар бир врач унинг қандай темперамент (холерик, сангвиник, меланхолик, флегматик) эгаси эканлиги ва қайси шахс типига мансублигига эътибор қаратиши лозим.


Manba: ©Z. Ibodullayev. Tibbiyot psixologiyasi. Darslik., 3-nashr., T.; 2019., 494b.  
           © Ibodullayev ensiklopediyasi., 2022 y; 
              ©www.asab.uz



Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича