Янгиликлар » Энциклопедия » ЭПИЛЕПСИЯДА ТАШХИС ҚЎЙИШ ТАМОЙИЛИ

ЭПИЛЕПСИЯДА ТАШХИС ҚЎЙИШ ТАМОЙИЛИ


Беморда биринчи бор пайдо бўлган эпилептик хуружга ҳар бир врач ҳам дуч келавермайди. Шунинг учун ҳам эпилепсия ташхисини қўйиш деярли ҳар доим анамнезни мукаммал ўрганишдан бошланади. Беморда кузатилган хуружларни ўз кўзи билан кўрмаган врач, албатта, касаллик анамнезини мукаммал ўрганиб бўлгандан сўнг бир фикрга келади. Бу ерда беморни аввалдан даволаб юрган ва бир-икки марта хуружларни ўз кўзи билан кўрган врач, айниқса, неврологнинг маълумотлари ўта аҳамиятли. Шу боис касаллик варақаси ёки тарихномада эпилептик хуружлар хронологияси батафсил келтирилган бўлиши керак. Беморни аввал даволаган врачнинг тўғри ва батафсил берган маълумотлари уни кейин даволайдиган врачлар учун ўта муҳимдир.

Субъектив маълумотлар ва анамнез. Эпилепсия ташхисини қўйишда врачнинг олдида қуйидаги 2 та савол кўндаланг туради:

  1. Беморда эпилептик хуруж кузатилдими ёки бошқа ҳолатми?
  2. Эпилептик хуруж типи қандай ва сабаби нима?

Бу саволларга ойдинлик киритиш учун бемор ва унинг яқинларига бир қатор саволлар билан мурожаат қилинади ва параллел тарзда анамнез ҳам йиғилади.

Эпилептик хуружларни аниқлаб олиш учун бериладиган саволлар 

  • Бемор ҳушини йўқотдими?
  • Хириллаб нафас олдими?
  • Нафаси тўхтаб қолдими?
  • Хуруж пайтида бақириб юбордими?
  • Хуруж хабарчилари (ауралар) кузатилдими?
  • Оғзидан қон аралаш кўпик чиқдими?
  • Кўзи кетиб қолдими, боши титраб орқа ёки ён томонларга қайрилдими?
  • Қўл-оёқларида титроқлар кузатилдими?
  • Хуружлар қачон рўй берди: уйқуда, эрталаб, кундузи ёки кечасими?
  • Хуружлар тахминан қанча вақт давом этди?
  • Бемор ҳушига келгач, қаттиқ уйқуга кетдими?
  • Авваллари ҳам шу ҳолатлар бўлганми?

 Абсансларни аниқлаб олиш учун бериладиган саволлар 

  • Бемор бир нуқтага тикилиб қараб қоладими?
  • Хуруж пайтида кўзлари қай ҳолатда бўлади?
  • Боши, танаси ва оёқ-қўлларичи?
  • Хуруж тахминан неча сония давом этади?
  • Беморнинг хуруждан кейинги аҳволи қандай?
  • У ўзида хуруж бўлганини сезадими?
  • Хуружлар бир кунда (ҳафта ёки ойда) неча марта такрорланади? Бу ерда биз эпилептик хуружларнинг энг кўп учрайдиган турлари, шу жумладан, абсансларни аниқлаб олишга оид саволларни келтириб ўтдик. Ушбу саволларга берилган жавобларнинг ўзиёқ беморда эпилептик хуруж кузатилдими ёки йўқми, деган саволга аниқлик киритишга ёрдам беради. Бу саволларга жавоб олгач, врач ташхис қўйишнинг кейинги босқичига, яъни эпилептик хуружлар типи ва сабабини аниқлашга ўтади. Бунинг учун субъектив симптомлар, анамнестик маълумотлар, объектив ва лаборатор текширувлар, ЭЭГ, КТ ва МРТ маълумотларига асосланиб иш кўриш лозим.

    Анамнестик маълумотлар

  • Оила аъзоларида эпилепсия билан касалланганлар борми?
  • Эрта болалик даврида фебрил хуружлар бўлганми?
  • Туғруқ пайтида қандай асоратлар кузатилган?
  • Бош мия касалликларини (КЦЖ, менингит, энце­фалит) ўтказганми?
  • Ҳозирда БЦФ, олигофрения, тубероз склероз каби касалликлар йўқми?
  • Бош мияда хирургик операциялар ўтказилганми?
  • Нейроэндокрин касалликлар ва турли метаболик бузилишлар йўқми?
  • Дастлабки хуруж қачон ва нимадан кейин рўй берган?
  • Эпилептик хуружларни кучайтирадиган дорилар қабул қилмаяптими?

Анамнестик маълумотларни ўрганаётган врач юқорида кўрсатилган саволлар билан бемор ва унинг яқинларига мурожаат қилиши ҳамда касаллик варақасидаги маълумотларни тўла ўрганиши лозим. Этиологик омиллар аниқланмаслиги ёки йўқлиги эпилепсия ташхисини инкор қила олмайди. Чун­ки эпилептик хуружлар кузатилса-ю, бироқ унинг сабаблари аниқланмаса, криптоген эпилепсия ташхиси қўйилади.

Объектив текширувлар. Эпилептик хуруж кузатилгандан сўнг ўтказилган объектив текширувлар врачга кўп маълумотлар беради. Тили ва лабларини тишлаганда қолган излар, юз, бош ва танадаги жароҳатлар, гоҳида синган жойлар эпилептик хуружлар учун хос. Бироқ бу белгилар тоник-клоник хуружлардан сўнг пайдо бўлади. Абсансларда эса объектив симптомлар, шу жумладан, неврологик бузилишлар деярли аниқланмайди. Айниқса, идиопатик эпилепсия неврологик бузилишларсиз намоён бўлади. Интеллект ҳам сақланиб қолади. Симптоматик эпилепсияда эса ўчоқли неврологик симп­томлар ва когнитив бузилишлар кузатилади, бора-бора эпилептик хулқ-атвор шаклланади.

Электроэнцефалография. ЭЭГ текширувлари эпилепсия ташхисини аниқлашда жуда катта аҳамиятга эга. Бу текширувларни ўтказаётганда физиологик (нормал) ва патологик тўлқинларни фарқлай олиш ўта муҳимдир.

 

10.15-расм. Нормал ЭЭГ. Альфа-ритм доминантлиги билан намоён бўлаяпти.

 

ЭЭГ да пайдо бўлган ўткир тўлқинлар, спайклар ва пик-тўлқинли комплекс­лар асосий эпилептик тўлқинлардир. Эпилепсия ташхисини қўйишда ҳеч қайси бир қўшимча текширув усуллари ЭЭГ даражасида юқори аҳамиятга эга эмас. ЭЭГ ёрдамида нафақат эпилепсияни бошқа пароксизмал ҳолатлардан фарқлаш, балки эпилептик хуружлар типи, оғирлик даражаси, даволаш натижалари ва прогнозини ҳам аниқлаб олиш мумкин.

Эпилепсиянинг баъзи типларини ЭЭГ текширувларисиз аниқлаб ёки баҳолаш анча мушкул. Ҳар бир эпилептик хуружда ўзига хос ЭЭГ ўзгаришлари вужудга келади. Масалан, абсансларда частотаси 3 Гц бўлган пик-тўлқинли комплекс, роландик эпилепсияда ЭКГ нинг QRS тишига ўхшаш комплекслар аниқланиши, Уэст синдромида гипсаритмия пайдо бўлиши ва фокал эпилепсияларда локал электроэнцефалографик ўзгаришлар кузатилишини бунга мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Демак, ЭЭГ маълумотлари эпилепсия ташхиси ва уларнинг типини аниқлашда энг асосий текширув усулидир. Айниқса, ЭЭГ видеомониторинг маълумотлари ушбу усулнинг диагностик аҳамиятини янада оширади.

Лаборатор текширувлар. Лаборатор текширувлар, асосан, эпилепсия сабаби ҳамда антиконвулсантлар билан даволашда юзага келадиган гематологик бузилишларни аниқлаш учун қўлланилади. Эпилептик хуружлар сабабини аниқлашда қондаги электролитлар (Na, K, Cl, Mg, Ca) миқдорини ўлчаш жуда зарур бўлиши мумкин. Шунингдек, яллиғланиш реакциялари, гормонлар миқдори ва баъзида антиконвулсантларнинг қондаги концентрациясини аниқлаш учун ҳам лаборатор текширувлар ўтказилади. Антиконвулсантларнинг ножўя таъсирини аниқлаш учун қоннинг умумий анализи (айниқса, гемоглобин миқдори) ва биохимик анализлар (АЛТ, АСТ, билирубин, мочевина, креатинин) қилинади. Айниқса, валпроатлар билан даволаётганда жигар ферментлари ҳолатини режали тарзда ўрганиб туриш зарур.

КТ ва МРТ текширувлари. Замонавий нейровизуализация текширувлари, асосан, эпилептик хуружлар сабабини аниқлашда кенг қўлланилади. Идиопатик ва криптоген эпилепсияларда бош мияда патологик ўзгаришлар бўлмайди. Симптоматик эпилепсияда КТ, МРТ ва МРА текширувлари ёрдамида деярли ҳар доим бош мия ва унинг томирларида патологик ўзгаришлар аниқланади. Албатта, метаболик бузилишлар натижасида ривожланган эпилептик хуружлар бундан истисно. Бу ерда ПЭТ текшируви зарур бўлади.

Генетик текширувлар. Маълумки, идиопатик эпилепсиянинг келиб чиқишида наслий мойилликка асосий урғу берилади. Ҳозирги кунгача бир қатор идиопатик эпилепсияларнинг генетик сабабларини аниқлашга муваффақ бўлинган.

Эпилепсия ташхиси қўйилгач, унинг қайси турга кириши, албатта кўрсатилиши керак. Этиологик нуқтаи назардан идиопатик ва симптоматик эпилепсиялар фарқланади. Агар врач касаллик этиологиясини аниқлай олмаса, у ҳолда криптоген эпилепсия ташхиси қўйилади. Идиопатик, симптоматик ва криптоген эпилепсияларнинг қиёсий белгилари 10.7-жадвалда келтирилган.

 

10.7-жадвал

 Идиопатик, симптоматик ва криптоген эпилепсияларнинг қиёсий белгилари

Белгилар

Идиопатик эпилепсия

Симптоматик эпилепсия

Криптоген эпилепсия

Сабаблари

Наслий

Бош мия касалликлари

Номаълум

Бошланиш даври

Асосан, болалик даврида ва аниқ бир ёшда бошланади

Турли ёшда бошланади

Турли ёшда бошланади

Хуружлар тури

Тарқалган (кам ҳолларда фокал)

Асосан, фокал хуружлар

Одатда, фокал хуружлар

Учоқли неврологик симптомлар

Одатда, аниқланмайди

Одатда, аниқланади

Бўлиши мумкин

Интеллект

Бузилмайди

Бузилиши мумкин, баъзан оғир дара­жада

Бузилиши мумкин, баъзан оғир даражада

Эпихарактер

Хос эмас

Кўп учрайди

Кўп учрайди

ЭЭГ да фокал белгилар

Одатда, кузатилмайди

Кузатилади

Кузатилиши мумкин

КТ ва МРТ да ўзгаришлар

Аниқланмайди

Кўп аниқланади

Аниқланиши мумкин

Антиконвулсантлар самараси

Одатда, юқори

Паст бўлиши мумкин

Паст бўлиши мумкин

Кечиши

Одатда, енгил

Одатда, оғир

Одатда, оғир

 

Криптоген эпилепсиянинг клиник белгилари симптоматик эпилепсияга ўхшаб кетади. Бироқ касалликнинг наслий ёки органик сабаблари аниқланмаса, криптоген эпилепсия ташхиси қўйилади. КХТ-10 бўйича эпилепсиянинг баъзи турлари ҳам криптоген эпилепсияга киритилган. Бунга мисол қилиб Леннокс-Гасто синдромини кўрсатиш мумкин. Кўп ҳолларда Леннокс-Гасто синдроми бош мия аномалиялари ва касалликлари сабабли ривожланади. Бундай пайтларда унга симптоматик эпилепсия сифатида қаралади. Агар бу синдромнинг сабаби аниқланмаса, у криптоген эпилепсия ҳисобланади. Худди шундай тарзда Уэст синдромининг ҳам криптоген ва симптоматик турлари ажратилади.

Врач ташхис қўйиш босқичида эпилепсиянинг идиопатик, симптоматик ва криптоген турларини кўрсатиб ўтиши лозим. Бироқ ҳали бу клиник ташхис эмас, балки этиологик ташхисдир. Клиник ташхисни қўйиш учун врач эпилептик хуружлар типини аниқлаб олиши керак. Маълумки, эпилептик хуружларнинг 2 типи фарқланади: фокал ва тарқалган. Фокал эпилептик хуружлар турли кўринишдаги (оддий ва мураккаб) фокал хуружлар билан тавсифланади, бош мияда ва ЭЭГ да локал ўзгаришлар аниқланади. Оддий фокал хуружлар ҳуш сақланган ҳолда, мураккаб фокал хуружларда эса бемор ҳушини йўқотади. Тарқалган эпилептик хуружларда эса бемор ҳар доим ҳушини йўқотади ва ЭЭГ да эпилептик фаоллик (фокус) пайдо бўлади.

Фокал ёки тарқалган эпилептик хуружлар аниқлангандан сўнг эпилепсиянинг халқаро таснифи ва унинг асосида ишлаб чиқилган бошқа таснифлардан фойдаланиб сўнгги клиник ташхис қўйилади.

Клиник ташхисни шакллантиришга оид тавсияномалар. Эпилепсия билан касалланган беморга клиник ташхисни тўғри шакллантириш ўта муҳим. Якунланган клиник ташхисда эпилептик хуружлар этиологияси (идиопатик, симптоматик ёки криптоген), типи (тарқалган ёки фокал), сони ҳамда мавжуд неврологик ва психик бузилишлар даражаси кўрсатилиши керак.

Клиник ташхисларни қуйидагича шакллантириш мумкин.

  1. Тарқалган идиопатик эпилепсия, тез-тез кузатиладиган тоник-клоник хуружлар.
  2. Тарқалган идиопатик эпилепсия, тез-тез кузатиладиган типик абсанслар.
  3. Хавфсиз кечувчи марказий-темпорал эпилепсия, кам кузатиладиган тунги фокал хуружлар.
  4. Посттравматик фокал эпилепсия, тез-тез кузатиладиган мураккаб фокал хуружлар ва психик бузилишлар.
  5. Инсультдан сўнг ривожланган фронтотемпорал эпилепсия, психомотор қўзғалишлар билан намоён бўлувчи мураккаб фокал хуружлар.
  6. Криптоген Леннокс-Гасто синдроми, тез-тез кузатилувчи тарқалган тоник-клоник хуружлар, миоклоник абсанслар ва ақлий ривожланишдан орқада қолиш.
  7. Ўтказилган менингоэнцефалитдан сўнг ривожланган симптоматик Леннокс-Гасто синдроми, тез-тез кузатилувчи тарқалган тоник-клоник хуружлар, атипик абсанслар ва ақлий ривожланишдан орқада қолиш.
  8. Сурункали кечувчи Кожевников миоклоник эпилепсияси.
  9. Посттравматик иккиламчи-тарқалган эпилепсия, кам кузатилувчи тоник-клоник хуружлар, Тодд фалажлиги.

Якуний ташхисда хуружларнинг қай даражада тез кузатилиши, турли неврологик ва психик бузилишларнинг тўла акс эттирилиши беморнинг ўқиши ёки иши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш, ногиронлик даражасини аниқлаш, статистик маълумотларни тўғри йиғиш ва реабилитация тадбирларини режалаштириш учун ўта муҳимдир.

Агар даволовчи врач (невропатолог) беморда психик ўзгаришларни аниқласа, албатта, психиатр кўриги зарур. Психиатрнинг хулосаси клиник ташхисда акс этган бўлиши керак. Чунки бундай беморлар турли қонунбузарликларга қўл уриши мумкин. Эпилепсиянинг ҳар қандай тури билан касалланган бемор тиббий психолог назоратида ҳам туриши лозим. Чунки тиббий психолог бемор хулқ-атворида рўй бераётган ўзгаришларни доимо ўрганиб боради ва беморга тиббий-психологик ёрдам кўрсатади. Тиббий психологнинг хулосалари психиатр учун ҳам ўта муҳимдир.

Идиопатик эпилепсияда клиник ташхисни шакллантириш

  1. Болалар абсанс эпилепсияси.
  2. Ювенил абсанс эпилепсия.
  3. Ювенил миоклоник эпилепсия.

Чунки идиопатик эпилепсияларда бош мия касалликлари аниқланмайди, неврологик ва психик бузилишлар кузатилмайди. Шунинг учун ҳам идиопатик эпилепсияда клиник ташхис қисқача кўринишда ифодаланади.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив