СУБТЕНТОРИАЛ ЎСМАЛАР


Мияча чодиридан (tentorium cerebelli) пастда жойлашган ўсмаларга субтенториал ўсмалар деб айтилади. Бу ўсмалар болаларда кўп учрайди ва бош мия ўсмаларининг деярли 70% ини ташкил қилади. Катталарда эса бу кўрсаткич 30% га тенг.
      Субтенториал ўсмалар:
  • мияча ўсмалари;
  • шу соҳа менингиомалари;
  • IV қоринча ўсмалари;
  • Варолий кўприги ўсмалари;
  • узунчоқ мия ўсмалари;
  • VIII нерв невриномаси;
  • бошқа ўсмалар.
        Мияча ўсмаси. Мияча ўсмалари учун хос бўлган асосий симптомлар – булар миячанинг зўрайиб борувчи симптомлари, яъни атаксия, адиодохокинез, дисметрия, мускуллар гипотонияси. Буларнинг ичида атаксия яққол ифодаланган симптом бўлиб, у жуда катта диагностик аҳамиятга эга. Миячанинг секин ўсувчи ўсмасида бемор узоқ вақт маст одамга ўхшаб гандираклаб юради. Ўсма миячанинг чап ярим шарида жойлашса, бемор чап томонга чайқалиб йиқилади, дисметрия ва мускуллар гипотонияси чап томонда аниқланади, ўсма миячанинг ўнг ярим шарида жойлашса, ушбу симптомлар ўнг томонда пайдо бўлади. Мияча симптомларининг бир томонлама намоён бўлиши мияча ярим шарлари ўсмаси учун хосдир. Мияча чувалчанги ўсмасида статик атаксия кузатилади ва неврологик симптомлар икки томонлама намоён бўлади. Аммо улар бир томонда кучлироқ ифодаланган бўлиши мумкин.
         Субтенториал менингиомалар клиникаси мияча паренхимасидан ўсувчи ўсмалар клиникасидан фарқ қилади. Мияча паренхимасидан ўсувчи ўсмада дастлаб мияча симптомлари вужудга келади, гипертензион синдром эса кейинроқ ривожланади. Субтенториал менингиомаларда дастлаб энса-бўйин соҳасида локал оғриқлар ва ИКГ белгилари пайдо бўлади, кейинчалик эса мияча атаксияси ривожланади.
      Мияча ўсмалари ва субтенториал менингиомалар катталашган сайин мия устуни босилиб боради ва ўрнидан силжийди, ликвор йўллари бекилиб, окклюзион гидросефалия ривожланади. Агарда мияча катта энса тешиги томон силжиса, узунчоқ миянинг пастки қисми босилиб қолади, оғир булбар синдром ривожланади ва беморнинг нафас олиши кескин бузилади.
        IV  қоринча ўсмалари. Бу соҳа ўсмалари энг хавфли ўсмалар сирасига киради. Чунки IV қоринча тубида ҳаётий муҳим марказлар жойлашган. Бу соҳа ўсмаларида Люшко ва Мажанди тешиклари бекилиши ҳисобига гипертензион-гидроцефал синдром (окклюзион гидроцефалия) тез ривожланади.
        Мия устунидаги қусиш марказлари қўзғалиши сабабли кетма-кет қусишлар кузатилади. Бемор бошини қайси томонга ҳаракат қилдирса ҳам қусиш рўй бераверади. Қусиш IV қоринча ўсмалари учун хос бўлган Брунс синдромининг асосий белгиларидан биридир. IV қоринча ўсмаларида Брунс синдроми бошнинг вазияти ўзгарганда (кўпинча, бошни олдинга энгаштирса) ликвор йўлларининг IV қоринчадан чиқиш қисми ёпилиб қолиши сабабли тўсатдан пайдо бўлади. Брунс синдромининг асосий белгилари – тўсатдан пайдо бўлувчи кучли бош оғриғи, бош айланиши, қусиш, тахиаритмия ёки брадиаритмия, брадипное, юзда цианоз, терга ботиш ва қисқа вақт ҳушдан кетиш. Бемор бошини яна аввалги ҳолатга қайтарса, яъни орқага букса, ликвор йўллари яна очилиб беморнинг аҳволи яхшиланади. Бу синамани текшираётганда бемор тўсатдан ўлиб қолиши ҳам мумкин. Бундай беморни бир жойдан иккинчи жойга кўчираётганда унинг боши тагига баланд бўлмаган битта ёстиқ қўйиб, горизонтал ҳолатда олиб ўтиш керак. Барча текширувлар зудлик билан ўтказилиши ва тиббий (нейрохирургик) ёрдам зудлик билан кўрсатилиши лозим.
       Варолий кўприги ва узунчоқ мия ўсмалари. Мия устуни ўсмалари учун жуда хос бўлган симптомлар – булар альтернирлашган синдромлар, яъни ўчоқ томонда краниал нервларнинг периферик фалажлиги, қарама-қарши томонда марказий типдаги гемипарез ва гемигипестезиялар. Варолий кўприги ўсмасида Мийяр-Гублер синдроми, узунчоқ мия ўсмасида Жексон синдроми каби альтернирлашган синдромлар ривожланади.
       Мия устуни ўсмасиида кузатиладиган альтернирлашган синдромлар инсультдаги каби тўсатдан ривожланмайди ва яққол намоён бўлмайди. Ўсма краниал нервлар ядролари жойлашган жойда ўса бошласа, дастлаб уларнинг периферик фалажлиги вужудга келади, кейин қарама-қарши томонда марказий гемипарез ва гемигипестезиялар ривожланади. Аммо бу симптомларнинг қай тарзда намоён бўлиши ўсманинг қайси тарафга қараб ўсишига кўп жиҳатдан боғлиқ.
   Мия устуни ўсмаси ҳаёт учун ўта хавфли бўлиб, уларни оператив йўл ёки бошқа усуллар билан даволаш ҳар доим ҳам кутилган натижани беравермайди.
      Мияча-кўприк бурчаги ўсмаси. Бу соҳа (кўприкнинг ён цистернаси) ўсмалари деярли 90% ҳолатларда VIII нерв невриномасидир.
      VIII нерв невриномаси барча интракраниал жойлашган ўсмаларнинг 6-8% ини ташкил қилади. VIII нерв невриномасининг дастлабки белгилари – булар бир қулоқда шовқин пайдо бўлиши ва эшитишнинг пасая бориши. Қулоқда шовқин гипоакузиядан олдинроқ бошланади. Эшитишнинг бир қулоқда пасайишини бемор ҳар доим ҳам сезавермайди, чунки эшитиш иккинчи қулоқ орқали таъминлаб турилади. Касалликнинг дастлабки пайтида бир қулоқда эшитиш пасайишини фақат аудиометрия ёрдамида аниқлаш мумкин. Бу босқич, одатда, 2-4 йил давом этади, чунки VIII нерв невриномаси секин ўсади.
       Ички эшитув йўлининг кенгайиши VIII нерв невриномаси учун хос бўлган рентгенологик белгидир. Бу патологик ҳолат чакка суяги пирамидаси Стенверс бўйича рентген қилинганда аниқланади. Аммо VIII нерв невриномасида ҳар доим ҳам ички эшитув йўли кенгаявермайди. VIII нервнинг вестибуляр қисми зарарланиши вестибуляр нистагм, бош айланиши ва вестибуляр атаксия билан намоён бўлади.
       Маълумки, ички эшитув йўлидан VIII нерв билан биргаликда VII нерв ҳам ўтади. Шу боис VIII нерв невриномасида VII нерв кўп зарарланади. Ўсма катталашган сайин VII нервни боса бошлайди ва бир томонда мимик мускулларнинг периферик фалажлиги ривожланади. Қулоғида шовқин бўлаётган бемор врачга кўринмасдан юриши мумкин. Бироқ юзнинг қийшая бошлаши уни хавотирга солади ва тезда врачга мурожаат қилишга мажбур этади. Мабодо ўткир вирусли инфекциялар қўшилса, ўсма атрофидаги перифокал шиш кучайиб, юз нерви невропатияси ўткир ривожланади. Бу эса диагностик хатоларга олиб келиши мумкин. Яна шуни эсда тутиш лозимки, перифокал шиш сабабли юзага келган юз нерви невропатияси мимик мускулларнинг енгил фалажлиги билан намоён бўлиши ва даволаш муолажаларидан сўнг тезда тикланиши мумкин. Демак, юз нерви невропатиясида чуқур текширувлар (масалан, МРТ) ўтказиш талаб этилади.
       Ўсма катталашган сайин у ички эшитув йўлидан чиқиб, кўприкнинг ён цистернасини (мияча-кўприк бурчагини) эгаллай бошлайди ва бу ерда жойлашган краниал нервларни босади. VIII, VII ва V нервларнинг периферик фалажлиги ва мияча симптомлари пайдо бўлиши мияча-кўприк бурчаги синдроми деб аталади. Бу бўшлиқда ўсма жуда катта ҳажмга етади. VIII нерв зарарланиши – эшитиш пасайиши, VII нерв зарарланиши – мимик мускулларнинг периферик фалажлиги, В нерв зарарланиши – юзнинг гомолатерал қисмида гипестезиялар пайдо бўлишига олиб келади. Ўсма секин ўсганлиги туфайли уч шохли нервга қўзғатувчи таъсир кўрсатмайди ва шу боис, тригеминал оғриқлар ҳар доим кузатилавермайди. Бироқ корнеал рефлекслар бир томонда яққол пасайган бўлади. Юзда тригеминал оғриқларсиз корнеал рефлексларнинг йўқолиши V нерв тармоқлари зарарланиши билан боғлиқ. Бундай ҳолат VIII нервнинг катта невриномасида кузатилади. Ўсма катталашган сайин дислокацион синдром шаклланиб, ИКГ ривожлана боради.
        Ташхис ва қиёсий ташхис. Бош мия ўсмасига гумон қилинган тақдирда ёки қиёсий ташхис ўтказиш зарурати пайдо бўлса, ташхис қўйиш алгоритмига амал қилиш зарур.
    Ташхис қўйиш алгоритми:
  • Зўрайиб борувчи ва сурункали кечувчи субектив симптомлар (бош оғриғи, бош айланиши, қусиш, кўриш пасайиши, юрганда чайқалиб кетиш, руҳий бузилишлар).
  • Зўрайиб борувчи ўчоқли неврологик ва нейропсихологик симптомлар (марказий фалажликлар, сезги бузилишлари, эпилептик хуружлар, паркинсонизм, гиперкинез, атаксия, афазия, апраксия ва агнозиялар).
  • Зўрайиб борувчи интракраниал гипертензия ёки окклюзион гидроцефалия белгилари, дислокацион синдром пайдо бўлиши.
  • Нейроэндокрин бузилишлар (айниқса, турк эгари соҳаси ўсмасида).
  • Офтальмологик симптомлар (кўрув нерви атрофияси ва диск димланиши, амблиопия ёки амавроз, Фостер-Кеннеди синдроми).
  • Люмбал пункцияда ликворнинг катта босим билан чиқиши, оқсил-ҳужайра диссоциацияси.
  • Краниограммада калла суяги шакли ўзгариши (айниқса, болаларда), турк эгари деструкцияси (айниқса, гипофиз ўсмаларида) ва интракраниал гипертензияга хос бошқа ренгенологик ўзгаришлар.
  • КТ, МРТ, ПЭТ, МРА каби текширувлар. 
        Бу текширувлар ёрдамида ўсма жойлашган жой, атрофдаги тўқималар ҳолати, унинг қайси тўқимадан ўсаётганлиги, баъзида гистологик тузилиши, гидродинамика ва ликвородинамикага таъсири каби муҳим маълумотларни олиш мумкин.
        Ташхис қўйишда нейровизуализация усуллари имконияти, албатта жуда юқори. Бироқ шундай нейродегенератив касалликлар борки, улар МРТ текширувларида ҳам ўсмаларни эслатади.

         Даволаш усуллари. Бош мия ўсмаларида беморларни даволашнинг бир қанча усуллари мавжуд.
       Хирургик усул – операция йўли билан ўсмани олиб ташлаш. Кенг тарқалган ушбу усул, айниқса, хавфсиз ўсмаларни олиб ташлашда ўта самаралидир.
      Нур билан даволаш – нур билан таъсир ўтказиб, ўсманинг ўсишини тўхтатиш усули. Операция йўли билан даволашга монелик қилувчи ҳолатларда нур билан даволаш танланади. Аксарият хавфли ўсмаларда операция ва нур билан даволаш усуллари биргаликда қўлланилади. Аввал операция йўли билан ўсма олиб ташланади ва кейин нур билан даволаш ўтказилади. Қўшимча равишда нур билан даволашни қўллаш ўсма қайталаниши ва бошқа аъзоларга метастаз беришининг олдини олади.
      Кимётерапия усули – кимёвий воситаларни қўллаб даволаш усули. Бу усул бошқа усуллари билан биргаликда ҳам олиб борилади.
    Шунингдек, гамма-пичоқ ва киберпичоқ усуллари мавжуд.
      Симптоматик даволаш, асосан, ўсма атрофидаги перифокал шиш ва гипертензион-гидроцефал синдромни камайтириш учун қўлланилади. Бу мақсадда кортикостероидлар кенг қўлланилади. Масалан, дексаметазон 8-12 мг дан кунига 3 маҳал қилинади. Дексаметазон қисқа муддат (7-10 кун) қўлланилади. Агар кимётерапия ўтказиш зарурати туғилиб қолса, дексаметазон бериш тўхтатилади. Шунингдек, гиперосмоляр дорилар, яъни 1 кг тана вазнига 1-1,5 г маннитол, кунига 4080 мг лазикс ҳам берилади. Бош оғриқларни камайтириш учун аналгетиклар, баъзида наркотик аналгетиклар, эпилептик хуружлар олдини олиш ёки уларни бартараф этиш учун антиконвулсантлар (карбамазепин) тавсия этилади.



Manba: © Z. Ibodullayev. Asab kasalliklari. 2-nashr. Darslik, Toshkent, 2021., 960 b. 
             © Ibodullayev ensiklopediyasi
              © www.asab.uz




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Қизиқ мақолалар
"Ибодуллаев энциклопедияси" бўлими бўйича