Янгиликлар » Энциклопедия » ЭПИЛЕПСИЯНИНГ  ХАЛҚАРО ТАСНИФЛАРИ

ЭПИЛЕПСИЯНИНГ  ХАЛҚАРО ТАСНИФЛАРИ


КХТ-10 бўйича эпилепсия ва эпилептик синдромлар, асосан, G40 рукнида келтирилган. Эпилептик статус эса G41 рукнида ёритилган (10.2-жадвал).

 

10.2-жадвал  

 Эпилепсия ва эпилептик синдромлар таснифи (КХТ-10 бўйича, 1989).

G40

Эпилепсия

G40.0

Локал (фокал, парциал) идиопатик эпилепсия ва фокал хуружлар билан бошланувчи эпилептик синдромлар

G40.1

Локал (фокал, парциал) симптоматик эпилепсия ва оддий парциал хуружлар би­лан бошланувчи эпилептик синдромлар

G40.2

Локал (фокал, парциал) симптоматик эпилепсия ва комплекс парциал хуружлар билан бошланувчи эпилептик синдромлар

G40.3

Тарқалган идиопатик эпилепсия ва эпилептик синдромлар

G40.4

Тарқалган эпилепсия ва эпилептик синдромларнинг бошқа турлари

G40.5

Алоҳида ажралиб турувчи эпилептик синдромлар

G40.6

Аниқланмаган grand mal хуружлари (petit mal хуружлари билан ёки уларсиз)

G40.7

Аниқланмаган petit mal хуружлари (grand mal хуружларисиз)

G40.8

Эпилепсиянинг бошқа аниқланган турлари

G40.9

Аниқланмаган эпилепсия

G41

Эпилептик статус

G41.0

Grand mal билан намоён бўлувчи эпилептик статус

G41.1

Petit mal билан юзага келувчи эпилептик статус

G41.2

Мураккаб парциал эпилептик статус

G41.8

Аниқланган бошқа эпилептик статус

G41.9

Аниқланмаган эпилептик статус

 Изоҳ. Бошқа рукнларда "Фебрилхуружлар (R56.0)", Тодд фалажи (G83.8), Ландау-Клеффнер синдроми (F80.3) келтириб ўтилган.

 

КХТ-10 да келтирилган эпилепсия таснифи 1989 йили Эпилепсияга қарши халқаро Лига томонидан ишлаб чиқилган "Эпилепсия ва эпилептик синдромлар" таснифи асосида тузилган. Ушбу таснифни тузишда эпилепсия ва эпилептик хуружлар типи ва этиологияси асос қилиб олинган. Унга мувофиқ эпилепсия ва эпилептик хуружлар 2 катта гуруҳга ажратилади.

  1. Парциал (локал, фокал) эпилепсия.
  2. Тарқалган эпилепсия.

Эпилептоген ўчоқда пайдо бўлган кучли қўзғалишлар бир жойда сақланиб қолса, парциал (локал, фокал) эпилептик хуружлар ривожланади. Агар ушбу қўзғалишлар пўстлоқнинг барча соҳаларига ҳам тарқалса, тарқалган эпилептик хуружлар ривожланади.

  

10.3-жадвал   

Эпилептик хуружларнинг Халқаро таснифи (1981 йил, Киото)

I.              ПАРЦИАЛ (ФОКАЛ, ЛОКАЛ) ХУРУЖЛАР

Оддий парциал хуружлар (ҳушни йўқотмасдан намоён бўлувчи)

Мотор парциал хуружлар:

-  "Жексон юриши" билан намоён бўлувчи мотор хуружлар

-  "Жексон юриши" кузатилмайдиган мотор хуружлар

-  адверсив хуружлар

-  постурал хуружлар

-  фонатор хуружлар (вокализация ёки нутқнинг тўхтаб қолиши).

Сенсор парциал хуружлар:

-  соматосенсор

-  кўрув

-  эшитув

-  ҳид билиш

-  таъм сезиш

-  бош айланиш хуружи

Вегетатив парциал хуружлар:

-  мидриаз, юз гиперемияси ёки оқариб кетиши

-  артериал қон босимнинг ошиб ёки тушиб кетиши

-  тахикардия, терлаб кетиш

-  эпигастрал соҳада нохуш ҳолатлар

-  бошқа вегетатив хуружлар

Руҳий парциал хуружлар:

-  дисфазия хуружлари

-  дисмнестик хуружлар (масалан, deja vu ёки jamais vu феномени)

-  дереализация

-  деперсонализация

-  галлюцинация ва иллюзиялар

-  қўрқув ва хавотир хуружлари

сомнамбулия

Мураккаб парциал хуружлар (ҳуш йўқолиши билан намоён бўлувчи):

-  оддий парциал хуружлар билан бошланиб, кейин ҳушнинг бузилиши

-  аввал автоматизмлар пайдо бўлиб, сўнг ҳушни йўқотиш

-  парциал хуружларнинг биратўла ҳушнинг бузилиши билан бошланиши

-  парциал хуружларнинг ҳушнинг бузилиши ва автоматизмлар билан бошланиши

Тарқалган хуружларга ўтиб кетувчи парциал хуружлар (иккиламчи тарқалган хуружлар):

-  тарқалган хуружларга ўтиб кетувчи оддий парциал хуружлар

-  тарқалган хуружларга ўтиб кетувчи мураккаб парциал хуружлар

- оддий парциал хуружларнинг мураккаб парциал хуружларга ўтиши ва сўнгра тарқалган хуружлар ривожланиши

II. ТАРҚАЛГАН ХУРУЖЛАР

Типик абсанслар (тез бошланиб тез тугайдиган):

-  фақат ҳушдан кетиш билан (оддий абсанс)

-  клоник

-  тоник

-  атоник

-  вегетатив

-  автоматизмлар

Атипик абсанслар екин бошланиб секин тугайдиган):

-  миоклоник

-  клоник

-  тоник

-  тоник-клоник

-  атоник

III. ТАСНИФЛАБ БЎЛМАЙДИГАН ХУРУЖЛАР

Юқорида таснифи келтирилган гуруҳларнинг бирортасига ҳам тўғри келмайдиган ҳар қандай эпилептик хуружлар ушбу гуруҳга киритилади (масалан, неонатал хуружлар)

IV. ТАКРОРИЙ ЭПИЛЕПТИК ХУРУЖЛАР

- тасодифий хуружлар

- циклик хуружлар

Рефлектор, яъни қўзғаш мумкин бўлган хуружлар:

- сенсор таъсиротларсиз

- сенсор таъсиротлар ёрдамида

V. УЗОҚ ДАВОМ ЭТУВЧИ ХУРУЖЛАР (ЭПИЛЕПТИК СТАТУС)

-  парциал эпилептик статус (Жексон типидаги)

- абсанслар статуси

- тоник-клоник хуружлар статуси

 

Эпилептик хуружларнинг Халқаро таснифи (1981 йил, Киото) касаллик этиологияси, бошланиш даври, локализацияси, асосий клиник синдром, кечиши ва прогнозига асосланиб тузилган.

Эпилептик синдромлар таснифини яратишда эътиборга олинган асосий тамойиллар ҳақида тўхталиб ўтамиз.

  1. Этиология тамойили
  • Идиопатик – наслий мойиллик асосий этиологик омил қилиб кўрсатилган ва бош миянинг зарарланишига оид маълумотлар йўқ.
  • Симптоматик – касаллик этиологияси аниқланган ва бош мияда патологик ўзгаришлар топилган.
  • Криптоген – сабаби ноаниқ, наслий мойиллик йўқ ва бош мияда патологик ўзгаришлар ҳам йўқ.
  1. Локализация тамойили
  • Локал, яъни эпилептоген ўчоқ бош миянинг маълум бир соҳасида жойлашган.
  • Тарқалган, яъни эпилептик фаоллик бош мия катта ярим шарлари бўйлаб тарқалган.
  • Ҳам локал, ҳам тарқалган хусусиятларга эга.
  1. Бошланиш даври
  • Чақалоқлик
  • Гўдаклик
  • Болалик
  • Ўсмирлик
  1. Касаллик клиникасини белгилаб берувчи асосий хуружлар
  • Инфантил спазмлар
  • Фебрил хуружлар
  • Абсанслар
  • Тоник-клоник хуружлар
  1. Кечиши ва прогнози
  • Хавфсиз кечувчи
  • Хавфли кечувчи

 

Ҳар бир невролог клиник ташхисни шакллантираётганда Халқаро қабул қилинган клиник тасниф ва тавсияномаларга қатъиян амал қилиши лозим (10.4-жадвал).

  

10.4-жадвал   

 Эпилепсия ва эпилептик синдромларнинг Халқаро таснифи, 1989 й.

I. Локал (парциал, фокал) эпилепсия ва эпилептик синдромлар

Идиопатик

Симптоматик

Криптоген

1.  Марказий-темпорал пиклар билан хавфсиз кечувчи болалар эпилепсияси.

2.  Энса пароксизмлари билан кечувчи болалар эпилепсияси.

3.  Ўқишнинг бирламчи эпилепсияси.

1. Сурункали зўрайиб борувчи болалар континуал эпилепсияси.

2. Пешона эпилепсияси.

3. Чакка эпилепсияси.

4. Тепа эпилепсияси.

5. Энса эпилепсияси.

Хуружлар типи ва локализациясига қараб аниқланади. Клиникаси симптоматик эпилепсияга ўхшаб намоён бўлади.

II. Тарқалган эпилепсия ва эпилептик синдромлар

Идиопатик

Симптоматик

Криптоген ёки симптоматик

1. Хавфсиз кечувчи оилавий неонатал хуружлар.

2.  Хавфсиз кечувчи идиопатик
неонатал хуружлар.

3.  Эрта болалик даврининг хавфсиз кечувчи миоклоник
эпилепсияси.

4.  Болалар абсанс эпилепсияси (пикнолепсия).

5.  Ювенил абсанс эпилепсия.

6.  Ювенил миоклоник эпилепсия.

7.  Уйғонганда кузатиладиган
катта эпилептик хуружлар.

8.  Тарқалган идиопатик эпилепсиянинг бошқа турлари.

9.  Махсус таъсиротлар билан
қўзғаганда рўй берадиган эпилептик хуружлар.

Носпецифик этиологияли:

1. Эрта миоклоник эпилепсия.

2. Гўдаклик даври эпилептик
энцефалопатияси (Отахара
синдроми)

3. Тарқалган симптоматик эпилепсиянинг бошқа турлари.

Специфик этиологияли:

1. Артериовеноз мальформациялар.

2. Онкологик касалликлар.

3. Дегенератив касалликлар.

4. Метаболик бузилишлар.

5. Бошқа касалликлар.

1. Уэст синдроми (инфантил
спазмлар)

2. Леннокс-Гасто синдроми.

3. Миоклоник-астатик эпилепсия.

4. Миоклоник абсанслар билан
намоён бўлувчи эпилепсия.

III. Эпилепсиянинг парциал ва тарқалган эпилепсиялар гуруҳига киритиб бўлмайдиган турлари

А. Ҳам тарқалган, ҳам парциал хуружлар билан намоён бўлувчи эпилепсия ва эпилептик синдромлар

1. Неонатал хуружлар.

2. Эрта болалик даврининг оғир миоклоник эпилепсияси.

3. Секин уйқу даврида узлуксиз пик-тўлқинлар билан намоён бўлувчи эпилепсия.

4. Орттирилган эпилептик афазия (Ландау-Клеффнер синдроми).

5.  Эпилепсиянинг таснифлаб бўлмайдиган бошқа турлари.

Б. Клиник белгилари ва ЭЭГ кўрсаткичлари бўйича эпилепсиянинг бирор-бир турига киритиб бўлмайдиган турлари

IV. Специфик эпилептик синдромлар

1.  Фебрил хуружлар.

2.  Ўткир метаболик бузилишлар ёки интоксикациялар натижасида пайдо бўлувчи эпилептик хуружлар.

3.  Алоҳида учровчи хуружлар ёки эпилептик статус.

 

Шу ерда эпилептологияда қўлланиладиган баъзи атамаларга изоҳ бериб ўтсак. 2001 йили таснифлар ва атамалар бўйича Халқаро ҳайъат эпилепсия ва эпилептик синдромларнинг янги таснифини таклиф этди. Ушбу таснифни тузишда ҳам эпилепсиянинг фокал ва тарқалган турлари асос қилиб олинган. Бироқ бу ерда эпилептологияда қўлланиладиган атамаларга бироз ўзгартиришлар киритилган. Масалан, "парциал хуружлар ва парциал эпилепсия" ни "фокал хуружлар ва фокал эпилепсия" деб аташ таклиф қилинган. "Тутқаноқ" атамаси ўрнига "хуруж" атамасини қўллаш маъқул топилган. Чунки "хуруж" атамаси "тутқаноқ" атамасига қараганда кенгроқ маънони касб этади. Барча хуружлар ҳам тутқаноқ билан намоён бўлавермайди. Ўзбек атамашунослигида "тутқаноқ" деганда, асосан, мотор эпилеп­тик хуружлар тушунилади. Абсанслар ва айниқса, сенсор, руҳий ёки вегета­тив хуружларга "тутқаноқ хуружлари" атамаси тўғри келмайди. Демак, бу ерда эпилептик хуружларни ўз номи билан аташ керак.

Халқаро атамашуносликда "эпилептик хуружлар" деганда эпилепсияга хос бўлган ҳар қандай тур ва шаклдаги хуружлар кўзда тутилган. Шу боис биз эпилепсияда кузатиладиган хуружларни тавсифлашда "эпилептик хуружлар" атамасидан фойдаланамиз. Мотор типдаги эпилептик хуружларни таърифлашда эса "тутқаноқ хуружлари" атамасини ишлатамиз. Ваҳоланки, тутқаноқ хуружлари эпилептик хуружларнинг бир туридир, бироқ унинг синоними эмас.

 

ПАРЦИАЛ (ФОКАЛ) ХУРУЖЛАР

 

Бош мия катта ярим шарларида пайдо бўлган локал эпилептоген ўчоқлар сабабли ривожланган эпилептик хуружларга парциал эпилептик хуружлар деб айтилади. Парциал хуружларда бош мия катта ярим шарлари пўстлоғида патологик ўчоқ ҳар доим аниқланади. Парциал хуружлар бош миянинг локал зарарланишлари сабабли юзага келганлиги учун ҳам у локал (фо­кал) эпилептик хуружлар деб ҳам аталади. Парциал эпилептик хуружлар барча эпилептик хуружларнинг деярли 60 % ини ташкил қилади. Бугунги кун талабидан келиб чиқиб, «парциал» ва «локал хуружлар» ўрнига «фокал хуружлар» атамасини қўллаймиз.

Фокал хуруж турлари

  1. Оддий фокал хуружлар – ҳуши сақланган ҳолда намоён бўлувчи фокал хуружлар.
  2. Мураккаб фокал хуружлар – ҳушнинг йўқолиши билан намоён бўлувчи фокал хуружлар.
  3. Иккиламчи-тарқалган хуружлар – оддий ёки мураккаб фокал хуружлар билан бошланиб тарқалган хуружларга ўтиб кетувчи ҳолатлар.

Оддий фокал хуружлар. Оддий фокал хуружлар мотор, сенсор, вегетатив ва руҳий бузилишлар билан намоён бўлади. Бемор ҳушини йўқотмайди ва бўлаётган хуружларни ўз кўзи билан кўриб туради. ЭЭГ да эпилептоген ўчоқ соҳасида локал эпилептик фаоллик аниқланади. Бироқ хуружлараро даврда эпилептик фаоллик ҳар доим ҳам кузатилавермайди. Асосий биоэлектрик фаоллик касаллик этиологиясига боғлиқ ҳолда турли даражада ўзгаради.

 

Х. Жексон

(1834-1911)

 

Фокал мотор хуружлар - олдинги марказий пушта таъсирланганда кузатилаган хуружлар. Ҳаракат қўзғалишлари билан намоён бўлувчи оддий фокал хуружларга 1884 йили биринчи бор инглиз неврологи Жексон эътибор қаратган. Жексон шундай деб ёзади: "Эпилепсияда тутқанақ хуружлари ҳар даим ҳам беморнинг ҳуши йўқалиши билан намаён бўлавермайди. Ҳуш сақланган ҳалда ҳам рўй берадиган тутқанақ хуружлари барки, бундай хуружлар тананинг фақат бир таманида ва маълум бир саҳасида кузатилади". Фокал хуружларнинг пайдо бўлишини Жексон ҳақли равишда олдинги марказий пушта, яъни ҳаракат марказининг таъсирланиши билан боғлаган. Шу боис, фокал хуружлар Жексон типидаги хуружлар деб аталади.

Фокал хуружларнинг қай тарзда юзага келишига қараб патологик ўчоқ бош мия катта ярим шарларининг қайси соҳасида жойлашганлигини аниқлаб олиш мумкин. Агар ўчоқ чап ярим шар олдинги марказий пуштасининг қўл проекцион соҳасида жойлашса – клоник хуружлар ўнг қўлда, оёқ проекцион соҳасида жойлашса – ўнг оёқда кузатилади ва ҳ.к. Клоник хуружларнинг частотаси 2,5-3 Гц бўлиб, қўл панжасининг такрорий букилиб-очилиши билан намоён бўлади. Қўл ва бош проекцион соҳалари ёнма-ён жойлашганлиги учун клоник хуружлар мимик мушакларга ҳам тез ўтади. Бундай пайтларда беморнинг лаб бурчаги ёки кўз атрофидаги мушаклар тортиб-тортиб қўяди. Баъзан клоник хуружлар билан биргаликда ёки алоҳида тоник хуружлар, яъни мушакларнинг хуружсимон тортишишлари кузатилади.

Фокал мотор хуружлар бир жойдан (масалан, бармоқлардан) бошланиб, сўнгра тананинг бошқа қисмларига бир неча сония ичида тарқалади. Бу эса эпилептик фаолликнинг пўстлоқдаги мотор марказлар бўйлаб тарқалиши билан боғлиқ. Аксарият ҳолларда хуруж кузатилган қўл ёки оёқда ўтиб кетувчи фалажлик вужудга келади. Эпилептик хуружлардан сўнг пай­до бўладиган фалажликларга Тодд фалажлиги деб айтилади. Хуружлар қайси қўл ёки оёқда кузатилса, фалажлик ҳам ўша қўл ёки оёқда рўй бе-ради. Тодд фалажлиги, одатда, бир неча соатгача сақланади.

Баъзан фокал хуружлар давомли кечади. Фокал хуружларнинг бу тарзда намоён бўлишига фокал хуружлар статуси деб аталади. Одатда, бундай хуружлар бош миянинг ҳажмли жараёнлари сабабли юзага келади. Бироқ бош мияда ҳажмли жараён топилмаса ҳам фокал хуружлар кетма-кет такрорланавериши мумкин. Бу тарзда кечувчи фокал хуружларни бартараф этиш анча мушкул. Фокал мотор хуружлар ҳушнинг йўқолиши билан на­моён бўлувчи катта тутқаноқ хуружларига ўтиб кетиши ҳам мумкин. Бун­дай пайтларда фокал мотор хуружларга мотор ауралар сифатида қаралади. Бундай эпилептик хуружлар мотор ауралар билан бошланувчи иккиламчи-тарқалган эпилептик хуружлардир.

Фокал сенсор хуружлар – орқа марказий пушта таъсирланганда рўй берадиган ҳуружлар. Бу хуружлар Жексон сенсор хуружлари деб аталади. Улар ҳам патологик ўчоққа қарама-қарши томонда рўй беради. Хуруж пайтида бош ва тананинг ярми увишиб жимирлай бошлайди, терида чумоли юргандек сезгилар пайдо бўлади. Сенсор хуружлар ҳам худди мотор хуруж­лар каби аввал бир соҳадан (юз, қўл ёки оёқдан) бошланади. Эпилептоген ўчоқ орқа марказий пуштанинг пастки қисмида жойлашса, парестезиялар юзнинг ярмида пайдо бўлади ва ундан кейин қўл-оёқларга тарқайди. Агар эпилептоген ўчоқ орқа марказий пуштанинг устки қисмида жойлашса, парестезиялар оёқда пайдо бўлади, кейин эса тананинг ярми, қўл ва юзга тарқайди. Сенсор хуружлар ҳам фақат бир томонда, яъни қарама-қарши томонда кузатилади. Бу пайтда бемор юзининг ярмини қўллари билан ишқай бошлайди, гўёки шу йўл билан хуружни тўхтатмоқчи бўлади. Агар сенсор хуружлар қўлда кузатилса, у қўлини ишқалай бошлайди.

Орқа ва олдинги марказий пушталарда юзнинг проекцион соҳаси қўл ва оёқ проекцион соҳаларига қараганда катта соҳани эгаллагани учун сенсор ва мотор хуружлар юзда кўп кузатилади. Баъзида фокал сенсор хуружлар фокал мотор хуружлар билан биргаликда намоён бўлади. Бундай пайтлар­да сенсомотор фокал хуружлар ҳақида сўз кетади.

Фокал вегетатив хуружлар – вегетатив пароксизмлар билан намоён бўлувчи хуружлар. Улар эпилептоген ўчоқ чакка бўлагининг медиобазал соҳасида жойлашганда кўп кузатилади. Бу соҳада лимбик система тузилмалари жойлашган. Хуруж пайтида тўсатдан кучли тахикардия, кардиалгия, нафас олишнинг тезлашуви, юзнинг оқариб ёки қизариб кетиши, оғиз қуриши, мидриаз, қон босимнинг ошиб ёки тушиб кетиши, эпигастрал соҳада оғриқлар, сийишга қистовнинг пайдо бўлиши, чанқаш ва оч қолиш каби вегетатив пароксизмлар пайдо бўлади. Хуруж пайтида беморнинг юзи худди қўрққан одамнинг юзини эслатади. Хуружлар 2-3 дақиқа давом этади. Фокал вегетатив хуружлар мезотемпорал эпилепсиянинг (медиал типдаги чакка эпилепсияси) асосий клиник симптомлари ҳисобланади.

Фокал вегетатив хуружлар тиббий амалиётда ҳар доим ҳам тўғри аниқланавермайди ва кўпинча, "гипоталамик синдром", "вегетатив-томир дистонияси", "пароксизмал тахикардия" ташхислари қўйилади. Натижада беморга антиконвулсантлар эмас, балки вегетотроп дорилар буюрилади. Баъзи вегетотроп дорилар эпилептоген ўчоқни қўзғаб юборувчи хусусиятга эга. Фокал вегетатив хуружлар баъзида катта тутқаноқ хуружларига ўтади. Бундай пайтларда вегетатив бузилишларга вегетатив ауралар сифатида қаралади. Ушбу эпилептик хуружлар вегетатив ауралар билан бошланувчи иккиламчи-тарқалган эпилепсия хуружлари тоифасига киради.

Фокал руҳий хуружлар – руҳий пароксизмлар билан кечувчи ҳуружлар. Хуруж пайтида беморнинг руҳияти ва хулқ-атвори тўсатдан ўзгариб қолади. Унда уйқусимон ҳолат, иллюзия, галлюцинация, дереализация ва деперсонализация ҳолатлари вужудга келади. Беморнинг кайфияти бирдан тушиб кетади, сабабсиз уриша бошлайди, ўзини агрессив тутади ва маъносиз ҳаракатлар (қилиқлар) қилади. Ушбу аффектив бузилишлар қисқа муддат давом этади ва бир неча дақиқа ичида ўтиб кетади. Аммо беморда дисфория ҳолати бир неча соатгача сақланиши мумкин. Оддий фокал хуружлар баъзида мураккаб фокал хуружлар ёки иккиламчи-тарқалган хуружларга ўтади. Бундай пайтларда оддий фокал хуруж белгилари аура ҳисобланади.

Мураккаб фокал хуружлар. Мураккаб фокал хуружлар оддий фокал хуружларга ўхшаб бошланади ва ҳушнинг бузилиши, яъни йўқолиши билан намоён бўлади. Демак, мураккаб фокал хуружлар формуласини қуйидагича таърифлаш мумкин:

МФХ=ОФХ+ХБ,

 

бу ерда: МФХ - мураккаб фокал хуружлар, ОФХ - оддий фокал хуружлар, ХБ - ҳушнинг бузилиши (йўқолиши).

 

Юқорида таърифлаб ўтилган барча ҳаракат, сезги, вегетатив ва руҳий бузилишлар мураккаб фокал хуружларда бирмунча яққол ифодаланади ва ҳушнинг бузилиши билан кечади. Айниқса, вегетатив ва руҳий бузилишлар мураккаб фокал хуружларда кўп кузатилади.

Мураккаб фокал хуружлар клиникаси турли-туман бўлиб, уларнинг қай тарзда намоён бўлиши эпилептоген ўчоқ пўстлоқнинг қайси соҳасида жойлашганлигига боғлиқ. Бироқ оддий фокал хуружлардан фарқли ўлароқ, мураккаб фокал хуружлар ҳушнинг бузилиши (йўқолиши) билан намоён бўлади. Аввал оддий фокал хуружлар белгилари пайдо бўлади-ю, кейин бемор ҳушини йўқотади. Демак, оддий фокал хуружларда кузатиладиган субъектив ва объектив симптомлар мураккаб фокал хуружлар учун аура ҳисобланади. Агар эпилептоген ўчоқ доминант ярим шарда жойлашса, хуруж пайтида бемор нутқини ҳам йўқотади.

Хуруж ўтгач, бемор ўзида хуруж қандай кечганини айтиб бера олмай­ди, кўп ҳолларда унинг аҳволи сомнолент ҳолатда қолади. ЭЭГ хуружлараро даврда ўзгармайди, бироқ, пик ва ўткир тўлқинлар аниқланиши мумкин. Мураккаб фокал хуружлар, кўпинча пешона ва чакка бўлакларининг медиобазал тузилмалари зарарланганда кузатилади. Чунки бу соҳалар онг фаолиятини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Иккиламчи-тарқалган хуружларга ўтувчи фокал хуружлар. Фокал хуружларни юзага келтирган эпилептик фаоллик иккала ярим шарга ҳам тарқалса, катта эпилептик хуруж юзага келади. Бундай хуружлар иккиламчи-тарқалган хуружлар ҳисобланади. Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, аввал оддий фокал хуружлар пайдо бўлиб, унинг кетидан биратўла тарқалган хуружлар ривожланса, бундай хуружлар иккиламчи ­тарқалган эпилептик хуружлар деб аталади. Айниқса, эпилептоген ўчоқ пешона соҳасида жойлашганда оддий фокал хуружларнинг иккиламчи-тарқалган хуружларга ўтиб кетиши кўп кузатилади.

 

ТАРҚАЛГАН  ЭПИЛЕПТИК  ХУРУЖЛАР

 

Ҳушнинг йўқолиши билан намоён бўлувчи ҳар қандай тутқаноқли ва тутқаноқсиз хуружларга тарқалган эпилептик хуружлар деб айтилади. Буларга турли хил абсанслар, тарқалган тоник-клоник ёки алоҳида клоник ва тоник, атоник (астатик) ва миоклоник хуружлар киради. "Тарқалган эпилепсия" ташхиси фақат бемор ҳушини йўқотган тақдирда қўйилади. Агар тутқаноқ хуружлари тананинг тўла ярмини эгаллаган бўлса-ю, бироқ беморнинг ҳуши сақланиб қолган бўлса – бу тарқалган эпилепсия эмас, балки фокал эпилепсиядир. Демак, ҳушнинг йўқолиши тарқалган эпилепсия ташхисини қўйиш учун асосий мезон ҳисобланади. Тарқалган эпилепсияда ЭЭГ да эпилептик фаоллик иккала ярим шарга ҳам тарқалади, яъни эпилептик тўлқинлар билатерал-синхрон кўринишда намоён бўлади. Демак, "тарқалган" сўзи тутқаноқ хуружларининг бутун танага тарқалганлигини эмас, балки эпилептик фаолликнинг иккала ярим шарга тарқалганлигини англатади. Шу боис, тутқаноқ хуружларисиз намоён бўлувчи абсанслар ҳам тарқалган эпилепсия гуруҳига киради. Тарқалган эпилепсия барча эпилепсияларнинг деярли 40 % ини ташкил қилади.

 

АБСАНСЛАР

 

Абсанс (франц. absence – йўқ бўлмоқ, йўқолмоқ) – ҳушнинг жуда қисқа вақт (2-30 сония) йўқолиши билан намоён бўлувчи эпилептик хуруж. Абсанслар кўп такрорланадиган эпилептик хуружлар сирасига киради. Масалан, БАЭ да бир кунда 50 ёки 100 дан ортиқ абсанс ҳуружлари рўй беради. Абсанслар учун ЭЭГ да симметрик тарзда намоён бўлувчи частотаси 3 Гц бўлган пик-тўлқинли фаоллик жуда хос. Бундай эпилептик фаоллик абсанслар билан кечувчи турли эпилептик синдромларда кузатилади. Бундай эпилепсия болалар ва ўсмирларда жуда кўп учрайди. Абсансларда аура кузатилмайди.

Абсанслар оддий ва мураккаб турларга ажратилади.

Оддий абсансда бемор бир нуқтага қараб қотиб қолади. Бу пайтда унинг қорачиқлари кенгаяди, ёруғликка таъсирланмайди, юзи оқариб кетади. Бемор нима иш қилаётган бўлса, шу ҳолатда қотиб қолади, яъни гапираётган бўлса, гапиришдан, ёзаётган бўлса, ёзишдан, расм чизаётган бўлса, расм чизишдан тўхтайди ва ҳ.к. Бироқ у мувозанатини йўқотмайди, йиқилиб тушмайди. Демак, хуруж пайтида бемор қандай вазиятда бўлса, шу ҳолатда ҳайкалдек қотиб қолади. Бу ҳолат қисқа муддат, яъни 5-15 сония давом этади. Абсанс хуружи ўтиб кетгач, бемор яна ўз ишини давом эттираверади. Оддий абсанслар қандай тезликда пайдо бўлган бўлса, худди шундай тезликда ўтиб кетади.

Бемор ҳозиргина ўзида нима бўлганини билмайди ёки атрофдагилардан билиб олади. Оддий абсанслар пайтида кўз олмаси бир-икки айланиб олиши ёки бош орқага қимирлаб кетиши мумкин. Оддий абсанслардан сўнг беморнинг тоби қочмайди, иш фаолияти сусаймайди, у худди соғлом одамдек ўз фаолиятини яна давом эттираверади.

Мураккаб абсансларда ҳушнинг йўқолиши турли хил, яъни миоклоник, тоник, атоник ва вегетатив компонентлар билан биргаликда намоён бўлади. Мураккаб абсанслар оддий абсансларга қараганда бироз мураккаб кечади, ҳушни йўқотиш узоқроқ (20-30 сония) давом этади, йиқилиб тушишлар кўп бўлади. Ҳеч қандай аурасиз намоён бўлувчи бундай хуружлар сабабли бемор кўп тан жароҳатлари олади. Шунингдек, мураккаб абсанслар турли хил автоматизмлар билан намоён бўлади, яъни бемор ўзича нималарнидир гапиради, мимик мускуллари билан қандайдир имо-ишоралар қилади, қўл-оёқлари билан шарт бўлмаган турли ҳаракатларни бажаради. Автоматизмлар пайтида беморнинг ҳуши карахт ҳолатда бўлади, нималар қилаётганини ўзи билмайди ва эслаб ҳам қолмайди. Мураккаб абсанслар ичида энг кўп учрайдигани миоклоник ва тоник абсанслардир.

Мураккаб абсансларнинг қуйидаги турлари фарқланади:

  • миоклоник
  • тоник
  • атоник
  • вегетатив

Миоклоник абсанслар – миоклониялар билан намоён бўлувчи абсанслар. Миоклониялар, асосан, юз, бош, елка ва қўлларда, кам ҳолларда оёқ ва гавда мускулларида кузатилади. Бу титрашлар худди миоклоник гиперкинезларни эслатади, бироқ улардан фарқли ўлароқ, ҳушнинг йўқолиши билан кечади. Миоклоник абсанслар ЮМЭ да кўп учрайди.

Тоник абсанслар - мускулларнинг тоник қисқариши билан намоён бўлувчи абсанслар. Тоник абсансларда кўз олмаси юқори ёки ён томонга кетиб қолади, бош орқа ёки ён томонга қайрилиб кетади, қўл-оёқ мускулларида тоник қисқаришлар кузатилади. Мускулларнинг тоник қисқариши енгил тарзда ҳам, оғир кўринишда ҳам рўй беради. Баъзида тоник абсанслар пайтида гавда бирдан букилади ва бемор олдинга қараб йиқилади. Тоник абсанслар Леннокс-Гасто синдроми ва БАЭ да кўп учрайди.

Атоник абсанслар - мускуллар атонияси билан намоён бўлувчи абсанслар. Мускуллар атонияси бўйин мускулларида кузатилса, беморнинг боши бир неча сония олдинга осилиб қолади, қўлларда кузатилса, қўли қимирламай қолади ёки қўлидаги нарса тушиб кетади, оёқларда кузатилса, йиқилиб тушади. Атоник хуружлар сабабли йиқилиб тушган бемор яна ўрнидан туриб юриб кетади. Абсанслар типик ва атипик турларга, асосан, ЭЭГ кўрсаткичларига қараб ажратилади. Типик абсансларда ЭЭГ да абсанс учун хос бўлган типик ўзгаришлар, яъни частатаси 3 Гц бўлган пик-тўлқинли камплекслар аниқланади (10.1-расм).

 

10.1-расм. ЭЭГ да типик абсанснина яққол белаиси: частотаси 3 Гц бўлган тарқалган билатерал-синхрон пик-тўлқинли комплекслар.

 

10.2-расм. Атипик абсансларда эса пик-тўлқинли комплекслар частотаси 2-2,5 Гц бўлади

 

10.2-расм. ЭЭГ да атипик абсанснина яққол белаиси: частотаси 2-2,5 Гц бўлган тарқалган билатерал-синхрон пик-тўлқинли комплекслар.

 

Атоник абсанслар, кўпинча, атипик абсанслар сирасига киритилади. Ато -ник (атипик) абсанслар Леннокс-Гасто синдромида кўп учрайди.

Вегетатив абсанслар – вегетатив симптомлар билан намоён бўлувчи абсанслар. Бу пайтда беморнинг ранги оқариб ёки қизариб кетади, мидриаз кузатилади, сийиб юборади. Абсанс хуружи ўтгач, бу симптомлар яна йўқолади.

Мураккаб абсансларни баъзида мураккаб фокал хуружлардан фарқлаш қийин. Бунинг учун хуружлар кечишини диққат билан назорат қилиш ва ўрганиш лозим. Бунинг ҳар доим ҳам имкони бўлавермайди. Мураккаб фокал хуружлар, кўпинча, ауралар билан бошланади, абсансларга қараганда узоқроқ давом этади, симптоматик эпилепсия кўринишида кўп учрайди, катта ёшда ҳам рўй беради, хуруждан сўнг карахтлик кузатилади. Мураккаб абсанслар эса, асосан, идиопатик эпилепсия кўринишида намоён бўлади, аурасиз бошланади, катта тутқаноқ хуружлари кузатилмайди, катта ёшда деярли учрамайди. Фокал хуружлардан фарқли ўлароқ, абсансларда галлюцинациялар кузатилмайди. Абсансларда, одатда, тез ёрдам кўрсатиш талаб этилмайди. Баъзи абсанслар (масалан, БАЭ) даволаш муолажаларини ўтказмаса ҳам ўтиб кетади. Аммо битта беморнинг ўзида абсанслар, фокал ва тарқалган хуружлар биргаликда намоён бўлиши мумкин. Бунга мисол Леннокс-Гасто синдроми.

Баъзида абсанслар тўхтамасдан кетма-кет такрорланади. Буни абсанслар статуси деб аташади. Абсанслар статуси кун бўйи давом этиши ва беморни ҳолдан тойдириши мумкин. Натижада беморнинг оғзидан сўлак оқаверади, гипомимия пайдо бўлади ва ҳуши қочиб, карахт ҳолатга тушади. Бундай пайтларда беморни клиникага ётқизиш зарур.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив