Янгиликлар » Энциклопедия » ЭШИТУВ НЕРВИ

ЭШИТУВ НЕРВИ


Нерв ҳақида қисқача маълумот. Даҳлиз-чиғаноқ нерви (n. vestibulocochlearis, VIII нерв) функционал жиҳатдан бир-биридан фарқ қилувчи 2 қисм, яъни эшитув ва вестибуляр қисмлардан иборат. Нервнинг эшитув қисми (pars cochlearis) Корти аъзосида жойлашган махсус рецепторлардан товушларни қабул қилиб кохлеар нерв орқали эшитув маркази (Гешл пуштаси) томон йўналтиради. Нервнинг вестибуляр қисми (pars vestibularis) ярим айланасимон каналлар (labirint) ва даҳлиздан (vestibula) мувозанат ва координацияга оид сигналларни вестибуляр нерв (n.vestibularis) орқали марказга узатади (30-расм).

 

30-расм. Даҳлиз-чиғаноқ нерви (n. vestibulocochlearis)

 

Вестибуляр аппарат мия устуни тузилмалари, мияча ва таламус билан мустаҳкам нейронал алоқаларга эга. Вестибуляр анализаторнинг марказий қисми  бош мия катта ярим шарлари пўстлоғининг чакка ва тепа соҳаларида ёйилиб жойлашган.   

Текшириш усуллари

Даҳлиз-чиғаноқ нервининг кохлеар ва вестибуляр қисмлари алоҳида-алоҳида текширилади. УАВ амалиётида эшитув ўткирлиги оддий усуллар (масалан, шивирлаб гапириш), аудиометрия ва камертон ёрдамида текширилади.

А. Эшитув функциясини текшириш

  • Беморнинг шикоятлари ва эшитув ўткирлигини текширишнинг оддий усуллари. Кохлеар нерв зарарланган беморнинг асосий шикояти – бу эшитиш пасайишидир. Енгил ҳолатларда бемор ўзида эшитув функцияси пасайганини сезмаслиги мумкин. Буни аниқлаш учун эшитув ўткирлиги ҳар бир қулоқда алоҳида-алоҳида текширилади. Бунда бир қулоқ бармоқ билан бекитиб турилади. Нормада шивирлаб гапирилган товуш 5-6 метрдан эшитилади. Агар бемор 1 метр масофада ҳам шивирлаб гапирганни эшитмаса, демак эшитув ўткирлиги кескин пасайган. Эшитув ўткирлиги иккала бармоқни қулоқлар олдида бир-бирига ишқалаб ҳам текширилади ва қайси қулоқда яхшироқ эшитилаётгани сўралади (З.Р. Ибодуллаев).
  • Эшитув ўткирлигини аудиометрия ёрдамида текшириш. Компьютерлаштирилган аудиометрия усули ёрдамида эшитув ўткирлиги ҳақида тўла ва аниқ маълумот олинади. Эшитув ўткирлиги пасайишига гипоакузия, йўқолишига (карлик) сурдитас дейилади.
  • Эшитув ўткирлигини камертон ёрдамида текшириш. Товушларнинг суяклар ва ҳаво орқали ўтказилиши камертонал синамалар, яъни Вебер ва Ринне синамалари орқали текширилади (31- расм).

 

31а-расм. Вебер синамаси. Товушларнинг суяклар орқали ўтказилишини текшириш.

 

31б-расм. Ринне синамаси. Товуш ўтказувчи тузилмалар фаолиятини текшириш

 

Вебер синамаси. Камертон кафтга уриб тебрантирилади ва расмда кўрсатилганидек бошнинг қоқ ўртасига (вертекс) қўйилади. Соғлом одамда камертон товуши иккала қулоққа ҳам бир хил тарқалади. Қайси томонда товушни ўтказувчи аппарат зарарланса (ташқи эшитув йўллари), ўша томонда камертон тебраниши яхши эшитилади (чунки тебраниш суяк орқали тарқалади). Агарда товушни қабул қилувчи Корти аппарати зарарланса (масалан, нейросенсор карлик), камертон тебраниши соғлом томонда яхши эшитилади.

Ринне синамаси. Тебрантирилган камертон сўрғичсимон ўсимтага қўйилади. Камертон товуши эшитилиши тўхтагандан сўнг, у ташқи эшитув йўлига яқинлаштирилади. Нормада камертон товуши яна эшитила бошлайди (Ринне синамаси мусбат). Чунки товуш ҳаво орқали яхши тарқалади. Товуш ўтказувчи аппаратлар (ноғора парда, эшитиш суякчалари) зарарланса, ташқи эшитув йўлига олиб борилган камертон тебраниши эмас, балки сўрғичсимон ўсимтага қўйилган камертон тебраниши яхши ва узоқроқ эштилади (Ринне синамаси манфий).

Б. Вестибуляр функцияни текшириш

  • Систем бош айланиш. Вестибуляр аппарат зарарланганда беморнинг асосий шикояти – бу соат стрелкаси бўйлаб (ёки унга тескари йўналишда) бош айланишдир. Бундай бош айланишга систем бош айланиш деб айтилади. Систем бош айланиш Менъер синдромининг асосий белгисидир. У аксарият ҳолларда хуружсимон тусда намоён бўлади. Беморга нафақат атрофдаги нарсалар, балки ўзининг танаси ҳам бир томонга айланаётгандек ва ер чайқалиб тургандек туюлади. Шунинг учун бемор ўрнидан туришга ва бошини қимирлатишга қўрқади. Қўшимча равишда кўнгил айниш, қусиш ва кўз олди қоронғилашуви кузатилади.
  • Вестибуляр атаксия. Мувозанат ва координацияни ушлаб тура олмасликка атаксия деб айтилади. Атаксия нормада кузатилмайди. Атаксия Ромберг синамаси ёрдамида текширилади. Бу синамани текшираётганда врач беморнинг ён томонида, сал орқароқда туриши керак. Бемор тик турганда ёки ўтирганда бир томонга оғиб кетади. Вестибуляр аппарат (лабиринт) қайси томонда зарарланган бўлса, бемор ўша томонга оғади. Вестибуляр атаксия деярли ҳар доим систем бош айланиш ва бир томонлама нистагм билан намоён бўлишини эсда тутинг. 
  • Нистагм. Кўз олмасининг ритмик титрашига нистагм деб айтилади. Нистагм нормада кузатилмайди. Нистагмни текшириш учун неврологик болғача чап ва ўнгга, юқори ва пастга ҳаракатлантирилади. Бу пайтда кўз олмасининг ритмик титрашлари рўй беради. Вестибуляр аппарат зарарланиши учун ротатор компонент билан намоён бўлувчи бир томонлама горизонтал нистагм хос. Бош айланиш кучайганда, кўзни юмганда ва бош ҳолатини ўзгартирганда нистагм кучаяди. Бемор бир нуқтага қараб тинч турса, нистагм йўқолади. Бемор вестибуляр патологиядан тузалган сайин, нистагм сустлашиб боради ва йўқолади.
  • Дикс-Холпайк синамаси. Вестибуляр бош айланишни аниқлашда қўлланиладиган ушбу синама қуйидаги тарзда ўтказилади (32-расм).
 

32-расм. Вестибулопатияда бош айланишни текшириш усули (Дикс-Холпайк синамаси)

 

Бемор кушеткага ўтқазилади. Врач унинг бошини иккала кафти билан ушлаб ўнг томонга 45° га оҳиста буради. Ундан иккала кўзи билан врачнинг бурун қаншарига қараб туриш сўралади. Сўнгра врач беморни кушеткага кескин ётқизади. Беморнинг боши кушеткадан 30 ° пастга тушган бўлиши ва ўнг томонга оғиб туриши керак. Орадан 5 сониялар ўтгач беморда бош айланиши ва горизонтал-ротатор нистагм пайдо бўлиб, бу белгилар 1 дақиқа мобайнида сақланиб турса, демак синама мусбат. Бош айланиши ва нистгам ўтиб кетгач бемор яна кушеткага ўтқазилади. Бу пайтда ҳам енгил нистагм ва бош айланиш кузатилиб туради. Бироздан сўнг худди шу синама беморни чап томонга ётқизиб амалга оширилади. Агарда вестибулопатия ўнг қулоқнинг вестибуляр апппарати билан боғлиқ бўлса, бошни ўнг томонга бурганда, чап қулоқ билан боғлиқ бўлса, бошни чапга бурганда пайдо бўлади.

Беморни текшираётган врач тўғри хулоса чиқариши учун периферик ва марказий вестибулопатияларнинг қиёсий белгиларидан воқиф бўлиши керак (6 ва 7 жадваллар.)

 

6-жадвал. Периферик ва марказий вестибулопатияларнинг қиёсий белгилари

Периферик вестибулопатия

Марказий вестибулопатия

Тўсатдан бошланади

Секин-аста бошланади

Узоқ давом этмайди (бир неча сония, кунлар)*

Узоқ давом этади (бир неча ҳафта, ойлар)

Кучли

Кучсиз

Мувозанат кескин бузилади

Ўртача

Бошни бурганда белгилар кучайиб кетади

Бошни бурганда белгилар деярли ўзгармайди

Кохлеар симптомлар (кўпинча, бир томонлама)**

Кохлеар симптомлар хос эмас

Қулоқда шовқин кўп кузатилади

Қулоқда шовқин кам кузатилади

Ўчоқли неврологик симптомлар йўқ

Ўчоқли неврологик симптомлар бор

Кўнгил айниш ва қусиш кўп кузатилади

Кўнгил айниш ва қусиш кам кузатилади

Изоҳ: * вестибуляр нейронит бундан истисно.

** пароксизмал позицион бош айланиш ва вестибуляр нейронит бундан истисно

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив