Янгиликлар » Энциклопедия » ГЕРПЕТИК ЭНЦЕФАЛИТ

ГЕРПЕТИК ЭНЦЕФАЛИТ


Герпетик энцефалит бирламчи энцефалитларга кирувчи касаллик бўлиб, уни оддий герпес вируси чақиради. Герпетик энцефалит мавсумий энцефалитлар гуруҳига кирмайди ва эпидемик тарзда учрамайди. Бу касаллик йил бўйи деярли бир хил тарқалган ва у барча давлатларда кузатилади. Герпетик энцефалит билан касалланиш 1 000 000 аҳолига 2–4 кишини ташкил қилади. Бу касаллик турли ёшда учрайди.

Этиологияси ва патогенези. Барча вирусли энцефалитларнинг деярли 20 % герпетик инфекциялар орқали чақирилади. Касалланиш, асосан, 5–30 ёшларда учрайди. Кам ҳолларда 50 ёшдан ошганлар касалланишади. Маълумки, оддий герпес вирусининг (ОГВ) 2 типи фарқланади: ОГВ-1 ва ОГВ-2. Гер­петик энцефалитнинг деярли 95 % ини ОГВ-1 чақиради. Экзоген тарзда туш­ган вирус МНС га гематоген ва периневрал йўллар орқали етиб боради ва ҳидлов пиёзчаси bulbus olfactorius) орқали мияга ўтади. Шунинг учун бўлса керак, герпетик энцефалитда бош мия чакка бўлагининг иккала томони кўп зарарланади. Герпетик энцефалитларда мия устуни кам ҳолларда зарарланади.

Клиникаси. Касаллик жуда ўткир бошланади. Тана ҳарорати 39–40°С га кўтарилиб, ўткир респиратор инфекция белгилари пайдо бўлади. Орадан 2–3 кун ўтар-ўтмай менингеал симптомлар ривожланади, бемор ҳушини йўқота бошлайди. Кетма-кет тоник-клоник эпилептик хуружлар ва психомотор қўзғалишлар пайдо бўлади. Герпетик энцефалитнинг ўткир давридаёқ ўчоқли неврологик симптомлар, яъни монопарез, гемипарез, гиперкинез ва нутқ бузилишлари ривожлана бошлайди.

Цереброспинал суюқликда яллиғланиш реакциялари аниқланади: лимфоцитлар сони жуда ошиб кетади, шунингдек, оқсил миқдори ҳам кўтарилади, бироқ плеоцитоз устунлик қилади. Демак, герпетик энцефалит учун ликворда ҳужайра-оқсил диссоциацияси хос.

Ташхис. Йиғилган анамнез, клиник симптомлар ва лаборатор текширувларга асосланиб қўйилади. Иммунофермент анализ (ИФА), полимераз занжирли реакция (ПЗР) ва электрон микроскопия усуллари кенг қўлланилади. Касалликнинг ўткир давридаёқ МРТ да бош миянинг турли соҳаларида, айниқса, ички капсула ва экстрапирамидал ядролар атрофида зичлиги паст патологик ўчоқлар пайдо бўлади (2.6-расм).

Кечиши ва прогноз. Касаллик жуда оғир кечади. Бир неча кун ичида бемор комага тушади. Бемор комада ётганда ҳам тана ҳарорати юқори бўлади. Бу ҳолат ўткир вирусли инфекциялар учун хосдир. Касаллик 70–80 % ҳолатларда ўлим билан тугайди. Бироқ антивирусли терапия ўз вақтида ва етарли миқдорда ўтказилса, беморнинг ҳаёти сақлаб қолиш мумкин. Антибиотиклар ёрдам бермайди. Улар фақат иккиламчи бактериал инфекцияларнинг олдини олиш ёки бартараф этиш учун қўлланилади. Баъзида беморлар ҳеч қандай асоратсиз тузалиб кетишади.

Баъзан герпетик энцефалитнинг неврологик симптомлари сурункали тарзда намоён бўла бошлайди. Ўчоқли неврологик симптомларнинг аста-секин пайдо бўлиши ва МРТ да патологик ўчоқларнинг юзага келиши, герпетик энцефалитни МНС ўсмалари билан қиёслашни талаб этади.

Асоратлари. Герпетик энцефалит ўтказганларда, айниқса, болаларда турли даражада ифодаланган неврологик ва психоорганик бузилишлар сақланиб қолади, интеллект пасаяди. МРТ да патологик ўчоқларнинг ҳаммаси ҳам сўрилиб кетмайди, яъни некротик ўчоқлар сақланиб қолади. ЭЭГ да катта амплитудали дельта тўлқинлардан иборат биоэлектрик фаоллик аниқланади.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив