Янгиликлар » Энциклопедия » ЯПОН ЧИВИНИ ЭНЦЕФАЛИТИ

ЯПОН ЧИВИНИ ЭНЦЕФАЛИТИ


Япон чивини энцефалити 1924 йили алоҳида касаллик сифатида Канеко томонидан ёзиб қолдирилган. Касаллик биринчи бор Японияда кузатилганлиги учун, у япон энцефалити деб аталган. Кейинчалик уни Корея, Хитой, Осиё ва Узоқ Шарқ ўлкаларида ҳам кузатишган. Бу касаллик спорадик тарзда бошқа ўлкаларда ҳам учраб туради. Япон чивини энцефалити мавсумий касаллик бўлиб, касалланиш фақат август ва сентябр ойларида кузатилади. Совуқ тушиши билан чивин энцефалити билан касалланиш тўхтайди. Ўзбекистонда бу касаллик учрамайди.

Этиологияси. Касаллик турли ёшда учрайди, бироқ у кўпинча 15 ёшга­ча бўлган болаларда кузатилади. Чивин чақиши орқали организмга арбо­вируслар гуруҳига кирувчи филтрланувчи вирус тушади. Вирус гематоген йўл билан барча аъзо ва тўқималарга тарқалади. Яширин даври 10–14 кунни ташкил қилади.

Патоморфологияси. Патоморфологик ўзгаришлар, асосан, мия пардалари, бош мия пўстлоғи ва унинг оқ моддасида, пўстлоғости ядроларида ривожланади. Шунингдек, мия артериялари ҳам зарарланади ва шу боис, периартериал соҳаларда пердиапедез геморрагиялар кузатилади.

Клиникаси. Япон чивини энцефалити клиникаси тўсатдан ўткир бошланади. Бирдан тана ҳарорати кўтарилади ва 41°С гача етади. Бутун тана безгак тутгандек титрай бошлайди. Тана ҳарорати 10 кун мобайнида пасаймайди. Бу даврда бемор кучли бош оғриқ, бутун тананинг қақшаб оғриши ва титрашидан шикоят қилади. Оғир сопор ва кома ҳолатлари жуда кам учрайди. Ҳушнинг бузилиши, асосан, карахтлик, уйқучанлик, алаҳсираш, галлюци­нация ва делирия кўринишида бўлади.

Беморнинг неврологик статуси текширилганда менингеал симптомлар, марказий типда ҳаракат бузилишлари (геми- ва монопарез, спастик гипертонус, гиперрефлексия) ва эпилептик хуружлар аниқланади. Шунингдек, гиперкинезлар, бульбар фалажлик ва мияча симптомлари ҳам учраши мумкин. Бироқ орқа миянинг зарарланиши билан боғлиқ периферик фалажликлар кузатилмайди. Паркинсонизм синдроми ҳам бўлмайди. Ички аъзолар эса зарарланиши мумкин, яъни бундай беморларда ўпка шиши, зотилжам, миокардит ва нефропатия ривожланади. Қонда кучли лейкоцитоз ва лимфопения аниқланади, ЭЧТ ошади. Ликворда лимфоцитар плеоцитоз кузатилади, оқсил миқдори 1–2 г/л га ошади.

Ташхис. Эпидемиологик анамнез, мавсумийлик, клиник ва лаборатор маълумотларга асосланиб қўйилади. Ташхисни аниқлашда серологик реакциялардан ҳам фойдаланилади.

Кечиши ва прогноз. Касаллик ўткир нейроинфекцияларга ўхшаб кечади. Касалликнинг биринчи ҳафтасидаёқ ўлим 50–70 % ни ташкил қилади. Қолган ҳолатларда беморлар енгил ногиронлик билан касалликдан чиқиб кетишлари мумкин.

Даволаш. Махсус даволаш усуллари ишлаб чиқилмаган. Асосан, симптоматик терапия ўтказилади.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив