Янгиликлар » Энциклопедия » ИККИЛАМЧИ ЭНЦЕФАЛИТЛАР. ГРИППДА КУЗАТИЛАДИГАН ЭНЦЕФАЛИТ

ИККИЛАМЧИ ЭНЦЕФАЛИТЛАР. ГРИППДА КУЗАТИЛАДИГАН ЭНЦЕФАЛИТ


Грипп – гипертермия, интоксикация ва юқори нафас йўллари зарарланиши билан кечадиган ўткир юқумли касаллик. Грипп кўп асоратлар беради, шу жумладан нерв системасига ҳам. Энцефалит грипп пайдо бўлгандан сўнг ривожланади ва, шу боис, иккиламчи энцефалитлар гуруҳига киради. Энцефалит ривожланиши учун гриппнинг умумий белгилари тўла ўтиб кетиши шарт эмас.

Этиологияси ва патогенези. Агар гриппни А (А1, А2, А3) ва В гуруҳга кирувчи вируслар чақирса, уларнинг деярли ҳаммаси ГЭБ дан ўтиб, нерв системасини зарарлайди. Бу вируслар постгриппоз менингит, энцефалит, энцефаломиелит каби асоратлар беради.

Грипп вируси соғлом одамга бемордан ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Вирус организмга тушгач, ҳужайралар ичига кириб олади ва кўпая бошлайди. Вирус бир неча соат ичида бутун организмга тарқайди. А гуруҳига мансуб грипп вируси токсинлари ўта заҳарли бўлиб, кучли нейротоксикозни юзага келтиради. Бу токсинлар капиллярлар деворини мўртлаштиради ва бунинг оқибатида мия тўқимасида ишемик ва геморрагик инфаркт ўчоқлари пайдо бўлади. Шунингдек, мия пардалари ва паренхимасида яллиғланиш реакциялари юзага келади.

Энцефалит патогенезида церебрал микроциркуляция бузилиши ва токсинларнинг мия тўқималарига деструктив таъсири етакчи ўринни эгаллайди. Токсинларнинг хориоидал чигалларга қўзғатувчи таъсири мия суюқлиги гиперсекрециясига сабаб бўлади. Бунинг натижасида ИКГ ривожланади. Шунингдек, гипоталамус марказлари зарарланиши кучли даражада ифодаланган вегетатив бузилишларни, айниқса, организм учун хавфли бўлган гипертермияни юзага келтиради.

Клиникаси. Ўткир бошланади, тана ҳарорати 40°С гача кўтарилади. Юқори нафас йўлларида катарал яллиғланиш симптомлари пайдо бўлади. Одатда, бир ҳафта ўтар-ўтмай беморнинг аҳволи оғирлаша боради ва органик неврологик симптомлар ривожлана бошлайди. Бу эса вируснинг мия тўқималарига ўтгани ва уларни зарарлаётганини кўрсатади. Неврологик симптомлардан гиперкинезлар, гемипарез, окуломотор бузилишлар, атаксия ва сезги бузилишлари вужудга келади. Ўчоқли неврологик симптомлардан олдин менингеал симптом­лар пайдо бўлиши мумкин. Баъзида эпилептик хуружлар кузатилади. Агар менингеал симптомлар ўчоқли неврологик симптомлар билан бир қаторда узоқ вақт сақланиб қолса, унда менингоэнцефалит ривожланган бўлади.

Даволаш. Даволаш муолажалари ўткир вирусли нейроинфекцияларда олиб бориладиган даволаш усулларига ўхшайди.

Прогноз. Эрта бошланган даволаш муолажалари оғир неврологик асоратларсиз беморнинг тузалиб кетишига мезон яратади. Ўлим кам кузатилади. Қўшимча равишда зотилжам ривожланса, беморнинг ҳаёти учун ўта хавфлидир. Баъзида ўткир гриппоз энцефалитлар геморрагик типда ривожланади ва оғир кечиб, ўлим билан тугайди.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив