Янгиликлар » Энциклопедия » ЭМЛАШЛАРДАН СЎНГ РИВОЖЛАНАДИГАН ЭНЦЕФАЛИТ

ЭМЛАШЛАРДАН СЎНГ РИВОЖЛАНАДИГАН ЭНЦЕФАЛИТ


Этиологияси. Эмлаш қоидаларига риоя қилмаслик энцефалит ривожланишига сабаб бўлади. Бу энцефалитлар ҳам иккиламчи энцефалитлар гуруҳига киради. Поствакцинал энцефалитлар кўпинча сувчечак ва қутуришга қарши эмлашлардан сўнг ривожланади. Бу энцефалитлар ҳар қандай ёшда, асосан, болалик ва ўсмирлик даврида кўп кузатилади. Эмлаш ўтказилаётган болада интеркуррент инфекцион касалликлар бўлса (айниқса, ўткир ёки нимўткир), унда эмлашдан сўнг оғир энцефалит ривожланиш хавфи жуда юқори бўлади. Шунингдек, сурункали кечувчи ЛОР инфекциялар ва урологик инфекциялар ҳам хавфлидир.

Клиникаси. Сувчечакка қарши эмлашда энцефалит белгилари 1–2 ҳафта ичида ривожланади. Касаллик тана ҳароратининг 39–41°C кўтарилиши би­лан ўткир бошланади. Кучли бош оғриқ пайдо бўлади ва бемор қуса бошлайди. У бир неча соат ичида ҳолсизланиб қолади ва ҳушидан кетади. Менингеал симптомлар пайдо бўлади. Эпилептик хуружлар ҳам кузатилиши мумкин. Ўчоқли неврологик симптомлар ҳам тез шакллана бошлайди: моно- ва гемипарезлар, гиперкинезлар, координатор бузилишлар, амблиопия, ғилайлик, ди­плопия, полуптоз ёки птоз, мимик мускуллар асимметрияси вужудга келади. Кам ҳолларда орқа миянинг бўйин қисми зарарланиб, спастик тетрапарез, тетранестезия, сийдик ва нажас тутилишлари ривожланади.

Одатда, эмлашдан сўнг "тоза" энцефалитлар кузатилмайди. МНС зарарланиши менингоэнцефалит, энцефаломиелит ва кам ҳолларда кўндаланг миелит кўринишида намоён бўлади.

Ликвор босими жуда ошиб кетади. Унда енгил плеоцитоз, оқсил ва қанд миқдорининг бироз ошиши аниқланади. Баъзида бу кўрсаткичлар сезиларли ўзгармайди.

Кечиши. Касаллик кечиши беморнинг умумий аҳволи ва эмлаш пайтидаги мавжуд касалликларга кўп жиҳатдан боғлиқ. Ўткир вирусли инфекциялар фонида қилинган эмлашлардан сўнг ривожланган энцефалит (менингоэнцефалит, энцефаломиелит) ўта оғир кечади ва турли асоратлар қолдиради. Бемор комага тушиб, вафот этиши ҳам мумкин. Беморнинг ҳаёти сақланиб қолинган тақдирда ҳам у ногирон бўлиб қолади. Баъзида эса энцефалит жуда енгил кечади ва асоратларсиз ўтиб кетади.

Даволаш. Глюкокортикостероидлар қўлланилади. Касаллик даражаси ва кечишига қараб, дексаметозон кунига 12–24 мг дан берилади. Вена ичига G иммуноглобулини кунига 0,4 г/кг дан қилинади. Шунингдек, дезинтоксика­ция, антигистамин дорилар ва симптоматик даволаш муолажалари ўтказилади.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив