Янгиликлар » Энциклопедия » ШАХС ВА ҚИЗИҚИШЛАР ҲАҚИДА БИЛАСИЗМИ?

ШАХС ВА ҚИЗИҚИШЛАР ҲАҚИДА БИЛАСИЗМИ?


Психологияда шахс ўзининг йўналганлиги ва қобилияти билан ажралиб туради. Йўналганлиги деганда, одамнинг эҳтиёжи, қизиқиши, истаги, мойиллиги, эътиқоди, орзулари ва дунёқараши тушунилади. Замонавий ва маданиятли кишининг қизиқишлари турли-туман бўлади. Қизиқишлар ёшга қараб ўзгариб боради. Уч ёшдан беш ёшгача бўлган соғлом болада ҳамма нарсани билишга қизиқиш яққол ифодаланган бўлади. Бу ёшдаги боланинг саволлари “Бу нима?”, “Нега?”, “Нима учун?”дан иборат бўлади. Мактабгача ёшда ўйинчоқларга, улар билан ўйнашга ва мазмунли ўйинларга мойиллик уйғонади. Худди шу даврда болада расм солишга, жонли табиат ва ҳайвонларга, эртакларга, фантастика, ҳазил-мутойибаларга ҳам қизиқиш уйғонади. Ўқиш ва айрим фанларга (математика, мусиқа, расм солиш, шеър тўқиш) қизиқиш ривожланади. Бу қизиқишлар вақтинчалик ва доимий бўлиши мумкин. Техника, спортга қизиқиш ҳам бирмунча эрта пайдо бўлади. Бадиий адабиётларга қизиқишнинг ўзига хос қонуниятлари бор: аввало, эртакларга, сўнг эса саргузашт, фантастик, детектив адабиётларга, сўнгра романтика, жинслар орасидаги муносабатларга ва сиёсатга қизиқиш пайдо бўлади. Лекин баъзи қизиқишлар параллел ҳолда кузатилиши ҳам мумкин.

Қизиқишлар одамнинг дидига ҳам боғлиқ. Дид одам ҳаётининг турли даврида, гоҳо эрта, гоҳо эса кеч шаклланади. Дунёқараш ва фалсафа масалалари, ҳаёт мазмунига қизиқишлар қарийб йигирма ёшда шаклланади. Худди шу ёшда ёки кейинчалик жамоат ишларига қизиқиш уйғонади.

Ўзга жинсга қизиқиш (майл) 12-15 ёшдан бошлаб ривожланади. Қизиқишларнинг туридан ташқари, уларнинг ижтимоий мавқеи ва кенглиги ҳам аҳамиятлидир. Қизиқиши чегараланган одамлар фақат ўз ҳунари билан чекланиб қолади. Қолган нарсалар деярли уларни қизиқтирмайди. Қизиқиш доираси кенг бўлган одам кўпроқ билишга интилади. У фан-техниканинг турли хил соҳаларини эгаллаб, ижтимоий-сиёсий масалалар, санъат ва спорт билан қизиқади. Лекин санаб ўтилган барча қизиқишлар бир хил қимматга эга бўлмайди. Улардан бири асосий, қолганлари иккинчи даражали аҳамиятга эга бўлади. Чунончи, врач учун қуйидаги фанлар – анатомия, терапия, фармакология, психология энг диққатга сазовор саналса-да, бу унга сиёсат, мусиқа, спорт, шеърият, ов қилиш билан қизиқишга халақит бермайди.

Қизиқишларнинг барқарорлиги ҳам аҳамиятлидир. Баъзи одамларда уларнинг асосий қизиқишлари умрбод ҳамроҳ бўлса, бошқаларда тез пайдо бўлиб, ўтиб кетади. Психопатияда қизиқишлар беқарор бўлади. Натижада, киши шунчаки қизиқувчан бўлиб қолади, амалда эса ҳеч бир фаол иш қилмайди ёки чала бажаради. Қизиқишлар кучли ва суст бўлиши мумкин. Бирор фаолиятга кучли қизиққан одам тўсиқларни енга олади, керак бўлса, қурбон бўлади. Одам шахсига батафсил таъриф бериш учун унинг қизиқишларини чуқур ўрганиш зарур.

  • Буюк шахслар

Буюк шахслар ўз ақл-заковати ва илми билан авлиё даражасигача етишган. Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбандий, Нажмиддин Кубро, Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Имом Бухорий каби алломаларни бунга мисол қилиб кўрсатиш мумкин.

Ҳар бир одамнинг дунёқараши кўпроқ унинг бирор мақсадга интилгани, тарбияси, орттирган билими ва ҳаёт тажрибасига боғлиқ. Ижтимоий-тарихий шарт-шароитлар кишининг дунёқараши шаклланишида муҳим ўрин тутади. Агар кишининг дунёқараши жамиятда кечаётган салбий жараёнларга мос келмаса ва бу жараёнлар ижобий деб тан олинса, бу ҳолат шахснинг жамиятга ва атрофдагиларга бўлган муносабатини бутунлай ўзгартириб юборади. Шунинг учун ҳам буюк шахслар (Чўлпон, Фитрат ва бошқалар) ўз замонасининг қурбони бўлишган ёки қатағон қилинган.

Кўпчилик олимларнинг ютуқларида уларнинг шахси муҳим аҳамиятга молик эканлиги, шахснинг илм-фан ривожланишига катта таъсир кўрсатиши айтиб ўтилади. Ҳар қандай одам, у қайси касб эгаси бўлишидан қатъи назар шахс бўлиб камол топиши керак.

Шахснинг камол топишида қобилият ва истеъдоднинг ҳам аҳамияти катта. Қобилият муайян фаолиятни муваффақиятли амалга ошириш учун зарур бўлган индивидуал хусусиятдир. Одам қобилиятли бўлиб туғилмайди, балки етишади. Илк болалик давридан бошлаб одамда нимагадир қобилият бўлади, нимагадир эса бўлмайди. Буни ота-она дарров илғаб олса, кейинчалик бола етук шахс бўлиб етишиши мумкин.

Алишер Навоийдаги шеъриятга бўлган қизиқиш илк болалик ёшидан илғаб олинган ва унга ҳар томонлама кўмак берилган. Натижада Ҳазрат Навоий буюк шахс бўлиб етишди ва шеърият султони деган номни олди. Демак, қобилиятни тараққий эттириш зарур. Борди-ю қобилиятнинг нишонаси бўлмаса, уни ривожлантириб бўлмайди. Масалан, скрипкачи бўлиш учун бир эмас, бир неча қобилиятга эга бўлиш керак. Скрипкачи маромни сезиши, мусиқий ва кинестетик хотираси бўлиши, қўл бармоқлари майин ва аниқ ҳаракат қилмоғи лозим. Бунга яна мусиқий дид, ҳиссийлик ва кўпгина бошқа қобилиятлар қўшилади. Ана шу хусусиятлар бўлганда, санаб ўтилган барча қобилиятларни ўқиш ва машқ қилиш жараёнида ривожлантириш мумкин.

Чунончи, Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Ал-Фарғоний, Бобур, Камолиддин Беҳзод, Форобий, Рудакий, Пушкин, Моцарт, Шекспир, Паскал, Леонардо да Винчи, Микеланжело каби алломаларда қобилият ва истеъдод жуда эрта, яъни болалик давридан ҳайратланарли даражада ривожланган. Бироқ аксарият олимлар, ихтирочилар ва давлат арбобларининг истеъдоди кечроқ намоён бўлади.

  • Битта бола ҳамма фандан аълочи бўла олмайди

Кўпчилик ўқувчиларнинг дарсларни ўзлаштиришлари тамомила педагогик жараён сифатига боғлиқ ва уларнинг барчаси яхши ўқишлари керак деган фикр хатодир. Бу фикр ўқитишнинг сохталашуви ва сифатининг пасайиши, баҳоларни сунъий равишда ошириш ҳамда мактаб ва олий ўқув юртларида тегишли дипломни расмиятчилик асосида беришга олиб келади.

  • Доҳийлар ва психопатлар

Шахсга таъриф бера туриб, буюк алломаларда талант куртаклари эрта ёшдан бошлаб ниш уриши ҳақида айтиб ўтдим. Шу ерда шахс билан боғлиқ яна бир қизиқ муаммо ҳақида сўз юритишни лозим деб топдим, яъни буюк шахслар (доҳийлар)нинг руҳий нуқсонлари тўғрисида.

Психопатия аломатлари бўлган буюк шахслар ҳақида илмий адабиётларда турли маълумотларни учратамиз. Психопатия – бу шахснинг патологик ўзгариши бўлиб, унинг шаклланишида туғма омилларга катта урғу берилади.

Олимлар иқтидор ва руҳий нуқсонлар орасида узвий боғлиқликни аниқлашга доим ҳаракат қилишган. Бу боғлиқликни ўрганиш деярли 100 йил олдин бошланган. Олимлар тарихий шахсларнинг ҳаёти билан қизиқиб, уларнинг оила аъзолари, қариндош-уруғлари, ота-онаси ва фарзандлари ҳақида маълумот йиғишган. Мен ҳам буюк шахсларнинг оилавий ҳаёти ва нуқсонлари ҳақида маълумотлар тўпладим. Бунинг натижасида антиқа бир хулоса пайдо бўлди: агар генеологик шажаранинг бир шохчаси бўйлаб уларнинг аждодларида (ота-онаси, буваси, бувиси) иқтидорли шахслар аниқланган бўлса, бошқа бир шохчаси бўйлаб руҳий нуқсонлар, ҳатто руҳий касалликлар аниқланган. Бошқа хориж олимлари қатори иқтидор билан руҳий нуқсонлар орасидаги боғланишни аниқлашга 1925 йили тадқиқотчи олим Г.В. Сегалин ҳам ҳаракат қилган. У энг буюк шахсларнинг ҳаёти ва улардаги руҳий нуқсонларни ўрганган ва қуйидаги жадвалларни тузган.

1-жадвал

Отасида руҳий нуқсон аниқланган,

онаси эса иқтидорли бўлган буюк шахслар

 

Буюк шахслар

Отаси

Онаси

Иқтидор

Нуқсон

Иқтидор

Нуқсон

Успенский

 -

 +

 +

 -

Стендал

 -

 +

 +

 -

Лев Толстой

 -

 +

 +

 -

Достоевский

 -

 +

 +

 -

Ж.Ж. Руссо

 -

 +

 +

 -

Шарл Жерар

 -

 +

 +

 -

 

2-жадвал

Отаси ва онасида руҳий нуқсон аниқланган

буюк шахслар

Буюк шахслар

Отаси

Онаси

Иқтидор

Нуқсон

Иқтидор

Нуқсон

Кеплер

 +

 +

 -

 +

Гёте

 +

 +

 -

 +

Блок

 +

 +

 +

 +

Мопассан

 -

 +

 +

 +

Байрон

 +

 +

 +

 +

Шопенгауер

 -

 +

 +

 +

Бальзак

 +

 +

 -

 +

 

Бу жадваллардан кўриниб турибдики, буюклик (аниқроғи, иқтидор) ва руҳий нуқсонлар наслдан-наслга ўтиши мумкин. Улар орасида узвий боғлиқлик бор ва руҳий бузилишлар дунё миқёсида номи чиққан буюк шахслар (Стендал, Ницше, Эйнштейн, Руссо, Гёте, Бальзак, Ландау ва ҳ.к.)да аниқланган. Масалан, А. Эйнштейн ғалати характери билан бошқа олимлардан ажралиб турган.

 

Альберт Эйнштейн

(1879-1955)

 

Муаллифнинг фикрича, руҳий соғлом кишиларда иқтидор соғлом мия томонидан “босиб” турилади ва талантнинг “отилиб” чиқишига йўл қўймайди. Руҳий носоғлом шахсларда эса бундай тўсиқ йўқ ва талант бемалол ўзини тўла намоён қила олади. Тадқиқотчи ўз фикрини давом эттира туриб, қуйидаги хулосада тўхталади:

Буюк кишиларнинг генида иккита компонент мавжуд бўлиб, улардан бири унинг аждодларидан ўтган иқтидор бўлса, иккинчиси руҳий нуқсондир. Бундай ирсий бузилишлар буюк шахсларнинг ўзида кузатилмаса-да, уларнинг яқинларида (акаси, укаси ёки синглисида) кузатилган. Масалан, Гегель, Дидро ва Шуманнинг сингилларида, Л.Толстой, Гюго, Фейербах ва Успенскийларнинг укаларида руҳий касалликлар бўлган.

  • Буюк шахслар ва уларнинг фарзандлари

Г.В.Сегалин фикрича, буюк шахсларнинг фарзандлари аксарият ҳолларда ақли паст ва руҳий нуқсонларга бой бўлишади. Масалан, Бах, Шуман, Тацит, Менделсон, Гётенинг ўғиллари ва Марк Твеннинг қизи руҳий касаллик билан оғришган. Тадқиқотчилар яна бир қизиқ, умуман олганда, ҳаммага маълум бўлган бир тахминни ўртага ташлашади.

Баъзида буюк шахслар соғлом бўлган тақдирда ҳам, улар ўз талантларини рўёбга чиқариши учун ичкиликка ружу қўйишган, масалан, шоирлар. Ҳақиқатан ҳам энг жозибали баъзи шеърлар ва кашфиётлар маст ҳолда яратилганлигини кўпчилик билади. Гўёки ичкилик талантни босиб турувчи тўсиқни олиб ташлайди ва буюк шахснинг миясида пайдо бўлган оламшумул фикрларни рўёбга чиқаради. Бу фикрга қисман қўшилиш мумкин, албатта. Лекин ҳеч қачон ароқни ёки бошқа спиртли ичимликларни талантнинг йўлбошчиси сифатида эътироф этиб бўлмайди.

Фикримизча, буюк шахсларда учрайдиган ароқхўрлик (баъзида ахлоқий бузилишлар) руҳий етишмовчиликларни қондирувчи бир омилдир, холос. Бугунги кунда мутахассислар истеъдодни рўёбга чиқарувчи омиллар устида иш олиб боришмоқда. Лекин мактабни зўрға тамомлаган ва доим қолоқ бўлган Альберт Эйнштейннинг қобилиятини рўёбга чиқариш учун махсус шуғулланишмаган. Шундай бўлса-да, у буюк шахс бўлиб етишди ва оламшумул кашфиётлари билан Нобель мукофотига сазовор бўлди.

Юқорида келтирилган маълумотларга қисман бўлса-да, танқидий кўз билан қараш керак. Ваҳоланки, фақат руҳий нуқсонга эга бўлган одамгина буюк шахс бўлиб етишади деб хулоса қилиш ҳақиқатга мутлақо зиддир. Чунки Моцарт, Шекспир, Дюма, Шопен ва Рахманинов (бу рўйхатни давом эттириш мумкин) каби буюк шахсларда руҳий нуқсонлар бўлмаган. Яна шуни таъкидлаш лозимки, юқорида номи тилга олинган шахслар руҳий шифохоналарда даволанишмаган ва аксарият ҳолларда уларнинг хулқ-атворидаги ғалати ўзгаришларга қараб баҳо берилган, холос. Бундай пайтларда руҳий касаллик ҳақида эмас, балки шахснинг патологик ўзгариши ҳақида фикр юритиш керак.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив