Янгиликлар » Энциклопедия » ҲАЙЗ ОЛДИ СИНДРОМИ

ҲАЙЗ ОЛДИ СИНДРОМИ


Ҳайз олди синдроми – руҳий-ҳиссий, вегетатив, эндокрин ва соматик бузилишлардан иборат синдром бўлиб, ҳайз келишидан бир ҳафта олдин бошланади ва ҳайз бошланган куни ўтиб кетади. Бу синдром турли ёшдаги аёлларда учрайди: 19-29 ёшларда – 20 %, 30-40 ёшларда – 40-45 %, 41-50 ёшларда – 50-55%.

Этиологияси. Ҳайз олди синдроми доимий психоэмоционал зўриқиш ҳолатида яшайдиганлар, депрессияга мойил аёллар, мигрен касаллиги, алкоголизм ва гиёҳвандликка ружу қўйганларда кўп учрайди. Шунингдек, нейроэндокрин фаолиятнинг бузилишини юзага келтирувчи бошқа патологик ҳолатлар ҳам ҳайз олди синдроми ривожланишига туртки бўлади.

           Клиникаси. Клиник симптомларнинг қай бири устунлик қилишига қараб ҳайз олди синдромининг қуйидаги турлари фарқланади.

  • Психоневротик
  • Цефалгик
  • Кризли
  • Шишлар билан кечувчи
  • Атипик

Психоневротик тури ўта кучли жаҳлдорлик, йиғлоқилик, ташқи таъсиротларга (товуш, ёруғлиқ, ҳидлар) кучли сезгирлик, агрессив ҳаракатлар, бош оғриғи, кайфиятнинг тушиб кетиш, хавотир, масталгия, паришонхотирлик, уйқу бузилишлари билан намоён бўлади. Баъзида фақат кучли апатия ва депрессия кузатилади.

 Цефалгик тури кучли мигреноз хуружлар билан намоён бўлади. Ҳайз бошланишидан 7-10 кун олдин мигреноз хуружлар бошланади ва ҳайз бошланган куни ўз-ўзидан тўхтайди. Бош оғриқлар кўнгил айниши, қусиш, бош айланиши ва умумий ҳолсизлик билан биргаликда намоён бўлади. Бундай беморлар қачон ҳайз келиши ва бош оғриқлардан қачон қутулишини кутиб яшашади.

Кризли тури  АҚБ нинг бирдан кўтарилиши, тўш орқасида сиқувчи оғриқлар, қўрқув ва хавотир, шу жумладан ўлим қўрқуви, юрак уришининг тезлашиб кетиши, умумий титроқ, оғиз қуриши, нафас бўғилиши, уйқу бузилиши, ўлим қўрқуви, оёқ-қўлларнинг музлаб қолиши ва тез-тез сийишга қатнашлар билан намоён бўлади.

Шишлар билан кечувчи турида беморнинг юзи, оёқ-қўллари, айниқса қўл панжалари, болдир ва оёқ панжалари шишиб кетади, масталгия ва олигурия кузатилади. Беморнинг тана вазни 2-3 кг га ошади.

 Атипик тури кам учрайди ва турли симптомлар билан намоён бўлади. Булар – мигреноз хуружлар,  бош айланиши,  кардиалгия, нафас бўғилиши, аллергик реакциялар, эпигастрал оғриқлар, турли шишлар. Бемор қандай патологик ҳолатларга мойил бўлса, унда ўша бузилишлар ривожланади. Масалан, депрессияга мойил аёлларда депрессия, бош оғриққа мойилларда бош оғриғи, юрак қон-томир касалликларига мойилларда кардиалгиялар, ошқозон-ичак системаси касалликларига мойил аёлларда психосоматик бузилишлар кузатилади.

Ташхис. Беморнинг шикоятлари ва анамнестик маълумотлар хронологияси ўрганилади. Юқорида кўрсатилган симптомларнинг ҳайз келишидан бир ҳафта (баъзида 10 кун) олдин бошланиши, ҳайз келганда камайиб ўтиб кетиши ташхисни тўғри аниқлашга ёрдам беради.

Давоси ва профилактикаси. Ҳайз циклининг 5-кунидан 25-кунигача эстроген-гестаген хусусиятга эга дорилар (нон-овлон ригевидон) ичишга буюрилади (40 ёшгача бўлган аёлларга). Дори шу тартибда 1-1,5 ой мобайнида ичилади ва орадан 1-2 ой ўтгач яна такрорланади. Ҳайз цикли ановуляция билан намоён бўлса, ҳайз циклининг 16-25-кунлари норколут 5 мг дан ичишга буюрилади ёки прогестероннинг 1 % ли 1 мл эритмаси м/и га 20-25-кунлари қилинади, прегнин 0,02 г дан кунига 3 маҳал 20-26-кунлари ичишга буюрилади.

Шишларни бартараф этиш учун енгил типдаги диуретиклар, яъни спиронолактон (верошпирон) 25 мг дан кунига 2–3 маҳал ичишга буюрилади. Кучли намоён бўлувчи шишларда фуросемид 20-40 мг тавсия этилиши мумкин. Кучли масталгияларда ҳайз циклининг 14-26-кунлари 1,25-2,5 мг бромокриптин (парлодел) ичишга буюрилади. Бу дори қонда пролактин миқдорини камайтиради.

           Аллергик реакцияларни бартараф этиш учун антигистамин дорилар (зодак, кларитин) тавсия этилади. Мигреноз оғриқларда ибупрофен 400 мг,  напроксен 0,25-0,5 г, габапентин 300-600 мг ичишга тавсия этилади. Депрессия ва психосоматик бузилишларни бартараф этиш мақсадида анксиолитиклар (амитриптилин 25-75 мг), прозак 20-40 мг, феварин 50-100 мг ичишга буюрилади. Апатия ҳолатларида ва АҚБ тушиб кетса кофеин-бензоат натрий 2 мл дан м/и га қилинади ёки таркибида женшен сақловчи дорилар ичишга буюрилади. Бу синдромда Е витамини ҳам тавсия этилади.   Физиотерапевтик муолажалардан елка соҳасига калций хлорид ва натрий бромид электрофорези қилинади, елка соҳаси уқаланади, игна билан даволаш қўлланилади.

           Бу синдром енгил кечиши учун беморга соғлом турмуш тарзи қоидаларига риоя қилиш лозимлиги тушунтирилади. Ёғли ва тузли овқатлар ҳамда каҳва ва аччиқ чойлардан чекланиш тавсия этилади. Дорилар билан даволаш психотерапия усуллари билан биргаликда олиб борилса, самараси юқори бўлади. Спорт ва жисмоний меҳнат билан шуғулланадиган аёлларда ҳайз олди синдроми жуда енгил кечади ёки умуман кузатилмайди.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив