Янгиликлар » Энциклопедия » “ҲАШАМАТЛИ ҲАЁТ СИНДРОМИ”

“ҲАШАМАТЛИ ҲАЁТ СИНДРОМИ”


Шундай синдром борми? Китобларда йўқ, бироқ ҳаётда бор. Сўнгги пайтларда 17-20 ёшга етган ўғли ёки қизининг характеридан норози бўлиб келаётган ота-оналар сони кўпайган. Мана бу ўғлимни (қизимни) бир кўриб қўйсангиз, характерига тушуна олмай қолдим, егани олдида, емагани ортида, тагига машина олиб бериб қўйганмиз, энг яхши ноутбук ва смартфон тутади, зўр институтга киргизиб ҳам қўйдик, ҳашаматли уйимиз бор, тоғ ёнбағрида дала ҳовлимиз бор, уйда бир иш қилай демайди, қилсаям чала қилади, чиройли ва қиммат кийинишни хуш кўради, кўчадан бери келмайди, ҳатто овқатланган идиш-товоғини дастурхондан олиб ҳам қўймайди, иш буюрсанг хафа бўлади, укам ёки опам қилсин дейди, қаттиқроқ койисанг аразлаб уйдан чиқиб кетади.

Ахир менинг ҳам, отасининг ҳам болалиги жуда қийин ўтган, олти болали уйда катта бўлганмиз, катта меҳнатлар эвазига қийинчилик билан шу даражага эришганмиз, бир-биримизга жуда меҳр-оқибатли бўлганмиз. Бунга қанча меҳр берсак, шунча меҳрли бўлиш ўрнига худбин бўлиб боряпти. Ҳатто жума намозга қатнайди. Тавба, шунда ҳам ўзгармади. Отаси қаттиққўл бўламан деб бир-икки маротаба уришиб берган эди, ёнига йўламайдиган бўлди ва ёмон кўриб қолди. Бирор маротаба касал қилмай ўстирганман, бироқ биз касал бўлиб қолсак, иши ҳам йўқ. Айтинг, нега болам шундай, бунга на психотерапевт, на муллага ўқитиш, на буваси ёки бувисининг ўгити ёрдам берди. Биз мурожаат қилмаган одам қолмади. Ахир ёмон тарбия бермаган бўлсак, меҳримизни кўриб-билиб турган бўлса. Нима қилайлик?! Наслимиз ҳам тоза! Нима қилишни билмай қолдим. Бу нима ўзи?! Руҳий касалликми? Тарбиядаги нуқсонми? Бу нима бало ўзи?

Буни мен “Ҳашаматли ҳаёт синдроми” деб атаган бўлар эдим. Асосий сабаби, албатта, бу – тўқ оила!

“Ҳашаматли ҳаёт синдроми” ривожланишига туртки бўлувчи асосий омиллар:

1) Уйда хизматкор сақлаш ва болани меҳнатга ўргатмай катта қилиш;

2) Илк болалик давридан уни ўз ҳолига ташлаб қўйиш;

3) Нопок йўллар билан топилган пуллар эвазига боқиш;

4) Боланинг ҳар бир хархашасини сўзсиз бажариш;

5) Бола олдида ўзаро баҳслашавериш;

6) Илк болалик давридан қимматбаҳо нарсаларга ўргатиш ва сотиб олиб бериш;

7) Топиб келинган пулларни боланинг олдида санаш;

8) Ота-онанинг ишдан кеч қайтиши ва ҳ.к.

Хўш нима қилиш керак? Ўғил ёки қиз ақлли-хушли бўлиб ўсиб-улғайсин деб не азоблар билан эришилган ҳашаматли ҳаётдан воз кечилсинми?

Ҳашаматли ҳаёт синдромининг олдини олиш йўллари:

1) Бола уч ёшга тўлгунга қадар Сизга декрет таътили берилдими, ишламанг, вақтингизни бола билан ўтказинг. Болани кўкрак сути билан боқинг, меҳр билан эмизинг. Сут билан нафақат озиқ моддалар, балки онанинг меҳри ҳам ўтади. Эмиб катта бўлган бола онага ҳам, отага ҳам меҳрли бўлади. Эркак киши эса на ҳомиладор аёл, на бола эмизадиган аёл билан уришмасин, уни хафа қилмасин. Бола онанинг қорнида ҳаммасини эшитиб ётади ва миясига ёзиб қўяди. Шунингдек, жанжал пайтида қонда тўпланган адреналин ва бошқа заҳарли моддалар болага йўлдош орқали, туғилгандан кейин сут орқали ўтади.

2) Уч ёшгача бўлган болани қандай тарбиялашни билмасангиз, китоб дўконига боринг. Ҳозир бундай китоблар кўп ва нафақат жисмоний парвариш, балки психологик парвариш ҳақида ҳам маълумот бор.

3) Илк болалик давридан бошлаб қўлини кўксига қўйиб салом беришни ўргатинг ва чиройли қилиб алик олинг.

4) Бола қўлига қошиқ тутишни ўрганган кундан бошлаб, уни меҳнатга ўргатинг ва рағбатлантириб боринг: а) асалим, анавини олиб бер;
б) бўталоғим, анави нон ушоқларини чўплай оласанми? в) қани, иштонингни ўзинг кийиб кўрчи; г) манави нарса ҳалол, мана бу нарса ҳаром ва ҳ.к.

Шуни эсда тутинг: 10-12 ёшгача бола ота-она айтганини қилса, ундан сўнг ўз билганини қилади. Кейинги тарбия – бу кечиккан тарбия. Китоб болани илмли қилса, меҳнат уни тарбиялайди. Шунинг учун болани эсини таниганидан меҳнатга ўргатинг.

Мен “Ҳашаматли ҳаёт синдроми” деган касалликдан фарзандингизни фориғ қилиш йўллари ҳақида аниқ рецепт ёзиб бера олмайман. Бу жуда қийин масала. Бироқ ушбу китобда ҳар хил психотерапевтик усуллар ҳақида ёзганман. Улардан фойдаланиш мумкин. Ҳар ҳолда тарбия фани энг қийин фан эканлигини унутманг. Эрта тарбия, эрта тарбия ва яна бир бор эрта тарбия! Сўзимни буюк мутафаккир Рудакий айтган ушбу мисралар билан тугалламоқчиман: “Гар киши ҳаётдан олмаса таълим, унга ўргата олмас ҳеч бир муаллим”. Шундан ўзингиз хулоса чиқариб олаверинг.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив