ҲИҚИЧОҚ


Ҳиқичоқ – диафрагма ва қовурғалараро мускулларнинг ихтиёрсиз қисқаришлари сабабли юзага келувчи миоклоник ҳаракатлар. Ҳиқичоқ тўйиб овқатланган соғлом одамларда ҳам учраб туради. Шунингдек, катта миқдорда спиртли ичимликлар, совуқ газли сувлар ичганда, ҳаёжонланганда ҳам ҳиқичоқ кузатилади. Бироқ бундай ҳиқичоқлар вақтинча бўлиб, ўтиб кетади.

Узоқ давом этувчи ҳиқичоқлар марказий нерв системасининг турли касалликларида ривожланади. Мия устуни энцефалити, мия асосида жойлашган ўсма, КЦЖ, артериовеноз малформация,  вертебробазиляр инсулт, метаболик (диабетик, уремик, жигар, алкогол) энцефалопатия, нейроинтоксикация ва гипоксик-ишемик энцефалопатиялар доимий тарзда давом этувчи ҳиқичоқлар сабаби бўлиши мумкин. Психоген этиологияли ҳиқичоқ ҳам бўлади. Ҳар бир врач доимий тарзда давом этувчи ҳиқичоқларга жиддий эътибор қаратиши лозим. Чунки, бундай ҳиқичоқлар оғир бир касаллик сабабли юзага келаётган бўлиши мумкин. Бизга Р. исмли 58 ёшли бемор тинмай давом этаётган ҳиқичоқ билан мурожаат қилди. Бошқа ҳеч қандай белгилар йўқ эди. У терапевтларда самарасиз даволанган. Ҳиқичоқ бир тўхтаб, бир тўхтовсиз давом этаверади. Беморда “психоген ҳиқичоқ” бўлса керак, деб бизга консултацияга юборишади. Ўтказилган клиник-неврологик текширувлар унинг “соғлом” эканлигини кўрсатди. Беморнинг ҳаёт ва касаллик анамнезини чуқур ўрганиб чиқдик. Маълум бўлишича, унда ҳиқичоқ билан биргаликда бош оғриқ хуружлари ҳам бўлиб турган. Беморга МРА (магнитли резонанс ангиография) текширувини ўтказганимизда ҳиқичоқ сабаби аниқланди. Унда a. basilaris нинг Варолий кўприги соҳаси томирларидан бирида аневризма аниқланди. Бемор нейрохирург кўригига юборилди.

Ҳиқичоқ орқа краниал чуқурча ўсмаларида (айниқса, IV қоринча) кўп кузатилади. Шунингдек, бўйин ва кўкрак қафаси ўсмалари, аорта деформацияси, медиастенит, диафрагмал абсцесс, қизилўнгач ўсмаси, қизилўнгач дивертикули, рефлюкс-эзофагит, C4 спинал нервнинг диск чурраси сабабли эзилиши, лимфогранулематоз, саркоидоз, юқори нафас йўллари касалликлари, ошқозон ва 12 бармоқли ичак яраси, панкреатит, холецистит каби касалликларда ҳам ҳиқичоқ кузатилади.

Ташхис. Ҳиқичоқ полиэтиологик синдром бўлганлиги сабабли, кўп текширувларни ўтказишга тўғри келади. Клиник текширувлардан ташқари, кўкрак қафаси ренттгенографияси, эзофагогастродуоденоскопия, гумон қилинган аъзоларда УТД, КТ ёки МРТ текширувлари қилинади. Албатта ҳиқичоқ сабаби аниқланса, ортиқча текширувларга ҳожат йўқ.

Даволаш. Ҳиқичоқни юзага келтирган омилни излаб топилиши ва бартараф этилиши лозим. Жиддий сабабларсиз пайдо бўлган ҳиқичоқни баъзи бир усуллар билан тўхтатиш мумкин. Масалан, беморга чуқур нафас олиб бурунни бекитиб бошни орқага қайириб 2 дақиқа мобайнида нафас олмай туриш тавсия этилади. Бу усул ҳиқичоқни дарров тўхтатади. Ўмров суягининг устида, яъни тўш-ўмров-сўрғичсимон мускул бошланадиган жойда диафрагмал нерв чиқади. Ушбу соҳани бармоқ билан босиб турса ҳам ҳиқичоқ тўхтайди. Шунингдек, сувни қултим-қултим қилиб ичиш ҳам ҳиқичоқни тўхтатади. Оғиз бўшлиғига маҳаллий анестетикларни ингаляция қилиш ҳам самара беради. Агар бу муолажалар ёрдам бермаса, 10-20 мг  церукал в/и ёки м/и га қилинади. Кейин церукал 10 мг дан ёки мотилиум 20 мг дан кунига 3 маҳал, ранитидин 150 мг дан кунига 2 маҳал  ичишга буюрилади. Тери остига 0,5 мл атропин ҳам қилиш мумкин.

Амитриптилин кунига 50-75 мг,  пиполфен 50-100 мг в/и ёки м/и га қилинади. Шунингдек карбамазепин 200 мг дан кунига 2-3 маҳал ичишга буюрилади. Бу дорилар ёрдам бермаса, нейролептиклар, яъни галоперидол 2,5 мг ёки аминазин 25 мг в/и ёки м/и га қилинади. Кейинчалик бемор бу дориларни ичиб юради. Агар ҳиқичоқ ўтиб кетавермаса, диафрагмал нерв атрофига новокаин юборилади.

 

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив