Янгиликлар » Энциклопедия » ФАҚАТ ТАРҚАЛГАН ТУТҚАНОҚ ХУРУЖЛАРИ БИЛАН НАМОЁН БЎЛУВЧИ ЭПИЛЕПСИЯ

ФАҚАТ ТАРҚАЛГАН ТУТҚАНОҚ ХУРУЖЛАРИ БИЛАН НАМОЁН БЎЛУВЧИ ЭПИЛЕПСИЯ


Бу эпилепсия идиопатик эпилепсиянинг бир тури бўлиб, фақат бирламчи-тарқалган тоник-клоник хуружлар билан намоён бўлади. Ауралар умуман кузатилмайди. Касаллик 1 ёшдан 30 ёшгача бўлган даврда ривожланади. Унинг энг кўп учрайдиган даври – бу жинсий балоғатга етиш давридир.

Маълумки, аксарият идиопатик ва симптоматик эпилепсияларда тарқалган тутқаноқ хуружлари ҳам кузатилади ва улар алоҳида нозологияларга ажратилган. Аммо эпилепсиянинг шундай турлари борки, улар фақат тарқалган тоник-клоник хуружлар билан намоён бўлади. Бу касалликда ауралар, абсанслар ва миоклониялар кузатилмайди. Авваллари эпилепсиянинг бу тури "grand mal" деб аталган. Ҳозирда бу атама қўлланилмайди. Эпилепсиянинг Халқаро таснифида (1989) бу касаллик "Уйғонганда кузатиладиган  катта эпилептик хуружлар" деб юритилади. Эпилепсия­нинг бу тури кўп учрайди. Бироқ уни алоҳида нозология сифатида ажратишга оид мунозаралар ҳануз давом этмоқда.

Клиникаси. Эпилептик хуружлар бемор энди уйқудан турганда ёки уйғонгандан ярим соатлар ўтгач рўй беради. Касаллик ҳеч қандай аурасиз тўсатдан ҳушдан кетиш билан бошланади. Бемор йиқилиб тушади ва тутқаноқ хуружлари ривожланади. Дастлаб бош ва тана мускулларида тоник қисқаришлар пайдо бўлади. Бу пайтда бемор қичқириб юбориши ва тилини тишлаб олиши мумкин. Қисқа вақтга нафас ҳам тўхтайди, беморнинг ранги цианотик тусга киради. Бу давр эпилепсиянинг тоник боскцчи деб аталади ва у 30-60 сония давом этади. Сўнгра хуружларнинг клоник боскичи бошланади. Бунда бош ва оёқ-қўллар титрай бошлайди. Бош орқа ва ён томонга буралади, кўз олмаси юқори ва ён томонга қараб оғади. Шу ҳолатда титрашлар давом этиб туради. Хуружнинг клоник босқичи кўп ҳолларда сийиб юбориш билан тугайди. Клоник босқич 2-3 дақиқа давом этади. Тоник-клоник хуружларнинг умумий давомийлиги 3-5 дақиқага тенг. Хуружлардан сўнг бемор қаттиқ уйқуга кетади, одатда, 2 соатга. Уйқудан тургандан сўнг кучли бош оғриғи безовта қилади. Неврологик статусда патологик ўзгаришлар аниқланмайди.

Хуружлар йилда 1-2 маротаба ёки ойда бир маротаба рўй беради. Ҳар ҳафтада кузатиладиган тутқаноқ хуружлари бу касалликда жуда кам учрайди. Идиопатик эпилепсиянинг ушбу турида хуружлар сони кўпайиб бормайди ва эпилептик статус жуда кам учрайди. Бемор тўйиб ухламаса ёки мажбуран уйғотилса эпилептик хуружлар яна пайдо бўлади. Ташхис қўйишда хуружларнинг, асосан, уйқудан уйғонганда ёки уйқу пайтида пайдо бўлишига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Кам ҳолларда бу хуружлар тунги уйқуга кетаётганда, кундуз кунлари ухлаб турганда ёки дам олаётганда рўй беради. Хуружлар, шунингдек, беморни тўсатдан уйғотганда ҳам пайдо бўлади. Тўйиб ухламаслик, уйқусиз юриш хуружлар сонини кўпайтиради. Баъзида ҳайз кўриш даврида ҳам хуружлар кўпаяди. Неврологик статусни текширганда ўчоқли неврологик симптомлар аниқланмайди, беморнинг интеллекти пасаймайди.

Электроэнцефалография. ЭЭГ текширувлари хуружлараро даврда ўтказилса, аксарият беморларда эпилептик фаоллик аниқланмаслиги мумкин. Эпилептик хуружлар рўй берган пайтларда билатерал-синхрон типда частотаси 3-4 Гц бўлган пиклар ва ўткир тўлқинли комплекслар пайдо бўлади.

Ташхис қўйиш алгоритми

  • Асосан, балоғат ёшида бошланиши.
  • Фақат тоник-клоник хуружлар билан намоён бўлиши.
  • Ауралар, абсанслар ва миоклониялар бўлмаслиги.
  • Хуружлар, асосан, уйқудан уйғонгандан сўнг кузатилиши.
  • Хуружлар сони камлиги.
  • Интеллект сақланиб қолиши.
  • Ўчоқли неврологик симптомлар бўлмаслиги.
  • Бош мияда патологик ўчоқлар аниқланмаслиги.
  • ЭЭГ текширувларида эпилептик фаоллик кам кузатилиши.
  • Прогноз яхшилиги.

Қиёсий ташхис, асосан, иккиламчи-тарқалган тутқаноқ хуружлари би­лан ўтказилади. Иккиламчи-тарқалган эпилепсия ҳар доим ауралар билан бошланади.

Прогноз. Касаллик прогнози хуружлар сони, даволашнинг эрта бошланиши ва антиконвулсантларни тўғри танлашга боғлиқ. Аксарият ҳолларда тўла ремиссияга эришиш мумкин. Бунинг учун антиконвулсантлар камида 3 йил мобайнида узлуксиз берилиши керак.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив