Янгиликлар » Энциклопедия » УЙҚУ БУЗИЛИШИ

УЙҚУ БУЗИЛИШИ


Уйқу бузилиши сабаблари жуда кўп. Оддий психоэмоционал зўриқиш ёки жисмоний чарчашдан тортиб, то МНС нинг оғир касалликларигача уйқу бузилишига олиб келиши мумкин. Уйқу бузилишлари соғлом одамларда ҳам кўп учрайди, бироқ узоқ давом этмайди.

Уйқу бузилишининг қуйидаги турлари фарқланади:

  • инсомния – уйқу қочиши, яъни уйқусизлик, уйқуга қониқмаслик;
  • гиперсомния – ортиқча уйқучанлик, яъни кўп уйқу босиши;
  • парасомния – уйқу билан боғлиқ психомотор қўзғалишлар.

А) Инсомния. Инсомния белгилари уйқуга кетишнинг қийинлиги, тез уйғониб кетавериш, эрта уйғониш ва узоқ ухласа-да уйқудан тўймаганлик ҳисси билан намоён бўлади. Бундай ҳолатни бемор оддий сўз билан “уйқусизлик” деб баҳолайди. Тунда ухлай олмаган беморни кундуз куни уйқу босади, ўзини лохас сезади ва натижада унинг иш фаолияти сустлашади. У бирор жой топиб ухлаб олишга ҳаракат қилади. Агар бунинг имкони топилса, бемор яна тетиклашади. Кундуз куни ухлайдиган баъзи одамлар тунда ухлай олмай чиқишади. Шу боис улар кундузи ухламасликка ҳаракат қилишади. Албатта тунги уйқу кундузги уйқуга қараганда кишига кўпроқ ором беради. Шу боис тунда ухлай олмайдиганлар эртаси куни безовта бўлиб юришади. Уйқунинг бу тарзда бузилишларига психофизиологик инсомния деб аталади. Бундай ҳолат ҳар қандай соғлом одамда учраши мумкин.

Психофизиологик инсомниянинг сабаблари бир нечта. Улар – неврастения, психастения, стресс, узоқ жойга бориш, тунда ишлаш ва ҳ.к. Психофизиологик инсомния, одатда узоқ давом этмайди ва бир неча кунлардан сўнг тунги уйқу қайта тикланади. Агар бу ҳолат узоқ давом этаверса, инсомниянинг бошқа сабабларини излаш керак. Ҳеч қандай сабабсиз узоқ йиллар (баъзида умрининг охиригача) давом этадиган уйқусизлик идиопатик инсомния деб номланади. Бундай одамларни ҳалқ тилида “ухламайдиган одамлар” деб аташади. Улар болалик давридан буён уйқу нималигини билишмайди, кундуз куни ҳам тетик юришади ва иш қобилиятини йўқотишмайди. Улар ҳақида ҳалқ орасида турли афсоналар юради. Буюк ҳоқонлар сира ухламайдиган одамларни излаб топишга фармонлар чиқаришган ва уларни ўзларига тансоқчи қилиб қўйишган. Сомнологлар фикрича, сира ухламайдиган одамлар бўлмайди, улар қисқа муддат бўлса-да, мизғиб олишади.

Узоқ муддат, яъни бир неча ҳафта ёки ойлаб уйқунинг йўқолиши сурункали давом этувчи жиддий касалликларда кузатилади. Бундай беморлар ухлашни ҳохлашади, бироқ мавжуд касаллик бунга йўл қўймайди. Танадаги доимий оғриқлар билан кечувчи касалликларни бунга мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Улар оғриқ қолдирувчи ва ухлатувчи дорилар билан ухлатилади. Яна бир қатор патологик ҳолатлар ва касалликлар сурункали уйқусизликка сабабчи бўлади. Булар – маниакал-депрессив психознинг маниакал босқичи, хавотирли-фобик синдром, тунда қўзғайдиган “безовта оёқлар” синдроми, невроген қичима, астма, йўтал, буйрак ва жинсий аъзолар касалликлари ва ҳ.к. Бу тарзда давом этувчи тунги уйқусизликлар беморни жуда холсиз қилиб қўяди, у паришонхотир, жиззаки ва ўта лохас бўлиб қолади. Бу ҳолат, албатта, асосий касалликнинг кечишига салбий таъсир кўрсатади. Сурункали тарзда уйқуни қочирувчи дориларни (психостимуляторлар, кофеин) истъемол қилиб  юрадиганларда ҳам инсомния кузатилишини эсда тутиш лозим. Тамаки чекадиганлар ҳам доимо уйқу бузилишидан азият чекишади. Айниқса, сигаретни кечқурунлари чекиш тунги уйқуни йўқотади. Чунки, тамаки таркибидаги никотин уйқуни қочиради.

Чақалоқларда интракраниал жараёнлар уйқусизлик ва ортиқча йиғлоқиликка сабаб бўлади. Ухламасдан тинмай йиғлайверадиган чақалоқни обдон текшириш зарур. Кўп ҳолларда чақалоқнинг ухламасдан йиғлайвериши ичнинг дам бўлиши ва қориндаги оғриқлар билан боғлиқ.

Инсомнияда даволаш ушбу ҳолатни юзага келтириб чиқарган асл сабабларни бартараф этишдан бошланади. Бунинг учун беморнинг ҳаёт тарзи, яъни оилавий шароити, касби ва иш фаолияти, тунги ишлари, истъемол қилаётган дорилари, мавжуд касалликлари, зарарли одатлари (гиёҳвандлик, алкоголизм, кўп сигарет чекиш) ўрганиб чиқилади. Бемор билан суҳбатлашаётган врач уйқу қочишига сабабчи бўлувчи ҳар қандай омилни (қарз олди-бердилар ва ҳ.к.) ўрганиб чиқиши керак. 

Уйқу бузилишларини бартараф этиш дастлаб бемор билан психотерапевтик суҳбатлар ўтказишдан бошланади. Масалан, психофизиологик типдаги уйқу бузилишларида (одатий уйқу бузилишлари) уйқуни нормал ҳолатга қайтариш учун соғлом турмуш тарзига риоя қилиш тавсия этилади. Булар – вақтида ухлаш ва туриш, кечаси енгил ҳазм бўлувчи овқатлар истъемол қилиш, чекиш ва ичкиликдан воз кечиш, қўрқинчли ва ҳаёжонли фильмлар кўрмаслик (айниқса, болалар), уйқуга кетишдан олдин кўчада бироз сайр қилиш, қаҳва ва аччиқ чой истъемол қилмаслик, иссиқ душ қабул қилиш ёки иккала оёқни илиқ сувга солиб ўтириш ва ҳ.к. Ушбу қоидаларга амал қилинса, уйқунинг биологик ритми изга тушади ва уйқу қайта тикланади. Баъзи одамларда 3-4 кун уйқу қочса ваҳимага тушишади, энди касал бўлиб қоламан, деб қўрқишади. Бунинг натижасида уйқусизлик яна давом этади. Бундай беморлар билан суҳбатлашиб, уларни тинчлантириш ва ухламасликнинг одамга зиёни йўқлигини айтиш керак. Сиз ҳозир ухламаётган экансиз, демак мия буни ҳохламаяпти, вақти келиб уйқунгиз яна тикланади ва Сиз ухлай бошлайсиз, каби иборалар билан бемор тинчлантирилади. Унга дарров ухлатувчи дорилар тавсия этиш шарт эмас. Масалан, беморни қуйидаги иборалар билан тинчлантириш мумкин: “Уйқу гўёки ёнингизда турган қуш. У сизники ва узоққа учиб кетмайди. Унга қанча яқинлашсангиз, у ҳам Сиздан шунча узоқлашаверади. Ушбу қушга эга бўлишни истасангиз кафтингизни очиб индамай туринг. Вақти келиб унинг ўзи Сизнинг қўлингизга келиб қўнади”. Албатта, бу иборалар уйқуси қочган одамга катта ижобий таъсир кўрсатади ва вақти келиб унинг уйқуси тикланади.

Ўрта ёшдагилар учун 6-8 соатлик (ёз ойларида 4-5 соат) тунги уйқу етарлидир. Ёш болалар эса кўп ухлашади. Кексалик даврида ухлаш даври анча қисқаради. Агар қариялар кам ухлашларига шикоят қилишса, уларга бунинг табиий хол эканлиги тушунтирилади. Аксинча, ҳадеб уйқуга кетаверадиган қарияларни тиббий кўрикдан ўтказиш лозим. Ёш болаларда кам ухлаш бирор бир касаллик аломати бўлса, қарияларда кўп ухлаш қайсидир бир касаллик аломати бўлиши мумкин.  

Уйқусизлик узоқ давом этаверса, кучли таъсирга эга уйқу дориларига ўтиш шарт эмас. Аксарият ҳолларда енгил тоифадаги тинчлантирувчи дориларни кечқурун қабул қилиш ҳам уйқуни келтиради. Масалан, кечаси 1 табл. (25 мг) циннаризин ичиб ётишнинг ўзи етарли бўлиши мумкин. Невроз ва хавотирли-фобик синдромлар билан боғлиқ уйқу қочишларида кечаси 1 табл. (25 мг) амитриптилин қабул қилиш нормал уйқуни тиклайди. Амитриптилинни бемор кам дозаларда кундуз куни ҳам ичиб юриши мумкин. Енгил невротик ҳолатларда уйқу келтириш учун таркибида валериан экстракти, арслонқуйруқ ва бром сақловчи дорилардан фойдаланилади. Қўшимча равишда бўйин-елка соҳасига натрий бром билан электрофорез қилиш, игна билан даволаш, илиқ минерал ванналар қабул қилиш ва умумий уқалашлар қўлланилади.

Агар анксиолитиклар, седатив дорилар ва рефлектор даволаш муолажалари кўзланган натижани бермаса, бироз кучлироқ таъсирга эга ухлатувчи дориларга ўтилади. Бу мақсадда дастлаб транквилизаторлардан (тазепам, феназепам) фойдаланилади. Улар доимий тарзда эмас, балки кам-кам курслар билан тавсия этилади. Масалан, ухлатувчи дори 3-5 кун мобайнида ётишдан олдин ичишга буюрилади. Сўнгра бемор 2-3 кун дори ичишни тўхтатиб, ўзи ухлашга ҳаракат қилиши керак. Бу усул аксарият ҳолларда тунги уйқуни яна тиклайди. Ухлатувчи таъсирга эга дорилар 19-жадвалда келтирилган.

 

19–жадвал

Ухлатувчи таъсирга эга дори воситалари (Д.Р. Штулман, О.С. Левин, 2008)

Фармакологик номи

Фирма бўйича номланиши

Дозаси, мг

Қисқа муддат таъсир қилувчи бензодиазепинлар

Мидазолам

Дормикум

7,5 –15,0

Триазолам

Халцион

0,125 – 0,250

Узоқроқ муддат таъсир қилувчи бензодиазепинлар

Оксазепам

Тазепам

5 –10

Лоразепам

Мерлит

1

Алпразолам

Ксанакс

0,5 –1

Бромазепам

Лексотан

1,5 –3,0

Флунитразепам

Рогипнол

0,5 –1,0

Нитразепам

Радедорм

5 –10

Узоқ таъсир қилувчи бензодиазепинлар

Флуразепам

Беназил

15

Диазепам

Реланиум

5 – 10

Хлордиазепоксид

Элениум

10

Феназепам

феназепам

0,25 – 1

Антидепрессантлар

Амитриптилин

Триптизол

12,5 – 75

Агомелатин

Валдоксан

25 – 50

Миртазапин

Ремерон

7,5 – 30

Тразодон

Триттико

25 – 100

Бензодиазепин рецепторлари агонистлари

Золпидем

Ивадал

5 – 10

Зопиклон

Имован, Сомнол

3,75 – 7,5

Залеплон

Анданте, Соната

5 – 20

Бошқа дорилар

Доксиламин

Донормил

15 – 30

Клометиазол

Геминеврин

600 – 900

Гидроксизин

Атаракс

10 – 50

Мелатонин

Мелаксен

1,5 – 3,0

Циннаризин

Циннаризин

25 – 50

Левомепромазин

Тизерцин

25 – 50

Изоҳ: Қарияларга кам дозаларда буюрилади.

 

Ухлатувчи дорилар ичида бензодиазепинлар кенг қўлланилади. Уйқуга кетиш қийин бўлган ҳолатларда  қисқа муддат ичида таъсир қилувчи дорилар тавсия этилади. Ухлагандан кейин тез-тез уйғониб кетишлар ва турли безовталикларда узоқроқ муддат таъсир этувчи дорилар (тазепам, феназепам, рогипнол, реланиум) буюрилади. Руҳий касалликлар билан боғлиқ (эндоген депрессиялар) инсомнияларда ухлатувчи нейролептиклар (тизерцин) албатта тавсия этилиши керак.

Б) Гиперсомния.  Гиперсомния, яъни ортиқча уйқучанлик жуда кўп неврологик, руҳий ва соматик касалликларда сабабли ривожланади. Пўстлоғости энцефалитлари (Экономо летаргик энцефалити), сурункали ИКГ, III қоринча ва гипоталамус соҳаси ўсмалари, вертебробазиляр етишмовчилик, эндокрин бузилишлар (гипотиреоз), нерв системаси интоксикациялари, токсик ва метаболик энцефалопатиялар гиперсомнияга сабабчи бўлади. Шунингдек, турли дориларни қабул қилиб юриш ҳам уйқучанлик ҳолатларини юзага келтиради. Масалан, антиконвулсантлар, антидепрессантлар (айниқса, амитриптилин), антигистамин дорилар (айниқса, пиполфен), нейролептиклар (айниқса, тизерцин, аминазин) қабул қилиб юрадиганларда кундуз кунлари ҳам уйқу босаверади. Демак, инсомнияга қараганда гиперсомния ҳолати кўп учрайди ва унинг сабаблари кўп. Баъзи одамлар қаттиқ стресс ёки қурқувдан кейин бир неча кунлаб уйқуга кетади. Шизофрениянинг баъзи турларида ҳам уйқучанлик кўп кузатилади.

Энди гиперсомниянинг турли клиник кўринишлари билан танишиб чиқамиз.

Идиопатик гиперсомния – кундуз куни уйқу босиши билан намоён бўладиган патологик синдром. Гиперсомния моносимптом сифатида намоён бўлади, яъни бошқа неврологик ва психотик бузилишлар кузатилмайди. Улар тунда қаттиқ уйқуга кетади ва эрталаб уйғотмаса, кундузи соат 12 гача ухлаб қолишади. Сабаби ноаниқ бўлган ушбу синдром, кўпроқ ёшларда кузатилади. Бу ҳолатни пасайтириш учун психостимуляторлар тавсия этилади ёки кундуз кунги жисмоний меҳнатга жалб этилади.

Нарколепсия – кундуз куни тўсатдан ухлаб қолиш, мускуллар тонусининг бирдан йўқолиши ва кескин психоэмоционал бузилишлар билан намоён бўлувчи патологик синдром. Ҳар қандай ёшда кузатиладиган бу синдромнинг этиопатогенези тўла ўрганилмаган. Унинг келиб чиқишида асосий урғу наслий омилларга берилади.

Нарколепсия кундуз кунлари кучли даражада уйқу босиши, катаплексия, гипногогик ҳолатлар, нутқ бузилишлари (гапира олмай қотиб қолиш) ва кучли эмоционал реакциялар (хохолаб кулиб юбориш, ёнидаги одамга ажабланиб ёки ўта қаҳр ила қараш) билан намоён бўлади. Шундай бўлса-да, улар бировга тан жароҳати етказишмайди. Бу ҳолат бир неча дақиқалар ёки соатлар давом этиб ўтиб кетади. Шу боис уни истерик хуружлар билан адаштиришади ва диагностик хатоликлар сабабчиси бўлади. Катаплексия – мускуллар тонусининг бирдан йўқолиши билан намоён бўлувчи ҳолат. Шу сабабли бемор йиқилиб тушади ва бир неча сония (ёки дақиқалар) мобайнида оёқ-қўлларини қимирлата олмай ётади. Бироқ унинг хуши сақланган бўлади. Агарда катаплексия жағ мускулларида рўй берса, беморнинг пастки жағи осилиб қолади. Бундай ҳолатлар, кўпинча қаттиқ кулганда рўй беради.

Нарколепсияда кундуз кунги гиперсомния кузатилса-да, кечаси тез-тез уйғониб кетишлар рўй бериб туради. Агар бемор уйғониб қолса, кўзини очади-ю, оёқ-қўлларини қимирлата олмай ётади. Бундай ҳолатлар қаттиқ қўрқиб уйғониб кетган соғлом шахсларда ҳам кузатилиб туради (айниқса, ўсмирларда).

Ташхис касалликка хос клиник симптомлар, унинг кечиши ва полисомнография текширувлари ёрдамида қўйилади. Нарколепсияни бартараф этиш бирмунча қийин бўлиб, ҳар доим кўзланган натижаларни беравермайди. Нарколепсия патогенези ноаниқлиги боис, симптоматик терапиядан фойдаланилади. Кундуз кунги уйқучанликни пасайтириш учун психостимуляторлар, психотик бузилишларни камайтириш учун антидепрессантлар (флуоксетин, прозак) тавсия этилади. Спиртли ичимликлар истъемол қилиш, тўйиб овқатланиш, оғир ишларда ишлаш тақиқланади. Стрессли вазиятлардан асраниш лозим. Енгил ҳолатларда ўз-ўзидан тузалиб кетиш рўй беради.

Уйқу пайтидаги апноэ – ухлаб ётган одамда 10 сония мобайнида нафас тўхташи билан намоён бўлувчи ҳолат. Уйқу пайтидаги апноэ (УПА) сабаблари бир қанча. Улар лимбико-ретикуляр комплекс дисфункциясини юзага келтирувчи патологик ҳолатлар, яъни сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик, гипотиреоз, семизлик, нафас олиш маркази фаолиятини сусайтирувчи дорилар, токсинлар, метаболитлар ва ҳ.к. УПА шунингдек, юқори нафас йўллари касалликлари, яъни бурун бўшлиғидаги тўсиқлар, сурункали ринит, этмоидит, тонзиллит, фарингит, ларингит, бронхитларда ҳам кўп кузатилади. Бу ҳолат болаларда кўпроқ учрайди.

УПА клиникаси қуйидаги симптомлардан иборат. Нафас олиш ритми бузилишидан ташқари, чуқур-чуқур шовқинли нафас олиб ухлаш, кучли хуррак отиш, уйқу пайтидаги безовталиклар ва тез-тез уйғониб кетишлар рўй беради. Бу ҳолат, албатта бош мияда веноз қон айланиш системасида турғун ҳолатларни юзага келтиради, ликвор айланишига салбий таъсир кўрсатади. Бундай одамлар эрталаб боши оғир бўлиб, юз-кўзлари бироз шишиб, уйқудан қониқмай уйғонишади. Кундуз куни эснаб ланж бўлиб юришади. Ҳадеб эснайвериш – мияда гипоксия белгисидир. УПА ва тинмай хуррак отишлар ишемик гипоксия ва сурункали цереброваскуляр бузилишларни кучайтиради. Айниқса, артериал гипертензия, атеросклероз, юрак аритмияси, юрак клапанлари етишмовчилиги билан оғриган беморларда УПА пайтида ишемик инсулт рўй бериши ёки ЮИК кўзиши мумкин. Спиртли ичимликларни истъемол қилиб маст ҳолатда ухлаб қолганларда тунда рўй берадиган ишемик инсултлар, кўпинча, УПА пайтида кузатилади. Чунки, алкогол нафақат гиперкоагуляция, гипоксия ва ишемия ҳолати, балки нафас олишда иштирок этувчи юқори нафас мускуллари тонусини ҳам пасайтиради. Шу сабабли маст ҳолатда ухлаб қолганларда хуррак отиш кучайиб кетади.   Демак, УПА ва тинмай хуррак отишларни ишемик инсултга олиб келувчи хатарли омиллар сирасига киритиш мумкин.

УПА ни бартараф этиш бир қатор тадбирларларни амалга оширишдан бошланади. Дастлаб касаллик сабаби аниқланади. Юқори нафас йўллари касалликлари аниқланса, улар бартараф этилади. Спиртли ичимликларни истъемол қилиш тўхтатилади, ортиқча тана вазни меъёрга келтирилади, юрак-қон томир касалликлари даволанади ва ҳ.к. Шунингдек, нафас олиш фаолиятига салбий таъсир кўрсатувчи дориларни қабул қилиш чекланади. Агар болалик давридаёқ юқори нафас йўлларидаги тўсиқлар бартараф этилмаса, бола нимжон бўлиб ўсади.

В) Парасомния. Уйқу пайтида рўй берадиган турли хил психомотор қўзғалишларга парасомния деб айтилади. Бу қўзғалишлар эпилептик хусусиятга эга эмас. Уни тунги эпилептик хуружлар билан адаштирмаслик керак. Парасомнияларга уйқу пайтида оёқ-қўллар, бош ва танани қимирлатиб ётиш, титраб кетиш, тишларни ғижирлатиш, тунги қўрқувлар ва туриб юришлар, катаплексия (оёқ-қўлларнинг қимирламай қолиши) киради. Бундай ҳолатлар соғлом одамларда ҳам кузатилади ва махсус даволашни талаб қилмайди. Фақат тез-тез қўрқиб уйғонишлар ва психомотор қўзғалишларда ётишдан олдин седатив дорилар ёки транквилизаторлар тавсия этилади. 

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив