Янгиликлар » Энциклопедия » УМУРТҚА ПОҒОНАСИНИНГ УМУМИЙ ТУЗИЛИШИ

УМУРТҚА ПОҒОНАСИНИНГ УМУМИЙ ТУЗИЛИШИ


Умуртқа поғонаси бир-бирининг устида жойлашган 24 та умуртқа суягидан (кейинчалик умуртқа) ташкил топган. Умуртқа поғонасининг ўртасида умуртқа канали жойлашган бўлиб, ундан орқа мия ўтади.

Ушбу расмдан кўриниб турганидек, умуртқа поғонаси бўйин ва бел қисмларида ёйсимон шаклда бироз олдинга, кўкрак қисмида эса орқага эгилган бўлади. Умуртқа поғонасининг физиологик эгилишлари сагитал текисликдан қараб аниқланади (4.1-расм).

 

4.1-расм. Соғлом одамнинг умуртқа поғонаси ва спинал нервлар.

 

Бўйин лордози – барча бўйин умуртқалари ва 1-кўкрак умуртқасининг бироз олдинга эгилиши. Ол­динга эгилган бўйин умуртқаларининг энг бўртиб турган қисми С5 ва С6 умуртқаларга тўғри келади.

Кўкрак кифози – умуртқа поғонаси кўкрак қисмининг бироз орқа томонга эгилиши. Максимал эгилиш Th5–Th6 умуртқаларга тўғри келади. Соғлом одамда кифоз фақат умуртқа поғонасининг кўкрак қисмида бўлади ва у сагитал текисликка нисбатан 40° дан ошмайди. Агар кифоз бу кўрсаткичдан ошса, патология ҳисобланади. Шунингдек, кифознинг бўйин ва бел қисмида аниқланиши ҳам патологиядир.

Бел лордози – умуртқа поғо-насининг бел қисмида бироз олдинга эгилиши. Бел лордозини Th11–Th12 ва L1–L5 умуртқалари ҳосил қилади (4.2-расм).

Бўйин ва бел лордози сагитал те­кисликка нисбатан 40° дан ошса, бун­га гиперлордоз дейилади. Агар бўйин ва бел лордози яхши ривожланмаган бўлса, бу ҳолат силлиқ орқа синдроми деб айтилади.

Умуртқа поғонасининг 4 қисми фарқланади: бўйин, кўкрак, бел ва думғаза. Умуртқа поғонасининг бўйин қисми 7, кўкрак қисми 12, бел қисми 5 та умуртқадан иборат. Умуртқа поғонасининг пастки қисмида думғаза суяги жойлашган бўлиб, у бир-бирига бирикиб кетган умуртқалардан иборат ягона суякдир.

 

4.2-расм. Соғлом одамда умуртқа поғонаси 5-симон шаклга эга. 

  1. Умуртқа поғонасининг бўйин қисми. Умуртқа поғонасининг бўйин қисми 7 та умуртқа суягидан ташкил топган бўлиб, бўйиннинг олд томонига қараб бироз эгилган бўлади. Бўйин қисми умуртқа поғонасининг энг ҳаракатчан қисмидир. Биринчи бўйин умуртқасига атлант, иккинчи бўйин умуртқасига аксис деб айтилади.

 4.3-расм. Умуртқа поғонасининг физиологик эгилишлари.

  

Атлант ва аксиснинг тузилиши бошқа бўйин умуртқаларидан кес­кин фарқ қилади ва жуда ҳаракатчан бўлади. Айнан мана шу умуртқалар ҳисобига одам бошини турли томонларга ҳаракатлантиради. Атлантнинг танаси бўлмайди. У олдинги ва орқа ярим айланасимон суяклардан (равоқлар) ташкил топган (4.4-расм).

 

4.4-расм. Биринчи бўйин умуртқаси (атлант). Юқоридан кўриниши. 1-tuberculum posterius; 2-arcus posterior; 3-foramen vertebrale; 4-sulcus arteriae vertebralis; 5-fovea articularis superior; 6-foramen transversarium; 7-processus transversus; 8-massa lateralis; 9-fovea dentis; 10-tuberculum anterius; 11-arcus anterior.

 

Аксиснинг олдинги қисмида бўртиб турган тишсимон ўсиқча бор. Ушбу тишсимон ўсиқча атлантнинг ён тешигига кириб туради ва атлантнинг ўз ўқи атрофида айланиши, яъни бошнинг турли томонларга қайрилишини таъминлайди. Бўйин умуртқалари, яъни С3–С6 умуртқаларнинг кўндаланг ўсиқчаларидаги тешикдан умуртқа артерияси (a. vertebralis) ўтади. Шу боис, бу тешикни canalis vertebralis деб аташади. Атлант ва аксисда бундай тешик йўқ.

Умуртқа поғонасининг бўйин қисми энг кўп жароҳатланадиган соҳадир. Бўйин остеохондрозида дегенератив жараёнлар бўйин қисмининг пастки умуртқаларида кўп кузатилади. Умуртқалараро дисклар (кейинчалик дисклар) дегенерацияси С5–С6, С6–С7 орасидаги дискларда кўп учрайди.

 

4.5-расм. Бўйин умуртқалари ва магистрал артериялар топографияси. 

  1. Умуртқа поғонасининг кўкрак қисми. Умуртқа поғонасининг кўкрак
    қисми 12 та умуртқадан иборат бўлиб, у камонсимон шаклда орқага бироз эгилган бўлади.

Бунга физиологик кифоз деб айтилади. Кўкрак умуртқалари кўкрак қафасининг орқа деворини ҳосил қилади. Кўкрак умуртқалари танаси ва кўндаланг ўсиқчаларига қовурғаларнинг орқа қисми бирикади. Қовурғаларнинг олдинги қисми тўш суягига (sternum) туташади. Умуртқа поғонасининг кўкрак қисмида умуртқалараро ёриқ паст бўлади. Шу сабабли умуртқа поғонасининг бу қисмида ҳаракат чегараланган. Кўкрак умуртқаларига қовурғалар бирикканлиги ҳам уларнинг ҳаракатини чегаралайди. Умуртқа канали ҳам бу соҳада ингичкадир. Шу боис, бу соҳада кузатиладиган ўсмалар ва диск чурралари орқа мия ва унинг илдизчаларини дарров эзиб қўяди.

  1. Умуртқа поғонасининг бел қисми. Умуртқа поғонасининг бел қисми 5 та йирик умуртқадан иборат (4.6-расм).

Баъзи одамларда 6 та бел умуртқаси бўлиб, бу ҳолатга люмбализация деб айтилади. Бунинг сабаби – биринчи думғаза умуртқасининг бел умуртқалари таркибига ўтишидир. Натижада бел умуртқалари 6 та, думғаза умуртқалари эса 4 та бўлиб қолади. Умуртқа поғонасининг бел қисми юқоридан камҳаракатчан кўкрак қисми, пастдан умуман ҳаракатланмайдиган думғаза қисми билан бирлашган. Гавданинг асосий оғирлиги умуртқа поғонасининг бел қисмига, аниқроғи, унинг пастки умуртқаларига (L4– L5) тушади. Шунинг учун ҳам бу соҳада диск чурраси кўп учрайди.

 

4.6-расм. Умуртқа поғонасининг бел қисми ва думғаза. 

  1. Умуртқа поғонасининг думғаза қисми. Умуртқа поғонасининг думғаза қисми 5 та умуртқадан иборат бўлиб, улар 18–25 ёшларга келиб ўзаро туташиб, битиб кетади. Бунинг натижасида бир бутун ягона суяк, яъни думғаза суяги (os sacrum) шаклла­нади (4.7-расм). Аёллар думғазаси эркакларникига қараганда калта, кенг ва ясси бўлади.

Думғаза умуртқаларининг ўзаро бирлашиб кетиши одамнинг филогенетик ривожланиш даврида гавда оғирлигининг, асосан, думғаза умуртқаларига тушиши билан боғлиқ. Думғаза суягининг тепа қисми, яъни S1 умуртқа тоғай тўқималари ёрдамида L5 умуртқага бирлашади. Баъзи одамларда L5 умуртқа думғаза суягига қўшилиб кетади ва бел умуртқалари сони 4 та, думғаза умуртқалари со­ни 6 та бўлиб қолади. Бешинчи бел умуртқасининг думғаза умуртқалари таркибига қўшилишига сак­рализация деб айтилади.

 

4.7-расм. Думғаза.

 

А - думғаза (олдиндан кўриниши):

1 - basis ossis sacri; 2 - lineae transversae; 3 - apex ossis sacri; 4 - for. sacralia anteriora; 5 - pars laieralis.

Б - думғаза (орқадан кўриниши):

1 – processua articulares superiores; 2 - canalis sacralis; 3 - facies auricularis; 4 - crista sacralis lateralis; 5 - crista sacralis intermedia; 6 - hiatus sacralis; 7 - for. sacralia dorsalia; 8 - cristasacralis mediana. В - дум: 1 - cornua coccygea; 2 - vertebrae coccygeae.

 

Думғазанинг иккала ён қисмида қулоқсимон юзалари бўлиб, улар ёрдамида думғаза тос суяги билан бирлашади. Думғаза суягининг ўртасида думғаза канали (canalis sacralis) жойлашган бўлиб, у умуртқа каналининг давоми ҳисобланади (4.8-расм).

Думғаза каналининг ён томонларида 4 жуфт тешик (foramina intervertebmlia) жойлашган. Бу тешиклар думғазанинг олдинги (foramina anteriora sacralia) ва орқа тешиклари (foramina sacralia dorsalia) билан туташади. Бу тешиклар ҳам 4 жуфтдан иборат. Думғаза каналида жойлашган от думининг сакрал қисми илдизчалари foramina intervertebmlia га кириб, думғазанинг олдинги ва орқа тешикларидан чиқади. Думғазанинг олдинги тешикларидан чиқувчи илдизчалар (S1–S4) қуймич нервини (n. ischiadicus) ҳосил қилишда иштирок этади. Думғаза каналининг пастки қисми ҳам тешик (hiatus sacralis) билан тугайди.

Дум суяги. Думғазанинг пастки қисмига дум суяги (os coccygiss) бирлашган бўлиб, у ривожланмай қолган умуртқалардан иборат. Дум суягининг 1-умуртқаси думғаза учига қўшилган. Дум суягининг иккала ён шохи бўғим ҳосил қилиб, думғаза ўсиқчаларига бирикиб кетган.

Энди умуртқа поғонасини ташкил қилувчи анатомик тузилмалар тўғрисида тўхталиб ўтамиз.

Умуртқа суяги тузилиши. Умуртқа поғонасини ҳосил қилувчи суякка умуртқа деб айтилади (4.9-расм).

 

4.9-расм. Умуртқа суяги ва унинг ўсиқчалари.

 

Умуртқанинг олдинги қисми цилиндр шаклига эга бўлиб, умуртқа танаси (corpus vertebrae) номини олган. Гавданинг асосий оғирлиги умуртқа танасига тушади. Умуртқанинг орқа қисми ярим айланасимон суякдан иборат бўлиб, унга умуртқа равоғи (arcus vertebrae) дейилади. Умуртқанинг бар­ча ўсиқчалари умуртқа равоғидан чиқади: ўткир қиррали ўсиқча (processus spinosus), бир жуфт кўндаланг ўсиқча (processus transversus), устки ва паст­ки бўғимли ўсиқчалар (processus articularis superior et inferior). Бўғимли ўсиқчалар фасеткали ўсиқчалар (синонимлари: равоқ ўсиқчалари, бўғимли ўсиқчалар) деб ҳам аталади. Бу ўсиқчалар умуртқа равоғининг иккала ён томонида симметрик тарзда жойлашган бўлиб, улар иккала умуртқани (устки ва пастки) бир-бирига бириктириб туради.

Ўткир қиррали ва кўндаланг ўсиқчаларга мускуллар ва умуртқа поғонаси бойламлари бирикади, бўғимли ўсиқчалар эса фасеткали бўғимларни ҳосил қилишда иштирок этади. Фасеткали ўсиқчалар умуртқа суякларининг бир-бирига нисбатан ҳаракатини таъминлашда бевосита иштирок этади (4.10-расм).

 

4.10-расм. Фасеткали ўсиқчалар ва умуртқа суягининг юқорига ва пастга ҳаракати.

  

Бўғимли (фасеткали) ўсиқчаларнинг бирикишидан ҳосил бўлган бўғимга фасеткали бўғим деб айти­лади (4.11-расм).

 

4.11-расм. Фасеткали бўғим.

 

Бўғимли ўсиқчалар юзаси тоғай тўқима билан қопланган. Фасеткали бўғимнинг тоғай тўқимаси юмшоқ, силлиқ ва сирпанчиқ бўлади. Ушбу бўғим бириктирувчи тўқимадан иборат герметик қопча билан ўралган ва унга бўгим капсуласи деб айтилади. Бўғим капсуласининг ички юзаси (синовиал мембрана) синовиал суюқлик ишлаб чиқаради. Синовиал суюқлик бўғим тўқималари озуқаси ва ҳаракатланиши учун ўта муҳим вазифани ўтайди. Спондилоартрозда, асосан, фасеткали бўғимлар зарарланади.

Умуртқалараро (фораминал) тешик. Умуртқа танаси билан унинг латерал ўсиқчалари орасида пайдо бўлган ва умуртқа поғонасининг иккала ён томонида жойлашган тешикка умуртқалараро ёки фораминал тешик деб айтилади.

Фораминал тешиклар орқали умуртқа каналидан спинал илдизчалар ва веналар чиқади, артериялар эса умуртқа каналига киради. Умуртқа танаси билан унинг равоғи ўртасида умуртқа тешиги (foramen vertebrale) бор. Бир-бирининг устида жойлашган умуртқа суяклари умуртқа поғонасини ҳосил қилади. Унинг ўртасидаги умуртқа тешиклари эса умуртқа каналини (canalis vertebralis) шакллантиради. Умуртқа каналида орқа мия ва унинг илдизчалари жойлашган (4.12-расм).

 

4.12-расм. Умуртқа канали, фораминал тешиклар ва орқа миянинг жойлашуви.

 

Умуртқа поғонаси бойламла­ри. Умуртқаларни бир-бири билан мустаҳкам боғлайдиган пай толаларига ўхшаш бойламлар мавжуд бўлиб, улар турли ҳаракатлар пайти­да умуртқаларнинг бир-бирига нисбатан ортиқча силжиб кетишига йўл қўймайди. Умуртқа каналида умуртқа танасининг орқа томони бўйлаб орқа узун бойлам (lig. longitudinale posterius) ўтган (4.13-расм).

 

4.13-расм. Умуртқа поғонаси бойламлари.

 

Орқа узун бойлам бўйиннинг 2-умуртқаси (С2) танасидан бошланиб, думғазанинг биринчи умуртқасига (S1) етмасдан тугайди. Умуртқа танасининг олдинги юзаси бўйлаб олдинги узун бойлам (lig. longitudinale anterius) ўтади. У атлантнинг олдин­ги равоғи бўртиғидан бошланиб, пастга тушиб келади ва думғаза суягининг тос юзасида тугайди. Олдинги узун бойлам орқа узун бойламнинг антагонистидир. Орқа узун бойлам умуртқа канали ичига дискнинг силжиб тушишига тўсқинлик қилса, олдинги узун бойлам умуртқа поғонасининг орқага ҳаддан зиёд букилиб кетишига йўл қўймайди.

Умуртқа каналида умуртқа равоғининг ички қисми бўйлаб жойлашган узун бойлам эса сариқ бойлам номини олган. Сариқ бойлам сариқ пигментга эга бўлганлиги учун ҳам шу ном билан аталади. Орқа узун бойлам умуртқа таналарини, сариқ бойлам эса умуртқа равоғини бир-би­ри билан боғлаб туради ва умуртқа поғонаси учун таянч вазифасини ўтайди. Умуртқалараро диск парчаланса ва умуртқа бўғимлари зарарланса, умуртқа бойламлари гипертрофияга учрайди. Орқа узун бойлам ва сариқ бойламнинг гипертрофияси умуртқа каналининг торайишига сабаб бўлади. Умуртқа каналининг торайишига умуртқа канали стенози деб айтилади. Умуртқа канали стенозида канал ичида жойлашган орқа мия, унинг илдизчалари ва қон томирлар сиқилади (4.14-расм).

 

4.14-расм. Умуртқа поғонаси канали.

 

Умуртқа канали томон ўсган остеофитлар ва медиал диск чурралари ҳам умуртқа канали стенозига олиб келади. Умуртқа каналини фақат оператив йўл билан кенгайтириш мумкин.

Умуртқалараро диск

Умуртқалараро диск ясси думалоқ шаклга эга бўлиб, у умуртқалар орасида жойлашган. Бўйиннинг 1-(атлант) ва 2-(аксис) умуртқалари орасида диск йўқ, чунки атлантнинг танаси бўлмайди. Бўйиннинг 2- ва 3-умуртқалари орасидан бошлаб пастдаги барча умуртқалар орасида диск бўлади. Дисклар пастга тушган сайин қалинлашиб ва йўғонлашиб боради. Умуртқалараро охирги диск L5–S1 орасида жойлашган. Думғаза умуртқалари орасида дисклар 17 ёшгача бўлади ва кейин битиб йўқолиб кетади. Дум умуртқалари орасида диск бўлмайди.

Диск умуртқаларни бир-бири билан боғлаб туради ва улар орасида амортизация вазифасини ўтайди. Диск қон томирларга эга эмас, у диффуз йўл билан озиқланади. Дискнинг ташқи қисмини симпатик толаларга бой синувертебрал нерв (n.sinuvertebralis) иннервация қилади. Диск 2 қисмдан иборат: 1) пулпоз ядро (nucleus pulposus); 2) фиброз ҳалқа (annulus fibrosus) (4.15-расм).

 

4.15-расм. Умуртқалараро диск тузилиши.

 

А) Пулпоз ядро. Пулпоз ядро дискнинг ўртасида жойлашган бўлиб, уни фиброз ҳалқа толалари ўраб туради. Пулпоз ядро эллипс шаклига эга. Унинг таркибида бириктирувчи ва тоғай тўқима ҳужайралари ҳамда коллаген толалар мавжуд. Пулпоз ядро мукополисахаридлар, гиалурон кислотаси, протеинлар ва бошқа шу каби бир қатор микроэлементларга бой. Пулпоз ядро гидрофил тўқимадир, яъни у суюқликни диффуз йўл билан ўзига шимиш хусусиятига эга. Суюқлик консистенцияси худди бўғимлардаги си­новиал суюқликка ўхшайди. Болалик ва ўсмирлик даврида пулпоз ядро ўз таркибида жуда кўп миқдорда суюқлик сақлайди, катта ёшдагиларда эса ундаги суюқлик миқдори камая боради. Масалан, чақалоқларда пулпоз ядро ўз таркибида 85–90 %, ёши катталарда эса 65–70 % суюқлик сақлайди. Ёш ўтган сайин пулпоз ядро ҳажми кичрая боради. Масалан, 50 ёшдан кейин одамнинг бўйи пасайиб бориши (баъзида 7–8 см га) ҳам шу жараён билан боғлиқ. Пулпоз ядро ўз шаклини ўзгартириб туради: одам тик турганда эллипс шаклидаги диск янада яссилашади, горизонтал ҳолатда бироз думалоқ шаклни олади.

Б) Фиброз ҳалқа. Пулпоз ядрони бириктирувчи тўқима толаларидан иборат қатлам ўраб туради. Бу толалар эластик хусусиятга эга. Худди арқон толалари каби бир-бири билан ўралашиб кетган бу ҳалқага фиброз ҳалқа деб айтилади. Фиброз ҳалқа ўта мустаҳкам бўлиб, пулпоз ядрони марказда ушлаб туради ва унинг ён томонларга силжиб чиқишига ҳамда умуртқаларни ўз ўрнидан силжи­шига йўл қўймайди. Фиброз ҳалқанинг марказий толалари пулпоз ядронинг капсуласини ташкил қилади, периферик толалари эса умуртқа каналининг олдинги деворини ҳосил қилувчи орқа узун бойлам билан туташади. Олдинги узун бойлам эса фиброз ҳалқа толалари билан бирикмасдан умуртқа танаси билан қўшилиб кетади.

Умуртқа поғонаси остеохондрозида дегенератив-дистрофик ўзгаришлар пулпоз ядрода ҳам, фиброз ҳалқада ҳам рўй беради. Бу жараён пулпоз ядро­нинг сувсизланиши, эгилувчанлик хусусиятининг йўқолиши ва мўртлашиб бориши билан кечади. Фиброз ҳалқа толалари ҳам эластиклигини йўқотади ва мўртлашади, уларда ёриқлар ва чандиқлар пайдо бўлади. Бунинг оқибатида фиброз ҳалқа патологик ўзгарган пулпоз ядрони марказда ушлаб тура олмай­ди ва пайдо бўлган ёриқлардан силжиб ташқарига чиқади. Агар одам бирдан оғир нарса кўтарса пулпоз ядро парчаланиб, фиброз ҳалқа йиртилиб кетади ва унда пайдо бўлган катта ёриқлардан пулпоз ядро силжиб умуртқа каналига тушади. Тўсатдан пайдо бўлган диск чурраси ана шундай ривожланади.

Одам кўтарадиган юкнинг оғирлик даражаси гавдани олдинга энгаштирса бир неча баробарга ошади ва уларнинг дискка кўрсатадиган босими ҳам ошиб кетади. Одам оғир нарсани ҳар доим олдинга энгашиб кўтаради. Шу­нинг учун ҳам диск чурраси кўпинча энгашиб юк кўтараётганда рўй беради.

Орқа мия, унинг пардалари ва спинал илдизчалар. Марказий нерв системасининг умуртқа канали ичида жойлашган қисми орқа мия деб айтилади (4.16-расм).

  

4.16-расм. Орқа мия, унинг пардалари ва спинал илдизчалар.

 

Орқа миянинг юқори қисми биринчи бўйин умуртқасига (атлантга) тўғри келади, пастки қисми эса иккинчи бел умуртқасига етмасдан тугайди. Орқа мия 3 та парда билан қопланган: қаттиқ (dura mater), ўргимчак тўрисимон (аrachnoidea) ва юмшоқ (pia mater). Қаттиқ парда бириктирувчи тўқимадан иборат бўлиб, герметик тузилишга эга. У орқа мия ва спинал илдизчаларни ташқи томондан қоплаб туради. Қаттиқ парда билан умуртқа орасидаги бўшлиқ эпидурал бўшлиқ деб юритилади. Эпидурал бўшлиқ ёғ қатлами ва веноз чигалларга бой. Қаттиқ парда остидаги бўшлиққа субдурал бўшлиқ деб айтилади. Демак, субдурал бўшлиқ қаттиқ парда ва арахноидал пардалар орасида жойлашган.

Арахноидал ва юмшоқ пардалар орасида субарахноидал бўшлиқ жойлашган бўлиб, унда ликвор айланади. Юмшоқ парда қон томирларга бой ва у орқа мияни бевосита ўраб туради. Ушбу тўқималар ва спинал илдизчалар умуртқа канали ичида жойлашган. Спинал илдизчалар умуртқа каналидан фораминал тешиклар орқали чиқади. Спинал илдизчалар танани сегментар иннервация қилади, яъни ҳар бир сегмент тананинг маълум бир қисми учун жавоб беради. Масалан, орқа миянинг бўйин қисми сегментла­ри – краниоцервикал соҳани ва қўлларни, кўкрак сегментлари – кўкрак ва қорин соҳасини, бел ва думғаза сегментлари – бел-думғаза соҳаси ва оёқларни иннервация қилади.

Танадаги сегментар типдаги бузилишларни аниқлаб, умуртқа поғонаси ва орқа миянинг қайси соҳаси зарарланганини билиб олиш мумкин. Бунинг учун спинал илдизчаларнинг умуртқалар ва тана қисмларига бўлган топографиясини аниқ билиш зарур. Орқа миянинг бўйин ва кўкракнинг юқори сег­ментлари умуртқа суякларидан бир поғона юқорида, кўкракнинг ўрта сегментларидан 2 поғона юқорида, кўкракнинг пастки сегментларидан (Th10, Thn, Th12) – 3 поғона юқорида жойлашган.

Паравертебрал мускуллар. Умуртқа поғонаси атрофида жойлашган мускулларга паравертебрал мускуллар деб айтилади. Улар умуртқа поғонасининг турли томонларга ҳаракатини таъминлайди. Паравертебрал мускуллар умуртқа ўсиқчаларига бирикади. Мускулларнинг спастик қисқариши нафақат оғриқлар билан намоён бўлади, балки умуртқа поғонасининг шаклини ўзгартиради, яъни сколиозни юзага келтиради.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив