Янгиликлар » Энциклопедия » УЧ ШОХЛИ НЕРВ НЕВРАЛГИЯСИ

УЧ ШОХЛИ НЕРВ НЕВРАЛГИЯСИ


Уч шохли нерв невралгияси – юзнинг бир томонида ўткир хуружсимон оғриқлар билан намоён бўлувчи касаллик. Уч шохли нерв невралгияси кўп учрайдиган касалликлар сирасига киради. Касалланиш 100 000 аҳоли сонига йилига 4 кишини ташкил қилади. Касаллик, асосан, ёши катталарда, яъни 40–60 ёшларда кўп учрайди. Уч шохли нерв невралгияси, кўпинча юзнинг ўнг томонида (70 %), кам ҳолларда унинг чап томонида (30 %) кузатилади.

Этиологияси. Уч шохли нервнинг идиопатик ва симптоматик невралгияси фарқланади. Идиопатик невралгия симптоматик невралгияга қараганда кўп учрайди.

Уч шохли нерв илдизи миячанинг юқори артерияси (a.cerebelli superior) томонидан эзилиб қолса, идиопатик невралгия ривожланади. Агар идиопа­тик невралгия 80 % ҳолатларда a.cerebelli superiorнинг патологик деформацияси ҳисобига ривожланса, қолган 20 % ҳолатларда идиопатик невралгия сабаблари аниқланмай қолади. А.cerebelli superior V нерв илдизчасини кўприкка кириш қисмида эзиб қўяди, чунки бу ерда улар бир-бирига яқин жойлашган. Кўпинча, V нерв илдизчасининг r. maxillaris ва r. mandibularis ўтадиган қисми эзилади. Шунинг учун ҳам идиопатик невралгияда оғриқлар юқори ва пастки жағ нервлари иннервация қиладиган соҳаларда кузатила­ди. Артериянинг патологик чўзилиши аксарият ҳолларда узоқ давом этадиган артериал гипертензия билан боғлиқ. Шу боис, идиопатик невралгия 40 ёшдан ошганларда кўп учрайди.

 

Симптоматик невралгия 40 ёшгача бўлган даврда кўп учрайди ва, асо­сан, вирусли инфекциялардан сўнг ривожланади. Симптоматик невралгия доимо бошқа бир касалликлар симптоми сифатида намоён бўлади. Симптоматик невралгияда кўпинча уч шохли нервнинг 1-шохчаси (r.ophthalmicus) зарарланади. Чакка суяги пирамидасининг диффуз яллиғланиши (мастоидит) ва жароҳатлари, тиш касалликлари ва стоматологик муолажалар, синуситлар (фронтит, гайморит), ўрта қулоқ яллиғланиши, орқа ва ўрта краниал чуқурча менингиомаси, метастатик ўсмалари, эпидермоид ва дермоид кисталар, каверноз синус тромбози, қандли диабет, захм, ОИТС, коллагенозлар, амилоидоз, васкулит, тарқоқ склероз каби касалликлар симптоматик невралгиянинг асосий сабабчиларидир. Ички уйқу артериясининг каверноз қисми аневризмаси ҳам n.ophthalmicusни таъсирлантириши мумкин. Аневризмага гумон қилинса МРА текшируви ўтказилади.

Клиникаси. Невралгиянинг иккала турида ҳам асосий клиник симптом – бир неча сониядан 2 дақиқагача давом этувчиўткир санчувчи оғриқлар. Уч шохли нерв невралгияси учун узоқ давом этувчи оғриқ хуружлари хос эмас. Оғриқ хуружлари ҳар гал зарарланган шохчалар соҳасида пайдо бўлади ва бу ҳолат уч шохли нерв невралгияси учун жуда хосдир. Оғриқ хуружлари тўсатдан пайдо бўлади ва, одатда, кундуз куни рўй беради. Оғриқ хуружла­ри бир кунда 2-3 марта, баъзида эса бир неча маротаба такрорланади. Бу хуружлар кетма-кет такрорланаверса, ушбу ҳолат status nevralgicus деб аталади. Status nevralgicus аксарият ҳолларда беморни "Тез ёрдам" орқали шифохонага мурожаат қилишга мажбур этади. Чунки оғриқ қолдирувчи дорилар бу пайтда ёрдам бермаслиги мумкин. Хуружлар йўқ пайти бемор ўзини соғлом одамдек ҳис қилади.

Оғриқ хуружлари юзнинг бир томонида пайдо бўлади. Юзнинг ҳар иккала томонида кузатиладиган оғриқлар уч шохли нерв невралгияси учун хос эмас. Уч шохли нервнинг 1-шохчаси зарарланса, оғриқ хуружлари пешона ва кўз косаси соҳасида кузатилади. Оғриқ хуружи пайтида бемор кўзини чирт юмади, кўзидан ёш чиқиб кетади, юзининг оғриётган қисмини кафти билан ёпиб олади ва ўша жойга иссиқ сочиқ ёки бошқа бир матони қўяди. Чунки иссиқ оғриқни оз бўлса-да, камайтиради. Оғриётган жойда мускуллар титрай бошлайди, баъзида бу титрашлар оғриқ хуружидан олдин пайдо бўлади ва оғриқ ўтиб кетгунча сақланиб қолади. Оғриқ пайтида мимик мускулларда кузатиладиган бу титрашлар оғриқли тик деб ҳам аталади. Баъзан оғриқ кузатилган томонда юз гемиспазми кузатилади. Оғриқ бўлаётган томонда беморнинг юз-кўзи қизариб кетади, бурни оқа бошлайди, гиперсаливация пайдо бўлади.

Уч шохли нерв невралгиясида оғриқ хуружлари кўпинча совуқроқ шамол таъсирида қўзғалади. Шунингдек, бемор гаплашаётганда, овқатланаётганда, кулганда, яъни мимик мускуллар иштирокида бажариладиган ҳар қандай ҳаракатларни амалга ошираётганда оғриқ хуружлари қўзғалиб кетади. Шу боис, бемор овқатланаётганда иложи борича овқатни жағнинг соғлом томони билан чайнайди, оғриган томонини кафти билан ёпиб олади. Бемор оғриқ пайдо бўлишидан қўрқиб, тиши ва юзини ювишдан ҳам ўзини тияди. Баъзан оғриётган жойни қўли билан қаттиқ ишқалаб, хуружларни бартараф этишга уринади. Оғир ҳолатларда зарарланган соҳага юпқа қоғоз би­лан тегилса ҳам оғриқ хуружи қўзғаб кетади. Юздаги жуда сезгир бундай соҳаларга триггер соҳалар деб айтилади ва улар фақат невралгияда пай­до бўлади. Триггер соҳалар V нервнинг қайси шохчаси зарарланганлигига боғлиқ. Энг сезгир триггер соҳалар – булар кўз ёриғининг ичкари қисми ва бурунлаб бурчагидир.

Оғриқ хуружлари юзнинг қайси қисмида пайдо бўлишига қараб, зарарланган нервни аниқлаб олиш мумкин. Уч шохли нервнинг 1-шохчаси зарарланганда оғриқ хуружи кўз ёриғининг ички бурчагида кузатилади ва корнеал рефлекс йўқолади, 2-шохчаси зарарланса, юқори жағ соҳасида (баъзан фақат бурун терисида), 3-шохчаси зарарланса, пастки жағ соҳасида (баъзан фақат ияк соҳасида) пайдо бўлади.

Беморнинг неврологик статусини текшираётганда, зарарланган нервлар чиқадиган нуқтани босса локал оғриқлар вужудга келади. Уч шохли нервнинг 1-шохчаси (ramus ophthalmicus) зарарланганда, foramen supraorbitale, 2-шохчаси (ramus maxillaris) зарарланганганда, foramen infraorbitale, 3-шохчаси (ramus mandibullaris) зарарланганда, foramen mentale ни босганда кучли оғриқ кузатилади. Бу соҳаларда гиперестезия ҳам кузатилиши мумкин. Бир неча ойдан сўнг бу жойларда гипестезия аниқланади ва оғриқ кучи эса пасая боради.

Уч шохли нервнинг йирик шохчалари биратўла зарарланмасдан, унинг майда шохчалари алоҳида зарарланиши ҳам кўп учрайди. Улар ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Уч шохли нервнинг 1-шохи, яъни кўз нерви (n. ophthalmicus) калла бўшлиғидан fissura orbitalis superior орқали кўз косаси ичига ўтади. Кўз нерви кўз косаси ичига киришдан олдин 3 тармоққа бўлинади: n. frontalis (пешона нерви), n. lacrimalis (кўз ёши нерви), n. nasociliaris (бурун-киприк нерви). Бу нервлар алоҳида зарарланса, улар иннервация қиладиган соҳада невралгиялар кузатилади. Агар n. lacrimalis зарарланса, санчувчи оғриқлар кўзнинг ички бурчагида, n. frontalis зарарланса, пешона соҳасида, n. nasociliaris зарарланса, бурун устида кузатилади ва пешона соҳасининг ўртасига ир­радиация қилади (назацилиар невралгия). Пешона нерви (n.frontalis), ўз навбатида, яна 2 шохчага бўлинади ва уларнинг ичида n. supraorbitalis йирикроқ нерв ҳисобланади. Бу нерв foramen supraorbitale орқали кўз косасидан ташқарига чиқади ва юқори қовоқ ҳамда пешона терисининг катта қисмини иннервация қилади. Супраорбитал нерв зарарланса, супраорбитал тешик соҳасида кучли санчувчи оғриқ пайдо бўлади ва у пешонанинг бошқа соҳаларига иррадиация қилади. Foramen supraorbitale босиб текширилса, оғриқ янада кучаяди. Бу невралгия супраорбитал неврал­гия номини олган.

Уч шохли нервнинг 2-шохи, яъни юқори жағ нерви (n.maxillaris) кал­ла бўшлиғидан юмалоқ тешик (foramen rotundum) орқали чиқиб, қанот-танглай чуқурчасига (fossa pterygopalatinum) ўтади. Нерв бу чуқурчага ки­ришдан олдин ва чуқурчага киргандан сўнг бир неча тармоқларга бўлинади. Унинг йирик тармоқлари – мия пардалари нерви (r. meningeus), кўз косаси пастки нерви (n. infraorbitalis), ёноқ нерви (n. zygomaticus), юқори катакча­лар нерви (nn. alveolares superiores) ва тугун тармоқлари (rr. ganglionares) ҳисобланади. Бу тармоқлар ичида инфраорбитал нерв невралгияси (невропатияси) кўп учрайди. Инфраорбитал нерв невропатияси,  кўпинча, гайморит ва юқори жағ соҳасида амалга ошириладиган хирургик (стоматологик) муолажалардан сўнг ривожланади. Оғриқ ва дизестезиялар, асосан, кўзнинг пастки қисмида ва юқори жағнинг шиллиқ қаватида кузатилади. Кучли оғриқлар бўлмайди. Шунинг учун ҳам "невропатия" атамаси ишлатилади.

Уч шохли нервнинг 3-шохи, яъни пастки жағ нерви (n. mandibularis) калла бўшлиғидан овал тешик (foramen ovale) орқали чиқиб иккига, яъни ҳаракат ва сезги толаларига ажралади. Ҳаракат толалари чайнов мускулларини ин­нервация қилади. Сезги толаларидан мия пардаларига борувчи нервлар (r. meningeus) – лунж нерви (n. buccalis), қулоқ-чакка нерви (n. auriculotemporalis), тил нерви (n. lingualis) ва пастки катакчалар нерви (n. alveolaris inferior) ажралиб чиқади. Бу нервлар пастки жағ касалликларида ёки шу ерда ўтказиладиган стоматологик муолажаларда кўп зарарланади.

Уларнинг клиникаси ҳақида тўхталиб ўтамиз.

  • Лунж нерви невропатияси лунжнинг шиллиқ қавати ва оғиз бурчаги терисида гипестезия билан намоён бўлади. Оғриқлар кузатилмайди. Лунж нервининг алоҳида зарарланиши жуда кам учрайди. У кўпинча пастки катакча нерви билан биргаликда зарарланади.
  • Тил нерви невралгияси, асосан, тишга қўйилган протезлар ва тишнинг ўткир учи билан тилнинг доимий таъсирланиши сабабли ривожланади. Тилнинг олдинги ярмида доимий ва бироз кучсиз оғриқлар пайдо бўлади. Бу оғриқлар бемор овқат чайнаганида ва гаплашганида кучаяди.
  • Пастки катакчалар нерви невралгияси (невропатияси) пастки жағ жароҳатлари ва яллиғланиш касалликларида ҳамда стоматологик муолажаларда кўп кузатилади. Касаллик клиникаси пастки лаб ва иякда ҳамда пастки жағ тишларида доимий симилловчи оғриқлар билан намоён бўлади. Кучли хуружли оғриқлар кузатилмайди. Пастки лаб ва ияк соҳасида парестезия ва гипестезиялар ҳам вужудга келади.

 УЧ ШОХЛИ НЕРВНИНГ ПОСТГЕРПЕТИК НЕВРАЛГИЯСИ

 

Уч шохли нервнинг постгерпетик невралгияси оғир кечувчи невралгиялар сирасига киради. Постгерпетик невралгия турли ёшда учраши мумкин. Бироқ у 50 ёшдан ошганларда кўп учрайди, 70 ёшдан кейин эса касалланувчилар сони кескин ошади. Бу ҳолат катта ёшдагиларда иммунитетнинг сустлиги билан изоҳланади. Постгерпетик невралгия ўткир герпетик инфекциядан (varicella-zoster) сўнг пайдо бўлади, баъзида у бир ҳафта ёки 1–2 ойдан сўнг ривожланади. Герпетик инфекция кўпинча уч шохли нервнинг

1-тармоғини зарарлайди ва тошмалар пешонанинг бир томонида ва кўз атрофида пайдо бўлади.

Постгерпетик невралгиянинг клиникасида бирин-кетин келувчи 4 босқич фарқланади.

  • 1-босқич, продромал даври. Тошмалардан аввал куйдирувчи оғриқлар ва қичима юзага келади. Тошма тошадиган жойда дастлаб пуштиранг доғлар пайдо бўлади, қичима ва оғриқлар ҳам шу жойда кузатилади. Бу давр ўртача 2–4 кун давом этади.
  • 2-босқич, тошмалар пайдо бўлиши даври. Зарарланган нерв иннервация қиладиган соҳага везикулали тошмалар тошади ва сувли ярачалар пайдо бўлади. Эритематоз тошмалар 1–2 кун ичида тошиб кетади ва уларнинг пайдо бўлиши яна давом этади. Аксарият ҳолларда "Постгерпетик невралгия" ташхиси тошмалар тошгандан сўнг қўйилади.
  • 3-босқич, теридаги ярачаларнинг битиш даври. Одатда, 2–4 ҳафта давом этади. Дастлаб тошма тошган жойлар бита бошлайди ва уларнинг ўрнида қуруқ пўстлоқча ва чандиқлар пайдо бўлади.
  • 4-босқич, постгерпетик невралгия даври. Ярачалар битиб, чандиқлар пайдо бўлган жойларда куйдиргувчи оғриқлар янада кучайиб боради ва доимий тус олади. Бу оғриқлар 3 ой, баъзида 1 йилгача давом этади. Оғриқлар қанча вақт давом этиши беморнинг ёши (кекса ёшдагиларда оғриқ бир неча ойга чўзилади), йўлдош касалликлар мавжудлиги (қандли диабет, сурункали бронхит, артериал гипертония, атеросклероз), зарарланган жой ҳажми ва даволаш муолажалари (айниқса, антивирус дорилар) қанча эрта бошланганлигига кўп жиҳатдан боғлиқ.

Постгерпетик невралгиядан сўнг зарарланган соҳада чандиқлар, дизестезия, гипестезия, гипералгезия, гиперпатия ва аллодиния каби асоратлар қолади.

Ташхис қўйиш алгоритми. "Уч шохли нерв невралгияси" ташхиси клиник симптомларга асосланиб қўйилади. Улар қуйидагилардан иборат:

  • бир не­ча сониядан 2 дақиқагача давом этувчи санчувчи оғриқлар;
  • кучли оғриқларнинг юзнинг бир томонида учраши;
  • оғриқларнинг тўсатдан ёки турли таъсиротлардан сўнг пайдо бўлиши;
  • юзда триггер соҳаларнинг бўлиши;
  • дастлабки кунлари гиперестезия, сўнгра гипестезия пайдо бўлиши;
  • антиконвулсантларнинг (карбамазепин ва ҳ.к.) юқори самара бериши.

Уч шохли нерв невралгияси ташхисини қўйиш қийинчилик туғдирмайди. Барча қийинчиликлар невралгияни келтириб чиқарувчи этиологик омилларни аниқлаш билан боғлиқ. Шунинг учун невралгия ташхиси аниқланганда, албатта, уни келтириб чиқарган сабабни излаш зарур. Қуйида шу масалага оид мисолни келтириб ўтамиз. Н. исмли бемор (42 ёш) сўнгги пайтларда юз соҳасидаги оғриқ хуружларининг тезлашгани ва кучайганидан шикоят қилиб врачга мурожаат қилади. Врач беморга "Уч шохли нерв невралгияси" ташхисини қўйиб, даволаш муолажаларини бошлайди. Орадан 3 кун ўтгач, муолажа пайтида беморда субарахноидал қон қуйилиши ривожланади ва у зудлик билан реанимация бўлимига ўтказилади. Шифохонада олиб борилган диагнсотик текширувлар қон қуйилишнинг сабаби базал артериялар аневризмаси ёрилиши эканлигини кўрсатади.

Уч шохли нерв невралгиясини фронтит, гайморит, чакка артериити, пулпит, пастки жағ бўғимлари артрити билан қиёслаш керак. Гайморит кўп тарқалган касалликлар сирасига киради. Ўткир гайморитларда ҳар доим юзнинг ярмида кучли оғриқлар ва ринит белгилари пайдо бўлади. Аммо бундай оғриқлар санчувчи хусусиятга эга эмас ва невралгия хуружларига қараганда узоқ давом этади. Гайморитда бурундан йирингли ажралма оқиб туради. Қонда яллиғланиш реакциялари пайдо бўлади. МРТ текширувида гайморит яққол аниқланади.

Уч шохли нерв невралгияси қайталаниб туради, яъни бемор соғайиб кетгандан сўнг ҳам турли хил инфекциялар, айниқса, ЛОР аъзолари касалликлари, тиш ва милк касалликлари невралгиянинг қайта қўзғашига сабаб бўлади.

Баъзан тарқоқ склероз тригеминал невралгия билан бошланади. Бу касалликда невралгик оғриқлар, одатда, 30 ёшгача бўлган даврда бошланади. Невралгия сабаби – уч шохли нерв демиелинизацияси ва бунинг оқибатида нервда склеротик тугунлар пайдо бўлишидир. Бу оғриқлар ўта кучли бўлиб, уларни бартараф этиш ўта мушкул. Невралгия белгилари би­лан биргаликда, тарқоқ склерозга хос бошқа симптомлар ҳам пайдо бўлиши, МРТ да склеротик ўчоқлар аниқланиши қиёсий ташхис ўтказишни осонлаштиради.

Қиёсий ташхис. Уч шохли нерв невралгиясини юз соҳасида учрайдиган бир қатор оғриқ хуружлари билан кечувчи касалликлар билан қиёслаш зарур. Улар ҳақида тўхталиб ўтамиз.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив