Янгиликлар » Энциклопедия » Уч шохли нерв

Уч шохли нерв


Нерв ҳақида қисқача маълумот. Уч шохли нерв (n.trigeminus, V нерв) аралаш нерв бўлиб сезги ва ҳаракат толаларидан иборат. Бироқ нервнинг энг катта қисмини сезги толалари ташкил қилади. V нервнинг сезги толалари юз ва бошнинг олдинги қисми териси, оғиз-бурун бўшлиғининг шиллиқ қавати ҳамда тишларни иннервация қилади (20-расм).

 20-расм. Уч шохли нерв иннервация қиладиган соҳалар

 

Тилнинг олдинги 3/2 қисмида таъм сезишни ҳам ушбу нерв таъминлайди. Ҳаракат толалари эса чайнов мускулларини (бироқ мимик мускуллар эмас) иннервация қилади.

Текшириш усуллари

    а) Сезги функциясини текшириш;

     б) Таъм билишни текшириш;

     в) Ҳаракат функциясини текшириш;

     г) Рефлексларни текшириш.

А. Сезги функциясини текшириш

  • Шикоятларини ўрганиш. Дастлаб бемордан юз соҳасида оғриқлар бор-йўқлиги сўраб суриштирилади. Одатда, бу нерв зарарланиши учун бир зумда ўтиб кетувчи ток ургандек локал оғриқлар хос. Оғриқлар кучли намоён бўладиган жойлар триггер соҳалар деб айтилади.
  • Оғриқ сезгисини текшириш. Оғриқ нуқталарини аниқлаш учун уч шохли нерв шохчалари чиқадиган жойлар босиб текширилади (21-расм).

а

б

в

21-расм. Уч шохли нервнинг биринчи (а-расм), иккинчи (б-расм) ва учинчи (в-расм) шохчалари чиқадиган нуқталарни босиб текшириш. Бу нуқталар Валле нуқталари деб аталади.

 

Булар for. supraorbitalis (1-шохча), for. Infraorbitalis (2-шохча) ва for. mentalis (3-шохча). Бу пайтда бемор кўзларини юмиб ўтириши керак. Оғриқ сезгиси чап ва ўнг томонда V нервнинг биринчи, иккинчи ва учинчи шохчалари иннервация қиладиган соҳаларга нина санчиб текширилади (22-расм).

 

а

 

б

 

в

22-расм. Уч шохли нервнинг 1-шохчаси (а-расм), 2-шохчаси (б-расм) ва 3-шохчаси (в-расм) иннервация қиладиган соҳаларда оғриқ сезгисини текшириш.

 

Нормада сезиш ўткирлиги ҳамма жойда бир хил бўлиши керак. Шунингдек, оғриқ сезгиси ички, ўрта ва ташқи Зельдер соҳаларида ҳам текширилади. Зельдер соҳаларида сезги бузилиши V нервнинг мия устунида жойлашган спинал ядроси зарарланишида кузатилади.

  • Ҳарорат сезгисини текшириш. Бу мақсадда илиқ ва совуқ (бироқ жуда совуқ эмас) сув солинган иккита пробиркадан фойдаланилади. Бемор кўзларини юмиб ўтиради. Иккала пробирка бир жойнинг ўзига кетма-кет тегизиб бемордан “Қай бири илиқ, қай бири совуқ” деб сўралади. Бемор уларнинг фарқини айтиб бериши керак. Одатда оғриқ сезгиси бузилган жойда ҳарорат сезгиси ҳам бузилади. Шунинг учун тиббий амалиётда ҳарорат сезгиси кам текширилади.
  • Тактил сезгини текшириш. Ушбу сезги момиқ пахта ёрдамида текширилади. Бунда ҳам бемор кўзларини юмиб ўтиради. Текшириш усули худди оғриқ ва ҳарорат сезгиларини текшириш қоидаси каби олиб борилади. Пахта теккан жойларга бемор “бир хил сезилди, сезилмади, паст сезилди” деб жавоб беради.

Б. Таъм билишни текшириш. Таъм билиш тилнинг олдинги 3/2 қисмида текширилади. Аввал қоғозга нордон, ширин, шўр ва аччиқ деган сўзлар катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилади. Бемордан тилини чиқариб туриш сўралади. Врач томизғич орқали маълум таъмга эга моддаларни тилнинг бир томонига томизади (23-расм).

 23-расм. Таъм сезишни текшириш усули

Бемор тилини ичкарига тортмай туриб қоғозда ёзилган таъмлардан бирини кўрсатиб бериши керак. Кейин бемор оғзини сув билан чайиб ташлайди. Врач тилнинг иккинчи томонида бошқа таъмга эга моддани томизиб таъм билишни текширади. Демак, таъм билиш тилнинг чап ва ўнг томонларида алоҳида-алоҳида текширилади. Олинган маълумотлар қоғозга қайд қилинади.

   

В. Ҳаракат функциясини текшириш

  • Чайнов ҳаракатларини текшириш. Бунинг учун бемордан оғзини очиб-юмиш, пастки жағни чап ва ўнг томонларга ҳаракатлантириб кўриш сўралади. Соғлом одамда оғиз оғриқсиз бемалол очиб-юмилади, пастки жағ ён томонларга бемалол ҳаракатланади. Кейин ундан пастки ва устки жағларни бир-бирига қаттиқ сиқиб туриш сўралади. Бу пайтда чайнов мускуллари иккала томонда ҳам бир хил таранглашади.
  • Чайнов мускуллари таранглигини текшириш. Иккала томонда temporalis ва m. masseter таранглиги текширилади. Бунинг учун врач бармоқларини ушбу мускуллар устига қўйиб туради ва бемордан чайнов ҳаракатларини бажариш сўралади. Шу йўл билан чайнов мускуллари ҳолати, яъни таранглиги, тонуси, трофикаси ва ҳаракатланиши текширилади. Чайнов мускуллари бир томонда атрофияга учраса, пастки жағ оғизни очганда ўша томонга оғади. Менингит, субарахноидал қон қуйилиши, қоқшол ва эпилептик хуружлар пайтида чайнов мускуллари қаттиқ тортишиб пастки ва устки жағ бир-бирига сиқилиб қолади. Бу ҳолатга тризм дейилади. Тризм пайтида бемор оғзини очолмай қолади. Чайнов мускуллари билан мимик мускулларни адаштирмаслик керак. Чайнов мускулларини V нерв иннервация қилса, мимик мускулларни VII нерв иннервация қилади.

Г) Рефлексларни текшириш

  • Шох парда (корнеал) рефлексини текшириш. Корнеал рефлексни текшириш учун бемордан юқорига ва четга қараб туриш сўралади. Сўнгра буралган тоза қоғознинг учи шох пардага (қорачиққа эмас) тегизилади (24-расм).

 24-расм. Корнеал рефлексни текшириш усули.

 

Бунга жавобан кўз юмилади. Бу рефлекс соғлом одамларда ҳар доим чақирилади. Корнеал рефлекснинг сенсор қисмини V нерв, ҳаракат қисмини VII нерв тармоқлари таъминлайди. Шунинг учун иккала нерв тармоқлари зарарланганда ҳам корнеал рефлекс пасаяди ёки йўқолади.

  • Қош усти рефлексини текшириш. Бемор очиқ турган кўзлари билан чеккага қараб туради. Врач неврологик болғачани бошни тепасида ушлаб туриб қош устининг ички томонидан секин уради (25-расм).

 25-расм. Қош усти рефлексини текшириш усули.

 

Бунга жавобан ўша томонда юқори ва пастки қовоқлар қисқаради. Агар неврологик болғача билан пешонанинг ўртасига урса, қовоқлар қисқариши иккала томонда ҳам рўй беради. Рефлектор ёйнинг афферент (сенсор) қисмини V нерв, эфферент (ҳаракат) қисмини VII нерв тармоқлари ташкил қилади.

  • Пастки жағ (мандибуляр) рефлексини текшириш. Бунинг учун бемордан оғзини бироз очиб туриш сўралади. Сўнгра ияг устига неврологик болғача билан секин урилади (26-расм).

 26-расм. Мандибуляр рефлексни чақириш усули.

 

Бунга жавобан чайнов мускуллари қисқариб пастки жағ бироз кўтарилади. Бу рефлекс нормада ҳар доим чақирилавермайди. Мандибуляр рефлекснинг ҳам афферент (сенсор), ҳам эфферент (ҳаракат) қисмини   V нерв ташкил қилади. Псевдобульбар фалажликда бу рефлекс кескин ошгани яққол кўринади.

 




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив