Янгиликлар » Энциклопедия » ТИЗЗАСИМОН ТУГУН НЕВРАЛГИЯСИ (ХАНТ СИНДРОМИ)

ТИЗЗАСИМОН ТУГУН НЕВРАЛГИЯСИ (ХАНТ СИНДРОМИ)


Фаллопий канали ичида юз нерви ёнидан ўтаётган XIII нерв толалари (сезги ва вегетатив) ўз йўналишини ўзгартириб, тиззасимон тугунни (ganglion geniculi) ҳосил қилади. Тиззасимон тугун невралгияси турли вирусли инфекциялардан сўнг ривожланади. Санчувчи ва куйдирувчи оғриқлар қулоқ супрасининг олдинги қисми, ташқи эшитув йўли, қаттиқ танглай, юқори жағ ва сўрғичсимон ўсимта соҳасида кузатилади. Кучли санчувчи оғриқлар тилнинг олдинги учдан икки қисмида таъм билишнинг бузилиши ва гиперсали­вация билан намоён бўлади. Агарда тиззасимон тугун невралгиясини Herpes zoster вируси чақирса, куйдирувчи оғриқлар кузатилган жойларга герпетик тошмалар тошади. Буни Хант синдроми деб аташади. Баъзида юз нервининг енгил фалажлиги ҳам кузатилади. Вирус шу атрофда жойлашган бир нечта ганглияларни зарарласа, куйдиргувчи оғриқлар ва герпетик тошмалар юз, пешона, чакка, энса ва бўйин соҳаларига тарқайди, оғиздан сўлак оқиши кучаяди, нистагм ва бош айланиши пайдо бўлади. Герпетик невралгиянинг бу тури кучли оғриқлар билан оғир кечади.

Даволаш. Невралгиялар билан касалланган беморларни даволашда бугунги кунгача карбамазепин (финлепсин, тегретол) асосий дори сифатида қўллаб келинмоқда. Ҳатто карбамазепиннинг тавсия этилиши невралгияни бошқа турдаги оғриқлар билан қиёслаш учун ҳам ёрдам беради. Чунки карбамазепин бошқа турдаги оғриқларга қараганда невралгияларни даволашда жуда самаралидир.

Карбамазепин 1957 йили Шиндлер томонидан синтез қилинган ва 1963 йили Блум томонидан уч шохли нерв невралгиясини даволаш учун қўлланилган. Карбамазепиннинг оғриқ қолдириш хусусияти батафсил ўрганилмаган. Унинг оғриқ қолдириш механизмларидан бири ноцицептив реакцияларда иштирок этувчи нейронлар мембранаси ўтказувчанлигининг пасайиши билан боғлиқ. Бунинг натижасида уч шохли нервнинг зарарланган қисмида пайдо бўлган оғриқ импульслари юқорига, яъни V нервнинг спинал ядросига, ундан эса таламусга тарқалиши кескин пасаяди. Карбамазепин гиппокампнинг глутаматергик системасига тормозловчи таъсир кўрсатади. Бу эса нафақат оғриқлар, балки аффектив ва вегетатив бузилишларнинг ҳамда тутқаноқ хуружларининг пасайишига ҳам олиб келади.

Карбамазепин 200 ва 400 мг ли таблеткаларда ишлаб чиқарилади. Карбамазепинни тавсия этишда унинг таъсирини кучайтирувчи ёки пасайтирувчи дориларни эътиборга олиш зарур. Масалан, дилтиазем, верапамил, никотинамид, эритромицин каби дорилар карбамазепин таъсирини кучайтиради, валпроатлар, галоперидол, фенобарбитал каби дорилар эса пасайтиради.

Карбамазепинни тавсия этиш тартиби:

  • даволашнинг 1-2-кунлари 100 мг дан кунига 3 маҳал;
  • 3-кундан бошлаб 200 мг дан кунига 2 маҳал;
  • 5-кундан бошлаб 200 мг дан кунига 3 маҳал;
  • 7-кундан бошлаб 200 мг дан кунига 4 маҳал.

Дорини ичиб бошлаган кунданоқ оғриқ дарров камаймайди, у кейинчалик камая бошлайди. Агарда доза маълум бир миқдорга етказилганда оғриқлар тўхтаса ёки кескин пасайса, унинг кундалик дозаси ушбу миқдорда 4–6 ҳафта мобайнида ушлаб турилади ва аста-секин камайтириб борилади. Бироқ, аксарият ҳолларда карбамазепинни узоқ вақт, яъни 6–12 ой мобайнида ичиш тавсия этилади.

Тиббий амалиётда карбамазепинни асоссиз равишда кам дозада бериш ёки уни эрта тўхтатиш тез-тез учраб туради ва бунга кўпинча дори сабабли пайдо бўладиган бош айланиши рўкач қилинади. Баъзида врач карбамазепинни 1 таблеткадан (200 мг) 3 маҳал ичишни узоқ вақт тавсия этади ва дорининг дозасини оширмайди. Бундай пайтларда беморда оғриқ камаяди, бироқ бутунлай йўқолмаслиги мумкин. Беморнинг невралгиядан узоқ вақт тузалмай юришининг асосий сабабларидан бири – бу карбамазепинни кам дозада тавсия этишдир. Бундай пайтларда дорининг дозасини ошириб бориш ўрнига врач "Сизга бу дори ёрдам бермади" деб уни ичишни тўхтатишни буюради ёки бошқа дорига ўзгартиради. Бу, албатта, нотўғри йўл. Чунки невралгияларда етарли дозада берилган карбамазепин, албатта, юқори даражада са­мара беради. Заруратга қараб дорининг кундалик дозасини 2100 мг га етказиш мумкин.

Карбамазепин бош айланиши, атаксия, кўнгил айниши, бош оғриғи, уйқучанлик ва терида аллергик тошмалар каби ножўя таъсирларга эга. Дорининг дозаси аста-секин ошириб борилганда унинг ножўя таъсирлари кам кузатилади. Карбамазепин тавсия этилган беморларга ҳар 2 ҳафтада умумий қон ва жигар ферментлари текширилиши, ЭКГ қилиниши керак. Агарда лейкопения, тромбоцитопения, жигар зарарланиши белгилари, атриовентрикуляр қамал пайдо бўлса, беморга дори ичишни тўхтатиш тавсия этилади.

Карбамазепиндан ташқари беморларни даволашда габапентин 400–600 мг дан кунига 3 маҳал, окскарбамазепин 200–400 мг дан кунига 3 маҳал, клоназепам 2 мг дан кунига 4 маҳал, фенитоин 100 мг дан кунига 2–3 маҳалдан қабул қилиш тавсия этилади.

Оғриқ хуружлари кучли ва тез-тез кузатилган ҳолатларда трамал 100 мг дан кунига 2–3 маҳал, диклофенак (волтарен) 50 мг дан кунига 2–3 маҳал, ксефокам (лорноксикам) 8 мг дан кунига 2 маҳал тавсия этилади. Шунингдек, тригеминал оғриқларда кузатиладиган психоэмоционал бузилишларни бартараф этиш учун антидепрессантлар ва транквилизаторлардан фойдаланилади. Антидепрессантлардан амитриптилин 25 мг дан кунига 2–3 маҳал ёки флуоксетин (портал, прозак) 20 мг дан кунига 2–3 маҳал, транквилизаторлардан феназепам 0,5 мг ёки нозепам (тазепам, оксазепам) 10 мг куни­га 1–2 маҳал буюрилади. Бу дорилар тавсия этилганда, бемор карбамазепин (финлепсин, тегретол) ичишни тўхтатмаслиги керак.

Герпетик невралгияларда антивирус дорилар (ацикловир, амантадин, ремантадин) буюрилади. Оғриқ хуружи кучайиб кетса, уни бартараф этиш учун 20 % ли 5 мл натрий оксибутират 0,9 % ли натрий хлор ёки 5 % ли глюкоза эритмасига қўшиб венадан томчилатиб юборилади. Беморларни даволашда рефлектор терапия усуллари (игна билан даволаш, гидрокортизон фонофорези) ҳам қўлланилади.

Хирургик даволаш усуллари. Бугунги кунда уч шохли нерв невралгиясини хирургик йўллар билан даволашнинг бир қанча усуллари мавжуд. Бу усулларни қўллашдан олдин нейровизуализация текширувлари (МРТ, МРА, ПЭТ) ўтказилади. Артериялар уч шохли нерв илдизчасини ҳақиқатан ҳам босиб қўйганлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг хирургик даволаш усуллари қўлланилади.

Биринчи усул – уч шохли нерв илдизчасининг микроваскуляр декомпрессияси. Бу усул мияча артериялари (a. cerebelli superior, a. cerebelli inferior anterior) уч шохли нерв илдизчасини эзиб қўйган ҳолатларда ўтказилади. Бунинг учун орқа краниал чуқурчага трепанация йўли орқали кирилади. Мияча артериялари билан уч шохли нерв илдизчаси бир-биридан ажратилади ва уларнинг орасига махсус тўқималардан тайёрланган қатлам қўйилади. Бу қатлам кейинчалик артериялар билан нерв илдизчасини бир-бирига тегиб қолиши ва яна компрессия ҳолати юзага келишининг олдини олади.

Иккинчи усул – уч шохли нерв илдизчасини радиотўлқинлар ёрдамида термодеструкция қилиш. Бунинг учун ток генераторига уланган махсус электрод уч шохли нерв илдизчаси ёнига олиб борилади. Бу электрод электр токи ёрдамида иситилади ва бунинг натижасида уч шохли нерв илдизчаси деструкцияга учрайди. Бу усул биринчи усулга қараганда кенг тарқалган бўлиб, оғир асоратлар бермайди.

Учинчи усул – стереотаксик радиохирургия (гамма-пичоқ) усули. Тиғсиз даволаш усули бўлиб, гамма нурлар ёрдамида уч шохли нерв илдизчасига таъсир ўтказилади ва унинг деструкциясига эришилади.

Тўртинчи усул – бош миянинг мотор пўстлоғини нейростимуляция қилиш. Калла суягининг тагига, яъни қаттиқ парданинг устига махсус элек­трод ўрнатилади ва у стимуляция қилинади. Оғриқ бир неча дақиқадан сўнг тўхтайди ва бир неча кунгача пайдо бўлмай туради. Хирургик усуллар консерватив даволаш усуллари самара бермаган ҳолларда ўтказилади.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив