Янгиликлар » Энциклопедия » Тил-ҳалқум ва сайёр нервлар

Тил-ҳалқум ва сайёр нервлар


 Нервлар ҳақида қисқача маълумот. Тил-ҳалқум нерви (n.glossopharyngeus, IX нерв) ва сайёр нерв (n. vagus, X нерв) умумий ядро ва функцияларга эга бўлганлиги боис, биргаликда ўрганилади. Улар қуйидаги ядролардан иборат:

  1. Ҳаракат ядроси (nucl. аmbiguus) – ютқин, ҳалқум, ҳалқумусти, юмшоқ танглай мускулларини иннервация қилади.
  2. Сезги ядроси (nucl. alae cinereae) – ютқин, юмшоқ танглай, ҳалқум, трахея ва ташқи қулоқ териси, ички қулоқнинг ички қавати, ноғора парда, орқа краниал чуқурча қаттиқ пардасини иннервация қилади.
  3. Сўлак ажратиш ядроси (nucl. salivatorius inferior) – сўлак безларини иннервация қилади.
  4. Таъм билиш ядроси (nucl. solitarius) – тилнинг орқа 3/1 қисмида таъм сезишни таъминлайди.

Бу ядролар мия устунида жойлашган. Улардан ташқари, X нерв ўзининг шахсий парасимпатик ядросига (nucl. dorsalis n. vagi) ҳам эга бўлиб, унинг толаларини жуда кўп ички аъзоларда топиш мумкин. Ҳаётий муҳим функциялар, айниқса юрак ва нафас олиш фаолияти ушбу нервларнинг нормал фаолият кўрсатишига бевосита боғлиқ.

Текшириш усуллари

  • Шикоятлари. Суҳбат чоғида овоз жарангдорлиги ва тембрига эътибор қаратилади. Манқаланиб гапириш, овқат ютишда қалқиб кетиш, овқатнинг бурунга ўтиб кетиши, ҳиқичоқ каби ҳолатлар бор-йўқлиги ўрганилади.
  • Юмшоқ танглай ва тилча ҳолати. Бемордан оғзини катта очиб баланд овозда «а-а-а» дейиш сўралади. Нормада юмшоқ танглай симметрик қисқариб тепага кўтарилади ва тилча ўрта чизиқда туради (33а-расм). Ҳаракат ядросининг бир томонлама зарарланишида юмшоқ танглай ўша томонда осилиб қолади, тилча эса соғлом томонга оғади (33б-расм).

33 а-расм. Нормал ҳолатда оғизни катта очиб “А” деганда юмшоқ танглай симметрик тарзда қисқаради ва тилча ўрта чизиқда туради.

33 б-расм. Зарарланган томонда юмшоқ танглай осилиб қолган, тилча соғлом томонга оғган.

 

  • Юмшоқ танглай ва ютқин рефлекслари. Бемордан оғзини катта очиб туриш сўралади. Сўнгра шпатель билан галма-гал юмшоқ танглайнинг чап ва ўнг томонларига оҳиста тегизилади. Нормада юмшоқ танглай қисқариб тепага кўтарилади. Сўнгра ютқин рефлекси текширилади. Бунинг учун томоқнинг орқа деворининг чап ва ўнг томонларига шпател билан галма-гал тегизилади. Бунда ютиш, қусиш ёки йўталиш ҳаракатлари пайдо бўлади. Бу рефлекслар соғлом одамларда жуда яхши чақирилади. Бироқ қарияларда ушбу рефлекслар бирмунча суст чақирилишини эсда тутиш лозим. Бу рефлексларнинг бир томонда чақирилмаслиги ўша томонда IX ва X нервларнинг периферик типда зарарланганлигидан далолат беради.
  • Таъм билиш. Тилнинг орқа 3/1 қисмида енгил таъмли моддалар томизиб текширилади (текшириш қоидаси V нерв ёзилган жойда келтирилган).

Патологияси. IX ва X нервлар зарарланганда ютиш бузилиши (дисфагия), овоз сўниши (дисфония), овоз чиқмай қолиши (афония), юмшоқ танглай ва ютқин рефлекслари чақирилмаслиги, манқаланиб гапириш, тилнинг орқа қисмида таъм сезишнинг пасайиши (гипогевзия) ёки йўқолиши (агевзия) каби симптомлар пайдо бўлади. Агар IX ва X нерв ядролари икки томонлама зарарланса, юрак фаолияти ва нафас олиш тўхтаб ўлим рўй беради. 

Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив