Янгиликлар » Энциклопедия » ТИРЕОТОКСИК КРИЗ

ТИРЕОТОКСИК КРИЗ


Тиреотоксик криз – гипертиреоз белгиларининг янада кучайиши билан намоён бўлувчи ўткир патологик ҳолат.  Тиреотоксик кризда (ТК) деярли ҳар доим буйрак усти безининг ўткир етишмовчилиги кузатилади. ТК тиреотоксикоз билан касалланиб юрган беморларда ўткир стресс, инфекцион касалликлар ва ичиб юрган дориларни тўхтатиб қўйишларда рўй беради. Гипертиреоз қалқонсимон безнинг гиперфункцияси билан намоён бўлувчи ҳолат бўлиб, баъзида нормал физиологик жараён ҳисобланади. Тиреотоксикоз эса қонда тиреоид гормонларнинг ошиб кетиши билан намоён бўлувчи патологик ҳолатдир.

Клиникаси. Тана ҳарорати тўсатдан 39-40 °С гача кўтарилади, психомотор қўзғалишлар, тахикардия, гипергидроз, ўта кучли холсизлик, умумий титраш, абдоминал оғриқлар, кўнгил айниш, кетма-кет қусиш, оғиз қуриши ва диарея пайдо бўлади. Бунинг натижасида организм сувсизланади. ТК да церебрал фалажликлар, офталмопатия, булбар синдром, координатор бузилишлар ва миалгиялар ҳам кузатилади. Тиретоксикоз билан оғриган бемор жуда озиб кетади. Криз зўрайиб бораверса, кома ривожланади.

Ташхис. Ташхис қўйишда беморнинг диффуз токсик бўқоқ билан оғриб юрганлиги, стресс ҳолатлари, хирургик операциялар, дориларни қабул қилиб юриш тартиби, биокимёвий кўрсаткичлар эътиборга олинади. Қонда тиреоид гормонлар миқдори ошиб кетган бўлади. УТД ёрдамида текширилган қалқонсимон безда патологик ўзгаришлар аниқланади.

Давоси. ТК да бемор зудлик билан реанимацияга ётқизилади. Қонда тиреоид гормонлар миқдорини камайтириш, буйрак усти бези етишмовчилиги ва  организмнинг сувсизланишини бартараф этиш, юрак-қон томир фаолиятини тиклаш муолажалари зудлик билан бошланади. Кортикостероидлардан гидрокортизон кунига 100-300 мг, юрак гликозидларидан 1 мл коргликон ёки 1 мл строфантин глюкоза эритмасида венадан юборилади. Заруратга қараб бу дориларни бир кунда бир неча маротаба қилиш мумкин. Тахикардияни бартараф этиш учун бета-адреноблокаторлардан 0,25 % ли 1 мл анаприлин (обзидан) в/и га қилинади. Организмнинг сувсизланишини бартараф этиш учун 5 % ли глюкоза эритмаси, реомакродекс, электролитлар, кунига 2 литр миқдорда қуйилади. Ажралиб чиқаётган кундалик сийдик миқдори ҳам эътиборга олинади. Беморнинг умумий аҳволи ва йўлдош касалликлари эътиборга олиниб бошқа зарур дорилар ҳам тавсия қилиниши мумкин.

Профилактикаси. Тиреотоксик криз, кўпинча қалқонсимон безни операция қилдирганларда (тиреоидэктомия) ривожланади. Шунинг учун ушбу операцияни ўтказган беморлар, албатта, УАВ назоратида туриши керак. Эндокринолог тавсия этган дориларни бемор қай тарзда қабул қилиб бораётганлигидан УАВ хабардор бўлиши лозим. Бундай беморлар ҚВП ёки оилавий поликлиникларда диспансер назоратига олинади.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив