Янгиликлар » Энциклопедия » САЙЁР НЕРВ НЕВРОПАТИЯСИ

САЙЁР НЕРВ НЕВРОПАТИЯСИ


Сайёр нерв (n. vagus) барча краниал нервлар ичида энг узуни ҳисобланади. Сайёр нерв дифтерия, порфирия, метаболик бузилишлар, умуртқа артерияси аневризмаси ва аномалияси вертебробазиляр инсульт ва ўсмаларда кўп зарарланади. Сай­ёр нерв тармоқлари жуда кўп бўлиб, уларнинг ичида ҳиқилдоқнинг юқори нерви (n. laryngeus superior) ва ҳиқилдоқнинг қайтувчи нерви (n. laryngeus recurrens) зарарланишлари кўпроқ учрайди.

Ҳиқилдоқнинг юқори нерви невралгияси. Ҳиқилдоқнинг юқори нерви сезги, ҳаракат ва парасимпатик толалардан иборат бўлиб, ички уйқу артериясининг орқа томонидан ўтади ва ҳиқилдоққа боради. Унинг ҳаракат толалари ҳиқилдоқ ва ҳалқум мускулларининг бир қисмини иннервация қилса, сез­ги ва парасимпатик толалари, асосан, ҳиқилдоқнинг устки ва тилнинг орқа қисмларини иннервация қилади.

Ҳиқилдоқнинг юқори нерви кўпинча ички уйқу артерияси ва юқори ҳиқилдоқ соҳасида ўтказиладиган хирургик операциялардан сўнг зарарлана­ди. Баъзида унинг сабаби аниқланмай қолади. Касаллик ҳиқилдоқ соҳасида 1-2 дақиқагача давом этадиган кучли оғриқ хуружлари билан намоён бўла-ди. Оғриқ хуружи пайтида кетма-кет йўтал тутади. Бу нервни қалқонсимон тоғайнинг юқори қисми соҳасида ҳиқилдоқни ён томондан босиб текшириш мумкин. Бунда оғриқ хуружи яна қўзғайди.

Ҳиқилдоқнинг қайтувчи нерви невропатияси. Ҳиқилдоқнинг қайтувчи нерви ҳам ҳаракат, сезги ва парасимпатик толалардан иборат бўлиб, бўйин ва кўкрак қафаси ичида жойлашган йирик қон томирлар (arcus aortae, a. subclavia) ёнидан ўтади. N. laryngeus recurrens ушбу соҳада жойлашган бир қанча симпатик ганглиялар ва n. laryngeus superior билан анастомозга эга. Бу нервлар қон томир чигалларини ҳам иннервация қилади. Шунинг учун ҳам ангиохирургия ва кардиохирургия амалиётида бу нервлар зарарланиши учраб туради. Айниқса, аорта аневризмаси, бўйин ва кўкрак қафасида ўтказиладиган хирургик операцияларни бунга мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Бироқ 30 % ҳолатларда касаллик сабаби аниқланмай қолади. Бундай пайтларда идиопатик невропатия ҳақида сўз кетади.

Касалликнинг асосий клиник белгиси – бу овознинг йўқолиши. Агар­да бир томондаги қайтувчи нерв зарарланса, дисфония, иккала томонда­ги қайтувчи нерв ҳам зарарланса, афония ривожланади. Дисфагия кузатилмайди. Оғриқлар ҳам бўлмайди. Ҳиқилдоқнинг юқори нерви зарарланиши учун кучли оғриқлар хос бўлса (шу боис невралгия дейилади), ҳиқилдоқнинг қайтувчи нерви зарарланиши учун бундай оғриқлар хос эмас (шу боис, невро­патия дейилади), балки дисфония ва афония хос. Шу белгиларга қараб, иккала касаллик орасида қиёсий ташхис ўтказиш мумкин.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив