СИНКОПЬЕ


Қисқа муддатли хушдан кетишга синкопье деб айтилади. Синкопье ўткир ҳолат ҳисобланади. Хушнинг узоқ муддатга йўқолиши синкопье учун хос эмас.

Этиологияси ва патогенези. Синкопье сабаблари жуда кўп. Улар – кардиоваскуляр бузилишлар (аритмия, фибрилляция, ортостатик гипотензия, каротит синуснинг ортиқча сезгирлиги, стенокардия), цереброваскуляр касалликлар (умуртқа артерияси ва уйқу артерияларининг ўткир стенозлари, бошқа сабабли ўткир вертебробазиляр ишемиялар), периферик вегетатив етишмовчилик, симпатэктомия, нафас йўллари билан боғлиқ патологик ҳолатлар (тинмай йўталиш, гипервентиляцион синдром), мия қоринчалари ўсмалари, метаболик бузилишлар ва ишемик гипоксиялар (гипокликемия, гипокалиемия, гипокалциемия, ўткир қон йўқотишлар, анемия), интоксикация ва заҳарланишлар (экзо ва эндотоксинлар, электролитлар дисбаланси, ис гази билан заҳарланиш), иссиқ жойда қолиб кетиш, офтоб уриши  ва ҳ.к. Демак, марказий ва периферик вазомотор марказлар фаолиятига кескин таъсир кўрсатиб ўткир церебрал ишемия ва гипоксия ҳолатини юзага келтирувчи барча салбий омиллар синкопье ривожланишига сабабчи бўлади. Синкопье, шунингдек, қаттиқ қўрққанда ёки стресс пайтида ҳам ривожланади. Бироқ, ўткир стресс сабабли ривожланадиган синкпопьени истерияда кузатиладиган синкопьедан фарқлай олиш керак. Ҳақиқий синкопьеда бемор дарров хушига келса, истерик синкопьеда бемор гўёки хушсиз ётади. Аксарият синкопьелар ривожланиш механизми n.vagus системаси фаоллашуви ва симпатик марказларнинг тормозланиши билан боғлиқ.

Клиникаси. Синкопье деярли ҳар доим кўз олди қоронғилашиб кетиши ва бош айланиши билан бошланади. Бемор бунга шикоят қилиб улгурмасдан бир неча сонияга хушдан кетади. Хушига келгач ундан сўралса, қулоқлари шанғиллаб битиб қолгани, оёқ-қўллар увишиб ҳолдан тойгани, кўнгли айнигани, совуқ тер босгани ва хушини йўқотганини айтади. Беморнинг ранги оқариб кетади, томир уриши тезлашади ёки секинлашади (симпатик ёки парасимпатик реакция), АҚБ тушади. Бироқ АҚБ тушиши коллапс даражасида бўлмайди. Синкопье АҚБ нинг кескин тушиб кетмаслиги ва тезда тикланиши билан шок (коллапс) дан фарқ қилади. Баъзи беморлар синкопье пайтида нима бўлганини била олмай қолади, яъни у тўсатдан ривожланади.

Синкопье пайтида нафас олиш ва юрак уриши тўхтаб қолмайди, сопор ва кома ривожланмайди, тутқаноқ хуружлари кузатилмайди, бемор дарров хушига келади. Беморни хушига келтириш учун юзига совуқ сув сепиш ёки горизонтал ҳолатга ётқизишнинг ўзи етарли.

Энди синкопье турлари билан танишиб чиқамиз.

Вазодепрессор (вазовагал) синкопье. Асосан, ёшларда (айниқса, қизларда) учрайдиган ўткир ҳолат бўлиб, унинг юзага келиши ўткир стресс ёки иссиқ жойда қолиб кетиш билан боғлиқ. Масалан, қоронғида кучукдан қўрқиш, оқаётган қондан ёки мурдадан қўрқиш, иссиқ пайтлари узоқ давом этувчи имтиҳонлар (абутируентлар ва талабаларда учраб туради), иссиқ ва кислород кам бўлган жойларда узоқ вақт тик туриш, катта шовқинли иссиқ залларда кинофилмлар кўриш, кутмаган одамга тўсатдан дуч келиш ва ҳ.к.  Ҳиссиётга бой кинофилмларда актёрлар синкопье ҳолатларини кўп ижро этишади.

Ортостатик гипотензия.  Синкопье билан намоён бўлувчи ушбу синдромнинг асосий сабабларидан бири – бу периферик вегетатив етишмовчилик. Ортостатик гипотензия орқа миянинг ён шохчалари, периферик ва висцерал қон томирларни иннервация қилувчи эфферент симпатик вазомотор толалар зарарланиши сабабли ривожланади. Маълумки, симпатик вазомотор толалар турли вазиятларда томирлар вазоконстрикциясини таъминлаб беради. Улар зарарланса, интраваскуляр босим пайтида периферик томирлар вазоконстрикцияси рўй бермайди ва бунинг оқибатида систем АҚБ тушиб кетади. Систем АҚБ кескин тушиб кетса, бош мияда ўткир ишемик гипоксия ривожланади. Ортостатик гипотензия қон босимни туширувчи дорилар, антидепрессантлар ва нейролептикларни катта миқдорда қабул қилганда ҳам учрайди. Паркинсонизмда синкопье, кўпинча, леводопа дориларини (наком, мадопар) қабул қилиб юрадиганларда рўй беради.

Ортостатик гипотензия горизонтал ҳолатда ётган бемор вертикал ҳолатга ўтганда систем АҚБ нинг кескин тушиб кетиши билан намоён бўлади. Бу ҳолат бемор ўрнидан туриб ўтирганда ёки бироз тик турганда ҳам рўй беради. Оғир ҳолатларда бемор ҳушидан кетса, енгил ҳолатларда беморнинг боши айланиб гандираклаб кетади, кўз олди қоронғилашади ва яна ўтириб олади ёки ёнбошлаб ётади. Синкопал ҳолатда беморнинг ранги оқариб, қорачиқлари кенгаяди, АҚБ 50/30 мм сим. уст. гача тушиб кетади. Томир уриши сустлашади ва юмшоқ бўлади. Мускулларнинг умумий гипотонияси ҳам кузатилади. Ортостатик гипотензия ташхисини қўйиш учун горизонтал ҳолатда ётган беморнинг АҚБ ўлчанади. Кейин ўтириш ёки тик туриш тавсия этилади. Бир дақиқа ўтгач, АҚБ яна ўлчанади. Вертикал ҳолатда систолик босим 20 мм сим. уст. га, диастолик босим 10 мм сим. уст. га тушганда, беморга ортостатик гипотензия ташхиси қўйилади.

Кардиоген синкопье. Асосан, аритмия, пароксизмал тахикардия, қоринчалар фибрилляцияси, AВ-қамал,  синус тугуни кучсизлиги, стенокардия ва миокард инфаркти билан боғлиқ. Демак, ҳар қандай синкопье сабаби кардиоген омиллар бўлиши мумкин. Миокард инфаркти ёки стенокардия сабабли ривожланган синкопье оғриқлар фонида пайдо бўлади. Бу ерда кардиоген синкопье билан кардиоген шокни фарқлай олиш лозим (“Шок” ёзилган жойга қаранг). 

 Вертебробазиляр соҳада қон айланишининг ўткир бузилиши. Кўп ҳолларда синкопье билан намоён бўлади. Бунинг асосий сабаби мия устунида жойлашган ретикуляр формация ишемиясидир. Беморда диплопия, нистагм, дизартрия ва атаксия каби неврологик симптомлар аниқланади. Бу ерда дроп-атакани синкопье билан фарқлай олиш керак. Дроп-атака (dropp–attaks) хушни йўқотмасдан ўта қисқа муддатга йиқилиб тушиш билан намоён бўладиган ўткир ҳолат. Бунинг сабаби ҳам ретикуляр формациянинг ўткир ишемиясидир. Демак, дроп-атака ҳам, синкопье ҳам вертебро-базиляр соҳада кузатиладиган ТИА сабабли ривожланади. Дроп-атака пайтида бемор тўсатдан рўй берган мускуллар атонияси сабабли йиқилиб тушса, синкопье пайтида хушини йўқотгани учун йиқилиб тушади. Иккала ҳолат ҳам бир неча сония давом этгани учун, уларни фарқлаш ўта қийин.

Каротид синус сезгирлиги. Артериал гипертензия ва уйқу артерияси атеросклерозида кузатиладиган синкопье. Катта ёшдагиларда учрайдиган бу ҳолат бошни ён томонга бурганда ёки бўйинбоғни сиқиб боғлаганда рўй беради.

Никтурик синкопье. Кекса ёшдагиларда тунда сийиш пайтида ёки сийиб бўлганда кейин кузатиладиган синкопье.

Истерик синкопье (псевдосинкопье). Истерияда кузатиладиган ҳолат бўлиб, бу шахс ўзини хушини йўқотган одамдек тутади, киприклари пирпираб туради. Ҳақиқий хушдан кетган одамнинг киприклари пирпирамайди. Унинг бурун тешиги ёки қошларига қоғоз учини тегизса, ижирғаниб қўлингизни итариб юборади ёки ўгирилиб ётади. Агар унинг ёнидан ҳамма чиқиб кетса, ён-берига қараб ўрнидан туриб олади ёки бошқа ҳаракатлар қилади. Бу ҳолатни эшик тешигидан қараб кузатиш мумкин. Асосан, ёш аёлларда учрайдиган бу ҳолат деярли ҳар доим уруш-жанжал ва келишмовчиликлардан сўнг ривожланади. Буюк француз неврологи Ж.М. Шарко аёлларда учрайдиган истерик хуружларга қуйидагича баҳо беради: “Истерик реакция – бу аёл киши учун эркакдан ўз аламини олишнинг яна  бир усули ”. Ҳақиқатан ҳам аёл киши истаги бажарилса, истерия ўтиб кетади.

Ташхис. Синкопье, кўпинча, 20-30 сония давом этади ва кам ҳолларда бир неча дақиқага чўзилади. Сикопье кузатилган ҳар қандай беморда унинг этиологиясини аниқлаш лозим. Айниқса, юрак-қон томир касалликлари сабабли ривожланган синкопал ҳолатлар жиддий текширувларни талаб қилади. Электролитлар (Na, K, CI) ва қанд миқдори ўрганилади. Шунингдек, ЭКГ, ЭхоКГ, ЭЭГ, краниография, флюрография, йирик артерияларни дупплексли сканирлаш қилинади. Бош мияни МРТ қилиш зарурати туғилиши мумкин. Ҳар қандай этиологияли синкопье ортостатик синамаларни ўтказишни тақозо этади. Қиёсий ташхис, асосан, абсанслар билан ўтказилади.

Давоси. Енгил ҳолатларда беморнинг ёқалари очилса, юзига совуқ сув сепилса ва салқинроқ жойга олиб чиқилса, унинг хуши дарров жойига келади. Баъзида, яъни вазовагал синкопьеда беморга ёрдам кўрсатишга улгурмасдан ўзига келиб қолади. Новшадил спиртини ҳидлатиш ҳар қандай этиологияли синкопьеда ўта самарали. Агар ушбу муолажалардан сўнг ҳам бемор хушига келавермаса, демак унда синкопье эмас, балки хушдан кетишнинг жиддийроқ шакли – коллапс, сопор ёки эпилептик хуруж.  

Прогноз. Прогноз деярли ҳар доим яхши. Бироқ жиддий касалликлар сабабли рўй берган синкопье махсус текширувлар ва даволаш муолажаларини ўтказишни талаб қилади.

Профилактикаси. Синкопье нафақат турли касалликлар, балки жисмонан нимжон одамларда ҳам кўп учрайди. Бунинг олдини олиш учун фаол жисмоний меҳнат ва спорт билан шуғулланиб организмни чиниқтириб бориш керак. УАВ аҳоли билан тарғибот ишларини олиб борганида тамаки чекиш, спиртли ичимликлар истъемол қилиш ва гиподинамия синкопьега мойилликни юзага келтирувчи омиллар эканлигини тушунтириб бориши керак.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив