Янгиликлар » Энциклопедия » СПЕЦИФИК ЭПИЛЕПТИК СИНДРОМЛАР

СПЕЦИФИК ЭПИЛЕПТИК СИНДРОМЛАР


Специфик эпилептик синдромларга турли вазиятлар ва махсус омиллар таъсирида ривожланган эпилептик хуружлар киради. Ушбу хуружларни махсус конвулсоген омиллар юзага келтиради. Агар улар бўлмаса, эпилептик хуружлар ривожланмайди. Шунинг учун ҳам бу хуружлар алоҳида гуруҳга ажратилган. Аксарият ҳолларда уларнинг этиологияси аниқ бўлади. Шу боис бу синдромлар этиологик тамойилга асосланиб ажратилган. Гипертермия, ўткир интоксикация, ўткир метаболик бузилишлар, ўткир гипоксия, конвулсияни юзага келтирувчи дорилар, нокетоген гипергликемия, ичкиликбозлик, ҳайз кўриш, фотосенситив ҳолатлар, пиридоксин етишмаслиги специфик эпилептик синдромларга олиб келади. Специфик эпилептик синдромларнинг клиник белгилари тарқалган ва фокал хуружларга ўхшаб намоён бўлади.

Специфик эпилептик синдромларнинг асосий турлари

  1. Фебрил хуружлар.
  2. Пиридоксин етишмовчилиги сабабли ривожланган эпилепсия.
  3. Менструал эпилепсия.
  4. Сенил эпилепсия.
  5. Фотосенситив эпилепсия ва ҳ.к.

  ФЕБРИЛ  ХУРУЖЛАР

 

Фебрил хуружлар – тана ҳарорати кўтарилган пайтда кузатилувчи тарқалган тутқаноқ хуружлар. Фебрил хуружлар 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болаларда учрайди. Касаллик энг кўп учрайдиган давр – бу 1-2 ёшлар.

 

Эслатма. Фебрил хуружлар фақат тана ҳарорати ошган бола­ларда рўй беради. Агар тана ҳарорати кўтарилмаса, тутқаноқ ху­ружлари бўлмайди.

 

Тана ҳароратининг кўтарилиши, кўпинча, юқори нафас йўллари инфекцияси билан боғлиқ. Тана ҳароратини туширувчи дорилар қўлланилса, тутқаноқ хуружлари ҳам тўхтайди.

Фебрил хуружлар тоник-клоник хуружлар билан намоён бўладиган бирламчи-тарқалган эпилептик хуружлардир. Шундай бўлса-да, улар енгил кечадиган эпилептик хуружлар сирасига киради. Чунки, бу касалликда прог­ноз деярли ҳар доим яхши. Фокал хуружлар унинг учун хос эмас. Фебрил ху­ружлар қанча эрта бошланса, шунча эрта йўқ бўлиб кетади. Бола ёши катталашган сайин фебрил хуружлар сони камайиб бораверади. Одатда, фебрил хуружлар бола 6 ёшга етмасдан ўтиб кетади. Баъзида эпилептик статус ривожланиб боланинг ҳаёти хавф остида қолади.

Фебрил хуружлар кейинчалик бошқа эпилептик хуружларга ўтиши мумкинлиги ҳақида ягона фикр йўқ. Агар фебрил хуружлар кузатилаётган беморда бош миянинг структур ўзгаришлари ва неврологик бузилишлар аниқланса, авлодда эпилептик хуружлар билан касалланганлар бўлса, хуружлар такрор-такрор кузатилаверса, кейинчалик эпилепсиянинг бошқа турлари ривожланиши эҳтимоли бор. Бундай беморларда, кўпинча, гиппокамп склерози аниқланади. Уларда фебрил хуружлар Леннокс-Гасто синдромига ўтиб кетиши мумкин.

 

МЕНСТРУАЛ ЭПИЛЕПСИЯ

 

Менструал эпилепсия – ҳайз циклининг маълум бир даврида кузатиладиган эпилептик хуружлар билан намоён бўлувчи клиник синдром. Менструал эпилепсия, одатда, пубертат даврда ривожланади. Эпилептик хуружлар ҳайз келиши билан пайдо бўлади ёки кўпаяди, ҳайз ўтиб кетгач эса камаяди ёки йўқолади. Бу эса антиконвуслантлар билан режали тарзда даволаш ва терапевтик дозани тўғри аниқлашни анча қийинлаштиради. Менструал эпилеп­сия эпилепсиянинг алоҳида клиник тури эмас. Унга алоҳида урғу берилишига сабаб эпилептик хуружлар кучайиши ёки камайишининг эстрогенлар ва шу каби бошқа гормонлар миқдорига боғлиқлигидир. Демак, менструал эпилепсия ҳар қандай турдаги, яъни идиопатик, симптоматик ёки криптоген эпилепсия бўлиши мумкин. Менструал эпилепсияда турли тоифадаги эпилеп­тик хуружлар билан бир қаторда вегетатив пароксизмлар ҳам кўп учрайди.

Менструал эпилепсияда гормонал бузилишларни меъёрлаштириш учун ҳайз бошланишидан бир ҳафта олдин прегнин 10 мг дан кунига 3 маҳал тил остига ташлаш тавсия этилади. Бу дорини бемор ҳайз тугагунга қадар қабул қилиб юриши керак.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив