Янгиликлар » Энциклопедия » СПИРТЛИ ИЧИМЛИКЛАРДАН МАСТЛИК

СПИРТЛИ ИЧИМЛИКЛАРДАН МАСТЛИК


Спиртли ичимликларни истъемол қилиш барча ҳалқлар ва элатлар орасида турли даражада тарқалган. Бу ёмон иллатга қарши курашиш ҳар доим ҳам кўзланган натижани беравермайди. Кам дозада қабул қилинган спиртли ичимлик руҳий тарангликни пасайтириб кайфиятни кўтаради. Одам гўёки турли ғам-ғуссалардан озод бўлади. Спиртли ичимликлар қабул қилганда юзага келадиган эйфория ҳолати – алкоголизм томон қўйилган дастлабки қалтис қадамлардан биридир.

Ичкиликни эрта бошлаган (масалан, 20 ёшгача) одамда алкоголизмнинг сурункали тус олиши вақтли ривожланади. Бир неча муддат ўтмасдан унда ўзини назорат қилиш ва ўзига нисбатан танқидий муносабат сустлаша боради. Бир сўз билан айтганда, унинг ҳулқ-атвори ўзгариб шахсияти парчалана бошлайди ва у бошқа одамга айланиб қолади. Арзимаган нарса ёки воқеага жаҳл қилиш, кайфиятнинг тушиб кетиши, атрофдагиларга агрессив муносабатда бўлиш бундай беморлар учун жуда хос. Баъзи беморлар депрессияга ҳам тушиб қолади. Бу эса уларнинг ичкиликка янада ружу қўйишига сабаб бўлади. Дисфория бундай беморларнинг доимий ҳамроҳи бўлиб, уларда аффектив ҳолатлар тез-тез рўй беради. Улар турли қалтис ишларга қўл уришади, ўз яқинлари ёки бегоналарга тан жароҳати етказишади ва ҳатто уларнинг жонига қасд қилишгача боришади. Ичкиликни муттасил равишда қабул қилиш унга ҳам психологик, ҳам жисмонан боғланиб қолишни юзага келтиради. Ичилган ичимликнинг деярли 10 % и организмдан ўпка, буйрак ва тери орқали чиқарилади. Қолган қисми жигарда метаболизмга учрайди. Соғлом одамнинг организмида бир марта ичилган спиртли ичимлик излари 2 ҳафта мобайнида сақланиб қолади.

Ошқозон-ичак системасига тушган спиртли ичимлик қон томирларга сўрилади ва қон орқали барча аъзоларга, шу жумладан МНС га етиб боради. Ичимлик бош мия катта ярим шарлари ва мияча тузилмаларида кўпроқ тўпланади. Пўстлоқ спиртли ичимликка жуда сезгир. Катта дозаларда қабул қилинган ичимлик бош мия катта ярим шарлари пўстлоғи ва мия устунида жойлашган ҳаётий муҳим марказларни тормозлайди. Кўп миқдорда спиртли ичимлик ичгандан ўлиб қолиш ҳолатлари – бу юрак-қон томир ва нафас олиш марказлари фаолиятининг бирдан тўхташи билан боғлиқ.

Маст бўлиш турли одамларда турлича кечади: баъзи одамлар 100 грамм ароқдан маст бўлиб қолишса, бошқа бировлар 0,5-1 литр ароқ ичгандагина маст бўлишади. Бу эса нерв системаси типи ва организмнинг умумий ҳолатига боғлиқ. Руҳан ва жисмонан нимжон одамлар тез маст бўлиб қолишади. Шунингдек, оч қоринга ёки ҳаво иссиқ кунлари ичкилик ичиш ҳам тез маст бўлишга сабабчи бўлади. Болалар, қариялар, юрак, жигар ва буйрак касалликлари билан оғрийдиганлар ҳам спиртли ичимликларга жуда сезгир.

Мастликнинг шартли равишда 3 хил даражаси фарқ қилинади: енгил, ўртача ва оғир. Бундан оғир ҳолатларда алкоголдан заҳарланиш рўй беради ва бемор комага тушади.

Енгил даражадаги мастлик. Бу ҳолат кам миқдорда ичкилик ичганда кузатилади. Одамнинг кайфияти кўтарилади, атрофдагилар билан тез мулоқотга киришиб кетади. Диққат озгина сустлашади, ўз имкониятларини юқори баҳолай бошлайди, қилаётган ишлари билан фахрланиб сўзлайди. Гап-сўзларида кетма-  кетлик бироз издан чиқади. Объектив текширувларда юз-кўзлар, бўйин териси, кафтлари енгил қизарган бўлади, енгил тер босади. Унинг кўзлари ёниб туради (бахтиёр одамнинг кўзларини эслатувчи ҳолат). Бу ҳолат тери ва тери ости капиллярларининг кенгайиши, вегетатив марказларнинг фаоллашуви билан боғлиқ. Енгил брадикардия ёки тахикардия, АҚБ пасайиши, мускуллар тонусининг диффуз тарзда енгил пасайиши, енгил координатор бузилишлар пайдо бўлади. 

Ўрта даражадаги мастликда кайфият бошқа тусда ўзгара бошлайди: шахс ўз хатти-ҳаракатлари ва сўзларини назорат  қила олмай қолади, арзимаган нарса ёки сўзга жаҳл қилиб ҳафа бўлади ёки уришиб кетади, норозичилик аломатлари вужудга келади, ўзига ёқмайдиган одам билан бир дастурхон атрофида ўтирган бўлса, у билан тортишаверади, баъзида ёқалашиб кетади. Жисмоний бақувват бўлса, кучини кўрсатишга ҳаракат қилади. Жисмонан ва руҳан нимжон бўлса, ўзини айблаб йиғлайверади ёки кулаверади. Бундай одамлар бировлар билиши шарт бўлмаган оилавий сирларини айтиб қўйишади ва эртаси куни уятга қолиб юришади. Мастлик пайтида хотира ва фикрлаш издан чиқади. Натижада ўша куни айтилган сўзлар ва кимлар билан ёқалашганини эртаси куни эслай олмайди. Хатто атрофида кимлар билан ўтирганини ҳам унутиб юборади. Ўтирган жойда ухлаб қолиш ҳам кўп кузатилади. Уйғонганидан кейин мастлик белгилари бироз пасаяди, бироқ кучли бош оғриғи бошланади. Агар бемор кўп овқат еган бўлса, мия устунидаги вегетатив марказлар қўзғалиши туфайли кўнгил айниш ва қусишлар рўй беради.

Объектив текширувларда координатор функциялар бузилганлиги, мускулларнинг диффуз гипотонияси, тахикардия ва АҚБ ошганлиги аниқланади. Беморнинг юз-кўзлари ва бутун танаси қизарган бўлади, кўп терлайди. Бемор ГК ёки АС билан касалланган бўлса, унда гипертоник криз, стенокардия ёки ТИА рўй бериши мумкин. Баъзида инфаркт ёки инсулт ривожланади. Мия томирлари аневризмаси бор одамларда АҚБ ошиши натижасида аневризма ёрилиб геморрагик инсулт ривожланиши эҳтимоли жуда юқори. Мастликнинг турли босқичларида алкоголли психозлар рўй беришини ҳам эсда тутиш лозим. Бундай психозлар психиатрия ва наркология дарсликларида батафсил ёритилган. 

Мастликнинг оғир даражасида беморнинг хуши ва олий руҳий функциялар кескин бузила бошлайди. Ташқи муҳитни ва ўзини назорат қилиш бутунлай издан чиқади, нутқи узуқ-юлуқ бўлади, тўхтаб-тўхтаб сўзлайди, тез-тез ҳиқичоқ тутади, ғалати мимик ҳаракатлар қилади, кўзлари юмилиб кетаверади. Вестибуляр бузилишлар яққол намоён бўлади, атаксия билан биргаликда, кучли бош айланиши, кўнгил айниш ва кетма-кет қусишлар рўй беради. Бу босқичда бемор хушини йўқота бошлайди ва чуқур сопор ривожланади. Юрак-қон томир фаолияти кескин бузилади, нафас олиш равонлиги бузилади (брадипноэ ёки тахипноэ). Нафас олиш ва юрак-қон томир ишини бошқарувчи марказлар фаолияти тўхташи сабабли бемор ўлиб қолиши мумкин. Спиртли ичимликларни кўп миқдорда истъемол қилганларда ўлим шу тарзда рўй беради.

Тиббий ёрдам кўрсатиш. Тиббий ёрдам, кўпинча мастликнинг ўрта ва оғир даражаларида кўрсатилади. Спиртли ичимликнинг ошқозон-ичак системасидан сўрилишини камайтириш учун беморга 2-3 ош қошиқ фаоллаштирилган кўмир кукуни ичирилади. Орадан 10-15 дақиқа ўтгач ошқозон сода солинган илиқ сув билан ювилади, яъни кўп миқдорда (0,5-1 лирт) ичишга берилади. Кейин қусиш рефлекси чақирилади. Баъзи беморлар бир коса илиқ сув ичган заҳоти қуса бошлашади. Кейин беморга новшадил спирти ҳидлатилади ёки бир стакан илиқ сувга 10 томчи новшадил спирти томизилади ва ичказилади. Ич келишини жадаллаштириш учун 25 г магний сулфат кукунини ичирилади. Тери остига 10 % ли 2 мл кофеин ёки 2 мл кордиамин қилинади. Шунингдек, 2 мл кордиаминни  40% ли 10 мл глюкоза эритмасига қўшиб венадан секин юбориш ҳам мумкин. 

Оғир даражадаги мастликда беморни яқинроқ жойлашган шифохонага дарҳол етказиш ва тиббий ёрдамни зудлик билан бошлаш керак. Бундай бемор сопор ёки кома ҳолатида бўлади, унинг оғзидан спирт бурқсиб туради. Унда жароҳатлар бор-йўқлигини текширилади, геморрагик инсулт, диабетик ёки уремик кома ривожланмаганми, деган саволларга дарҳол жавоб топиш керак бўлади. Дастлаб беморнинг бўйин умуртқалари ва калла суягини обдон текшириб кейин фаол даволаш чораларини бошлаш керак. Диагностик амаллардан кейин беморнинг ошқозонини зонд орқали ювишга киришилади. Бунинг учун 300-500 мл илиқ сувга натрий карбонат ёки калий перманганат қўшилади ва тайёр бўлган эритма зонд орқали ошқозонга юборилади. Ошқозон шу йўл билан кетма-кет ювилади. Беморга новшадил спирти ҳидлатилади. Қовуққа катетер қўйилади.

Шунингдек, 0,5 % ли 10 мл бемегрид + 1 мл кордиамин + 20 % ли 1 мл кофеин 0,9% ли 10 мл натрий хлор ёки 40 % ли 10 мл глюкоза эритмасига қўшиб венадан секин-аста юборилади. Бемегрид барбитуратларнинг антагонисти ҳисобланиб, уларнинг токсик таъсирини камайтиради, нафас олиш ва қон айланиш марказларини тетиклаштиради. Кофеин ва кордиамин мия устунида жойлашган ҳаётий муҳим марказларни стимуляция қилади. Шу боис бу дорилар битта шприцда биргаликда қилинади. Оғиз бўшлиғига тўпланган овқат қолдиқлари ва сўлаклар аспирация қилиниши, вазият тақозо этса, трахея интубацияси қилиниши керак.

Оғир ҳолда ётган маст одамга тез тиббий ёрдам етиб келгунга қадар қуйидаги тарзда ёрдам кўрсатиш мумкин: унинг иккала қулоғини кафтингиз билан қизариб кетгунча кучли ишқаланг. Қулоқларга қоннинг оқиб келиши ва аурикуляр нуқталарнинг қўзғалиши маст одамни дарров хушига келтиради. У врач билан сўзлашиб бошлаши ҳам мумкин. Бунинг учун бемор горизонтал ҳолатда ётган бўлиши, калла суяги ва бўйин жароҳатлари йўқлигига ишонч ҳосил қилиш керак. Бемор хушига келгач зарур маълумотлар йиғиб олинади ва шифохонага олиб борилади.

Ичкилик билан боғлиқ психозларда тез ёрдам

Спиртли ичимликларни қабул қилганларда турли хил психозлар (делирия, галлюцинация, онейроид ва ҳ.к.) рўй беради. Бундай пайтларда дастлаб органик этиологияли психозларни (айниқса, травматик психозни) инкор қилиш керак. Ўткир алкоголли психозларни (делирия) вақтинча бартараф этиш учун 100 мл ароқ ичказилади.Интенсив инфузион терапия билан биргаликда қуйидаги дорилардан бири зудлик билан қилинади. Седуксен 0,5 % ли 2-4 мл в/и га кунига 2-3 маҳал, 0,5 % ли 1-2 мл галоперидол м/и га, 2,5 % ли 2 мл тизерцин ёки аминазин в/и га ёки м/и га қилинади. Тиаприд (тиопросан) 100 мг кунига 2 маҳал ичишга буюрилади.  В1 витамини 5 мл дан кунига 3-4 маҳал қилинади.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив