СТУПОР


Ступор (лот. stupor “қотиб қолиш”, “донг қотиш”) – ташқи таъсиротларга жавоб реакциясининг бутунлай сўниши ва мутизм билан намоён бўлувчи қотиб қолиш.

Ступорнинг қуйидаги турлари фарқланади:

  • кататоник
  • депрессив
  • реактив

      Катотоник ступор оғир руҳий касалликларда ривожланади ва беморнинг турли ҳолатларда бутунлай қотиб қолиши билан намоён бўлади. У гапирмайди (мутизм), оғриқларни сезмайди, ҳеч қандай ҳаракатлар қилмайди, кўзлари очиқ ҳолатда бир нуқтага тикилиб қолади. Тик ҳолатда қотиб қолган бемор йиқилиб ҳам тушмайди, худди музейдаги манекенларга ўхшаб қотиб туради. Агар врач беморнинг мускулларини букиб-ёзмоқчи бўлса, бунинг уддасидан чиқа олмайди. Чунки беморда юқори даражада мускуллар гипертонуси кузатилади. Бемор билан ҳеч қандай мулоқотга киришиб бўлмайди, у ўзининг атрофида нималар (ўйин-кулги, уруш-жанжал) бўлаётганини сезмай қотиб тураверади ёки оёқ-қўллари ва гавдаси букилган ҳолатда ётаверади.

Катотоник ступорда баъзан қуйидаги негатив ҳолатлар кузатилади: беморга ёрдам бериб уни жойига ётқизмоқчи ёки ўрнига ўтқазмоқчи бўлсангиз, у фаол қаршилик кўрсатади; олдидаги овқат солинган идишни олмоқчи бўлсангиз, идишга ёпишади, ёнига яқинлашсангиз, у сиздан узоқлашади ёки хонадан чиқиб кетмоқчи бўлсангиз, у сиз билан мулоқотга киришга ҳаракат қилади ва ҳ.к. Шунингдек, баланд овозда берилган саволга жавоб бермаган беморнинг қулоғига шивирлаб гапирса, жавоб қайтаради. Баъзи беморлар тунда ўрнидан туриб юради, ўзини тартибга келтиради, туалетга бориб келади ва хатто овқатланади, ёнидагилар билан гаплашади.

Депрессив ступор оғир эндоген депрессияда кузатилади ва бунда ҳам бутунлай қотиб қолиш кузатилади. Бундай беморнинг юзида  депрессия ва азият чекканлик ҳолати билиниб туради.  Бемор билан мулоқотга киришиш мумкин, бироқ у фақат монотон товушда жавоб қайтаради ёки бошини қимирлатиб “ҳа-ҳа”, “йўқ-йўқ” қабилида жавоб қайтаради. Бемор ётган жойи ва уст-бошига умуман қарамай қўяди, ҳаммаёқ бесаранжом бўлиб ётади. Депрессив ступор баъзида психомотор қўзғалишларга ўтиб кетади. Бундай пайтларда бемор ўзига ва атрофдагиларга тан жароҳати етказиши мумкин. Шунинг учун ҳам ступор ҳолатига тушган беморнинг ёнига болаларни яқинлаштирмаслик ва уни дарҳол шифохонага ётқизиш керак.

Реактив (психоген) ступор – оғир мусибатлар ёки кучли стрессдан сўнг соғлом одамларда кузатиладиган қотиб қолиш. Реактив ступор ҳам юқорида кўрсатилган белгилар билан намоён бўлади, бироқ негатив симптомлар кузатилмайди. Бу ступор, одатда  бир кун ичида барҳам топади.

Тез ёрдам. Ҳар қандай ступорда бемор зудлик билан руҳий касалликлар шифохонаси ёки бошқа шифохоналарнинг тез ёрдам бўлимига ётқизилади ва назоратга олинади. Унинг ёнида доимо кузатувчи ва парвариш қилувчи одам бўлиши керак. Чунки бемор ўзига келганидан сўнг жонига қасд қилиши мумкин.

Катотоник ступорда дастлаб 20 % ли 2 мл кофеин эритмаси м/и га қилинади. Орадан 3-5 дақиқа ўтгач барбамилнинг 5 % ли 5 мл эритмаси м/и га ёки в/и га жуда секинлик билан юборилади. Венага юбориш тезлиги 1 дақиқага 1 мл дан ошмаслиги керак. Бемор ўзига келгач (мимик реакциялар пайдо бўлади, бир-икки сўзлар гапириб бошлайди) барбамил қилиш тўхтатилади. Чунки барбамилни кўп қилиб юборса, бемор ўзига келгач ухлаб қолиши мумкин. Нейролептиклардан 2,5 % ли 2 мл аминазин ёки 0,5 % ли 2 мл (10 мг) френолон ёки 1 % ли 2 мл (20 мг) мажептил м/и га қилинади. Албатта, бу дорилар билан нафас олиш марказлари фаоллигини сўндириб қўймаслик керак. Кучли катотоник ступорда бемор инсулин билан гипогликемик комага туширилиши мумкин. Депрессив ступорда ҳам барбамил ва кофеин муолажалари қилинади. Бемор ўзига келгач мелипрамин 200-300 мг ичишга берилади ёки 1,25 % ли 2 мл миқдорда м/и га қилинади. Реактив (психоген) ступорда 0,5 % ли 2 мл диазепам (седуксен, реланиум) м/и га қилинади. Сўнгра 10-20 мг элениум ёки 3-5 мг феназепам бир-икки кун мобайнида ичишга берилади.

 

Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив