Янгиликлар » Энциклопедия » СУРУНКАЛИ ЧАРЧАШ СИНДРОМИ

СУРУНКАЛИ ЧАРЧАШ СИНДРОМИ


Сурункали чарчаш синдроми – сурункали тарзда кузатиладиган умумий чарчоқ билан намоён бўлувчи ҳолат. Чарчоқ бир неча ойлар давом этади ва беморнинг нормал иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. "Сурункали чарчаш синдроми" атамаси 1988 йили АҚШ олимлари томонидан таклиф этилган. 1988 йилгача сурункали чарчаш синдромига ўхшаш ҳолатлар неврастения, психастения, истерия, вегетатив томир дистонияси, психосоматик синдром, соматоневроз, сурункали стресс асорати, ўтказилган нейроинфекциялар асорати, нейромиалгик синдром ва шу каби бошқа ташхислар билан аталган. Сурункали чарчаш синдроми ҳар қандай ёшда учрайди.

Этиологияси ва патогенези. Сурункали чарчаш синдромининг асосий этиологик омилларидан бири – бу ўтказилган вирусли инфекциялар. Маълумки, ҳар қандай вирусли инфекция дастлаб иммунитетни нишонга олади. Шу боис организмда қўзғалган барча вирусли инфекцияларда умумий ҳолсизлик кузатилади. Сурункали чарчаш синдроми оғир соматик касалликлардан тузалиб чиққан беморларда ҳам ривожланади. Уларда ўтказилган касаллик белгилари барҳам топса-да, аввалги жисмоний фаоллик тўла қайта тикланмайди. Бу ҳолат, айниқса жисмонан ожиз, депрессиядан азият чекадиган ва иммунологик статуси суст бўлган шахсларда ривожланади. Улар узоқ вақт аввалги иш фаолиятини тиклай олмай юришади ва тез чарчаб қолишаверади. Сурункали чарчаш синдроми ўтказилган кучли стресслардан сўнг ҳам ривожланади.

Клиникаси. Синдромнинг асосий белгиси – узоқ давом этувчи уму­мий чарчоқ. Чарчоқ жисмоний ҳаракатлардан сўнг кучаяди, дам олгандан кейин ҳам ўтиб кетавермайди, беморнинг холи қочиб ётаверади. Албатта, бу ҳолсизлик беморнинг ақлий фаолиятига ҳам таъсир кўрсатади. Бемор бирор-бир материални ўқиб ўзлаштира олмайди, иши ҳам унумсиз бўлади ва натижада ўз касбини тўлақонли бажара олмайди. Ушбу ҳолатлар беморни ортиқча асабийлаштиради, жиззаки қилиб қўяди, диққатини бузади ва унинг нормал иш фаолияти издан чиқади. Баъзида улар асоссиз равишда ишёқмас, дангаса, баҳоначи, ялқов ва муғомбир лақабларини олишади. Бу ҳолат оилавий жанжаллар сабабчиси ҳам бўлади.

Бу беморларда бош оғриғи, бош айланиши, уйқу бузилиши, иштаҳа йўқолиши, кайфиятнинг тез-тез ўзгариб туриши, паришонхотирлик каби симптомлар ҳам кўп кузатилади. Шунингдек, кардиалгия, абдоминалгия, цисталгия, миалгия каби психосоматик бузилишлар ҳам юзага келиши мумкин. Вирусли инфекциялардан сўнг ривожланган сурункали чарчаш синдромида лимфатик тугунлар ҳам катталашади. Касаллик сурункали чарчаш синдроми деб аталса-да, унинг симптомлари кўп ҳолларда ўткир бошланади. Бу эса ўз вақтида ташхис қўйишни анча қийинлаштиради. Бу патологик ҳолат учун специфик симптомларнинг йўқлиги ва касаллик сабабини аниқлаш қийинлиги беморни ҳам, врачларни ҳам анча сарсон қилиб қўяди. Узоқ текширувлар, чуқур анамнестик маълумотлар ва бошқа касалликларнинг йўқлигига асосланиб врач беморга сурункали чарчаш синдроми ташхисини қўйиши мумкин. Психоэоционал стресслар касаллик кечишини оғирлаштиради. Касаллик узоқ давом этаверса, кетма-кет текширувлар ўтказилаверса, беморда апатия ва реактив депрессия ҳолати вужудга келади. Касаллик кечиши темперамент типига боғлиқ бўлиб, меланхоликларда оғирроқ кечади ва узоқ давом этади. Сангвиниклар бу касалликдан тезроқ тузалишади.

Даволаш. Авваломбор беморнинг атрофида соғлом психологик муҳит яратиш лозим. Ташхис қўйилгач беморга бу оғир касаллик эмаслиги, балки умумий чарчоқ ҳолати эканлиги ҳақида тушунтириш берилади. Бу ҳолатдан тўла тузалиб кетажаклиги тушунтирилади. Бундай маълумотлар, албатта, беморга ижобий таъсир кўрсатади. Даволашда психотерапия, физиотерапевтик муолажалар, игнатерапия, уқалаш ва умумий тонусни оширувчи дорилар катта ёрдам беради. Беморга ичиш, чекиш каби ёмон одатлардан воз кечиш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш ва дам олиш сиҳатгоҳларига бориб туриш тавсия этилади.

Прогноз. Ҳар доим яхши.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив