Янгиликлар » Энциклопедия » СУРУНКАЛИ ЧАРЧАШ СИНДРОМИ

СУРУНКАЛИ ЧАРЧАШ СИНДРОМИ


Сурункали чарчаш синдроми доимий тарзда кузатиладиган кучли чарчоқ ҳолати бўлиб, унинг келиб чиқишини бирон-бир касаллик билан изоҳлаб бўлмайди. Чарчоқ бир неча ойлаб давом этади ва беморнинг нормал иш фаолиятига таъсир кўрсатади. “Сурункали чарчаш синдроми” атамаси 1988 йили АҚШ олимлари томонидан таклиф этилган. Авваллари бундай ҳолатга неврознинг бир тури деб қаралган. Сурункали чарчаш синдроми ҳар қандай ёшда учрайди.

Сабаблари қандай? Доимий стресс ҳолатида юрадиганлар, тез-тез касалланадиганлар, иммунитети паст одамлар, бадантарбия билан шуғулланмай, фақат ўтроқ турмуш тарзига ўрганиб қолганлар, доимий депрессияда юрадиганларда сурункали чарчаш синдроми кўп учрайди.

Белгилари қандай? Бу синдромнинг асосий белгиси узоқ давом этувчи умумий чарчоқдир. Чарчоқ жисмоний ҳаракатлардан сўнг кучаяди, дам олгандан кейин ҳам ўтиб кетавермайди, бемор холсизланиб ётаверади. Албатта, бу ҳолсизлик беморнинг ақлий фаолиятига ҳам таъсир кўрсатади. У бирор-бир материални ўқиб ўзлаштира олмайди, иши унумсиз бўлади ва натижада ўз вазифасини тўлақонли бажара олмайди. Ушбу ҳолатлар беморни ортиқча асабийлаштиради, жиззаки қилиб қўяди, диққатини бузади ва унинг нормал иш фаолияти издан чиқади. Баъзида бемор асоссиз равишда ишёқмас, дангаса, баҳоначи, ялқов ва муғамбир лақабларини олади. Шу боис, бу ҳолат оилавий жанжаллар сабабчиси бўлади. Бундай беморларда бош оғриғи, бош айланиши, уйқу бузилиши, иштаҳа йўқолиши, кайфиятнинг тез-тез ўзгариб туриши, паришонхотирлик, юрак санчиши, қорин соҳасида нохуш сезгилар, қовуқ оғриқлари ва тананинг (айниқса, бўғимларнинг) турли жойларида ёқимсиз сезгилар ва оғриқлар кузатилади. Вирусли инфекциялардан сўнг ривожланган сурункали чарчаш синдромида лимфа тугунлари ҳам катталашади. Турли хил стресслар касаллик кечишини оғирлаштиради. Касаллик узоқ давом этаверса, кетма-кет текширувлар ўтказилаверса, беморда апатия ва депрессия ҳолати вужудга келиши мумкин. Унинг кечиши темперамент типига ҳам боғлиқ бўлиб, меланхоликларда оғирроқ кечади ва узоқ давом этади. Сангвиниклар бу касалликдан тезроқ тузалишади.

Даволаш қандай ўтказилади? Авваломбор, беморнинг атрофида соғлом психологик муҳит яратиш лозим. Ташхис қўйилгач, беморга бу оғир касаллик эмас, балки умумий чарчоқ ҳолати эканлиги ҳақида тушунтириш берилади. Бундай маълумотлар, албатта, беморга ижобий таъсир кўрсатади. Даволашда психотерапия, физиотерапевтик муолажалар, игна билан даволаш, уқалаш ва умумий тонусни оширувчи дорилар катта ёрдам беради. Беморга ичиш, чекиш каби ёмон одатлардан воз кечиш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш ва дам олиш сиҳатгоҳларига бориб туриш тавсия этилади. Прогноз ҳар доим яхши.

 

Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив