Янгиликлар » Энциклопедия » СУРУНКАЛИ ЧАРЧАШ СИНДРОМИ

СУРУНКАЛИ ЧАРЧАШ СИНДРОМИ


Сурункали чарчаш синдроми – сурункали тарзда давом этадиган умумий чарчоқ ҳолати. Чарчоқ бир неча ойлаб кузатилади ва беморнинг нормал иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. “Сурункали чарчаш синдроми” атамаси 1988 йили АҚШ олимлари томонидан таклиф этилган. 1988 йилгача сурункали чарчаш синдромига ўхшаш ҳолатлар неврастения, психастения, истерия, вегетатив томир дистонияси, психосоматик синдром, соматоневроз, сурункали стресс асорати, ўтказилган нейроинцекциялар асорати, нейромиалгик синдром ва шу каби бошқа ташхислар билан аталган. Сурункали чарчаш синдроми ҳар қандай ёшда учрайди. Бироқ, бу синдром 25-45 ёшда кўп кузатилади.

Этиологияси ва патогенези. Сурункали чарчаш синдромининг асосий этиологик омилларидан бири – бу ўтказилган вирусли инфекциялар. Маълумки, ҳар қандай вирусли инфекция дастлаб иммунитетни нишонга олади. Шунинг учун ҳам организмда қўзғалган барча вирусли инфекцияларда умумий ҳолсизлик кузатилади. Сурункали чарчаш синдроми оғир соматик касалликлардан тузалиб чиққан беморларда ҳам ривожланади. Уларда ўтказилган касаллик белгилари барҳам топса–да, аввалги жисмоний фаоллик тўла қайта тикланмайди. Бу ҳолат, айниқса жисмонан ожиз, депрессиядан азият чекадиган ва иммунологик статуси суст бўлган шахсларда ривожланади. Улар узоқ вақт аввалги иш фаолиятини тиклай олмай юришади, тез чарчаб қолишаверади. Сурункали чарчаш синдроми ўтказилган кучли стресслардан сўнг ҳам ривожланади.

Клиникаси. Асосий белгиси – бу узоқ сақланадиган чарчоқ ҳолати. Чарчоқ жисмоний ҳаракатлардан сўнг кучаяди, дам олгандан кейин ҳам ўтиб кетавермайди, беморнинг холи қочиб ётаверади. Албатта, бу ҳолсизлик беморнинг ақлий фаолиятига ҳам таъсир кўрсатади. Бемор бирор-бир матнни ўқиб ўзлаштира олмайди, иши ҳам унумсиз бўлади ва натижада ўз касбида  тўлақонли ишлай олмайди. Ушбу ҳолатлар уни ортиқча асабийлаштиради, жиззаки қилиб қўяди, диққатини бузади ва нормал ҳаёт тарзига жиддий таъсир кўрсатади. Бемор баъзида ишёқмас, дангаса, баҳоначи, ялқов ва муғомбир лақабини олади. Бу ҳолат оилавий жанжаллар сабабчиси бўлиши мумкин.

Бу беморларда бош оғриғи, бош айланиши, уйқу бузилиши, иштаҳа йўқолиши, кайфиятнинг тез-тез ўзгариб туриши, паришонхотирлик каби симптомлар ҳам кузатилади. Шунингдек кардиалгия, абдоминалгия, цисталгия, миалгия каби психосоматик бузилишлар ҳам юзага келиши мумкин. Вирусли инфекциялардан сўнг ривожланган сурункали чарчаш синдромида лимфатик тугунлар катталашади. Касаллик сурункали чарчаш синдроми деб аталса-да, унинг симптомлари кўп ҳолларда ўткир бошланади. Бу эса ўз вақтида ташхис қўйишни анча қийинлаштиради. Бу патологик ҳолат учун специфик симптомлар йўқлиги ва касаллик сабабини аниқлаш қийинлиги беморни ҳам, врачларни ҳам анча сарсон қилиб қўяди. Узоқ текширувлар, чуқур анамнестик маълумотлар ва бошқа касалликларнинг йўқлигига асосланиб врач беморга сурункали чарчаш синдроми ташхисини қўяди. Доимий стресслар касаллик кечишини оғирлаштиради. Бу ҳолат узоқ давом этаверса, кетма-кет текширувлар ўтказилаверса, беморда апатия ва реактив депрессия ҳолати вужудга келиши мумкин. Касаллик кечиши темперамент типига ҳам боғлиқ: меланхоликларда оғирроқ кечади ва узоқ давом этади, сангвиниклар эса бу ҳолатдан тезроқ чиқишади.

Давоси. Авваломбор беморнинг атрофида соғлом психологик муҳит яратиш лозим. Ташхис қўйилгач беморга бу оғир касаллик эмас, балки умумий чарчоқ синдроми эканлиги тушунтирилади. Бу ҳолат ҳар доим тузалиш билан тугалланиши айтилади. Бундай маълумотлар, албатта, беморга ижобий таъсир кўрсатади. Психотерапия, физиотерапевтик муолажалар, игна билан даволаш, уқалаш ва умумий тонусни оширувчи дорилар катта ёрдам беради. Спиртли ичимликлар ичиш ва чекиш мумкин эмаслиги, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш лозимлиги беморга тушунтирилади. Йилда бир маротаба дам олиш сиҳатгоҳларига бориб туриш тавсия этилади.

Прогноз. Ҳар доим яхши.

 

Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив