Янгиликлар » Энциклопедия » РЕНТГЕНОЛОГИК ТЕКШИРУВЛАР

РЕНТГЕНОЛОГИК ТЕКШИРУВЛАР


Рентгенологик текширувлар нейродиагностикада муҳим аҳамиятга эга. Компьютер томография ва магнитли-резонанс томографиянинг тиббиётга кириб келиши рентгенологик текширувларни қўллашни чегаралаб қўйди. Бироқ, рентгенологик текширувлар нейротравматология амалиётида жуда кенг қўлланилади ва юқори даражада диагностик аҳамиятга эга. Чунки суяк-тоғай тўқимаси жароҳатлари кўп ҳолларда нерв системаси патологияси билан намоён бўлади.

Рентген текширувларини ўтказиш учун асосий кўрсатмалар

  • Калла суяги жароҳатлари;
  • Умуртқа поғонаси жароҳатлари;
  • Кўкрак қафаси жароҳатлари;
  • Елка ва қўл суяклари жароҳатлари;
  • Тос ва оёқ суяклари жароҳатлари;
  • Метаболик ва эндокрин бузилишларда суяклар ҳолатини ўрганиш;
  • Суяк-тоғай тўқимаси ўсмаси, аномалияси ва патологик деформациялари.

    Текширувга монелик қилувчи ҳолатлар

  • Ҳомиладорликнинг дастлабки 3 ойи.
  • Психомотор қўзғалишлар (тинчлантирилгандан сўнг қилинади).

Текширувга тайёрлаш. Дастлаб беморга текширув қонун-қоидалари ҳақида маълумот берилади. Диагностика мақсадида қўлланиладиган рентген нурлари одамга ҳавфсизлиги ва текширув бор-йўғи бир неча дақиқа давом этиши тушунтирилади. Текширув пайтида ҳеч қандай нохуш ҳолатлар кузатилмаслигини ҳам албатта айтиб ўтиш лозим. Беморни кузатиб келган одамга бошқа хонада кутиб туриш тавсия этилади. Текширув ўтказиладиган соҳадаги металл буюмлар, кўзойнак, тиш протезлари ва тақинчоқлар ечиб қўйилади. Чунки ушбу буюмлар рентгенологик расмларда акс этиб нотўғри маълумот сабабчиси бўлиши мумкин.

Текширувни ўтказиш. Текширув беморни рентгенологик столда  ётқизиб, тик турғазиб ёки стулда ўтқазган ҳолатларда ўтказилади. Беморга текширув пайтида қимирламаслик айтилади ва текшириладиган соҳалар иммобилизация қилинади. Рентгенологик расмлар врач кўрсатмасига биноан турли проекцияларда қилинади. Расмлар тайёр бўлгунга қадар бемор рентген хонасини тарк этмаслиги лозим. Рентгенолог расмлар сифатли чиққанлигига амин бўлгач, унга хулоса ёзилади. Хулоса ёзишда беморнинг ёши албатта эътиборга олинади.

Рентгенологик хулосалар. Неврологияда калла суяги рентгенографияси (краниография) и умуртқа поғонаси рентгенографияси (спондилография) алоҳида аҳамият касб этади. Хулоса ёзаётганда калла суяги шакли, ҳажми, қалинлиги, зичлиги, калла суякларининг жойлашуви, улар орасидаги чоклар ҳолати (айниқса, болаларда), қон томирлар сояси, турк эгари, краниал бўшлиқлар ва синуслар ҳолати акс этиши керак.

Краниография. Краниография ўтказиш учун асосий кўрсатмалардан бири – бу краниоцеребрал жароҳатлардир. Краниография КЦЖ рўй берган куниёқ ўтказилиши талаб этилади. КЦЖ да, кўпинча, калла суяги гумбази ва асосида дарз кетишлар ёки синишлар аниқланади. Краниография ён ва тўғри проекцияларда қилинади. Ана шунда тўлиқ маълумотга эга бўлиш мумкин.  Агар калла суяги зичлиги юқори бўлса, кичик синишлар ва дарз кетишлар аниқланмай қолиши мумкин.

Краниография ёрдамида калла суягининг туғма аномалиялари ва патологик деформациялар ҳам яхши аниқланади. Масалан, менингиома, краниофарингиома, гипофиз аденомаси, миелом касалликларда калла суяги деформацияси кузатилади. Айниқса, турк эгари юпқа ва мўрт бўлганлиги боис интракраниал жараёнларда тез деформацияга учрайди. Масалан, ИКГ да турк эгари янада юпқалашади, мўртлашади (остеопороз) ва унга кириш соҳаси кенгаяди. Агар турк эгари жуда катталашиб кетган ва деформацияга учраган бўлса, бу ҳолат гипофиз аденомаси ёки шу жойдан ўсаётган краниофарингиома билан боғлиқ.   

Калла суягига яқин жойлашган патологик жараёнларда (менингиома, краниофарингиома, сурункали эпидурал ва субдурал гематомалар) локал гиперостоз ва калцификатлар аниқланади. Педжет касаллигида калла суягининг кўп жойларида гиперостоз вужудга келади. Баъзида беозор калцификатлар калла суяги ва хатто бош миянинг турли соҳаларида (масалан, эпифизда) аниқланиши мумкин. Бу ҳолат, одатда, калций алмашинувининг бузилиши билан боғлиқ.

Болаларда учрайдиган гидроцефалияда калла суяги юпқалашиб, унинг хажми катталашиб кетади. Кучли ифодаланган ИКГ да ҳам калла суяги юпқалашади, остеопороз шаклланади, турк эгари кенгаяди, қон томирлар сояси ва “бармоқ излари” пайдо бўлади. Бемор қанча ёш бўлса, краниограммада ИКГ белгилари шунча яққол намоён бўлади.

Спондилография. Умуртқа поғонаси рентгенографияси ёрдамида умуртқаларнинг бир-бирига нисбатан жойлашуви, деформацияси, жароҳатлари, ўсмалар, умуртқа сили, умуртқалараро ёриқлар ҳолати, умуртқа зичлиги, шакли, хажми ва ундаги остеофитлар аниқланади.

Спондилографияда умуртқа поғонасининг 5 та анатомик қисми фарқланади: бўйин, кўкрак, бел, думғаза ва дум қисми. Бўйин умуртқалари кичикроқ, бел-думғаза умуртқалари эса йирикроқ хажмга эга. Спондилография врач тавсиясига кўра бўйин, кўкрак ёки бел-думғаза соҳасида ўтказилади. Текширув ўтказилаётганда нафас олиб уни ушлаб туриш тавсия этилади. Чунки кўкрак қафасининг қимирлаб туриши, рентгенологик расмлар сифатига салбий таъсир кўрсатади.

 Умуртқа поғонаси рентгени, одатда, тўғри ва ён проекцияларда қилинади. Врач тавсиясига кўра бошқа проекциялар ҳам танланиши мумкин. Агар бемор кучли оғриқлар билан олиб келинган бўлса, рентген текширувлар ўтказишдан олдин аналгетиклар қилинади. Бемор умуртқа поғонаси жароҳатлари сабабли иммобилизация қилувчи тахтакачлар боғланган ҳолатда олиб келинса, рентгенологик текширувлар дастлаб уларни ечмасдан ўтказилади. 

Умуртқа поғонаси нормада қуйидаги эгилишларга эга: бўйин ва бел қисмида бироз олдинга, кўкрак ва думғаза қисмида бироз орқага эгилган бўлади. Бу ҳолат бўйин ва бел лордози, кўкрак ва думғаза кифози деб айтилади (58-расм).

 

 

 

60-расм. Норма.  Бел умуртқалари рентгенограммаси тўғри проекцияда (а) ва ён проекцияда (б). 1 – умуртқа танаси; 2 – бўғим ўсиғи; 3 – кўндаланг ўсиқ; 4 – ўткир ўсиқ; 5 – умуртқалараро диск бўшлиғи; 6 – умуртқа танасини туташтирувчи юқори парда; 7 – қовурға; 8 – ёнбош-думғаза бўғими; 9 – думғаза.

 

 

 

61-расм. Калла суяги рентгени. Норма. (а – тўғри проекция, б – латерал проекция).1 – пешона суяги; 2 – тепа суяги; 3 – энса суяги; 4 – чакка суяги; 5 – понасимон суяк, 6 – ғалвирсимон суяк; 7 – қўз косаси; 8 – юқори жағ ва унинг синуси; 9 – бурун тўсиғи; 10 – пастки жағ.

 

62-расм. Калла суяги ва бўйин умуртқалари. Норма. 1 — чакка суяги; 2 — пастки жағнинг юқори ўсиқчаси; 3 — пастки жағ; 4 — энса суяги; 5 — атлант (бўйиннинг 1- умуртқаси); 6 — аксиз (бўйиннинг 2-умуртқаси); 7 — бўйиннинг 3-умуртқаси; 8 — 5-умуртқанинг ўткир ўсиғи; 9 — 6-умуртқанинг кўндаланг ўсиғи; 10 — фораминал тешик; 11 — 7-умуртқанинг ўткир ўсиғи; 12 — ўмров суяги; 13 — тўш; 14 — бўйин-энса бўғими; 15 — I ва II бўйин умуртқалари; 16 — бўйиннинг 2-умуртқаси; 17 — бўйиннинг 4-умуртқаси; 18 — бўйиннинг 5-умуртқаси; 19 — бўйиннинг 6-умуртқаси; 20 — бўйиннинг 7-умуртқаси

 

Демак, сколиоздан фарқли ўлароқ, енгил кифоз ва лордоз нормал ҳолат. Бироқ кучли кифоз ва лордоз патология ҳисобланади. Умуртқа поғонасининг ён томонларга (яъни фронтал кесимда) қийшайишига сколиоз деб айтилади.

Умуртқа поғонаси патологияси.  Турли проекцияларда ўтказилган рентгенографияда умуртқа поғонаси патологиясини бемалол аниқлаш мумкин. Рентгенограммада остеофитлар, дарз кетишлар, синишлар, остеопороз, умуртқа поғонаси ўсмалари, туғма ва орттирилган аномалиялар, деформациялар, Клиппел-Фейл синдроми, ревматоид артрит, сакрализация, люмбализация, спондилолистез (умуртқаларнинг бир-бирига нисбатан силжиши), спондилез (умуртқа поғонасининг деформацияси билан намоён бўлувчи сурункали касаллик), спондилит (умуртқа поғонаси яллиғланиши), Бехтерев касаллиги, Педжет касаллиги ва шу каби патологик ҳолатлар аниқланади.

 

63-расм. Кўкрак умуртқаларини ётган ҳолатда ренген қилиш усули.

   

Рентгенологик текширувлар натижаларига қараб, қўшимча равишда КТ ва МРТ текширувлари ўтказилади.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив