Янгиликлар » Энциклопедия » РОЛАНДИК ЭПИЛЕПСИЯ (МАРКАЭИЙ-ТЕМПОРАЛ ПИКЛАР БИЛАН ХАВФСИЗ КЕЧУВЧИ БОЛАЛАР ЭПИЛЕПСИЯСИ)

РОЛАНДИК ЭПИЛЕПСИЯ (МАРКАЭИЙ-ТЕМПОРАЛ ПИКЛАР БИЛАН ХАВФСИЗ КЕЧУВЧИ БОЛАЛАР ЭПИЛЕПСИЯСИ)


Роландик эпилепсия (РЭ) – болалик даврида учрайдиган хавфсиз кечувчи идиопатик фокал эпилепсия. Касаллик, асосан, 5-10 ёшларда бошланади. Бироқ у 2 ёшда ҳам, 14 ёшларда ҳам бошланиши мумкин. Эпилепсиянинг ушбу тури учун ЭЭГ да марказий-темпорал соҳада пик-тўлқинлар вужудга келиши шу даражада хоски, ҳатто улар касаллик номида акс этган: марказий-темпорал пиклар билан кечувчи эпилепсия.

Клиникаси. Касаллик оддий ва мураккаб фокал хуружлар билан бошланади. РЭ деярли 80-85 % ҳолларда оддий, 10-15 % холатларда мураккаб фокал хуружлар билан кечади. Фокал хуружлар, асосан, мотор ва сенсор феноменлар билан намоён бўлади. Вегетатив пароксизмлар эса кам учрайди. Хуружларнинг пайдо бўлиши уйқу билан бевосита боғлиқ бўлиб, улар уйқу пайтида ёки энди уйғонган заҳоти рўй беради. Кундуз кунлари хуружлар кам кузатилади. Хуружлар бир неча сониядан 3 дақиқагача давом этади. РЭ хуружлар энг кам учрайдиган эпилепсиялар сирасига киради. Дастлаб хуружлар тез-тез кузатилади, бироқ кейинчалик улар бир йилда 3-4 маротаба рўй беради, холос. Бемор, ҳатто антиконвулсантлар ичмаса ҳам хуружлар сони камайиб бораверади. Шунинг учун ҳам РЭ ни хавфсиз кечувчи эпилепсия деб аташади.

Фокал хуружлар, асосан, юзнинг бир томонида кузатилади ва бунда юз ва лабнинг бир томони тортишиб ва титрай бошлайди. Бундай хуружлар гемиафациал хуружлар деб аталади. Шу томонда турли парестезиялар ҳам кузатилади. Соматосенсор хуружлар пайтида бемор юзининг ярмини қўли билан ишқалай бошлайди ва гўёки шу йўл билан хуружни тўхтатмоқчи бўлади. Бир томонлама соматосенсор фокал хуружлар тил, милк, ҳалқум ва ҳиқилдоқда ҳам кузатилади. Хуруж пайтида табиийки, беморнинг нутқи бузилади, оғзидан сўлак оқади. Ҳалқум ва ҳиқилдоқдаги тоник-клоник хуружлар эса турли хил товушлар чиқишига сабабчи бўлади. Боласининг ёнида ётган ота-оналар унинг тўсатдан қийқириб юборганидан уйғониб кетишади. Бу пайтда боланинг юзида фокал хуружларни кузатишади ва унинг гапира олмай қолганига эътибор қаратишади. Баъзида хуружлар ўша томондаги қўлларга ҳам тарқайди ва жуда кам ҳолларда оёқларга ўтади. Демак, бир томонлама соматосенсор фокал хуружлар РЭ учун хос. Бу пайтда бемор ҳушини йўқотади.

РЭ да тарқалган тоник-клоник хуружлар ҳам кузатилади. Булар, асосан, иккиламчи-тарқалган хуружлардир. Бундай хуружлар 10­15 % ҳолатларда пайдо бўлади. Неврологик статусда патологик ўзгаришлар аниқланмайди, интеллект ҳам сақланиб қолади.

 

10.5-расм. Роландик эпилепсияда ЭЭГ тўлқинлар худди ЭКГ даги QRS тишига ўхшайди.

 

Электроэнцефалография. ЭЭГ текширувларида марказий-темпорал соҳада РЭ учун ўта хос бўлган пик-тўлқинлар комплекси пайдо бўлади. Бу тўлқинлар роландик комплекслар номини олган. Роландик комплекслар икки фазали юқори амплитудали ўткир тўлқинлар (200-300 мкВ) ва секин тўлқинлар йиғиндисидир. Бу комплекс худди ЭКГ даги QRS тишига ўхшайди ва фақат бош миянинг марказий ва чакка соҳаларида жойлашган электродлардан ёзилади (10.5-расм).

Роландик комплекслар бош миянинг бир ёки иккала томонида ҳам аниқланади. Бунда асосий биоэлектрик фаоллик сақланиб қолади. Роландик комплекслар эпилепсиянинг ушбу тури учун ўта хос бўлганлиги сабабли, уларнинг мавжудлиги ташхис қўйиш учун ўта муҳимдир.

Прогноз. Касаллик енгил кечади. Пубертат даврга келиб эпилептик хуружлар тўсатдан йўқ бўлиб кетади ва ЭЭГ текширувларида роландик комплекслар ҳам аниқланмай қолади. Пубертат давр, яъни жинсий балоғатга етиш даври – қизларда 12-16 ёш, ўғил болаларда 13-18 ёш ҳисобланади.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив