Янгиликлар » Энциклопедия » ПСИХИК СТАТУСНИ БАҲОЛАШНИНГ ҚИСҚА ШКАЛАСИ

ПСИХИК СТАТУСНИ БАҲОЛАШНИНГ ҚИСҚА ШКАЛАСИ


(Mini-Mental State Examination)

MMSЕ шкаласи турли касалликларда нейропсихологик бузилишларни аниқлаш ва баҳолаш учун кўп қўлланилади. Уни деменцияга гумон қилинган беморни кўрикдан ўтказаётган ҳар бир невропатолог, психолог ва психиатр қўллаши мумкин. Бу шкалани қисқа вақтда тўлдириш имкони бор.

 MMSЕ  ШКАЛАСИ, 1975

Текширилувчи

Функция

Топшириқ

Баллар

йиғиндиси

Вақтни англаш

Вақтни айтинг (число, ой, ҳафта куни, йил, фасл)

     0–5

Маконни англаш

Ҳозир биз қаердамиз (хона, шифохона, уй, шаҳар, давлат)?

 

     0–5

Идрок

Қуйидаги 3 та сўзни такрорланг: сув, нина, қалам  

 

     0–3

Диққат

100 дан 7 ни айириб боринг

 

     0–5

Хотира

Ҳалиги 3 та сўзни қайта эсга туширинг

 

     0–3

Гнозис

Бу нима? (бемор унга кўрсатилган нарсаларнинг масалан, қалам, соат номларини айтиши керак)

    

     0–2

Жумлани

такрорлаш

Жумлани такрорланг: “Ҳеч бўлмаганда, ҳеч қачон”

 

      0–1

Топшириқни

Тушуниш

Қоғозни ўнг қўлингиз билан олингда, уни икки бук­лаб стол устига қўйинг.

 

      0–3

Ўқиш

Ушбу ёзувни (“Кўзингизни юминг”) овоз чиқариб ўқинг ва уни бажаринг

 

      0–1

Ёзиш

Бирор-бир жумлани ўйлаб уни қоғозга ёзинг

      0–1

Чизиш

Ушбу расмни чизинг

      0–1

Баллар йиғиндиси

      0–30

 

MMSЕ шкаласини тўлдириш қонун-қоидалари

Вақтни англаш. Бемордан бугунги сана, ҳафта куни, ой, фасл ва йилни тўла айтиб бериш сўралади. Ҳар бир тўғри жавоб учун 1 балл қўйилади. Шундай қилиб, бемор 0 дан 5 баллгача тўплаши мумкин. Демак, умумий баллар йиғиндиси 0–5.

Маконни англаш. Беморга қуйидаги савол билан мурожаат қилинади: “Ҳозир биз қаердамиз?” Бемор давлат, шаҳар ёки вилоят, қаерда текширув ўтказилаётгани (уй ёки шифохона), ҳудуд ёки бино, қават ёки хона рақамини тўғри айтиб бериши керак. Ҳар бир тўғри жавоб учун 1 балл қўйилади. Бу вазифа учун ҳам бемор 0 баллдан 5 баллгача тўплаши мумкин. Демак, умумий баллар йиғиндиси 0–5.

Идрок. “Қуйидаги 3 та сўзни такрорланг ва эслаб қолинг ”сув, нина, қалам” деб беморга топшириқ берилади. Доктор ушбу сўзларни шошмасдан лўнда қилиб талаффуз қилиши керак (бир сонияда бир сўз). Ҳар бир тўғри такрорланган сўзга 1 балл қўйилади. Шундан сўнг бемордан “Сўзларни ёдлаб қолдингизми, қани яна бир бор қайтаринг-чи”, деб сўралади. Агар бемор сўзларни шу кетма-кетликда қайта айтиб беришга қийналса, врач томонидан ушбу сўзлар яна такрорланади ва уларни қайта такрорлаш сўралади. Шу тартибда сўзларни бир неча бор (бироқ 5 та уринишдан ортиқ эмас) такроран айтиб бериш сўралади. Агар биринчи такрорлашда бемор 3 та сўзни кетма-кет тўғри айтса – 3, иккинчи уринишда тўғри айтса – 2, учинчи уринишда тўғри айтса – l балл қўйилади. Агар бемор кейинги уринишларда ҳам топшириқни бажара олмаса, 0 балл қўйилади. Умумий баллар йиғиндиси 0–3.

Диққат. Бемордан “100 дан 7 ни кетма-кет айириб келинг” деб сўралади. Бемор қуйидаги тартибда 100 дан 7 ни айириб бориши керак: 100–7=93; 93–7=86; 86–7=79; 79–7=72; 72–7=65. Ҳар бир тўғри айирилган сон учун 1 балл қўйилади. Бемор 5 та айиришни ҳам тўғри бажарса, унга 5 балл қўйилади. Вазифани бажараётганда беморни шоширманг. Умумий баллар йиғиндиси 0–5.

Хотира. Бемордан идрокни текшираётганда қўлланилган сўзларни ёдга тушириб айтиб бериш сўралади. Ҳар бир тўғри эсланган сўз учун 1 балл қўйилади. Умумий баллар йиғиндиси 0–3.

Гнозис (кўрув гнозиси). Беморга қалам кўрсатиб, ундан “Бу нима? деб сўралади. Худди шу тартибда бошқа нарса (масалан, соат) кўрсатиб, у нималиги сўралади. Ҳар бир тўғри жавоб учун 1 балл қўйилади. Умумий баллар йиғиндиси 0–2.

Жумлани такрорлаш. Бемордан қуйидаги жумлани такрорлаш сўралади: “Ҳеч бўлмаганда, ҳеч қачон”. Бу жумла фақат бир марта айтилади. Бемор уни худди шундай такрорлаши керак. Тўғри такрорласа – 1 балл, такрорлай олмаса – 0 балл қўйилади.

Топшириқни тушуниш. Беморга бажарилиши 3 босқичдан иборат топшириқ оғзаки тарзда берилади. “Қоғозни ўнг қўлингиз билан олинг-да, уни икки буклаб стол устига қўйинг». Ҳар бир тўғри бажарилган босқичга 1 балл қўйилади. Бу топшириқ бир марта берилади. Умумий баллар йиғиндиси 0–3.

Ўқиш. Беморга катта ҳарфлар билан “КЎЗИНГИЗНИ ЮМИНГ” деган жумла битилган қоғоз берилади. Ундан: “Ушбу ёзувни овоз чиқариб ўқинг ва уни бажаринг”, деб сўралади. Бемор ушбу сўзларни ўқиб, кўзларини юмиши керак. Агар бемор қоғоздаги сўзларни ўқиб ҳақиқатан ҳам кўзларини юмса, унга 1 балл қўйилади. Топшириқ бажарилмаса, 0 балл қўйилади.

Ёзиш. Бемордан бирон жумлани ўйлаб, уни қоғозга ёзиш сўралади. Қоғозга ёзилган жумла грамматик жиҳатдан тўғри ва маъноли бўлса, унга 1 балл қўйилади.

Чизиш. Бемордан бир-бири билан кесишган 2 та беш бурчакли фигурани худди шундай кўринишда чизиб бериш сўралади. Ўртада тўртбурчак ҳосил бўлиши керак. Агар топшириқ тўғри бажарилса – 1 балл, нотўғри бажарилса – 0 балл қўйилади.

  

Баллар  градацияси

Баллар йиғиндиси, балл

Когнитив бузилишлар даражаси

 

28–30

Когнитив бузилишлар йўқ

20–27

Енгил деменция

11–19

Ўрта даражадаги деменция

0–10

Оғир деменция

 

Соғлом одам 28–30 баллгача тўплаши мумкин. Когнитив бузилишлар чуқурлашган сайин тўпланган баллар йиғиндиси камайиб боради. MMSЕ шкаласи бош миянинг диффуз зарарланишларида (цереброваскуляр касалликлар, турли этиологияли энцефалопатиялар, диффуз церебрал атрофиялар) кенг қўлланилади. Аммо бош миянинг локал зарарланиши сабабли ривожланган деменцияда бу тест қўлланилмайди.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив