Янгиликлар » Энциклопедия » ПСИХОЛОГИК ЁШМИ ЁКИ БИОЛОГИК?

ПСИХОЛОГИК ЁШМИ ЁКИ БИОЛОГИК?


Одамлар шахсини турли усуллар билан таҳлил қилган психологлар психологик ёш ва биологик ёш деган атамаларни таклиф қилишган. Агар одамнинг хулқ-атворидаги хислатлари унинг биологик ёшидан анча илгарилаб кетиб, катта одамни эслатса, унинг психологик ёши биологик ёшдан устун деб қабул қилинади.

Масалан, 5 яшар боланинг гап-сўзлари, ўзини тутиши 10 яшар болани ёки 20 яшар талаба 30–35 ёшдаги кишининг хулқ-атворини эслатса, демак, психологик ёш биологик ёшдан анча илгарилаб кетган. Бундайларни, одатда, ақлли бола ёки ақлли инсон деб таърифлашади, уларни ҳамма ҳурмат қилади. Улар ўта масъулиятли бўлишади, мустақил ҳаётга эрта қўл уришади, ота-онасининг энг яқин ёрдамчиси бўлишади, катталар билан бемалол мулоқотга киришиб кета олишади. Масъулиятли ишларни доимо уларга топширишади, ёш бўлса-да, катта лавозимларга таклиф қилишади.

Агар одамнинг хулқ-атворидаги хислатлари унинг биологик ёшидан анча орқада қолиб кетган бўлса, ўзини тутиши бола ёки ўсмирнинг қилиқларини эслатса, бундай шахсларнинг психологик ёши биологик ёшидан орқада қолган деб ҳисобланади. Психологик ёши орқада қолган 10 яшар боланинг гап-сўзлари, ўзини тутиши 5 яшар болани ёки 25 яшар талабанинг ўзини тутиши мактаб ўқувчисининг қилиқларини эслатади. Улар ўзидан кичик ёшдагилар билан ўйнашни хуш кўришади, хатти-ҳаракатлари истерик беморларга ўхшайди, енгилтак бўлишади, жиддий ишларга юзаки қарашади ёки қўл уришмайди, тенгдошлари уларга (айниқса, қиз бола бўлса) тегажоқлик қилиб юришни хуш кўришади.

Болани жуда эркалатиб тарбиялаш ёки 14-15 ёшдаги ўспиринга 4-5 яшар боладек муносабатда бўлиш психологик ёшнинг орқада қолиб кетишига сабаб бўлади. Улар улғайганда масъулиятсиз бўлиб етишади, ўзлари бирон бир ишни мустақил эплай олишмайди, бировга қарам бўлиб ўсишади. Уларни мақтаса, ёш боладек хурсанд бўлиб кулишади, ёшига хос бўлмаган қилиқлар қилишади. Бундай ҳолатларда пуэрилизм ҳақида сўз кетади.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив