Янгиликлар » Энциклопедия » ПСИХОПАТ – У ҚАНДАЙ ОДАМ?

ПСИХОПАТ – У ҚАНДАЙ ОДАМ?


Шахснинг патологик типда ўзгаришига психопатия деб айтилади. Психопатия касаллик эмас, балки хулқ-атворнинг патологик ўзгаришидир. Психопат – ҳар қандай вазиятда ҳам ўз шахсини ўта севадиган ва ўзини бировлардан устун қўядиган одам. Психопат ўзини шу қадар севадики, уни мақтаган одамни кўкларга кўтаради, ёмонлаган одамни эса ерга уриб, яксон қилиб ташлайди. Унинг учун фанатизм жуда хос. Психопат бирор нарсага қизиқса, шуни амалга оширмасдан қўймайди. Унинг бу ишини биров танқид қилса, уни кўрарга кўзи йўқ. Психопатлар ақлан заиф эмас, балки руҳан заиф одамлардир. Улардан кучли рассом, математик, шоир ёки ҳарбий саркардалар етишиб чиқади. Психопат ўзига ва бошқаларга жуда талабчан бўлади, ўта тоза ва чиройли кийинишга интилади. Унинг хулқ-атворида ўта ишчанлик ва ўта ялқовлик, ўта меҳрибонлик ва кучли қаҳр каби бир-бирига зид бўлган хислатлар биргаликда намоён бўлади.

Психопат ҳар доим ўзини мақташга сабаб излайди, бировлар уни мақтаса, дунёда энг бахтиёр одамга айланади. Бировларнинг устидан ҳукмронлик қилиш унинг энг яхши кўрган хоббиси ҳисобланади. Шу боис психопат ҳар доим мансабга интилади. Оилада у бахтсиз одамдир. Психопат рафиқаси ва фарзандлари билан ҳеч чиқиша олмайди. Бироқ ишда унинг ошиғи олчи. У ишга бутун вужуди билан киришиб кетади, ҳатто у ерда ётиб қолади. Психопатнинг дўстига айланмоқчи бўлсангиз – уни мақтанг, душманига айланмоқчи бўлсангиз – танқид қилинг. Демак, психопатнинг энг нозик жойи – мақтов ва танқид. Психопатлар қасд олишга ўч одамлар эканлигини унутманг.

Психопатнинг болалиги қандай кечган бўлади? Психопатия белгилари кўпроқ 12-14 ёшларда авж ола бошлайди. Бу даврда бола оғир руҳий жароҳат олса, яъни унинг шахсига алоқадор ўта кучли камситиш ва ҳақоратомуз ҳолат рўй берса, у аламзада бўлиб ўсади, одамларни ёмон кўради, улардан қасдини олса, ҳузур қилаверади. Мана шу аламзадалик умрининг охиригача давом этиши мумкин. Бош мияга олинган жароҳатлар ҳам боланинг руҳий ривожланишига жиддий таъсир кўрсатади (масалан, ота-она боланинг бошига кўп урса).

Баъзида психопатия наслий хусусиятга эга. Одатда, уйдаги носоғлом муҳит боладаги психопатик ўзгаришларни янада кучайтириб юборади. Бундай пайтларда психологнинг бола билан ишлаши бефойдалигини ота-оналар унутмаслиги керак. Шунинг учун ҳам психологик суҳбатга оиланинг барча аъзолари жалб қилиниши лозим. Бу ўта мураккаб муаммо! Бироқ уни ечмасдан туриб, психопатия ривожланишининг олдини олиб бўлмайди. Бола ота-она меҳрига тўйиб ўсиши керак. Болага 5 ёшгача меҳр бериш, ундан кейин қаттиққўл бўлиш керак деган нақл мутлақо нотўғри. Бола 40 ёшга кирса ҳам ота-она тирик экан, боласидан меҳрини аямаслиги керак. Ана шунда у бировдан меҳр изламайди, бировга тобе бўлмайди.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив