Янгиликлар » Энциклопедия » ПСИХОСОМАТИК СИНДРОМ

ПСИХОСОМАТИК СИНДРОМ


Психосоматик синдром – ўткир ва сурункали стресслар натижасида ички аъзолар ва системаларда ривожланган функционал бузилишлар мажмуаси. Демак, психосоматик синдром психоген этиологияли функционал бузилишлар бўлиб, унинг негизида марказий нерв системасининг дисфункцияси ётади. Статистик маълумотларга кўра, терапевтик йўналишдаги барча касалликларнинг 70 % и – булар психосоматик синдромлар, қолган 30 % и органик касалликлар, холос. Бу эса ҳар бир врачдан психосоматик бузилишларни мукаммал билишни талаб этади.

Психосоматик бузилишларнинг турлари жуда кўп бўлиб, уларга психоген цефалгия, психоген бош айланиши, психоген кардиалгия, психоген астма, псевдоревматизм, психоген радикулалгия, психоген абдоминалгия, психоген дизурия, психоген сексуал бузилишлар, психоген қичима, психоген гиперестезия каби бир қатор синдромлар киради. Бу ердан кўриниб турибдики, психосоматик бузилишлар деярли барча ички аъзолар ва системаларнинг функционал бузилишлари билан намоён бўлади. Шу боис уларни деярли ҳар доим органиқ синдромлар билан қиёслашга тўғри келади. Авваломбор органик касалликни инкор қилиш – тиббий психологиянинг олтин қонуни.

Тиббий амалиётда ниқобланган депрессия атамаси ҳам кенг қўлланилади. Аслида депрессия негизида вужудга келган ва бошқа касалликларнинг клиник симптомларига ўхшаб намоён бўлувчи синдромга ниқобланган депрессия деб айтилади. Масалан, кучли цефалгия ИКГ га ўхшаб намоён бўлади, бироқ клиник ва параклиник текширувлар беморда ИКГ йўқлигини кўрсатади. Тиббий-психологик текширувларда эса депрессия аниқланади. Унда бош оғриғи ИКГ ниқоби остида намоён бўлаяпти.  

Даволаш. Даволаш тиббий-психологик усулларни қўллаган ҳолда олиб борилади. Бунда асосий урғу психотерапияга берилади. Шунингдек, антидепрессантлар, транквилизаторлар, седатив дорилар, атипик нейролептиклар, психостимуляторлар, физиотерапевтик даволаш муолажалари, гипноз, игна билан даволаш каби муолажалар кенг қўлланилади. Психосоматик бузилишларни бартараф этишда психоаналитик терапия ва плацеботерапиянинг ҳам ўрни катта.

Психосоматик бузилишларни коррекция қилишда сулпирид (просулпин) кенг қўлланилади. Бу дорида нейролептик ва антидепрессантларга хос хусусиятлар мавжуд, лекин улар кучли ифодаланмаган. Шунинг учун ҳам эглонилни қабул қилган беморларда бошқа нейролептикларга хос бўлган уйқусираш, координатор ва экстрапирамидал бузилишлар кузатилмайди. Бу дорининг антипсихотик таъсири унинг марказий асаб тизимига  фаоллаштирувчи таъсири билан намоён бўлади. Просулпиннинг бу хусусияти уни руҳий фаолиятнинг ўта пасайиши билан кечувчи турли касалликлар, яъни руҳий, неврологик ва психосоматик касалликларда кенг қўллаш имконини беради. Просулпин аутизм, абулия, адинамия ва хулқ-атворнинг бузилишларини (айниқса, болаларда) даволашда ҳам кенг қўлланилади. Просулпин ҳиқичоқни, кўнгил айнишини, бош айланишни, қусишни ҳам камайтиради. Шунингдек, бу дори меъда ва ўн икки бармоқли ичакнинг яра касаллигида ҳам тавсия қилинади, лекин у антацид таъсирга эга эмас.

Енгил психотик бузилишларда просулпин (сулпирид) 1 табл. (200 мг) 3 маҳал, оғир бузилишларда 2 таблеткадан (400 мг) 3-4 маҳал тавсия қилинади. Сурункали психозлар ва психосоматик синдромларда бу дори 100-200 мг дан (2-4 капсула) узоқ вақт мобайнида (одатда, 1 ой) берилади. Просулпиннинг болаларга тавсия қилинадиган кундалик дозаси тана оғирлигининг ҳар килограммига 5-10 мг дан тўғри келиши керак.

Просулпин психомотор қўзғалишлар, артериал қон босим баланд бўлган ҳолатлар ва феохромоцитомада тавсия қилинмайди, ҳомиладорлик пайтида кам миқдорда берилади. Просулпинни узоқ муддат қабул қилиш экстрапирамидал бузилишларга олиб келиши мумкин. Бу бузилишлар дорини қабул қилишни тўхтатгандан сўнг ўтиб кетади.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив