Янгиликлар » Энциклопедия » Нейропсихологик статусни текшириш

Нейропсихологик статусни текшириш


Нейропсихологик статусни текшириш. Нейропсихологик функциялар деганда, олий руҳий функциялар, яъни когнитив функциялар тушунилади. Диққат,  хотира, нутқ, гнозис, тафаккур каби олий руҳий функцияларга когнитив функциялар деб айтилади. Дастлаб бемор билан суҳбат қурилади ва унга текширув услублари тушунтирилади (1-расм). Сўнгра нейропсихологик текширувлар махсус нейропсихологик албом ёрдамида ўтказилади (2-расм).

 

 

1-расм. Бемор билан суҳбат қурилаётган пайт.

2-расм. Махсус альбом ёрдамида нейропсихологик текширувлар ўтказилаётган пайт.

 

Тиббий амалиётда қуйидаги оддий нейропсихологик усуллардан фойдаланилади:

Вақтни англаш. Бемордан бугунги кун, ҳафта куни, ой, фасл ва йилни тўла айтиб бериш сўралади. Ҳар бир тўғри жавоб учун 1 балл қўйилади. Шундай қилиб бемор 0 дан 5 баллгача тўплаши мумкин.

Манзилни англаш. Беморга қуйидаги савол билан мурожаат қилинади: “Ҳозир биз қаердамиз?” Бемор давлатни, шаҳар ёки вилоятни, қаерда текширув ўтказилаётгани (уй ёки клиника), ҳудуд ёки бинони, қават ёки хона рақамини тўғри айтиб бериши керак. Ҳар бир тўғри жавобга 1 балл қўйилади. Бу вазифа учун ҳам бемор 0 баллдан 5 баллгача тўплаши лозим.

Идрок. Қуйидаги 3 та сўзни такрорланг ва эслаб қолинг: “сув, нина, қалам” деб беморга топшириқ берилади. Доктор ушбу сўзларни шошмасдан лўнда қилиб талаффуз қилади (бир сонияга бир сўз). Ҳар бир тўғри такрорланган сўзга 1 балл қўйилади. Шундан сўнг бемордан “Сўзларни ёдлаб қолдингизми? Қани яна бир бор қайтарингчи”, деб сўралади. Агар бемор сўзларни шу кетма-кетликда қайта айтиб беришга қийналса, врач томондан сўзлар яна такрорланади ва бемордан қайта такрорлаш сўралади. Шу тартибда сўзларни бир неча бор (бироқ 5 та уринишдан ортиқ эмас) такроран айтиб бериш сўралади. Агар биринчи такрорлашда бемор 3 та сўзни ҳам кетма-кет тўғри айтса – 3, иккинчи уринишда тўғри айтса – 2, учинчи уринишда тўғри айтса – 1 балл қўйилади. Агар бемор кейинги уринишларда ҳам топшириқни бажара олмаса 0 балл қўйилади. Умумий баллар йиғиндиси 0–3.

Диққат. Диққатни текширишда қуйидаги усулдан фойдаланилади. Бемордан “100 дан 7 ни кетма-кет айириб келинг” деб сўралади. У қуйидаги тартибда 100 дан 7 ни айириб бориши керак: 100–7=93; 93–7=86; 86–7=79; 79–7=72; 72–7=65. Ҳар бир тўғри айирилган сон учун 1 балл қўйилади. Бемор 5 та айиришни ҳам тўғри бажарса, унга 5 балл қўйилади. Вазифани бажараётганда беморни шоширмаслик керак. Умумий баллар йиғиндиси 0–5.

Хотира. Бемордан идрокни текшираётганда қўлланилган сўзларни ёдга тушириб айтиб бериш сўралади. Ҳар бир тўғри эсланган сўз учун 1 балл қўйилади. Умумий баллар йиғиндиси 0–3.

Гнозис (кўрув гнозиси). Беморга қалам кўрсатиб, ундан “Бу нима? дейилади. Худди шу тартибда бошқа нарса (масалан, соат) кўрсатиб нималиги сўралади. Ҳар бир тўғри жавоб учун 1 балл қўйилади. Умумий баллар йиғиндиси 0–2.

Жумлани такрорлаш. Бемордан қуйидаги жумлани такрорлаш сўралади: “Ҳеч бўлмаганда, ҳеч қачон”. Бу жумла фақат бир марта айтилади. Бемор уни худди шундай такрорлаши керак. Тўғри такрорласа 1 балл, такрорлай олмаса 0 балл қўйилади.

Топшириқни тушуниш. Беморга бажарилиши 3 босқичдан иборат топшириқ оғзаки тарзда берилади. “Қоғозни ўнг қўлингиз билан олингда, уни икки буклаб стол устига қўйинг. Ҳар бир тўғри бажарилган босқичга 1 балл қўйилади. Бу топшириқ бир марта берилади. Умумий баллар йиғиндиси 0–3.

Ўқиш. Беморга катта ҳарфлар билан “КЎЗИНГИЗНИ ЮМИНГ” деган сўзлар битилган қоғоз берилади. Ундан: “Ушбу ёзувни овоз чиқариб ўқинг ва уни бажаринг”, деб сўралади. Бемор сўзларни ўқиб кўзларини юмиши керак. Агар у қоғоздаги сўзларни ўқиб ҳақиқатан ҳам кўзларини юмса, 1 балл қўйилади. Топшириқ бажарилмаса 0 балл қўйилади.

Ёзиш. Бемордан бирор-бир жумлани ўйлаб уни қоғозга ёзиш сўралади. Қоғозга ёзилган жумлалар грамматик жиҳатдан тўғри ва маъноли бўлса, унга 1 балл қўйилади.

Чизиш. Беморга бир-бири  билан кесишган 2 та беш бурчакли фигурани худди шундай кўринишда чизиб бериш сўралади. Ўртада тўртбурчак ҳосил бўлиши керак.

  Агар топшириқ тўғри бажарилса 1 балл, нотўғри бажарилса 0 балл қўйилади.

Қўшимча нейропсихологик текширувлар. Бу текширувлар бош миянинг локал зарарланишлари сабабли юзага келган афазия, апраксия, агнозия, деменция ривожланган ҳолатларда қўшимча равишда ўтказилади. Агар беморда афазия (пўстлоқ зарарланиши сабабли юзага келган нутқ бузилиши) аниқланса, нутқ функцияси текширилади. Афазиянинг тури кўп бўлиб, УАВ сенсор ва мотор афазияларни фарқлай олишининг ўзи етарли. Сенсор афазияда бемор ўзи ва бировларнинг сўзини тушунмайди ва шу боис равон сўзлай олмайди. Мотор афазияда бемор бировнинг сўзини тушунади, бироқ нутқ артикуляцияси бузилади. Праксисни текширишнинг оддий усули қуйидагича: бемордан гугурт чўпларидан учбурчак, тўртбурчак, ромб ясанг ёки уларнинг нусхасини кўчиринг, тугмангизни ечинг ва тақинг деб сўралади. Бемор буларни бажара олмаса, демак унда апраксия бор.

Оптик-фазовий гнозисни текшириш учун дастлаб ўнг ва чап томонни фарқлаш текширилади. Бунинг учун беморга “Чап қўлингизни кўтаринг, ўнг қўлингизни кўтаринг” деган топшириқ берилади. Сўнгра унинг рўпарасида туриб: “Менинг чап қўлимни кўрсатинг, ўнг қўлимни кўрсатинг” деб сўралади. Шунингдек, чап қўлингиз билан ўнг қулоғингизни ушланг ёки ўнг қўлингиз билан чап қулоғингизни ушланг каби топшириқлар ҳам берилади. Бу топшириқларни қай даражада бажариши дафтарга қайд қилиб борилади.

Беморнинг фикрлаш қобилияти қандай эканлиги юқоридаги синамаларни текшириш мобайнида аниқлаб олинади. Қўшимча равишда беморга турли хил мақоллар ва маталлар ўқиб, уларнинг маъносини айтиб бериш сўралади. Бундай оддий усулларни врачнинг ўзи ҳам ўйлаб топиб қўллаши мумкин. Фикрлаш қобилияти олигофрения ва деменция гумон қилинган барча ҳолатларда текширилиши керак.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив