Янгиликлар » Энциклопедия » ЛАНДУЗИ-ДЕЖЕРИН МИОПАТИЯСИ

ЛАНДУЗИ-ДЕЖЕРИН МИОПАТИЯСИ


Этиологияси. Патологик ген 4-хромосоманинг 4q35 локусида жойлаш­ган ва аутосом-доминант типда наслдан-наслга узатилади. Касаллик 15–25 ёшларда бошланади. Нисбатан кўп тарқалган, яъни 100 000 янги туғилган чақалоққа 4 нафар бемор тўғри келади. Иккала жинсда ҳам ривожланади ва эркакларда бироз кўп учрайди.

Клиникаси. Дастлабки белгилари мимик мускуллар атрофияси бўлиб, чайнов мускуллари эса зарарланмай қолади. Беморнинг юзи ўзига хос кўринишга эга. М. orbicularis oris атрофияси сабабли беморнинг лаблари дўрдоқ бўлиб қолади, пешона мускуллари атрофияси юзага келганлигидан пешона жуда силлиқлашади, қошларини кўтарганда пешонасида ажинлар пайдо бўлмайди. Мимик мускуллар атрофияси сабабли беморнинг юзи силлиқлашиб қолади, кўндаланг кулги пайдо бўлади, гапирганда юзида ажинлар ҳосил бўлмайди. Facies myopathica Ландузи-Дежерин миопатияси учун жуда хос. Баъзида ангиоретинопатия ва нейросенсор карлик ривожланади.

Атрофиялар кейинчалик ёки параллел тарзда елка ва курак мускулларида пайдо бўлади. Аммо делтасимон мускул функцияси узоқ вақт сақланиб қолади. Беморнинг қўлтиғи тагидан кўтарса, ўмров суяклари осонгина те­пага кўтарилади ва иккала курак қушлар қанотидек чиқиб қолади.

Бир неча йилдан сўнг атрофиялар иккала оёқнинг сон мускулларига ва кейинчалик перонеал мускулларга ўтади. Беморнинг оёқ панжалари оси­либ қолади, болдир мускулларида псевдогипертрофия ривожланади (ҳар доим эмас). Кардиомиопатия кузатилмайди ёки енгилроқ намоён бўлади. Бўғимларда енгил контрактура шаклланади. Қонда КФК миқдори ошади, ЭМГ да мускулларнинг бирламчи атрофияси аниқланади.

Ташхис қўйиш алгоритми

  • Аутосом-доминант типда наслдан-наслга ўтиши.
  • Касаллик белгилари 15–25 ёшларда ривожланиб бошлаши.
  • "Қуш қаноти" ва "озод елкалар" симптоми.
  • Атрофиянинг юздан бошланиб оёқ мускулларига ўтиши.
  • Яққол ифодаланган facies myopathica.
  • Баъзида ангиоретинопатия ва нейросенсор карлик ривожланиши.

Жуда секин зўрайиб бориши.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив