Янгиликлар » Энциклопедия » Кластер (тутамли) бош оғриқ

Кластер (тутамли) бош оғриқ


Кластер (тутамли) бош оғриқ – бошнинг бир томонида, яъни периорбитал ва пешона-чакка соҳасида кузатилувчи ўта кучли бош оғриқ хуружлари. Кластер цефалгия Хортон синдроми деб ҳам аталади. Бу касаллик эркакларда жуда кўп учрайди. Касаллик ўртача 30 ёшларда бошланади.

Оғриқ хуружлари бошнинг маълум бир қисмида, яъни бир жойга тўпланиб кузатилганлиги учун “тутамли” атамаси қўлланилади. Демак, кластер цефалгияда оғриқлар бир жойга тўпланган ва чегараланган бўлади. Оғриқ хуружлари тўсатдан бошланади, 10–15 дақиқа ичида кучайиб кетади ва 1-2 соат тўхтовсиз давом этади. Оғриқлар ҳар доим бир томонда вужудга келади. Улар кўпроқ параорбитал, ретроорбитал ва пешона-чакка соҳаларида кузатилади. Оғриқ шу даражада кучли бўладики, оғриётган жойга ўткир тишли ва куйдирувчи темирни тиқиб бурагандек туюлади. Бу азобга чида олмай бемор оғриган жойини кафти билан ёпиб ўтириб қолади. Оғриқ хуружлари бир кунда 3-4 марта такрорланади ва асосан куннинг иккинчи ярмида кечга яқин қўзғайди. Баъзан бемор тунги уйқу пайтида оғриқ хуружидан уйғониб кетади, баъзида эса оғриқ хуружи эрталаб уйғонганда ушлайди. Оғриқ хуружи пайтида беморнинг бир кўзи қизариб кетади, ёш оқаверади, бурни битади ва ринорея кузатилади. Бу белгилар хуруж тутган томонда пайдо бўлади. Ўша томонда миоз ва баъзида полуптоз кузатилади. Оғриқ хуружлари спиртли ичимликлар ичганда, нитроглицерин ёки бошқа вазодилалатор қабул қилганда тез қўзғайди.

Ташхис ва қиёсий ташхис. Ташхис қўйишда касалликнинг кечиш хусусиятига эътибор қаратилади. Қиёсий ташхис мигрен, уч шохли нерв невралгияси, глаукома хуружи, чакка артериити ва бошқа гемикраниалгиялар билан ўтказилади. Касалликни бош миянинг органик касалликлари билан ҳам қиёслаш зарур. Бундай бош оғриқлар, айниқса, олдинги ва ўрта краниал чуқурча ўсмалари (менингиома, назофарингеал карцинома, гипофиз ўсмалари), ички уйқу артерияси каверноз қисми аневризмаларида ҳам пайдо бўлади. Уч шохли нерв илдизи чиқадиган соҳада базиляр артерия аневризмалари шунга ўхшаш оғриқларни юзага келтиради. Улар юз ва бошнинг тўла ярмида кузатилади. Бу касалликларни аниқлаш ёки инкор қилиш учун МРТ ва МРА текширувлари ўтказилади.

Кластер цефалгияда даволаш. Оғриқ хуружи пайтида кислород ингаляцияси берилади. Бемор 10-20 дақиқа мобайнида махсус кислород қопчаси ёрдамида нафас олади. Кислород ингаляцияси оғриқ хуружларини камайтиради.

 

Ҳар доим эсда тутинг! Мигрен ва кластер цефалгияда қон томирни кенгайтирувчи дорилар (масалан, кавинтон) тавсия этилмайди. Улар оғриқ хурижини янада кучайтириб юборади. 

 

Кластер цефалгияни бартараф этиш учун деярли мигренда қўлланиладиган дорилар тавсия этилади. Бу мақсадда суматриптан 20 мг миқдорда иккала бурунга пуркалади. Суматриптан 6 мг миқдорда тери остига қилиниши ҳам мумкин. Агар бунинг имкони бўлмаса, трамадол 50-100 мг (1-2 ампула) в/и га томчилатиб юборилади. Трамадолни ушбу дозада т/о га ёки м/и га юборса ҳам бўлади. Трамадол венадан юборилгач, 10 дақиқа ичида оғриқ камая бошлайди. Оғриқ хуружлари пайтида 60 мг преднизолон в/и га қилинади. Преднизолонни ушбу дозада 3-5 кун мобайнида қилиш тавсия этилади.

Оғриқлар тез-тез қўзғаб турадиган пайтларда трамадол 50 мг (1 капс.) дан кунига 3 маҳалдан ичишга буюрилади ёки трамадолнинг ректал шағами (100 мг) қўлланилади. Шунингдек,  индометацин 25-50 мг, верапамил 40 мг дан 3 маҳал, литий карбонат 300 мг дан  2 маҳал, топирамат 100 мг ёки валпроат натрий (депакин) 500 мг дан кунига 3 маҳал тавсия этилади.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив