Янгиликлар » Энциклопедия » КРАНИАЛ ПОЛИНЕВРОПАТИЯ

КРАНИАЛ ПОЛИНЕВРОПАТИЯ


Бир қанча краниал нервларнинг зарарланишига краниал полиневропатия деб айтилади. Краниал полиневропатия, асосан, сурункали менингит, мия пардалари базал қисмининг диффуз карциноматози, саркоидоз, сил, Гийен-Барре синдроми, Педжет касаллиги, Шегрен синдроми, васкулитлар ва турли экзоген заҳарланишларда ривожланади. Патологик жараён мия асосининг қайси қисмида жойлашганига қараб, краниал полиневропатия турлича намоён бўлади. Краниал полиневропатия билан намоён бўлувчи баъзи синдромлар ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Гарсен синдроми. Бир неча краниал нервларнинг бир томонлама зарарланишига Гарсен синдроми деб айтилади. Краниал нервлар фақат бир томонда зарарлангани учун Гарсен синдроми гемикраниал полиневропатия номини ҳам олган. Иккинчи томондаги краниал нервлар зарарланмайди. Гарсен синдроми деярли доимо калла суягининг асосидан ўсган ўсмаларда ривожланади. Булар хондрома ёки хондросаркомалар бўлиб, улар бурун-ҳалқум соҳаси, понасимон суяк ёки чакка суяги пирамидасидан ўсади. Гарсен синдромида, албатта, ушбу суяклар деструкцияси ҳам кузатилади.

Оғриқли офталмоплегия синдроми (Толос-Хант синдроми). Бу синдром каверноз синуснинг ташқи девори ва кўз косаси устки қисмининг гранулематоз яллиғланишларида ривожланади. Ушбу соҳадан ўтувчи бир қанча краниал нервлар, яъни кўзни ҳаракатлантирувчи нервлар, уч шохли нервнинг биринчи тармоғи, баъзида кўрув нерви ва шунингдек, ИУА нинг симпатик чигаллари биргаликда зарарланади. Касаллик клиникаси кўз косасида "ўйиб олув­чи", куйдирувчи ва ачиштирувчи оғриқлар, офталмоплегия, экзофталм, амблиопия, Горнер синдроми ва кўз тубининг димланиши билан намоён бўлади.

Оғриқли офталмоплегия синдроми бир неча кун ёки ҳафта давом этади. Ундан сўнг тўсатдан ремиссия даври бошланади. Лекин баъзи неврологик симптомлар сақланиб қолади. Баъзида бир неча ойлар ёки йиллар давом этган ремиссия давридан сўнг касаллик яна қўзғайди. МРТ, каротид ангиография ва орбитал венографияларда каверноз синус, кўз косаси тўқималари ва ИУА нинг каверноз қисмида гранулематоз яллиғланиш жараёнлари аниқланади. Касаллик патогенези яхши ўрганилмаган. Кортикостероидлар билан даволаш самара берганлиги боис оғриқли офталмоплегия аутоиммун касалликларнинг клиник бир кўриниши, деб қаралмоқда. Толос-Хант синдромига ўхшаш патологик ҳолат каверноз синус ўсмалари, ИУА каверноз қисми аневризмаси ва базал пахименингитларда ҳам кузатилади.

Сфеноидал ёриқ синдроми (Жакоб-Негри синдроми). Калла суяги бўшлиғидан юқори кўз ёриғи (сфеноидал ёриқ) орқали кўз косасига кирувчи III, IV ва VI нервлар ҳамда r. ophthalmicusнинг биргаликда зарарланишига сфеноидал ёриқ синдроми деб айтилади. Касаллик белгилари бир томонда кузатилади. Жакоб-Негри синдроми бурун-ҳалқум соҳасидан ўрта краниал чуқурчага ўсиб кирган ўсмалар ёки биратўла сфеноидал ёриқ соҳасида ўсган ўсмада, ички уйқу артериясининг каверноз қисми аневризмасида пайдо бўлади. Ушбу синдромнинг асосий белгилари – зўрайиб борувчи офталмоплегия, экзофталм ва пешона соҳасида кузатилувчи тригеминал оғриқлар.

Жеферсон синдроми. Бу синдром ички уйқу артериясининг каверноз қисми аневризмасида ривожланади. Унинг асосий белгилари – бошнинг бир томонида кучли шовқин, офталмоплегия, мидриаз, экзофталм ва фронто-орбитал соҳада кучли оғриқ хуружлари. Тўғри ташхис каротид ангиография орқали қўйилади.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив