Янгиликлар » Энциклопедия » КРАНИОЦЕРЕБРАЛ ЖАРОҲАТЛАР

КРАНИОЦЕРЕБРАЛ ЖАРОҲАТЛАР


УМУМИЙ МАЪЛУМОТЛАР

 

Калла суяги ва бош миянинг механик жароҳатланишига краниоцеребрал жароҳат (КЦЖ) деб айтилади.

Эпидемиологияси. Ривожланган давлатларда КЦЖ ҳар йили 1000 аҳоли сонига 3-4 кишида рўй беради. Бундай жароҳатлар 30 ёшгача бўлган даврда ўлим ва ногиронликнинг асосий сабабчисидир. Дунё бўйича КЦЖ сабабли ҳар йили 1,5 млн. киши ҳаётдан кўз юмади ва 2,4 млн. киши ногирон бўлиб қолади. 2010 йилга келиб дунё бўйича КЦЖ сабабли ногиронлар сони 150 млн. га етган. Енгил КЦЖ, унинг оғир турларига қараганда 10-20 баробар кўп учрайди.

Этиологияси. Тинчлик даврида кузатиладиган КЦЖ сабаблари жуда кўп бўлиб, уларнинг ичида йўл-транспорт ҳодисалари, баландликдан йиқилиш, ўзаро жанжалли воқеа ёки криминал вазиятларда тан жароҳати олиш алоҳида ўринга эга. Деярли барча давлатларда йўл-транспорт ҳодисалари сабабли кузатиладиган КЦЖ кўп учрайди. Улар, кўпинча, меҳнатга қобилиятли даврда рўй беради.

Калла суяги синиши. КЦЖ деярли 20 % ҳолатларда калла суяги синиши билан намоён бўлади ва аксарият ҳолларда, ўлим билан тугайди. Қолган ҳолатларда интракраниал гематомалар (эпидурал, субдурал, интрацеребрал) шаклланади. Шунингдек, калла суягининг очиқ синишларида инфекциялар тушиши ва йирингли жараёнлар (абсцесс, менингит, менингоэнцефалит) ривожланиши хавфи жуда юқори. Турли бактериялар ликвор йўлларига тушса, нафақат бош мияда, балки орқа мияда ҳам оғир яллиғланиш жараёнлари юзага келади. Калла суяги синишида пневмоцефалия, яъни ликвор йўлларига ҳаво тушиб қолиши ва ликвороринорея, яъни бурундан ликвор оқиши ҳам кузатилади.

Калла суягининг чизиқли, очиқ ва босилган (эзилган) синишлари фарқланади. Шунингдек, алоҳида калла суяги асоси синиши ҳам ажратилади. Булар ичида калла суягининг чизиқли синиши жуда кўп учрайди ва кўп ҳолларда зарба теккан жойдан юқорига ёки пастга қараб пайдо бўлади. Чизиқли синишларда эпидурал ва субдурал гематомалар кўп кузатилади.

Калла суягининг асоси синиши, кўпинча, калла суяги гумбази синиши билан бирга учрайди. Энса суягига берилган зарбада калла суяги асоси алоҳида синиши мумкин. Одатда, бундай синишлар чакка суяги пирамидаси, понасимон суяк, турк эгари ёки ғалвирсимон суякда рўй беради. Калла суяги асоси синишида ликворея, пневмоцефалия ва каротид-каверноз фис­тула кўп кузатилади. Шунингдек, ўрта қулоқ, сўрғичсимон тана ва кўз коса­сига қон қуйилишлар ҳам вужудга келади. Бу симптомлар калла суяги асоси синишини исботловчи қўшимча белгилардир.

Ликвороринорея ғалвирсимон суякнинг ғалвирсимон пластинкаси орқали ликворнинг бурун синусларига ўтиши билан боғлиқ. Агар ликвороринорея узоқ давом этса, калла суягининг синган жойида қаттиқ парда бутунлигини тиклаш бўйича хирургик операция ўтказиш талаб этилади. Баъзида ликвор оқаётган жойни аниқлаш қийин бўлади. Бунинг учун ликворга сувда эрийдиган контраст юбориб КТ қилинади ва шу йўл билан ликвор оқаётган жой аниқланади. Ликвороринорея бир пайдо бўлиб, бир йўқ бўлиб турса, одатда, хирургик аралашув талаб қилинмайди. Баъзида ликвор оқиши бирданига тўхтаб ҳам қолади.

Калла суяги асоси жароҳатида турк эгари синиши кўп учрайди. Бу синиш ҳар доим ҳам рентгенографияда аниқланавермайди. Турк эгари синишида, кўпинча гипофиз ва кўз нерви шикастланади. Понасимон синусда суюқлик аниқланса, турк эгари туби синган бўлади. Чакка суяги пирамидаси жароҳатларида эса VII ва VIII нервлар шикастланади, қулоқдан ликвор ва қон оқади. Пирамиданинг кўндаланг синишида деярли ҳар доим чиғаноқ ва лабиринт шикастланади.

Пешона суяги синишида, кўпинча, кўз косаси ва юз-жағ соҳасидаги си-нуслар жароҳатланади. Агар ғалвирсимон суяк жароҳатланса, ҳидлов нерви ҳам шикастланади ва аносмия кузатилади.

Краниал нервлар шикастланиши. Калла суяги асоси синишида краниал нервлар, айниқса, I, II, III, V, VII, VIII нервлар кўп шикастланади. Бульбар нервларга кам зиён етади.

Агар КЦЖ да ўткир аносмия пайдо бўлса, ҳидлов нерви қаттиқ шикастланган бўлади. Бундай ҳолатда аносмия сабаблари – олдинги краниал чуқурча гематомаси, нервнинг пешона бўлаги томондан босилиб қолиши ёки ҳидлов нервининг узилиб кетишидир. Агар бир неча ой ичида аносмия йўқолмаса, одатда, ҳидлов функцияси тикланмай қолади.

Понасимон суяк синиши кўрув нервининг эзилиши ёки узилиб кетишига сабабчи бўлади. Бунда бир томонлама амавроз ривожланади ва қорачиқнинг ёруғликка тўғри реакцияси йўқолиб, ҳамкор реакцияси сақланиб қолади. Қорачиқлар шакли, одатда, ўзгармайди. Кўрув нерви қисман шикастланса, кўриш функцияси пасаяди ва кўрув майдонида секторал дефектлар пайдо бўлади.

Кўз косаси жароҳатида тўла офталмоплегия синдроми ривожланади, кўз атрофидаги ғовак тўқималар шишиб кетади. Понасимон суякнинг кичик қаноти синганда ғалтак нерв шикастланади. Бунда пастга қараганда дипло­пия кузатилади ва у бошни шикастланган томондан қарама-қарши томонга оғдирганда йўқолади. Юз нерви шикастланиши КЦЖ дан сўнг дарров пайдо бўлиши мумкин. Бу нерв чакка суяги пирамидаси синишида кўп шикастланади.

Даҳлиз-чиғаноқ нерви шикастланиши ҳам чакка суягининг пирамидаси синишида рўй беради ва эшитиш пасайиши, бош айланиш, вестибуляр атаксия ва нистагм билан намоён бўлади. Ушбу симптомлар жароҳатланишдан сўнг дарров ривожланади. Эшитиш бузилиши эшитув нерви зарарланиши билан эмас, балки ноғора парда ёрилиши ёки ўрта қулоққа қон қўйилиши билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин.

 

Краниоцеребрал жароҳатлар таснифи Оғирлик даражаси бўйича:

  • енгил;
  • ўрта;
  • оғир.

          Клиник турлари бўйича:

  • бош мия чайқалиши;
  • бош миянинг енгил эзилиши;
  • бош миянинг ўрта даражада эзилиши;
  • бош миянинг оғир даражада эзилиши;
  • диффуз аксонал шикастланиш;
  • бош миянинг босилиши.

          Калла суяги бутунлиги бўйича:

  • очиқ;
  • ёпиқ.

          Даври бўйича:

  • ўткир даври (2–10 ҳафта
  • оралиқ даври (2–6 ой);
  • сўнгги даври (6 ойдан 2 йилгача).

          Рўй бериши бўйича:

  • бирламчи (бошқа касалликларсиз рўй берган);
  • иккиламчи (бошқа касалликлар, масалан инсульт, инфаркт, эпилепсия сабабли рўй берган).

          Асоратлар бор-йўқлиги бўйича:

  • асоратсиз;
  • асоратли (амнезия, деменция, эпилепсия, энцефалопатия, ИКГ, порэнцефалия, гидроцефалия, киста, сурункали интракраниал гематома, менингит, менингоэнцефалит, руҳий бузилишлар, абсцесс, ликворея, фобия ва ҳ.к.).

Краниоцеребрал жароҳатларнинг клиник турлари. Краниоцеребрал жароҳатларнинг клиник турлари ва уларнинг оғирлик даражасини баҳолашда, авваламбор, қанча вақт ҳуш йўқолганлиги, жароҳатнинг очиқ ёки ёпиқлигига эътибор қаратилади.

  1. Енгил КЦЖ – мия чайқалиши ва бош миянинг енгил эзилиши би­лан намоён бўладиган жароҳат. Ҳуш йўқолиши, одатда, 30 дақиқа, посттравматик карахтлик ва амнезия эса бир соатгача давом эта­ди. Ўчоқли неврологик симптомлар ва менингеал белгилар кузатилмайди. Одатда, калланинг юмшоқ тўқималари лат еган бўлади. Глазго шкаласи бўйича енгил даражадаги КЦЖ 15–13 баллга тенг.
  2. Ўрта КЦЖ да бемор 30 дақиқадан 1 соатгача ҳушдан кетади, карахтлик ёки сопор ҳолати юзага келади ва посттравматик амнезия 1 соатдан 24 соатгача чўзилади. Ўрта даражадаги КЦЖ бош миянинг ўрта даражадаги эзилишига мос келади. Ўрта даражадаги жароҳатларда кал­ла суяги синишлари, посттравматик интракраниал геморрагия, шу жумладан, субарахноидал геморрагия вужудга келади. Глазго шкаласи бўйича ўрта даражадаги КЦЖ 12–9 баллга тенг даражада ҳаётий муҳим функциялар ҳам. Енгил ёки ўрта бузилади.

Оғир КЦЖ бош миянинг кучли эзилиши ва босилиб қолиши ҳамда диффуз аксонал шикастланиш билан намоён бўладиган жароҳат. Бемор 1 соатдан ошиқ ҳушини йўқотади, посттрав­матик амнезия 24 соатдан ошади, ҳаётий муҳим марказлар (юрак қон-томир ва нафас олиш) фаолияти бузилади, турғун ўчоқли неврологик симптомлар пайдо бўлади, эпилептик хуружлар рўй беради. Тикланиш ўта суст кечади ёки тўла бўлмайди. Глазго шкаласи бўйича оғир даражадаги КЦЖ 8–3 баллга тенг.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив