Кўрув нерви


Нерв ҳақида қисқача маълумот. Кўрув нерви (n.opticus, II нерв)  сезувчи нерв бўлиб, кўриш функциясини таъминлайди. Кўз тўр пардасида (retina) жойлашган колбачалар ва таёқчалар ёруғликни қабул қилувчи ҳужайралар ҳисобланади. Колбачалар рангли дунёни қабул қилса, таёқчалар оқ-қора сигналларни қабул қилади. Ретинал парда ҳужайралари аксонлари тўпланиб кўрув нервини ҳосил қилади. Кўрув нерви foramen opticum орқали краниал бўшлиққа киради ва миянинг базал юзаси бўйлаб турк эгари томон йўналади. Турк эгарига етмасдан сал тепароқда кўрув йўллари ўзаро кесишиб chiasma opticum ни ташкил қилади. Ретинанинг ички  (назал) қисмидан бошланган толалар кесишади. Ретинанинг ташқи (чакка) қисмидан бошланган толалар хиазмадан кесишмай ўтади. Бу қоидани билиш гемианопсия томонини аниқлашда ўта муҳимдир.

Кўрув йўлларининг хиазмадан кейинги қисми кўрув тракти (tractus opticus) деб айтилади. Чап томондаги кўрув тракти иккала кўзнинг ҳам кўрув майдонининг ўнг томонидан, ўнг томондаги кўрув тракти эса чап томонидан келаётган оптик сигналларни ўтказади. Кўрув майдонининг ташқи қисмидан келаётган оптик сигналлар ретинанинг ички қисмига, ички қисмидан келаётганлари ретинанинг ташқи қисмига тушади. Чунки оптик сигналлар қавариқ гавҳардан синиб ўтади ва шу боис қарама-қарши томонга тушади.

Кўрув тракти бирламчи кўрув марказлари, яъни юқори икки тепалик (colliculus superior), латерал тиззасимон тана (corpus geniculatum laterale) ва таламус ёстиқчаси (pulvinar) томон йўналади. Бу ердан бошланган толалар Грациоле тутамини ҳосил қилиб бош миянинг энса қисмида жойлашган кўрув маркази (17-майдон) томон йўналади.        

 

Текшириш усуллари

 

Неврологияда кўрув нервини текшириш алоҳида ўрин касб этади. Ваҳоланки, бош мияда кечувчи аксарият касалликлар кўрув нерви ва унинг туби ўзгариши билан намоён бўлади. Шу боис неврологлар орасида “Кўз – бош мия кўзгуси” деган ибора бор. Нейродиагностикага МРТ кириб келгунга қадар нейрохирурглар ва неврологлар офтальмодиагностика усулларидан кенг фойдаланишган. Хатто офтальмоневрология фани пайдо бўлган. Энди кўрув нервини текшириш усуллари билан танишиб чиқамиз.

Кўрув нерви қуйидаги текширув усуллари орқали ўрганилади:

  1. Кўрув ўткирлиги;
  2. Кўрув майдони;
  3. Рангларни ажратиш;
  4. Кўз туби.
  5. Кўрув ўткирлигини текшириш. Кўрув ўткирлиги (visus) 5 м узоқликда деворга осиб қўйилган Сивцев (ҳарфлар) ва Ландольт жадваллари (очиқ ҳалқалар) ёрдамида текширилади (5-расм).
 

5-расм.  Кўрув ўткирлигини текшириш учун Сивцев ва Ландолт жадваллари

 

Кўрув ўткирлиги ҳар бир кўзда галма-гал текширилади. Бунда бир кўз кафт билан ёпиб турилади (6-расм).

 6-расм. Кўрув ўткирлигини текшириш.

Соғлом одам энг пастда, яъни 10-қатордаги ҳарфларни (ҳалқаларни) бемалол кўра олади. Нормада кўрув ўткирлиги 1,0 га тенг. Кўрув ўткирлиги даражаси ҳар бир кўзда алоҳида ёзилиши керак.

 

Агар синалувчи 9-қаторни кўрса – Vis = 0,9, 8-қаторни кўрса – Vis = 0,8, 7-қаторни кўрса – Vis = 0,7 ва ҳ.к. деб ёзилади. Болаларда кўрув ўткирлигини текшириш учун Орлов жадвалидан фойдаланилади (7-расм).

7-расм. Болаларда кўрув ўткирлигини текшириш учун Орлов жадвали.

 

Кўрув ўткирлиги патологияси. Кўрув ўткирлиги пасайса – амблиопия, йўқолса – амавроз  деб айтилади. Ёш болаларда кўрув ўткирлиги бироз паст бўлади. Масалан, 3 ёшли болада кўрув ўткирлиги 0,6–0,8 га тенг бўлса, 5–6  ёшга келиб 0,9–1,0 га етади. 

Кўрув йўллари ва марказларини зарарловчи жуда кўп патологик ҳолатлар мавжуд бўлиб улар ҳақида пастроқда маълумотлар берилган. Бироқ тиббий амалиётда психоген кўрлик ҳам бирмунча учраб туришини эсда тутиш лозим.  Бундай беморлар “Мен кўр бўлиб қолдим, умуман кўрмаяпман” деб шикоят қилишади. Бироқ уларда қорачиқларнинг ёруғликка реакцияси сақланган, кўз туби қон томирлари нормал ҳолатда бўлади. Психоген кўрлик ташхисини қўйишда беморнинг хатти-ҳаракатларига эътибор қаратилади. Уни хонада ёлғиз қолдириб чиқиб кетса, ойнага қараб уст-бошини тўғирлаб олиши ёки бошқа ҳаракатлар қилиши мумкин. Бундай беморларни даволашда плацеботерапия усули яхши самара беради. Психоген кўрликнинг сабаблари турли-туман бўлиб, бу вазият аксарият ҳолларда яқинларининг эътиборини ўзига жалб қилиш (айниқса, қарияларда), кўз олдида аянчли воқеа рўй бериши, ятрогения, яқинларидан айрилиш ва бошқа бир стрессли омиллар ҳосиласидир. 

  1. Кўрув майдонини текшириш. Кўрув майдонининг ташқи, ички, юқори ва пастки чегаралари фарқланади. Кўрув майдонини текширишнинг бир нечта оддий усуллари бўлиб, улар билан таништириб чиқамиз.

1-усул. Кўрув майдонини периметр ёрдамида текшириш. Дастлаб текширув қоидалари беморга тушунтирилади. Бемор периметр рўпарасига қулай ўтириб олади ва иягини периметрнинг қоқ ўртасида жойлашган махсус қурилмага қўяди (8-расм).

 8-расм. Кўрув майдонини периметр ёрдамида текшириш

 

Унга бир кўзини кафти билан бекитиб, иккинчи кўзи билан периметр ўртасида жойлашган оқ доғга қараш буюрилади. Врач учи оқ доғ билан белгиланган чўпни (ёки қаламни) периметрнинг ташқи томонидан марказ томонга қараб секин юргизиб келади. Бемор периметр маркази томон яқинлашиб келаётган оқ доғни кўрса, ўша жой кўрув майдони чегараси ҳисобланади. Худди шу тартибда кўрув майдониниг қолган чегаралари аниқлаб олинади. Нормада кўрув майдонининг ташқи чегаралари 90°, ички чегараси 60°, пастки чегараси 70°, юқори чегараси 60° га тенг.

2-усул. Кўрув майдонини неврологик болғача ёрдамида текшириш. Дастлаб текширув беморга аниқ ва лўнда қилиб тушунтирилади. Ундан “Иккала қошимнинг ўртасига қараб туринг” деб сўралади. Бемор кафти билан бир кўзини бекитади. Врач беморнинг очиқ қолган кўзи томонидан энг чеккадан неврологик болғачани ўртага яқинлаштириб келади (9-расм).

 9-расм. Кўрув майдонини болғача ёрдамида текшириш

 

Болғача кўринган заҳоти бемор врачни хабардор қилади. Болғача кўринган жой кўрув майдонининг ташқи чегараси ҳисобланади. Шу тартибда ҳар бир кўзнинг ташқи, ички, пастки ва устки кўрув майдонлари аниқлаб олинади ва қоғозга белгиланади. Неврологик болғача ўрнига қаламни ишлатиб ҳам текшириш мумкин. Периметр йўқ пайтларда ва ётган беморларда ушбу усулдан кенг фойдаланилади.

3-усул. Кўрув майдонини сочиқ ёрламида текшириш. Беморнинг иккала кўзи ҳам очиқ туради. Врач беморнинг рўпарасига ўтириб олади ва иккала қўли билан сочиқнинг иккала чеккасидан ушлаб туради (10-расм).

 10-расм. Кўрув майдонини сочиқ ёрдамида текшириш

 

Сочиқнинг узунлиги 70-80 см бўлиши керак. Бемордан “Кўрсаткич бармоғингиз билан сочиқнинг ўртасини кўрсатинг” деб сўралади. Бемор сочиқнинг қоқ ўртасини кўрсатса, демак кўрув майдони бузилмаган. Агар  сочиқнинг бир томони узун қолса, демак ўша томонда гемианопсия бор. Бу синамини текшираётган врачнинг ўзида гемианопсия бўлмаслиги керак.

Кўрув майдонини текширишнинг диагностик аҳамияти. Бу текширув орқали бир қатор касалликларни аниқлаб олиш мумкин. Масалан, битемпорал гемианопсия аниқланган беморда гипофиз ўсмаси эҳтимоли жуда юқори. Чунки гипофиз кўрув йўллари кесишмаси, яъни хиазманинг ички юзасига жуда яқин жойлашган. Биназал гемианопсия эса ички уйқу артерияси аневризмаси ҳақида далолат бериши мумкин. Чунки ушбу артерия хиазманинг ташқи томонига яқин жойлашган. Аниқланган ҳар қандай гемианопсияда турк эгари соҳаси патологиясини излаш керак. Гемианопсияни юзага келтирувчи патологик ҳолатлар 11-расмда келтирилган.

 

 

 

 

I

II

III

IV

V

 

VI

VII

 

11-расм. Кўрув йўлларининг ҳар хил соҳаларда зарарланиши ва кўрув майдони бузилишлари. 1-кўрув нерви; 2-кўрув тракти; 3-ташқи тиззасимон тана; 4 ва 5-кўрув анализаторининг пўстлоқ марказлари.

I. Кўрув нерви зарарланиши – амавроз; II. Хиазманинг иккала ташқи қисми зарарланиши – биназал гемианопсия;   III. Хиазманинг ички қисми зарарланиши – битемпорал гемианопсия; IV. Кўрув трактининг ўнг томонда зарарланиши – чап томонлама гемианопсия; V. Грациоле тутамининг ўнг томонда зарарланиши – чап томонлама гемианопсия (марказий кўрув сақланиб қолган); VI. Энса соҳасидаги пўстлоқ кўрув марказининг пастки қисми (g. lingualis) зарарланиши – юқори квадрант гемианопсия; VII. Энса соҳасидаги пўстлоқ кўрув марказининг юқори қисми (cuneus) зарарланиши – пастки квадрант гемианопсия.

 

12-жадвал. Кўриш  бузилишлари

 

Амблиопия

Кўришнинг пасайиши

Амавроз

Кўришнинг йўқолиши

Битемпорал гемианопсия

Кўриш майдонининг чакка қисмларида қўришнинг йўқолиши

Биназал гемианопсия

Кўриш майдонининг ички қисмларида қўришнинг йўқолиши

Чап томонлама гомоним гемианопсия

Кўриш майдонининг чап томонида қўришнинг йўқолиши

Ўнг томонлама гомоним гемианопсия

Кўриш майдонининг ўнг томонида қўришнинг йўқолиши

Юқори квадрант гемианопсия

Кўриш майдонининг юқори 1/4 қисмида қўришнинг йўқолиши

Пастки квадрант гемианопсия

Кўриш майдонининг пастки 1/4 қисмида қўришнинг йўқолиши

Кўрув майдонининг концентрик торайиши

Кўриш майдонининг чекка қисмларидан торайиб келиши

Скотомалар

Кўриш майдонида пайдо бўлган кўриш нуқсонлари

 

  1. Рангларни ажратиш. Махсус полихроматик жадвалдан фойдаланиб рангларни ажратиш текширилади (12-расм).
 

12-расм. Рангларни ажратишни текшириш учун полихромотик жадвал

 

Унда турли хил ранглар фонида геометрик фигуралар, ҳарфлар ва рақамлар акс эттирилган. Бемор уларни ажратиб топа олиши керак. Бошқа ранглар фонида яшил ва қизил рангларни ажрата олмасликка дальтонизм, рангларга кўрлик эса ахроматопсия деб айтилади. Аҳоли орасида дисхроматопсия, яъни турли рангли фигураларни ажратиб айта олмаслик кенг тарқалган. Одатда, бу ҳолатлар туғма бўлади. Дальтонизм эркакларда кўп учрайди.

  1. Кўз тубини текшириш. Кўз тубини текшириш жуда катта диагностик аҳамиятга эга. Бу мақсадда офтальмоскопдан фойдаланилади. Бунда кўз тўр пардаси (retina) қон томирлари ва кўрув нерви диски ҳолатига эътибор қаратилади. Нормада кўз олмаси туби қизил рангда бўлади. Кўз туби ўртасида бироз бўртиб турган овал шаклдаги пуштиранг кўрув нерви диски жойлашган. Кўз тубининг марказий қисмида марказий ретинал артерия, унинг ёнида марказий ретинал вена жойлашган. Артерия венага қараганда кичиқроқ бўлади.

Кўрув нерви ва диски патологияси. Менингиома, глиома, туберкулема, заҳм гуммаси, ишемия, гемаррогия, қандли диабет, артериал гипертония, ИКГ, тарқоқ склероз, нейродегенератив касалликлар, интоксикациялар, ички уйқу артерияси аневризмаси ва стенози, а.ophthalmica тромбози ва олдинги краниал чуқурча жарохатлари кўрув нерви ва унинг диски зарарланишига олиб келади. Бу касалликларда ретинал артериялар деформацияси, геморрагиялар, веноз турғунлик, диск димланиши каби патологик ҳолатлар аниқланади. Агар бир кўзда кўрув нерви атрофияга учраб, иккинчи кўзда диск димланиши кузатилса, Фостер-Кеннеди синдроми ривожланган бўлади. Ўсма бор томонда кўрув нерви атрофияси ривожланади.

Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив