Янгиликлар » Энциклопедия » ИСТЕРИК НЕВРОЗ (ИСТЕРИЯ)

ИСТЕРИК НЕВРОЗ (ИСТЕРИЯ)


Истерия (юн. histeria – бачадон дегани). Бу касаллик белгилари ҳақида қадимги рисолаларда кўп ёзилган ва уни дастлаб бачадон функцияси билан боғлашган. Чунки истерияни, асосан, аёлларда кузатишган. Кейинчалик истерик бузилишлар эркакларда ҳам аниқланган бўлсада, унинг аввалги номи сақланиб қолган. Истерия неврознинг бошқа турлари каби кенг тарқалган касаллик. Бу касаллик, асосан, ёшлик даврида ва кўпроқ аёлларда учрайди. Унинг келиб чиқишида хулқ-атворнинг болаликдан истерик тарзда шаклланиши катта аҳамият касб этади.

Ортиқча таъсирланиш, ҳар нарсага ҳаддан ташқари эътибор бериш, мустақил фикрлай олмаслик, ортиқча ишонувчанлик, ранг-баранг ҳис-туйғуларга берилиш истерия учун жуда хос. Улар руҳан ва жисмонан заиф кишилардир. Кўпчилик истерик беморлар феъл-атвори болалар феъл-атворига ўхшаб кетади. Улар учун атрофдагилар диққатини ўзига жалб этиш хос. Истерик бузилишлар фақат неврозларда эмас, балки психопатияларда ҳам кузатилади. Истерик невроз симптомлари аксарият ҳолларда хил-ма-хил касалликлар аломатларини эслатади. Шу боис ҳам истерияни «катта муғомбир» деб аташади. Уларда барча соматик касалликларга хос белгиларни кузатиш мумкин. Аслида эса бу соматик касалликлар уларда аниқланмайди.

Истерик неврознинг турлари хилма-хил. Уларнинг барчаси, одатда, руҳий жароҳатдан (айниқса, жанжал ва хафагарчиликдан) сўнг пайдо бўлади.

Энди истериянинг кенг тарқалган турлари билан танишиб чиқамиз.

Эс-ҳушнинг кирди-чиқди бўлиб қолиши. Бирдан бошланадиган ва аксарият ҳолларда тез тугалланадиган ҳолат бўлиб, бунда бемор атрофдагиларга бефарқ бўлади, қаерда эканлигини фаҳмлай олмайди, ҳозир соат нечалигини, ўзи нима қилаётганини билмайди. Бу ҳолат бир неча дақиқадан бир не­ча соатгача давом этади. Эс-ҳушнинг истерик торайишида бемор атрофда содир бўлаётган воқеалардан қисман воқиф бўлса-да, бўлиб ўтган ҳодисаларни эслаб қола олмайди.

Истерик фуга (лот. fuga қочиш). Бунда бемор жанжал ёки бошқа бир руҳий жароҳатдан сўнг тўсатдан уй, ишхона ёки бошқа жойдан қочиб чиқиб кетади, унинг хатти-ҳаракатлари мақсадсиз бўлади, вазиятни тушунмайди ва атрофда нималар содир бўлаётганини фаҳмламайди. Аммо четдан қараганда, бошқа бировларга унинг юриш-туриши мақсадга мувофиқдек кўринади. Арзимаган уруш-жанжалдан сўнг бундай шахслар ҳатто бошқа шаҳарга ҳам анча вақтга кетиб қолишади. Кейинчалик бемор ўзи билан нималар содир бўлганини эслай олмайди ёки қисман эслайди. Аммо гипноз ҳолатида содир бўлган воқеаларнинг барчасини эслатиш мумкин.

Истерик шахсларда учраб турадиган яна бир синдром – бу Ганзер синдроми. У одатда, ўткир ривожланади, руҳий жароҳатдан сўнг тўсатдан бошланади. Бу синдромнинг асосий белгиси ақл бовар қилмайдиган тутуруқсиз ҳаракатлардир. Бундай беморлар энг оддий саволларга ҳам тутуруқсиз жавоб беришади. Масалан, «Икки карра икки неча бўлади», деб сўралса, бемор олий маълумотли бўлишига қарамай, «беш» деб жавоб беради ёки қўлда нечта бармоқ бор деса, хоҳлаган сонни айтади. Унинг бел­гилари деменцияни эслатади, бироқ бу псевдодеменциядир. Деменция бел­гилари, одатда, зўрайиб борса, истерик «деменция» белгилари бир неча кун ичида ўтиб кетади.

Руҳий жароҳат ғоят кучли бўлганда, одатда, истерик ступор ривожлана­ди. Бундай пайтда бемор тамомила ҳаракатсиз бўлиб қолади, индамайди ва атрофга бефарқ бўлиб, юзида азият чеккан ифода пайдо бўлади. Бу ҳолат бир неча соат ёки кун давомида ўтиб кетади. Даволаш муолажалари ўтказилмаса, бир неча ойлаб давом этади.

Пуэрилизм – катталарда кузатиладиган болалар хатти-ҳаракатини эслатувчи ҳолат. Болаларга хос бўлган қилиқлар, боладек ингичка товуш чиқариб гапириш, кўзларни катта-катта қилиб очиш, киприкларни пирпиратиш, биров гапирганда оғзини очиб туриш пуэрилизм учун жуда хос. Бемор шу қилиғи билан бошқаларнинг диққатини ўзига жалб этади. Аммо бундан олдин орттирилган кўникмалари сақланган бўлади.

Истерик бузилишларнинг яна бир тури – бу истерик депрессия. Бунда бемор ўта паст кайфиятда бўлади ва бу қилиғи билан атрофдагилар диққатини ўзига жалб этишга интилади, уларни ўзига раҳмдил бўлишга чақиради. У нақадар оғир аҳволда эканлигига бошқаларнинг эътибор беришларини хоҳлайди ва ҳоказо.

Истерик тутқаноқ хуружи ҳам кенг тарқалган симптомлардан биридир. Истерияда кузатилувчи тутқаноқлар ҳар хил ва уларнинг эпилепсияда кузатиладиган ҳақиқий тутқаноқлардан фарқ қиладиган томони кўп. Истерик тутқаноқ ҳеч қачон бемор ёлғиз қолганда рўй бермайди, чунки унга доим томошабинлар керак. Хуруж тутганда бемор бирдан ерга йиқилади, мушаклари тортишади ва талпина бошлайди, лекин боши билан қаттиқ нарсаларга урилмайди. Бемор истерик хуруж пайтида ўзига қулай жой топиб, бирор жойига қаттиқ шикаст етказмасдан йиқилади. Бу пайтда у ёй сингари эгилади. Бу ҳолат истерик ёй деб аталади. Бундай феъл-атвор кўпгина инжиқ ва эрка болаларга хос. Масалан, онаси янги ўйинчоқ олиб бермаганда, бола дўконда унинг оёғи тагига йиқилиб, қўл-оёқларини тапиллатаверади, гоҳо бошини ерга уриб қаттиқ чинқираб йиғлайди. Агар қўрқиб кетган она боласи сўраган ўйинчоқни олиб берса, бола шу заҳоти тинчланади. Бу одат кейин­чалик вояга етган ёшда ҳам намоён бўлиши мумкин.

Истерик хуружда мушаклар тортишуви (буни халқ орасида томир тортишуви деб аташади) ҳар доим ҳам кузатилавермайди ва хилма-хил бўлади. Уларда сохталик ва атайинлик сезилади. Масалан, бемор киши гўё уни кимдир урмоқчи бўлгандек, юзини қўли билан беркитади, қичқириб юборади, хўрсиниб йиғлайди ва ҳоказо. Истерик тутқаноқда беморнинг эс-ҳуши жойида ва теварак-атрофга идроки сақланган бўлади. Масалан, хуруж тутганини биров мазах ёки калака қилгудек бўлса, бемор дарҳол хуружни тўхтатиб ўрнидан туриб кетади. Хуруж пайтида бемор эпилепсияда бўлгани каби тилини тишлаб олмайди ва бехосдан сийиб юбормайди.

Хафақон касаллиги хуружи ёки юрак хуружини эслатувчи истерик тутқаноқлар ҳам кўп кузатилади. Юракнинг тез-тез уриши, бош айлани­ши, кўнгил айниши ва ҳушни йўқотиш билан кечадиган вегетатив хуруж­лар ана шулар жумласидан. Хуруж пайтида бемор бошдан-оёқ титрайди ва «ҳамма ерим қақшаб оғрияпти», деб нолийди. Меъда спазми билан ке­чувчи хуружларда қоринда кучли оғриқ пайдо бўлади, бемор тўлғаниб ётиб олади ва қайт қилади.

Истерик неврозда турли хил фалажликлар ҳам рўй беради. Истерик фалажлар баъзан мия инсультидан сўнгги клиник манзарани эслатади. Бу манзара мутахассис бўлмаган кишининг фикрини чалғитиши мумкин. Истерик фалажликларда рефлекслар ва мушаклар тонуси ўзгармай қолади, патологик рефлекслар кузатилмайди. Тананинг қоқ ўрта чизиғи бўйлаб фалажланган томонда сезги бузилади. Мушаклар атрофияси ва мушак кучи пасайиши кузатилмайди. Борди-ю истерик фалажлик нотўғри даволанса ёки уни даволаш чўзилиб кетса, беморда узоқ вақт давом этаётган оёқ-қўллардаги ҳаракатсизлик мушакларнинг диффуз атрофиясига сабабчи бўлиши мумкин, холос.

Истерияга чалинган беморда баъзан гиперкинезлар (ихтиёрсиз ҳаракатлар) ҳам кузатилади. Бу ҳаракатлар ҳаяжонланганда кучаяди ва тинчланганда камаяди ёки бутунлай тўхтайди. Гиперкинезлар истерик хуруж тугагандан сўнг ҳам юз бериши мумкин. Баъзан беморда фалажликлар гиперкинезлар билан биргаликда намоён бўлади. Истерик гиперкинезлар бутун гавданинг силкиниши, титроқ хуружлари, бош ва оёқларнинг титраши, айрим мушак гуруҳларининг учиб туриши, қўлларнинг ғайритабиий ҳаракат қилиши билан кечади. Чин гиперкинезлардан фарқли ўлароқ, улар бемор­нинг ҳиссий ҳолати ва психоэмоци­онал стрессга кўп жиҳатдан боғлиқ. Бу симптомлар узоқ вақт давом этиши ва арзимаган келишмовчиликларда кучайиб кетиши мумкин.

Истерик астазия-абазия. Бу ҳолат тик тура олмаслик ва юра ол­маслик билан намоён бўлади. Бош мия катта ярим шарлари пешона бўлаги зарарланишларида кузатиладиган астазия-абазиядан фарқли ўлароқ, истерияда кузатиладиган бу синдромда бемор ерга эмас, балки уни ушлаб турган одам устига ағанайди (17.1-расм).

 

17.1-расм. Ж.М.Шарко ва Ж.Бабинский истерия билан касалланган беморни талабаларга ҳавола қилишмоқда.

 

Уларда ҳам мушаклар гипотонияси кузатилади, лекин бошқа органик неврологик симптомлар аниқланмайди. Мураккаб ҳолатларда параклиник текширувлар ўтказиш зарур.

Истерик алгиялар (яъни оғриқлар) энг кўп тарқалган бузилишлардан бўлиб, деярли барча истерик синдромларда турли кўринишларда намоён бўлади. Бемор танасининг турли жойлари, яъни орқа, қорин, юрак ва бош соҳаларида ҳар доим оғриқ бўлиб туришидан шикоят қилади. Оғриқ, шунингдек, бўғимларда, қўл ёки оёқда, тилда, хуллас тананинг барча жойида пайдо бўлади. Айни пайтда бундай оғриқдан шикоят қилувчи бемор турли ихтисосликдаги докторларга мурожаат қилиб юради. Баъзан бемор жарроҳлик операциясини ўтказишни қаттиқ талаб қилади.

Истерияда юқорида айтиб ўтганимиздек, турли хил сезги бузилишла­ри ҳам кузатилади. Органик ва функционал сезги бузилишлари орасидаги фарқни фақат махсус неврологик текширувлардан сўнг аниқлаб олиш мумкин. Ҳар бир нерв танадаги муайян соҳанинг сезгиси ва ҳаракати учун жавоб беради. Истерик анестезияларда бу қоида сақланмайди, яъни пай рефлекслари патологик тарзда ўзгармайди ва сезги бузилишини изоҳлаб берувчи ҳеч қандай органик касаллик топилмайди.

Тарихий адабиётларда туғмайдиган аёлларда истерик ҳомиладорлик ҳақида ёзиб қолдирилган. Бу ҳолатни баъзи мутахассислар ичакларга ортиқча газ тўпланиши билан изоҳлашса, бошқа бирлари қорин мушакларининг вақтинча бўшашиб, катталашуви ҳисобига деб тушунтиришади. Истерик ҳомиладорликда қорин жуда катталашмайди.

Классик адабиётларда «сеҳрли шифолар» ҳақида турли маълумотларни учратиш мумкин: бемор сеҳрли туморгача эмаклаб бориб, унга қўл теккизган заҳоти бирдан шифо топган, ўрнидан туриб юриб кетган. Истерияда «сохта ўлим» ҳақида ҳам маълумотлар бор. Бундай беморга табиб «сеҳрли» қўлини теккизганда ёки оғзига сеҳрли гиёҳ эритмасини томизганда, у «тирилган».

Сўнгги даврда истерик бузилишларнинг клиник аломатлари ўзгарди ва бу кишилар ҳаёт тарзининг ўзгариши билан боғлиқ. Бу вазиятни ахборот ҳажми ва тиббиётга оид адабиётлар кўпайганлиги, одамларнинг интернетдан саломатликка оид маълумотлардан фойдалана бошлаганлиги билан изоҳлаш мумкин. Бу адабиётлар одамларнинг тиббий соҳага оид билимларини бир оз кенгайтирди. Бунинг ижобий томонларидан ташқари, салбий томонлари ҳам кўп, яъни ўзига ташхис қўйиш ва даволаш каби.

Аксарият ҳолларда истерик невроз симптомлари хилма-хил бўлиб, унинг кечиши кўп тарқалган касалликларни эслатади: инсульт, менин­гит, энцефалит, тарқоқ склероз, ўсма касалликлари ва ҳоказо. Баъзи ҳолларда истерик бемордаги касаллик белгилари унинг бошқа кишиларда кузатган ёки тиббий адабиётларда ўқиб олган касалликларига ўхшаб кетади. Шу боис, ташхисни тўғри қўйиш учун турли ихтисосдаги врачлар нафақат истерик невроз­нинг классик аломатлари, балки «замонавий» истерик симптомларнинг кли­ник белгиларини ҳам ўзлаштириб боришлари керак.

Кўрсатиб ўтилган хусусиятлар турли ихтисосликдаги врачларга истерик бузилишларни чин касалликлардан ажратишда ёрдам беради. Айтиб ўтилганидек, истерик неврознинг барча аломатлари сохтадир. Бемор атрофдагиларга шундай деб юборади: «Менга эътибор бермаганингиздан ана шу аҳволга тушиб қолдим-ку! Мен фалаж бўлиб қолдим (ёки овозим бўғилди, эшитмай қолдим, кўрмай қолдим ва б.қ.), сизнинг айбингиз билан дардим бедаво бўлиб қолган», деб зорланади. Эрка келиннинг эрига ва бошқаларга шу каби сўзлар билан арз қилаётганини кўз олдингизга келтиринг.

Истерик белгиларни бартараф этишни ўта қисқа муддат ичида олиб бориш керак. Даволаш муолажалари қанча кўп чўзилса, ижобий натижага эришиш шунча қийин бўлади. Бемор тўла тузалгандан сўнг ҳам оилавий ва бошқа можаролар сабабли касаллик белгилари қайта пайдо бўлиб, доктор қабулига яна келиб қолиши мумкин. Истерик беморлар врач ва табибларга энг кўп қатнайдиган беморлар сирасига киради. Тузалиб кетгандан сўнг ҳам бироз вақт ўтгач уларда «Врач йўқлиги синдроми» қўзғаб, яна ўзи даволаган врач қабулига ташриф буюради. Бу синдром ҳақида "Асаб ва руҳият" китобида батафсил маълумот берилган. Бундай ҳолларда беморга қўлланган аввалги даволаш усулини ўзгартиришга тўғри келади. Агар Сизда муваффақиятли даволаниб, хурсанд бўлиб кетган беморни бир-неча ойдан сўнг бошқа бир врачнинг қабулида кўриб қолсангиз, асло ажабланманг. Чунки истерик беморлар врачларни ўзгартириб туришни хуш кўришади.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив