Янгиликлар » Энциклопедия » ЦЕРЕБРАЛ ИНСУЛЬТЛАР ТАШХИСИ ВА ҚИЁСИЙ ТАШХИС

ЦЕРЕБРАЛ ИНСУЛЬТЛАР ТАШХИСИ ВА ҚИЁСИЙ ТАШХИС


 Инсульт ташхисини қўйиш қуйидаги 3 босқичдан иборат:

I    босқич – беморда инсульт бор-йўқлигини аниқлаш;

II    босқич – инсульт типини (ишемик ёки геморрагик) аниқлаш;

III    босқич – зарарланган томир ва инсульт локализациясини аниқлаш.

Ташхис қўйишнинг биринчи босқичи. 1-босқич "текширилаётган беморда инсульт ривожланганми ёки бошқа касалликми?" деган саволга жавоб топишдан иборат. Инсульт учун хос бўлган асосий симптомларни билиш дастлабки ташхисни аниқлаш учун зарурдир. Инсульт уй, кўча, ишхона, транспорт ёки бошқа жойларда ривожланиши мумкин. Шунинг учун ҳам беморга зудлик билан ташхис қўйиш ва "Тез ёрдам" хизматини чақириш зарур. Бу эса беморни дастлаб текшираётган ҳар бир врачнинг асосий вазифасидир. Инсульт ривожланишининг асосий белгиларини ҳар бир врач яхши билиши керак. Айниқса, УАВ ташхис қўйишнинг биринчи босқичини ва инсульт аниқлангандан сўнг қандай ҳаракатларни амалга ошириш кераклигини мукаммал билиши лозим.

Инсульт, одатда, 40-50 ёшдан ошганларда ривожланадиган ўткир касаллик. Инсульт психоэмоционал ёки ортиқча жисмоний зўриқишлардан сўнг ўткир ривожланади, неврологик симптомлар (фалажликлар, нутқ бузилишлари ва ҳ.к.) бир неча соат ичида тез пайдо бўлади. Инсульт ривожланганда бемор ҳушини йўқотиши, унда эпилептик хуружлар ёки психомотор қўзғалишлар кузатилиши мумкин. Жуда кўп ҳолларда АҚБ ошган бўлади, тахикардия ёки аритмия кузатилади. Оғир ҳолатларда беморнинг нафас олиши бузилади. Айниқса, мияга қон қуйилганда Куссмаул ёки Чейн-Стокс нафаси аниқланади. Менингеал симптомлар пайдо бўлади. Беморнинг юзига эътибор қилинса, у оқимтир-кўкиш рангда (ишемик инсульт) ёки юз-кўзлари қизариб шишган (геморрагик инсульт) бўлади. Беморнинг оғзи бир томонга қийшайиб қолади ва унинг бир бурчаги билан нафас олиб чиқаради. Бир томондаги қўл ва оёқ фалажликлар сабабли ҳаракатланмаслиги ва нутқ бузилишлари аниқланиши мумкин. Ушбу ва шунга ўхшаш белгиларни аниқлаган врач "Инсульт" ташхисини қўйишга ҳақлидир. Шу билан "Инсульт" ташхисини аниқлашнинг биринчи босқичи тугайди. Бемор "Тез ёрдам" машинасида зудлик билан шифохонага олиб борилади.

"Тез ёрдам" машинаси тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган барча анжомлар ва дориларга эга бўлиши керак. Беморни шифохонага олиб бораётганда қуйидагиларга амал қилиш лозим: 1) беморни фақат горизонтал ҳолатда ётқизиш ва ўтирган ҳолатда олиб бормаслик; 2) беморнинг бош қисми бироз кўтарилган бўлиши; 3) АҚБ ни меъёрга келтириш; 4) юрак ва нафас олиш фаолиятини барқарорлаштириш; 5) психомотор қўзғалишлар ёки эпи­лептик хуружларни бартараф этиш.

Демак, "Тез ёрдам" хизматининг асосий вазифаси беморга кечиктириб бўлмайдиган зарур тиббий ёрдамларни кўрсатиб, эҳтиёткорлик билан шифохонага элтишдан иборат. Бемор ҳар қандай ҳолатда ҳам шифохонага олиб келиниши керак. Уни уйда қолдириш мумкин эмас. Агар бемор оғир кома ҳолатида бўлса, уни махсус реанимобилларда шифохонага олиб келиш зарур. Инсультнинг енгил турларида ҳам бемор зудлик билан шифохонага ётқизилиши ва зарур текширувлар ўтказилиб, даволаш муолажалари бошланиши керак.

Ташхис қўйишнинг иккинчи босқичи. 2-босқич инсульт типини аниқлашдан иборат. Бу даврда беморни қайси бўлимда даволаш масаласи ҳам ечилиши лозим. Қабул бўлимига олиб келинган бемор терапевт ва невропатолог томонидан текширилади. Шу ернинг ўзида ЭКГ қилинади ва бошқа лаборатор текширувлар ўтказилади. Агар беморнинг аҳволи оғир бўлмаса, у неврология бўлимига ётқизилади.

Бемор кома ҳолатида бўлса, у зудлик билан реанимация бўлимига юборилади. Реанимация бўлимига юборишдан олдин беморга ташхис қўйиш учун барча зарур текширувлар ўтказилади. Бунинг учун қабул бўлими ёки унинг ёнида жойлашган диагностика бўлими барча замонавий текширув анжомлари билан жиҳозланган бўлиши керак. Бу ерда беморга КТ/МРТ, допплерография ёки дуплексли сканирлаш текширувлари қилинади. Бу текширувларни ўтказишга монелик қилувчи ҳолатлар аниқланса, яъни юрак ва нафас олиш фаолияти бузилишлари, психомотор қўзғалишлар, эпилеп­тик хуружлар кузатилса, зарур текширувлар ушбу бузилишлар бартараф этилгач ўтказилади. Бемор ўтказилган бўлимда унга ЛП ҳам қилинади. Люмбал пункция инсульт типини аниқлаш ва уни бошқа касалликлар билан қиёслаш учун зарур.

Текширув натижалари тайёр бўлгач (улар қисқа муддат ичида тайёр бўлиши керак), беморни консерватив ёки хирургик йўллар билан даволаш масаласи ҳал қилинади. Бунинг учун терапевт, невропатолог, реаниматолог, ангиохирург ва нейрохирург кўриги зарур. Заруратга қараб, бошқа мутахассислар (эндокринолог, окулист) ҳам чақирилади. Ташхис қўйишнинг барча босқичларида симптоматик даволаш муолажалари бир сонияга ҳам тўхтамаслиги керак! Энди ишемик ва геморрагик инсульт типлари билан танишиб чиқамиз.

Атеротромботик инсульт белгилари. Асосан, тунда ёки эрта саҳарда секин-аста ривожланади. Эрталаб уйғонган бемор танасининг ярмида фалажлик пайдо бўлгани ёки нутқи бузилгани гувоҳи бўлади. Кўп ҳолларда бемор ҳушини йўқотмайди ёки қисқа вақтга йўқотади. Касаллик бошланишидан олдин тўсатдан бош айланиб кетиши, гандираклаб кетиш, бирозга ҳушни йўқотиш, ўтиб кетувчи нутқ бузилишлари, бир қўл ёки оёқнинг ҳолсизланиши каби "хабарчи белгилар" кузатилади. Бу белгилар инсульт ривожланишидан бир неча соатлар ёки кунлар олдин пайдо бўлади. Атеротромботик инсульт, кўпинча тез-тез кузатилиб турадиган ТИА дан сўнг ривожланади. Одатда, ТИА қайси церебрал артерия соҳасида кўп кузатилса, инсульт ўша жойда ривожланади.

Атеротромботик инсультда юзага келган неврологик симптомлар секин-аста кучайиб боради, яъни бир неча соат мобайнида тўла гемиплегия ёки гемипарез ривожланади. Чунки йирик томирлар тромбози сабабли интрацеребрал артерияларда қон айланиши секин-аста тўхтайди. Баъзан йирик томирларнинг ўткир тромбозида неврологик симптомлар тезда пайдо бўлади, эпи­лептик хуружлар кузатилади, кома тез ривожланади ва касаллик геморрагик инсультга ўхшаб оғир кечади. Ультратовуш текширув усуллари (допплерография, дуплексли сканирлаш) экстракраниал томирларда стеноз ва окклю­зия белгиларини кўрсатади. Атеросклеротик ўзгаришлар, айниқса, умумий уйқу артерияси бифуркациясида кўп аниқланади. Агар беморнинг анамнезига эътибор қилинса, инсульт ривожланишидан бир неча йил олдин қулоқда ғувиллаган шовқин пайдо бўлган бўлади. Бу шовқинни фонендоскоп ёрдамида ҳам эшитиш мумкин.

Кардиоэмболик инсульт белгилари. Ишемик инсультнинг бу тури, асосан, юрак аритмиясида кўп кузатилади. Касаллик кундуз куни тўсатдан, жисмоний ёки ҳиссий зўриқишдан сўнг бошланади. Бемор қисқа вақтга ҳушини йўқотади, ранги оқариб кетади. АҚБ, одатда, пасайган ва кам ҳолларда ошган бўлади. Пулс уришлари юмшоқ, юрак уриши бўғиқ бўлади. Кўпинча аритмия, айниқса ҳилпилловчи аритмия аниқланади. Атеротромботик инсультдан фарқли ўлароқ, кардиоэмболик инсультда ўчоқли неврологик симптомлар бир неча дақиқа ичида тез шаклланади. Кардиоэмболик ин­фаркт, одатда, бош миянинг майда артериялари соҳасида кузатилади. Бундай ҳолатларда мияда, кўпинча лакунар ишемик ўчоқлар пайдо бўлади. Шунингдек, фокал эпилептик хуружлар ҳам кўп учрайди. Беморларда ҳилпилловчи арит­мия, юрак клапанлари етишмовчилиги каби касалликлар аниқланади.

Гемодинамик инсульт белгилари. Бу инсульт кўпинча интрацеребрал артериялар бир-бири билан туташадиган соҳаларда рўй беради. Шунинг учун ҳам гемодинамик инсультда пўстлоқ ва субкортикал соҳалар кўп зарарланади. Ишемик инфаркт миянинг олдинги ва ўрта артериялари ҳамкорликда қон билан таъминлайдиган пешона бўлагининг парасагитал ҳамда орқа марказий пуштанинг юқори қисмида кузатилади. Бу соҳа инсульти қарама-қарши томондаги оёқда монопарез ва моногипестезия билан намоён бўлади. Шунингдек, миянинг ўрта ва орқа артериялари ҳамкорликда қон билан таъминлайдиган парието-оксипитал соҳаларда ҳам ишемик инфаркт кўп кузатилади. Бу соҳаларда жойлашган инфаркт анозогнозия, аутотопогнозия ва кўрув агнозияси каби нейропсихологик симптомлар билан намоён бўлади. АҚБ кескин тушиб кетган ҳолатларда гемодинамик инсульт иккала ярим шарда ҳам биратўла ривожланиши мумкин. Бунинг асосий сабаби – мия артерияларининг терминал қисмида интраваскуляр босимнинг пасайиб кетишидир. Тез-тез кузатилиб турадиган гемодинамик бузилишлар ҳам лакунар инсультлар сабабчисидир.

Лакунар инсульт белгилари. Кичик ўчоқли, яъни ҳажми 1-1,5 см атрофида бўлган ишемик инсультларга лакунар инсульт деб айтилади. Лакунар инсульт ҳар доим ҳам неврологик симптомлар билан намоён бўлавермайди ва кўп ҳолларда МРТ текширувида аниқланиб қолади. Лакунар ўчоқлар, асосан, мия артерияларининг терминал қисмида, мия тўқимасининг ҳамкорликда қон билан таъминлайдиган соҳаларида кузатилади. Демак, лакунар инсульт кардиоэмболик ва гемодинамик инсультларга ўхшаб ривожланади. Лакунар инфарктлар вақт ўтиб кисталар, яъни бўшлиқларга айланади. Французчадан "lacunarie" – киста, бўшлиқ дегани.

Лакунар инсультнинг 5 та клиник тури фарқланади.

  1. Мотор лакунар инсульт лакунар инсультнинг энг кўп учрайдиган тури бўлиб, асосан ҳаракат бузилишлари билан намоён бўлади. Ўчоқлар олдинги марказий пушта, ички капсуланинг орқа сони ва мия устунининг пирамидал йўллар ўтадиган қисмида (базал қисми) аниқланади. Мотор лакунар инсультнинг клиник симптомлари фақат қарама-қарши томонда кузатиладиган марказий фалажликлардан иборат. Бу фалажликлар, асосан, оёқ ёки қўлда монопарезлар билан намоён бўлади. Кам ҳолларда фақат VII ва XII нервларнинг марказий фалажлиги аниқланади. Барча лакунар инсультларнинг ярмидан ошиғи – мотор лакунар инсультлардир.
  2. Сенсор лакунар инсульт, асосан, сезги бузилишлари билан намоён бўлувчи лакунар инсультлар. Ўчоқ таламус ва орқа марказий пуштада аниқланади.
  3. Сенсомотор инсульт гемитип кўринишида ҳаракат ва сезги бузилишлари билан намоён бўлади. Лакунар инфарктлар ҳаракат (пирамидал) ва сезги йўллари бир-бирига яқин жойлашиб ўтадиган соҳалар, айниқса, ички капсуланинг орқа сони ва шуъласимон тожда аниқланади.
  4. "Дизартрия ва бесўнақай қўл" синдроми дизартрия, қўл апраксияси ва енгил фалажлиги ҳамда мимик мускулларнинг марказий типдаги фалажлиги билан намоён бўлади. Ўчоқ Варолий кўприги ёки ички капсуланинг олдинги сонида жойлашади.
  5. "Атактик гемипарез" синдроми марказий гемипарез атаксия билан биргаликда намоён бўлади. Атаксия фалажланган қўл ва оёқда, яъни гемипарез томонда кузатилади. Ўчоқ ички капсуланинг орқа сони, Варолий кўпригининг базал қисми ва шуъласимон тожда (corona radiata) жойлашади.

Шуни эсда тутиш лозимки, церебрал инсульт ҳар доим ҳам неврологик симптомлар билан намоён бўлавермайди. Агар бош миянинг ассоциатив марказлари зарарланса, фақат нейропсихологик симптомлар пайдо бўлади ва бу бузилишларни неврологик текширувлар ёрдамида аниқлаб бўлмайди. Уларни аниқлаш учун нейропсихологик текширувлар ўтказиш зарур. Агар врач бу текширувларни ўтказа олмаса, унда КТ/МРТ, допплерография ёки дуплексли сканирлаш текширувлари орқали ташхисни аниқлаб олади.

Инсульт типини аниқлашда ишемик ва геморрагик инсульт учун хос бўлган белгиларни билиш зарур (1.13-жадвал).

 

1.13-жадвал

Ишемик ва геморрагик инсультнинг қиёсий белгилари

 

Асосий белгилари

Ишемик инсульт

Геморрагик инсульт

Мия томирлари тромбози

Мия томирлари эмболияси

Субарохноидал геморрагик инсульт

Паренхиматоз геморрагик инсульт

Ёши

60 дан ошганларда

Ҳар қандай ёшда

Асосан, 35-55 ёшларда

Асосан, 35-55 ёшларда

Этиологияси

Атеросклероз, ревматизм

тромбоангиит, эндартериит, васкулитлар

Эндокардит, тромбофлебит

аритмиялар, қон томирларда

операциялар

Гипертония касаллиги аневризмалар, инфекциялар

Гипертония касаллиги аневризмалар, инфекциялар

Касаллик бошланиши

Тунда ёки эрта саҳарда

Кундузи

Тўсатдан кундузи, мияга қаттиқ зарба билан урилгандек

Тўсатдан кундузи, одатда, жисмоний ва эмоционал зўриқишдан сўнг

Хабарчилар

Жуда хос

Одатда, бўлмайди

Баъзида хуружсимон бош оғриқлар

Баъзида хуружсимон бош оғриқлар

Инсультнинг ривожланиш тезлиги

Секин-аста, бир неча соат ичида

Тез, бир неча дақиқалар ичида

Тез, бир неча дақиқалар ичида

Тез, бир неча дақиқалар ичида

Ҳуши

Одатда, бузилмайди

Қисқа вақт йўқолади

Қисқа вақт йўқолади

Йўқолади

Юз-кўзи

Тери ранги оқарган

Тери ранги оппоқ

Юз гиперемияси, блефароспазм

Юз гиперемияси, склералар инъекцияси

Нафас олиши

Секинлашган, сустлашган

Одатда, тезлашган

Чейн-Стокс типида

Чуқур аритмик нафас

Пульс

Юмшоқ

Аритмия, тахи­кардия

Тахикардия

Қаттиқ, брадиаритмия, тахиаритмия

Юрак ҳолати

Кўпинча постинфаркт кардиосклероз, қоринчалар гипертрофияси

Аритмия, митрал клапан стенози ёки етишмовчилиги

Миокард гипертрофияси

Миокард гипертрофияси

Артериал қон босим

Одатда, пасайган

Нормал ёки па­сайган

Ўта ошган

Ўта ошган

Тана ҳарорати

Одатда, бироз пасайган

Нормада ёки би­роз ошган

Ошган

Ошган

Тутқаноқ хуружлари

Кам кузатилади

Одатда, касаллик бошида кўп кузатилади

Кўп кузатилади

Нисбатан кам кузатилади

Менингеал симптомлар

Хос эмас

Хос эмас

Жуда хос

Хос

Фалажликлар

Секин ривожланувчи нотекис гемипарез

Нотекис гемипа­рез, гемиплегия

Хос эмас, бироқ қон томирларнинг

рефлектор спазми сабабли пайдо

бўлиши мумкин

Чуқур фалажликлар, гемиплегия

Кўз туби

Томирлар склерози

Томирлар склерози, васкулит

Нуқтали қон қуйилишлар

Нуқтали қон қуйилишлар

Қон таҳлили

Енгил лейкоци­тоз

Енгил лейкоцитоз

Лейкоцитоз, ЭЧР ошган

Лейкоцитоз, ЭЧР ошган

Ликвор

Тиниқ, босими ошмаган

Тиниқ, босими

ошмаган

Қонга бўялган, босим ошган бўлади

Қонга бўялган, босим ошган

 

КТ ва МРТ: касалликнинг дастлабки соатларида бош мияда ишемик ўчоқ КТ ёрдамида ҳар доим ҳам аниқланавермайди, 24 соат ўтгач эса ишемик ўчоқни тўғри аниқлаш даражаси деярли 100 % га тенг. Геморрагик инсультни эса касалликнинг дастлабки соатларидаёқ аниқлаш мумкин. КТ дан фарқли ўлароқ, МРТ текширувлари ёрдамида ҳар қандай ҳажмдаги ишемик ва геморрагик ўчоқларни касалликнинг дастлабки соатларидаёқ тўғри аниқлаш мумкин. МРТ касаллик динамикасини ўрганиш учун ҳам жуда қулай текширув усулидир.

 

Ташхис қўйишнинг учинчи босқичи. Бу босқичда зарарланган томир ва инсульт локализацияси аниқланади. Ташхис қўйишнинг 2- ва 3-босқичлари бир-бири билан узвий боғлиқдир. Топик ташхисни аниқ қўйиш учун зарар­ланган томирларнинг клиник симптомларини билиш зарур (1.14-жадвал).

 

1.14-жадвал

Артериялар зарарланишининг клиник симптомлари

 

Ички уйқу артерияси

 

Тотал гемиплегия, гемианестезия, гемиатаксия.

Тотал афазия, алексия, аграфия – доминант ярим шар зарарланганда, тотал апракто-агностик синдром – субдоминант ярим шар зарарланганда. Оптик-гемиплегик синдром (ўчоқ томонда амавроз, қарама-қарши томон­да гемиплегия).

Баъзида клиник симптомларсиз кечади.

 

Миянинг ўрта артерияси

 

Қарама-қарши томонда нотекис гемипарез ва гемигипестезия, юз ва қўлда кучлироқ ифодаланган.

Нигоҳ фалажи (бемор ўчоқ томонга қараб ётади).

Афазия, алексия, акалкулия, апраксия – чап ярим шар (доминант) зарар­ланса, анозогнозия, аутотопогнозия ва апрактоагнозия – ўнг ярим шар (суб­доминант) зарарланса кузатилади. Гомоним гемианопсия.

 

Миянинг олдинги артерияси

 

Қарама-қарши томонда нотекис гемипарез, яъни фалажлик қўлнинг проксимал қисмида ва оёқнинг дистал қисмида ривожланган бўлади. Кўп ҳолларда фақат оёқда монопарез кузатилади.

Сезги бузилишлари (гемигипестезия) фалажланган томонда енгилроқ ифодаланган бўлади.

Нигоҳ фалажи (бемор ўчоқ томонга қараб ётади). Қарама-қарши томонда ушлаб олиш рефлекси. Юз ва қўл гиперкинези.

Қарама-қарши томонда пешона атаксияси ва апраксияси. Пешона психикаси (хулқ-атвор бузилишлари). Динамик афазия.

 

Умуртқа артерияси

 

Бош айланиши, кўнгил айниш ва қусиш

Нистагм

Мияча атаксияси

Альтернирлашган Валленберг синдроми

Бульбар синдром

Горнер синдроми

Баъзида клиник симптомларсиз кечади

 

 

Базиляр артерия

 

 

Альтернирлашган Вебер, Бенедикт, Мийяр-Гублер, Фовил синдромлари

Клод ва Парино синдроми

Тетраплегия

Витал функциялар бузилиши

Сопор, кома

Корсаков амнезияси

Галлюцинациялар

Гиперкинезлар

Пўстлоқ амаврози

 

Миянинг орқа

артерияси

 

Кўрув агнозияси

Таламик синдром

Амнестик афазия ва алексия (доминант ярим шар)

Гомоним ёки квадрант гемианопсия

Хореик гиперкинезлар

Оптик-фазовий агнозиялар (субдоминант ярим шар)

 

 

 Геморрагик инсультнинг сопор ва кома билан намоён бўлиши тўғри ташхис қўйишни анча қийинлаштиради. Сопор ва комада кузатиладиган неврологик симптомлар «Кома» бобида батафсил ёритилган.

  

          ЛАБОРАТОР ВА ИНСТРУМЕНТАЛ ТЕКШИРИШ УСУЛЛАРИ

 

Инсульт ташхисини қўйиш ва унинг типларини аниқлаш учун тез фурсатда ўтказиладиган лаборатор ва инструментал текшириш усуллари ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Компьютер томография. Бош миянинг компьютер томографияси инсультни бошқа касалликлар билан қиёслаш ва унинг типини (геморрагик ёки ишемик) аниқлаш учун ўтказилади. Вақтдан ютиш учун КТ иложи борича тез ўтказилиши керак. КТ текширувига МРТ текширувини ўтказишга қараганда кам вақт кетади. Энди рўй берган интракраниал геморрагияни аниқлашда КТ жуда сезгир ҳисобланади. Айниқса, "терапевтик дарча" дав­рида тромболитик терапияни бошлаш зарурати туғилса, КТ текшируви ўтказилиши айни муддао.

Хаунсфилд индекси бўйича бош мия оқ моддасининг нормал зичлиги – 25­30 бирлик, кулранг моддасининг нормал зичлиги – 35-40 бирликка тенг. Шунинг учун КТ да бош миянинг кулранг моддаси унинг оқ моддасига қараганда ёруғроқ бўлиб кўринади. Суякнинг зичлиги 100 бирликка тенг бўлгани боис, у КТ да жуда ёруғ, ликвор зичлиги 0 га тенг бўлгани учун тим қора бўлиб кўринади. Мияга энди қуйилган қон зичлиги мия паренхимаси зичлигидан анча юқори ва 80-85 бирликни ташкил қилади. Шу боис КТ да энди қуйилган қон жуда ёруғ бўлиб кўринади.

КТ ёрдамида интракраниал геморрагияни аниқлаш даражаси 90-100 % га тенг. Шунинг учун ҳам паренхиматоз ва субарахноидал қон қуйилишларда КТ жуда катта информатив текшириш усули ҳисобланади. Бироқ мия инфарктини эрта аниқлашда КТ нинг сезгирлик даражаси анча паст. Ишемик инсульт ривожлангач, дастлабки 24 соат ичида инфаркт соҳасини КТ ёрдамида аниқлаш 50 % га тенг холос. Вақт ўтган сайин КТ нинг сезгирлик даражаси оша боради ва 90-100 % га етади.

МРТ текшируви КТ текширувига қараганда ишемик ўчоқларни аниқлашда жуда катта диагностик аҳамиятга эга. Бироқ энди рўй берган геморрагияни аниқлашда МРТ нинг сезгирлик даражаси КТ га қараганда жуда паст.

Электрокардиография. ЭКГ авваламбор, миокард инфаркти ва аритмияларни зудлик билан аниқлаш мақсадида ўтказилади. Тез фурсатда ўтказилиши зарур бўлган терапевтик ва хирургик даволаш усулларини бошлашдан олдин ЭКГ текширувини ўтказиш муҳимдир.

Қон ва сийдикнинг умумий анализи. Бунда қоннинг умумий кўрсаткичлари билан биргаликда, гематокрит кўрсаткичи ва тромбоцитлар сонига, сийдикда эса эритроцитлар (гематурия белгиси) бор-йўқлигига алоҳида эътибор қаратилади. Агар гематокрит кўрсаткичи 40 % дан юқори бўлса, гиперволемик гемодилюция ўтказилади. Агар 1 мкл қонда тромбоцитлар сони 100 000 дан кам бўлса ва сийдикда эритроцитлар аниқланса, тромболитик терапия-ни ўтказиш гумон остига олинади.

Қонда глюкоза миқдорини аниқлаш. Ўта муҳим текширишлардан биридир. Агар қонда глюкоза миқдори 10 ммоль/л бўлса, беморга инсулин қилинади, агар 3,58 ммоль/л дан паст бўлса, 20 ёки 40 % ли глюкоза қилиниши талаб этилади. Шунингдек, қондаги глюкоза миқдори 22 ммоль/л дан юқори ёки 2,75 ммоль/л дан паст бўлса, тромболитик терапия ўтказиш гумон остига олинади.

Коагулограмма. Қоннинг ивитиш системаси, ПТИ, фибриноген миқдори, фибринолитик фаоллик, тромбоцитларнинг агрегацияга қобилияти, қоннинг ивиш тезлиги, қон оқиш вақти текширилади. Коагулограмма кўрсаткичлари инсультнинг этиопатогенетик типларини аниқлашда ёрдам беради. Гемореологик инсульт этиологиясини аниқлашда коагулограмма асосий текширув усулидир.

Қонда электролитлар, мочевина, креатинин ва липидлар миқдорини аниқлаш. Бу текширувлар беморда юрак-қон томир, жигар ва буйрак етишмовчиликлари ҳамда метаболик бузилишларни излаш учун зарур.

Ультратовуш текширув усуллари ва МРА. Бу текширувлар экстра- ва интракраниал томирлар патологиясини аниқлаш учун ўта зарур. Ультратовуш текширув усуллари орқали деярли 90 % ҳолатларда артериялар стенозини аниқлаш мумкин. Бу текширувлардан сўнг ёки улар билан биргалик­да МРА текширувини ўтказиш мумкин. Улар каротид эндартерэктомия ва шу каби хирургик муолажаларни ўтказишда ўта зарур диагностика усуллари ҳисобланади.

Люмбал пункция. ЛП ишемик ва геморрагик инсультларни қиёслаш мақсадида қилинади. Бу муолажани ўтказиш, айниқса, нейровизуализация текширувларини амалга ошириш имкони бўлмаган вазиятларда ўта муҳимдир. Ликвор таҳлилига қараб МНС нинг нафақат қон томир, балки инфекцион, онкологик, токсик ва специфик касалликларини ҳам аниқлаш мумкин (1.15-жадвал).

 

1.15-расм

Соғлом одамда ва турли касалликларда ликвор кўрсаткичлари

 

 

Ликво

 

 

 

 

 

Босим мм.сув.уст.

Ранги

Ҳужайралар сони

Оқсил миқдори

Қанд миқдори

Нормада

Горизонтал ҳолатда 150-200, ўтирган ҳолатда –200-400

Тиниқ, рангсиз

0-5 шаклли элементлар (лимфоцит

лар)

0,15 - 0,33 г/л

2,5 - 3,5 ммоль/л

Нотўғри пункция (йўлакай тушган қон)

Нормада

Қизғиш

Ўзгармаган эритроцитлар

Нормада

Нормада

 

 

Пункция пайтида ликворни олган сайин ундаги эритроцитлар сони камайиб, ликворнинг ранги тиниқлашиб боради.

Субарах-ноидал қон қуйилиш

400-600 гача ошган

Дастлаб қонли, кейинчалик ксантохромия аниқланади

Эритроцитлар сони 300 000 га етади, лейкоцитлар сони бироз ошади

Ошади

Нормада

Йирингли менингит

Жуда ошган (800-1000)

Йирингли, лойқали

Жуда ошган (10 000­-50 000)

Бир неча баробарга оша­ди

Деярли 2 баробарга камаяди

Сил

менингити

Бироз ошади

Тиниқ рангдан оч сариқ ранггача. Пробиркада фибрин ҳалқа.

Унча юқори бўлмаган плеоцитоз

6000-10000

Камаяди

Сероз менингит

Доимо ошган

Тиниқ, баъзи­да лойқали

Лимфоцитлар ҳисобига ош­ган

Доимо ошган (4000-8000)

Нормада ёки бироз камайган

Бош мия ўсмаси

Ошади

Тиниқ ёки ксантохром

Ўзгармаган ёки плеоцитоз

Нормада ёки ошган

Нормада

Мия абсцесси

Ошади

Тиниқ рангдан лойқа ранггача

Нейтрофиллар ҳисобига плеоцитоз

Нормада ёки ошган

Нормада

Орқа мия ўсмаси

Нормада ёки пасайган

Ксантохром

Нормада ёки бироз ошган

Енгил даражадан юқори даражагача ошган

Нормада

Менингизм

Ошади

Тиниқ

Нормада

Нормада

Нормада

 

Бошқа текширув усуллари. Беморда бошқа касалликлар (инфекцион, соматик, токсик) борлигига гумон пайдо бўлса, қўшимча текширувлар ҳам ўтказилади. Булар ичида кўкрак қафаси рентгенографияси, жигар ва буйракни УТ текширувлари ва ҳ.к. Агар ичкиликбозликка гумон қилинса, қонда алкогол миқдори, гипергомоцистинемияга гумон пайдо бўлса, гомоцистин миқдори, бод касалликларига гумон қилинса, яллиғланиш реакциялари текширилади.

 Профессор Зарифбой Ибодуллаев




Ctrl
Enter
Хато топдизнигзми?
Матнни танланг ва Ctrl+Enter тугмачаларини босинг
МУҲОКАМАЛАР
Изоҳларнинг минимал узунлиги 50 та белгидан иборат. шарҳлар бошқарилади
Ҳеч қандай изоҳ йўқ. Сиз биринчи бўлишингиз мумкин!
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив